//carhpalak.ucoz.org/111_Yulduz.mp3

 
Меню сайта

Категории раздела
Турфа тақдирлар [483]
Барчанинг бахти ўзгача,лекин барчанинг бахтсизлиги бир хил

Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0

Главная » Статьи » Турфа тақдирлар

ЖУРНАЛИСТ СЎЗИ – ЖАМОАТЧИЛИК ЭЪТИБОРИДА

ЖУРНАЛИСТ СЎЗИ – ЖАМОАТЧИЛИК ЭЪТИБОРИДА

Иккинчи мақола

Республика ОАВда эълон қилинган долзарб мавзудаги таҳлилий ва танқидий материаллар хусусида мулоҳазалар

“Ҳозирги даврда матбуот, оммавий ахборот воситалари шундай қудратли кучга айланмоқдаки, ўз келажагини ўйлайдиган ҳар қайси халқ ва миллат буни сезмаслиги, ҳис этмаслиги мумкин эмас. Шу сабабдан ҳам оммавий ахборот воситаларини замон талаблари асосида ривожлантириш, матбуот ва сўз эркинлиги принципларини амалда таъминлашга эришиш, матбуотда танқид руҳини кучайтириш биз учун энг муҳим мақсадлардан бири бўлиб қолмоқда”. Давлатимиз раҳбарининг “Юксак маънавият- енгилмас куч” асаридан келтирилган бу сўзлар ҳақиқатини бугун ҳаётнинг ўзи яққол намойиш қилмоқда.

Биз яшаб турган XXI асрнинг иккинчи ўн йиллигида ахборот технологиялари ривожланишининг мислсиз суръатлари туфайли ахборот қудрати янада кенг кўлам касб этмоқда. Илмий-техника инқилоби ўрнини бугунги кунда ахборот инқилоби эгаллади. Жамиятнинг ахборот ресурслари ҳозирги пайтда унинг тараққиётида хал қилувчи омил бўлмоқда.

Бу омиллар оммавий ахборот воситалари фаолиятининг жамият ҳаётидаги ўрни ва нуфузини ошириб, соҳа ҳодимларининг халқимиз олдидаги масъулиятини янада кучлироқ ҳис қилишга, юртимизда янги жамият, янги ҳаёт қуриш, мамлакатимизни янгилаш ва модернизация қилиш, ишлаб чиқариш суръатларини кучайтириш, иқтисодиётимиз самарадорлигини ошириш йўлида тўсиқ бўлиб турган муаммоларни бартараф этиш йўлида қаламини чарҳлашга ундайди. Зеро, “шу юрт меники, шу заминдаги ютуқ ва ўзгаришлар ҳам меники, лекин ҳаётимиз, тезкор тараққиётимиз йўлидаги тўсиқларни бартараф этишга, биринчи навбатда, мен дахлдор ва масъулман”, деган эзгу интилиш ҳар бир ижодкорнинг нафақат касб тақозоси, балки фуқаролик бурчидир.

Маълумки, матбуот сўзининг таъсирчанлигини ошириш, энг муҳим чиқишларга жамоатчилик эътиборини қаратиш мақсадида Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси қошида тажрибали журналистлар ва экспертлардан иборат доимий мониторинг гуруҳи шакллантирилиб, улар томонидан ҳар чорак якуни бўйича оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган энг долзарб ва ўткир материаллар қайд этилиб, баҳоланиб, бу ҳақда матбуотда ахборот бериб борилмоқда. Бунда, айниқса, таҳлилий ва танқидий чиқишларга алоҳида аҳамият берилмоқда.

Хусусан, гуруҳ томонидан ўтган 2012 йилнинг сўнгги чораги - октябрь-декабрь ойларида мамлакатимиз газета ва журналлари, радио ва телеканалларида эълон қилинган 600 га яқин энг долзарб мавзулардаги материаллар атрофлича ўрганилди.

Ўрганиш натижалари шуни кўрсатмоқдаки, ўтган вақт мобайнида оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган материалларда мамлакатимизда турли соҳаларда эришилган ютуқлар моҳияти кенг таҳлил этилгани ҳолда, жамият тараққиётига тўсқинлик қилаётган, жойларда амалга оширилаётган ислоҳотларни сустлаштираётган муайян камчилик ва нуқсонлар холис ва ҳаққоний танқид қилинган. Уларда журналистик мушоҳада ва таҳлил, дадиллик кучайгани ҳақли суратда юртдошларимиз эътирофига сазовор бўлмоқда.

Эълон қилинган материаллар мавзулари кўлами ҳам кенгайгани эътиборни тортади. Мамлакатимизда аниқ мақсадга йўналтирилган давлат дастурлари доирасида амалга оширилаётган шаҳар ва қишлоқлардаги бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари, транспорт-коммуникация тармоқларини ривожлантириш, табиий газ ва ичимлик суви таъминоти, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш соҳасидаги ўзгаришлар, таълим тизими, олий ўқув юртларини битирган ёш мутахассислар, замонавий касб-ҳунарга эга бўлган коллеж битирувчиларини иш билан таъминлаш, ўзини ўзи бошқариш институти – махаллаларни ривожлантириш, соғлом турмуш тарзини оммалаштириш, ёшлар маънавиятига салбий таъсир этувчи турли иллатларга қарши курашиш, одам савдоси ва гиёҳвандлик иллатлари, мафкуравий таҳдидлар моҳиятини чуқур англаб етишга қаратилган тарғибот ишлари шулар жумласидандир.

Тахлил этилган материаллар журналистларнинг мамлакатда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар жараёнида қўлда қалам билан фаол иштирок этаётганини намойиш этмоқда. Хусусан, “Халқ сўзи” газетасида чоп этилган “Тараққиётнинг янги уфқлари: фермер хўжаликларининг мамлакат иқтисодига қўшаётган ҳиссаси” сарлавҳали мақола Президентимизнинг фермерлик харакатини янада ривожлантиришга қаратилган Фармони ижроси доирасида амалга оширилаётган ишлар, фермерларни қўллаб-қувватлаш ва фермер хўжаликларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш борасида кўрилаётган бошқа чора-тадбирлар, булар натижасида фермерлар эришаётган ютуқлар,уларнинг турмуш тарзидаги янгиланишлар чуқур таҳлил этилгани билан эътиборни тортади.

Бозорлар юрт ҳаёт даражасининг ўзига ҳос кўзгуси ҳисобланади. Мамлакатимизда кейинги йилларда бозорларни ободонлаштириш ва халқимизнинг кундалик эҳтиёжларини қондириш мақсадида савдо-сотиқ учун қулайликлар яратиш борасида кенг қамровли ишлар амалга оширилди.Бироқ шунга қарамай айрим бозорларда учраб турган муайян камчиликлар оммавий ахборот воситалари эътиборини тортмоқда. Хусусан, Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясининг “Тошкент” телерадиоканалида 10 ноябрда эфирга узатилган «Сўз сизга!» кўрсатувида пойтахтимиз бозорларида сотувчи ва харидорларга яратилган шароитлар эътироф этилган ҳолда, патта пулларининг ўз вақтида берилмаслиги, торозидан уриб қолиш ҳолатларининг мавжудлиги, санитария – гигиена ҳолатлари танқид остига олинган. Кўрсатувда кенг жамоатчилик вакиллари ҳамда Тошкент шаҳар бозорлар уюшмаси мутасаддилари иштирок этишиб, кўпчиликни қизиқтирган саволларга жавоб беришган ва аниқланган камчиликларни бартараф этиш борасида керакли чора-тадбирларни белгилаб олишган.

“Новый век” мустақил газетасининг 25 октябрь сонида чоп этилган «Ренейминг по китайски» мақоласида бозор билан боғлиқ бошқа бир масалага – юртимиз бозорларига “Reebok”, “Adidas”, “Nike” каби машҳур брендлар остидаги қалбаки, сифатсиз махсулотлар кўплаб кириб келаётганига жамоатчилик эътибори жалб этилган.

“Эко ҳаёт” газетасининг 12.декабрь сонида эълон қилинган “Сифатига ким кафил?” салавҳали мақолада эса турли йўллар орқали мамлакатимиз ҳудудига сифатсиз дори-дармонларнинг кириб келаётгани ва бу ноқонуний хатти-ҳаракатларга қарши Давлат божхона қўмитаси ҳодимлари томонидан олиб борилаётган амалий ишларнинг натижалари хусусида сўз юритилади.

Биз яқинда кузатган 2012 йил юртимиз тарихига “Мустахкам оила йил” сифатида муҳрланди. Йил давомида “Мустахкам оила йили”давлат дастури доирасида оилалар мустахкамлиги йўлида барча соҳаларда самарали ишлар амалга оширилди. Дастурда белгиланган вазифалар ижроси оммавий ахборот воситалари томонидан мунтазам равишда махсус рукнлар остида тайёрланган материалларда ўз аксини топиб борди. Бу ўринда ЎзМТРК “Ўзбекистон” телерадиоканали ижодкорлари томонидан тайёрланган «Муносабат» кўрсатувини алоҳида қайд этиш лозим.Бу кўрсатув Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Баркамол авлодни тарбиялашда оила институти ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг таълим муассасалари билан ўзаро ҳамкорлигини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 175-сонли қарори ижроси бўйича тайёрланган бўлиб, унда Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими, Ички ишлар вазирликлари, «Маҳалла» хайрия жамоат фонди, Республика маънавият тарғибот маркази вакиллари иштирокида мазкур қарорнинг мазмун-моҳияти таҳлил қилинган. Оила, маҳалла ва таълим муассасаси ўртасидаги ҳамкорликда эришилган ютуқлар эътироф этилиб, мавжуд камчиликлар очиқ муҳокама қилинган. Хусусан, ота-оналарнинг мактаб фаолиятидаги иштироки, маҳалла фаолларининг ёшлар устидан назорати сустлиги қайд этилган. Болаларнинг дарсдан бўш пайтлари мақсадсиз, «интернет кафе»ларда маънавий тубанликни тарғиб қилувчи сайтларга кириши ҳоллари мавжудлиги ҳам қаттиқ танқид остига олинган.

24 - 25 декабрь кунлари шу канал ижодкорлари томонидан эфирга узатилган икки қисмли “Нигоҳ” рукнидаги “Ҳаёт - ўйин эмас» сарлавҳали кўрсатуви ҳам “Мустахкам оила йили” давлат дастурида белгиланган мақсад-вазифалар доирасида тайёрланган. Кўрсатувда ёшлар маънавиятини юксалтиришга оид масалалар кўтарилган. Хусусан, болаларнинг «интернет кафе»ларда турли жангари, шафқатсизликни тарғиб этувчи ўйинлар ўйнаб, ўзининг олтинга тенг вақтини бекорга сарф этаётгани, бу борада ота-оналарнинг ўз фарзандлари тақдирига масъулиятсизлик билан ёндашаётгани, уларни бирор бир эзгу мақсадга йўналтиришлари лозимлиги, шунингдек, ёшларнинг мафкуравий иммунитетини мустаҳкамлаш, уларнинг фуқаролик позицияларини шакллантириш борасида нималарга эътибор қаратиш кераклиги жамоатчилик вакиллари иштирокида кенг таҳлил қилинган.

Айни шу мавзу “Моҳият” газетасининг 12 декабрь сонидаги “Ножўя ўйин-синдирар бўйин ёхуд киберлудоманиянинг хатарли оқибатлари ҳақида” сарлавҳаси остида чоп этилган мақолада ҳам кўтарилган. Унда четдан пинҳона миллий қадриятларимизга, менталитетимизга зид турли ўйинлар тарқалишининг салбий оқибатлари ҳақида мулоҳаза юритилган.

“Туркистон” газетасининг 28 ноябрь сонида эълон қилинган “Муносабат ўзгармаса, иллат йўқолмас. Нега зарарли одатлар ҳаётимизни заҳарлашига йўл қўйяпмиз?” мақоласида эса баркамол авлод тарбиясидаги яна бир масъулиятсизлик - вояга етмаганларга тамаки маҳсулотларини сотиш қонун билан таъқиқланган бўлса-да, жойларда қонун бузилиши ҳолатлари кўзга ташланаётгани ҳақида сўз юритилади.

Мониторинг натижалари чорак давомида оммавий ахборот воситаларида маънавият масалаларига эътибор янада кучайганидан далолат беради. Айниқса, маънавиятимиз кўзгуси бўлган она тилимизга бўлган эътибор ҳақидаги материаллар ҳам сон, ҳам сифат жиҳатидан ўсгани диққатга сазовор.Жумладан, “Ўзбекистон” радиоканалида 14 октябрда эфирга узатилган «Тил ва миллат» дастурида мамлакатимизда она тилимизни янада равнақ топтириш борасида амалга оширилаётган ҳуқуқий, ташкилий чора-тадбирлар билан бир қаторда жойларда ўзбек тилининг давлат тили сифатида ўрни ва аҳамиятини пасайтирувчи хато ва камчиликлар кузатилаётгани танқидий-таҳлилий ўрганилди. Ёзма нутқда илгари кузатилмаган, беихтиёр одамни ўйлантириб қўядиган нуқсонлар кўзга ташланаётгани, афиша, реклама, автоуловлардаги ёзувларда кўплаб имло хатолари учраётгани ҳақида сўз юритилди. Шунингдек, баъзи бир ташкилотларда «Давлат тили ҳақида»ги Қонунга зид равишда ёзма маълумотлар рус тилида талаб қилинаётгани каби ҳолатлар ҳам кузатилаётгани аниқ мисоллар асосида танқид қилинди. Бу каби материаллар бошқа қатор ОАВда ҳам учраётгани эътиборга молик.

Таълим тизимининг турли босқичларидаги аҳвол, айниқса, мактаблар ва мактабгача тарбия муассасаларида амалга оширилаётган ислоҳотларни сустлаштирувчи баъзи муаммолар айрим ОАВда ўз аксини топган. Жумладан, “Маърифат” газетасининг 28 ноябр сонидаги “Нодавлат таълим муассасалари фаолиятида учраётган айрим муаммолар хусусида”ги. шунингдек, “Мактаб муҳити” рукни остидаги “Соғлом рақобат қачон юзага келади ёхуд устама ҳақнинг нохолис белгиланиши оқибатида пайдо бўладиган нохуш ҳолатлар хусусида” сарлавҳали мақолаларда бу борадаги ахволга жамоатчилик эътибори тортилади.

Қашқадарё вилоятида нашр этилувчи “Воҳа” газетасининг 19 октябрь сонидаги “Нега баъзи болалар боғчадан безор? Ёҳуд айрим “боғча опа”лар ҳақидаги очиқ ва аччиқ гаплар” ва “Дарслиги йўқ ўқитувчи илмдан бебаҳра қолмайдими?! каби мақолаларда вилоятдаги айрим мактабгача таълим муассасаларидаги муаммолар, мактабларда дарсликлар, адабиётлар етишмаётганлиги ҳақидаги фикр-мулоҳазалар акс этган.

Андижон вилояти ҳокимлиги нашри - “Андижоннома” газетасининг 3 ноябрь сонида “Коллежга келмаётган ўқувчи қандай билим олади, қачон ҳунар эгаллайди?” сарлавҳали мақолада вилоятдаги айрим касб-ҳунар коллежларидаги муаммолар, битирувчилари иш билан таъминлаш масалалари таҳлил этилган.Бинобарин, мамлакатимизда таълим соҳасида улкан ижобий ўзгаришлар амалга оширилаётган бир пайтда, бу борадаги айрим нуқсонларни ўз вақтида чуқур таҳлил этиб, керакли чоралар кўрилиши, умумий мақсадимизга эришишда айни муддаодир.

Фуқаролик жамияти барпо этишнинг муҳим шарти бўлган нодавлат ОАВда, айниқса Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси таркибидаги телерадиостанцияларда берилаётган долзарб мавзудаги ўткир материаллар ҳақли равишда муҳлислар эътирофига сазовор бўлмоқда. Хусусан, мониторинг натижаларига кўра, чорак давомида 60 та лавҳа ва 19 та кўрсатув эфирга узатилди. Уларда куз-қиш мавсумига тайёргарлик, электр таъминотидаги мавжуд муаммолар, ичимлик суви тақчиллиги, ёшлар маънавияти, кийиниш ва муомала маданияти, одам савдосининг салбий оқибатларини бартараф этиш ва инсоният ҳаётига хавф солаётган турли иллатларга қарши курашиш мавзуси кенг ёритилди

Материалларни ўрганиш жараёнида ҳудудий оммавий ахборот воситаларининг аввалги чоракларга нисбатан фаоллиги анча ошгани кузатилди. Бу борада, айниқса, Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Самарқанд, Фарғона вилоятларида долзарб мавзуларда тайёрланган танқидий материаллар эътиборни тортади. Муҳими, уларнинг аксариятида кўтарилган муаммолар танқид остига олинган соҳалар раҳбарлари ва мутасадди ходимлари томонидан ўз ечимини топган ёки йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш устида ишлар бошлаб юборилган.

Хусусан, Қорақалпоғистон телерадиокомпанияси жамоасининг “Нуқтаи назар” кўрсатуви республика ҳаётининг турли соҳаларидаги қатор муаммолар ечимида муҳим аҳамият касб этмоқда. Жумладан 2 октябрь куни эфирга узатилган кўрсатувда Нукус шаҳридаги «Саманбой» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги йўл қурилишининг ачинарли аҳволи, шунингдек, шаҳардаги кўп қаватли турар жой биноларида куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишларининг сустлиги, бу борада шаҳар «Иссиқлик маркази» томонидан йўл қўйилаётган камчиликлар рўй-рост танқид остига олинган. Бу кўрсатув натижалари бўйича шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосаридан олинган интервьюда қайд этилишича, «Саманбой» МФЙдаги йўл қурилиши 2013 йилнинг манзилли режасига киритилган ва куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари юзасидан йўл қўйилган камчиликлар бартараф этилган.

Самарқанд вилояти ҳокимлиги муассислигидаги “Зарафшон” газетасида 1 декабрда чоп этилган “Нақдга 100 минг, “пластик”ка 120 минг сўм” номли мақола нафақат Самарқанд, балки ҳали хануз мамлакатимизнинг барча ҳудудларида учраб турадиган муаммо - пластик карталар билан савдо масаласи кўтарилган. Бозорлар ва савдо дўконларида пластик карта орқали савдо-сотиқда 15-20 фоиз устама ҳақ олаётган “уддабурон”лар, афсуски, бор. Материалда бу ҳолатлар кенг таҳлил этилиб, бу салбий иллатларнинг олдини олиш учун харидорларнинг қатъияти, ўз ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиши, бундай ноқонуний ҳаракатларга қарши курашда фаол бўлиши лозимлиги таъкидланади.

“Диёнат” газетасининг 13 декабрь сонида эълон қилинган “Ажабтовур “ансамбль” сарлавҳали мақолани ўтган йилнинг тўртинчи чорагидаги энг ўткир танқидий-таҳлилий материалларидан бири деб баҳолаш мумкин. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг амалдаги қарорлари ижроси олдидаги айрим тўсиқлар ҳусусидаги бу мақолада Наманган вилоятида электр таъминотидаги узилишлар, бу тармоқдаги нафс бандаларининг қилмишлари, бозорларда учраб турадиган сифатсиз товарлар, истеъмолга яроқсиз озиқ-овқат махсулотлари ва бошқа муаммолар сабаблари кенг тахлил этилган. Қатор фотоайбномалар эса мақолада келтирилган далилларни янада бойитган.

Мониторинг натижалари кўрсатганидек, мамлакатимиз оммавий ахборот воситаларида долзарб мавзудаги танқидий-таҳлилий материаллар сони тобора ортиб бормоқда. Хўш, улар танқид қилинган соҳалар мутасаддилари томонидан қанчалик баҳоланмоқда? Кўтарилган муаммолар қай даражада ўз ечимини топяпти? Рақамларга мурожаат қиламиз. Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси томонидан 2012 йилнинг тўртинчи чорагида 230 дан ортиқ долзарб мавзудаги танқидий-таҳлилий материаллар эфирга узатилган бўлса, шу вақтга қадар 70 га яқин материаллар бўйича танқид қилинган соҳа ва муассасалар мутасаддиларидан чора-тадбирлар кўрилгани ҳақида жавоб олинган. Ўзбекистон Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциациясига қарашли теле ва радиоканалларда эълон қилинган материалларнинг ҳам аксарияти бежавоб қолмоқда. Босма ОАВдаги танқидий материаллар бўйича ҳам шундай фикр билдириш мумкин. Ваҳоланки, давлатимиз раҳбари ўтган 2012 йил 27 июнь - Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан йўллаган байрам табригида қайд этилганидек, “бундай ҳолат, масалага панжа орасидан қараш, аввало, шу мақола ва кўрсатувни юрагидан ўтказиб, катта меҳнат билан тайёрлаган журналист ва муаллифларнинг ижодий изланишларига салбий таъсир кўрсатиб, қўлини ишдан совутиб қўяди. Энг ёмони, бу чиқишларда кўтарилган масала ва муаммолар бундай бепарволик натижасида эски ҳолида ўзгармасдан қолиши иқтисодиётимиз ва ҳаётимизга катта зарар етказиши муқаррар”.

Далилларга мурожаат қиладиган бўлсак, ўтган чоракда энг кўп танқид остига олинган соҳалар йўллар ва йўловчиларга хизмат кўрсатиш (50 га яқин), маънавият масалалари (40 га яқин), шаҳар ва қишлоқлар, махаллалардаги ободончилик ишларидаги масъулиятсизлик (40 га яқин), таълим тизимининг турли бўғинлари, айниқса мактаблардаги нуқсонлар (30 дан ортиқ), шунингдек, коммунал хизмат, электр ва газ таъминоти, бозорлар,соғлом турмуш тарзи, одам савдоси, экология ва бошқа йўналишлардир.

Ўйлаймизки, бу мулоҳазалардан танқид остига олинган соҳалар мутасаддилари тегишли хулосалар чиқариб олишади.Зеро, давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, “…олдимизга қўйган мақсад-марраларга тезроқ етмоқчи бўлсак, ўзимиз қураётган адолатли эркин ва фаровон ҳаётни тезроқ кўрмоқчи бўлсак, аввало, шу мақсадга эришиш, ҳаётимизда демократик тушунчаларни қарор топтириш учун бел боғлаган инсонлардан ўз бурчини, зиммасига юкланган вазифани сидқидилдан адо этиш талаб қилинади. Шу жумладан, жамиятимизнинг барча бўғинларида хизмат қилаётган раҳбарлар ва мутасадди ходимлардан ўз ишини виждонан бажариш, журналист аҳлидан эса уларнинг фаолиятига танқидий кўз билан, айни вақтда холисона қараш, рўй бераётган камчилик ва нуқсонларни очиб бериш талаб этилади”.

Бу эса жамият тараққиётигап хизмат қилибгина қолмай, ўз навбатида, матбуот ва оммавий ахборот воситаларининг, уларда фаолият кўрсатаётган журналистларнинг ижтимоий ҳаётимизда, жамоатчилик ўртасида ҳурмат-эътибори, айни пайтда масъулияти ошишига ҳам хизмат қилади.

Ўзбекистон Журналистлари ижодий
уюшмаси қошидаги мониторинг гуруҳи

Категория: Турфа тақдирлар | Добавил: albine (25.09.2014)
Просмотров: 959 | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Имя *:
Email *:
Код *:
Форма входа

Поиск

Друзья сайта
  • Официальный блог
  • Сообщество uCoz
  • FAQ по системе
  • Инструкции для uCoz

  • Copyright MyCorp © 2025Конструктор сайтовuCoz