//carhpalak.ucoz.org/111_Yulduz.mp3

 
Меню сайта

Категории раздела
Турфа тақдирлар [483]
Барчанинг бахти ўзгача,лекин барчанинг бахтсизлиги бир хил

Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0

Главная » Статьи » Турфа тақдирлар

ЖУРНАЛИСТ, ЭНГ АВВАЛО, ЯХШИ ОДАМ БЎЛСИН
ЖУРНАЛИСТ, ЭНГ
 АВВАЛО, ЯХШИ 
ОДАМ БЎЛСИН 


Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, «Шарқ» НМАК бош таҳририяти бош муҳаррири Аҳрор Аҳмедов билан суҳбат

— Аҳрор ака, биз каби ёш «мухбир бола»ларга сиз учун журналистиканинг бирор-бир сирли жойи қолмагандек туюлади. Газета, радио, телевидение, ноширлик — уларнинг ҳеч бири сизга бегона эмас. Ҳар бирида узоқ йиллик тажрибангиз бор. Ўтган йиллар мобайнида яхши журналист ким, у қандай бўлиши керак, деган саволларга қандай жавоб топдингиз? 

— Бу саволга жавоб топилган куни журналистика ўзининг сир-синоатини, жозибасини, оҳанрабосини йўқотган бўларди... Тўғри, унга ҳамманинг ўзича жавоби бор, ҳар қалай ўтган йиллар қандайдир хулосалар чиқаришга асос бўлади. Менинг тасаввуримда, журналист, энг аввало, яхши одам, ҳалол, пок ва самимий бўлиши керак. Истайсизми-йўқми, кимнинг нима ёзганига қараб қандай одам эканлигини сезиш мумкин. Ва албатта, билим, тасаввур, тафаккур, қиёсий мушоҳада ва тил. Айниқса, тил. Бугунги газетачиликнинг тили, назаримда, бироз расмийлашиб, ижтимоийлашиб кетаётгандек.

— Бундан 28 йил аввал «Turkiston»да эълон қилинган мақолаларингиздан бирида украиналик машҳур футбол устаси Олег Блохин ҳақида: «У ҳамон фақат Олег Блохинга хос ташналик билан «ютоқиб» машқ қилади. Футболни тирикчилик манбаи эмас, балки ўз ҳаёти, қисмати, эътиқоди, деб билган кишигина шундай ишлашга қодир», деб ёзгансиз.

Сиз ўз касбига, ишига фидойиликни, садоқатни бугун қандай таърифлайсиз?

— Саволингизнинг бош қисми мени сиз айтган ўша 28-30 йил олдинги даврларга олиб кетди. Ажойиб жамоамиз бор эди. Жон-жаҳдимиз билан ишлардик. Ҳатто ишдан кетгимиз келмасди. Шанба куни, аслида, иш куни эмасди. Лекин биз, ёшлар таниқли журналист Сафар Остонов бошчилигида ишлардик. Бир гал Сафар акага, биз-ку майли, ёшмиз, квартира ё ётоқхоналарда турамиз. Ундан кўра келиб ишлаганимиз яхши. Сиз-чи, уй-жойингиз бор, болалар, дам олмайсизми, уйдагилар индамайдими, дегандим. Сафар ака кулиб: «Уйдагилар шанбани иш куни деб ўйлашади», деб жавоб қайтарганди. Кейин билсам, ака якшанба куни ҳам ишларкан. Ҳозир ҳам...

Хуллас, Блохин қатори Лев Яшин, Давид Кипиани, Валерий Газзаев, Олег Протосов, Владислав Третьяк, Сергей Бубка, Ирина Роднина, Майя Чибурданидзе билан ҳам суҳбатлашганман. Бундай ажойиб воқеалар кўп бўлган. Блохинни эслатганингиз учун эслаб кетдим, холос. Қолаверса, ўша жойда менинг энг асосий гапимни келтиргансиз. Мен бу жумлаларни жуда кўп ишлатаман, суҳбатларда айтаман. Яъни «касбини тирикчилик манбаи эмас, балки ўз ҳаёти, қисмати, эътиқоди деб билган кишигина шундай ишлашга қодир». Мен ҳаётда жуда кўп шундай кишиларни учратганман, ёзганман, уларга ҳавас қилганман. Улардан ўрганганман. Юқоридаги гапни, аслида, мен ўзимга айтиб юраман. Ҳаётий принципим шу. Мен касбимни фақат тирикчилик манбаи эмас, балки қисматим, ҳаётим деб билганман. Шунинг учун ўз ишимни, касбимни яхши кўраман, ундан завқ оламан. Андреа Моруанинг бир гапини ўқиб қолгандим. Кейин уни ишхонамизда алоҳида стенд қилиб ёздириб ҳам қўйгандим. «Киши ўз касбини севса, иш унга завқ бағишлайди, охир-оқибат уни бахтли қилади». Мен буни ўзимга шиор қилиб олганман. Ўз касбига, ишига фидойилик, садоқат ўша касбни севишдан бошланади. У ёғи ҳар кимнинг ўзига ҳавола.

— Суҳбатимизни ноширлик фаолиятингиз билан боғлаб давом эттирсак, нима дейсиз?

— Айни муддао бўлар эди. Акс ҳолда, қандайдир олифтагарчилик, ақллилик қилаётгандай ўзимни ноқулай сезяпман. Менга берилган энг яхши савол у иш бўйича берилган саволдир.

— Сиз хизмат қилаётган «Шарқ» нашриёт-матбаа акциядорлик компанияси томонидан ўзбек ва жаҳон адабиётининг нодир дурдоналари, турли соҳаларга оид китоблар нашр этилмоқда. Бироқ нима учундир, биз ҳамиша фахрланиб юрадиган Беруний, Ибн Сино, Замахшарий сингари ўнлаб буюк юртдошларимизнинг китоблари айтарли нашр этилмаётгандек. Бу нима билан боғлиқ? Ёки бугунги китобхон томонидан улуғ олим ватандошларимизнинг асарларига талаб сезилмаяптими?

— Сиз айтган алломалар ҳақида бир нечталаб китобларимиз чиққан. Ҳали сиёҳи қуримаган китобларимиздан бири Ибн Синонинг «Шарқ мумтоз шеърияти дурдоналари» туркумидаги «Мен англаган дунё» китобидир. «Беруний ҳикматлари» китоби чиққанига ҳам кўп бўлмади. Замахшарий ҳақида алоҳида китоб чиқармадик, лекин Нажмиддин Комиловнинг «Тафаккур дурдоналари», Ҳабибулла Зайниддиновнинг «Авлодлар мероси — баркамоллик зиёси» ва яна бир қатор китобларда алоҳида боблар ажратилган. Бу орада бошқа нашриётларда ҳам бу улуғларимиз ҳақида қатор забардаст асарлар чиқди. Шу ўринда битта масалани айтмоқчиман. Ҳар бир нашриётнинг ўзи яхши кўрган, ўзига қулай, ўрганган муаллифлари бўлади. Масалан, биз Пиримқул Қодиров, Саид Аҳмад, Ўткир Ҳошимов, Тоҳир Малик, Анвар Обиджонга кўпроқ ўрганганмиз. Уларга «ихтисослашган», таъбир жоиз бўлса, муҳаррирларимиз бор. Ёки дейлик, шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳаёти, ижоди, саркардалиги ҳақида кейинги йилларда ўндан ортиқ китоблар чиқардик. Яқинда «Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг жаҳон маданияти тарихида тутган ўрни» мавзуида халқаро конференция бўлиб ўтди. Шу муносабат билан Бобур номидаги халқаро жамоат фонди билан «Бобур энциклопедияси»нинг нишона нусхасини чиқардик. Ҳозир конференция материаллари асосида уни кенг ўқувчиларга тақдим этиш ишини якунлаяпмиз. Бошқа нашриёт худди шундай бошқа муаллифларга кўпроқ ўрин беради. Битта нашриёт ҳеч маҳал бизнинг буюк меросимизнию, истиқлол фидойиларимизнию, бугунги адабиётимизни, жаҳон адабиёти дурдоналарини қамраб ололмайди.

Иш услубимда бир жиҳат бор. Бошқа нашриётларимизга ҳурмат билан қараган ҳолда, айнан бир адибнинг китоби бир вақтнинг ўзида иккита нашриётда тенг чиқиб қолмаслигига ҳаракат қиламан. Жайдари тилда айтганда, уларнинг «бозорини ўлдиргим келмайди». Касбдошлар билан йиғилганда, тадбирларда шу нарсани кўп айтаман, лекин ҳамиша ҳам шундай бўлиб чиқавермайди. Масалан, яқинда биз Рауф Парфининг янги китобини чиқардик. Орадан 15-20 кун ўтмасдан бошқа нашриёт ҳам шундай китоб чиқарди. Агар мен бўлганимда ўша китобни бироз ушлаб турган, «Шарқ»да чиққан вариантининг тарқалиб бўлишини кутган бўлардим. Бу ҳам ноширлик одоби, ноширлик маданиятига киради.

Энди умуман фаолиятимизга келсак, ҳар йили эллик-олтмиш номда тўрт-беш миллион нусхада мактаб дарсликлари чоп этамиз. Ўттиз-қирқ номда лицей-коллежларга дарслик чиқарамиз. Олий таълим учун адабиётлар нашр қиламиз. Қатъий буюртмалар, яъни оддий тилда айтганда, «пулли китоблар»ни ҳам буюртма асосида чиқарамиз. Шу ўринда ҳозир ҳамманинг ғашига тегиб бўлган «буюртмалар», пулидан қатъи назар, бизда чоп этилмайди. Гарчи ўша пул корхона учун жуда зарил бўлиб турган бўлса-да, қабул қилмаймиз. Балки нуфузимизни ушлаб турганимизнинг бир омили шудир.

Булардан ташқари, ҳар йили юзта атрофида бадиий китоб чиқарамиз. Бу озми-кўпми, тўғриси, ўзим ҳам билмайман. Бир қарасанг озга, бир қарасанг кўпга ўхшайди.

Умуман, ўрни келиб қолди, бадиий адабиётга, китобга муносабат ҳақида гапирмоқчийдим. Ҳозир республикамизда юздан ортиқ нашриёт бор. Мустақилликкача эса атиги тўққизта нашриёт бор эди. Ана шу юздан ортиқ нашриётларнинг ярмидан кўпроғи хусусий нашриётлардир. Бу бир тарафдан яхши, лекин иккинчи тарафдан «бемаза қовуннинг уруғи кўп», дегандай, уларнинг ичида олди-қочди, хом-хатала, саводсизларча китоб чиқараётганлар ҳам кўп. «Пул топишнинг 100 хил йўли», «Бой бўлишнинг 10 қоидаси», «Аёлингизни синашнинг 7 тури», «Тўй кечаси» ва ҳоказо чучмал, мужмал китобларнинг бозори чаққон. Айни пайтда юксак маънавият, комил инсон тарбиясига хизмат қилувчи баланд асарлар туриб қоляпти. Шахсан мен Шукур Холмирзаев, Омон Мухтор, Мақсуд Қориев, Иброҳим Ҳаққул, Иброҳим ўофуров, Назар Эшонқул китобларининг туриб қолишини ҳеч тушунмайман. Балки сотувни йўлга қўя олмаётгандирмиз, ундай десам, ҳамма вилоятларнинг ҳартугул марказларида «Шарқ зиёкори» китоб марказимизнинг филиаллари бор. Ёки боя айтганим, хусусий олғир нашриётлар ўқувчи дидини синдириб, «бозорбоп» қилиб юборяптими, билмайман. Шу аснода республикамизда китоб савдоси ишини жиддий яхшилаш вақти келганини ҳам айтиб ўтмоқчиман. Ҳали ҳам бутун бошли бир туманда бирорта китоб дўкони йўқ жойлар бор. Илгариги китоб дўконлари аллақачон хусусийлаштирилиб, ароқ сотадиган «точка» бўлиб кетган.

Мамлакатимизда 23-24 май кунлари ўтказилган китоб байрами халқимиз, ёшлар китобни севишининг яққол намойиши бўлди. Пойтахтдаги ўафур ўулом боғига одам сиғмай кетди. «Кейингиси қачон бўлади, невараларимни ҳам олиб келардим», деганлар қанча бўлди. Шу куни вилоятларда ҳам бу тадбир давом этди. Биргина Фарғона вилоятида 1 миллиард 225 миллион сўмлик китоб ҳомийлар томонидан мактаб, лицей-коллеж, болалар боғчалари, маҳаллалар, қариялар уйларига совға қилинди.

Чет элларда уч-беш қаватли китоб дўконларини кўрганман. Қаватдан-қаватга эскалатор орқали чиқилади. Бу тўқликдан эмас, китобга эътибордан. Москвадаги «Китоб уйи»да бўлганмисиз? Бизнинг «Пахтакор» стадионига тенг келса керак. Конференция зали, тақдимотлар хонаси, ўқув зали, катта боғи бор. Китоб савдоси маркази эмас, улкан ижодхонага ўхшайди. Ҳар куни бир нечта китоб тақдимоти, учрашувлар, болалар уйлари тарбияланувчиларининг ташрифлари, викториналар ва ҳоказо. У давлат тасарруфидаги ташкилот, шаҳар ҳукуматига қарайди. Тошкентда ҳам шундай «уй» барпо этиш вақти келди.

— Мақолаларингиз унинг муаллифи ботинида катта ёзувчи яшаётганини «айтиб» туради. Айни ижод қиладиган, ўқувчиларни зўр бадиий асарлар билан хушнуд этадиган ёшдасиз, бунинг учун сизда истеъдод ҳам, билим ва тажриба ҳам борлигига шубҳа қилмаймиз. 

Саволимиз шундай: журналист бадиий адабиётга қанчалик яқин бўлиши керак? 

— Умуман, бадиий адабиётга яқинлик ҳеч кимга зарар қилмайди. Айниқса, журналистга. Лекин уларнинг ҳар бирининг маълум чегаралари, тош-тарозулари, ўз «ҳудудлари» бор. Улардан ўтиб кетиб ҳам, боз устига аралаштириб ҳам бўлмайди. Дейлик, долзарб бир тадбир ҳақидаги репортажда фалсафа сўқиш, шоирлик қилиш ёки «ўтлаб» кетиш ярамайди. Улар ўз жанр хусусиятларини йўқотмагани, ўз доирасидан чиқилмагани маъқул.

Энди саволингизнинг бош қисмидаги тагдор шаъмага келсак. Мақолаларимга берган илиқ баҳоингиз учун раҳмат. Мен ҳеч маҳал, ёзувчи бўламан, деб интилмаганман. Гарчи талабалик кезлари ҳикоялар ёзган бўлсам-да. Лекин шоирликка ҳавасманд эдим. Талай шеърлар чоп эттирганман. Барибир мен моҳиятим билан, таг-тугим билан журналист эдим...

Баъзи сизга ўхшаган кўнгил яқин биродарларим, «бир-иккита китоб чиқариб қўй ўз вақтида», деб қўйишади. Тўғри гап, ич-ичимдан тан оламан. Лекин мен илгари газета-журналларда чиққан мақолаларни тўплаб китоб қилишга қаршиман. Газета мақоласи барибир газета учун, ўша аудитория учун, ўша кун, ўша давр учун ёзилади. Тўғри, баъзан шундай китобларни чиқаришга мажбур бўласан, муаллиф туппа-тузук одам, айтсанг «ҳа энди, жўра, биздан келажак авлод учун нимадир қолсин-да», дейди, ичимдан бир нарса узилиб кетгандай бўлади, орага кимлардир тушади, «пулини тўлаб қўйибди-ку, сизга нима», дейди. Шунақа китоблар чиқаргим йўқ. «Жа-а келажак авлод сани китобингни ўқийман деб кўзи тўрт бўлиб ўтирибди-да», дейман-у ичимда, индамай қўя қоламан. Гарчи бундай китобларда ҳам нимадир гапи, юки, тоши бўлса-да...

Бу борада яхши режаларим бор, уларнинг ҳам вақти, фурсати келади...

Шу ўринда ноширлик ҳақида... «Turkiston» газетасидан «Шарқ»қа ўтганимга қарийб йигирма йил бўлди. Шу давр ичида қўлимдан не-не китоблар ўтди. Эл-юртдан кўп раҳматлар эшитдик. Шу қатори гап эшитганларимиз ҳам бўлди. Ҳар қалай, нонимизни оқлаб юрибмиз. Гап келиб қолди, бир гaп айтай. Ношир дунёдаги энг кўнгли очиқ, самимий, бировнинг ютуғидан ўзининг ютуғи каби қувонадиган халқ бўлади. Эрта-кеч қоралама ўқиб, чизиб-ёзиб, тузатиб, таҳрир қилиб, муаллиф билан талашиб-тортишади — мақсади китоб одамларга манзур бўлсин. Китоб чиндан ҳам кўпчиликка манзур бўлганда, ҳатто муаллифдан зиёд хурсанд бўлади. Ундан ўша китобнинг охирги бетида «муҳаррир фалончиев» деган бир сатр ёзув қолади, холос. Ана шу ёзув учун яшаш, ишлаш, ижод қилишнинг ўзи катта бахт, катта масъулият.

Фурсатдан фойдаланиб, юртимиздаги барча ҳамкасбларимизни яқинлашиб келаётган Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни билан табриклайман. Оилаларининг бахтига ҳамиша соғ-омон бўлишсин. Ҳаммаларига ижодий барака, бахт-омад тилайман.

Элмурод НИШОНОВ суҳбатлашди
Категория: Турфа тақдирлар | Добавил: albine (05.08.2013)
Просмотров: 1193 | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Имя *:
Email *:
Код *:
Форма входа

Поиск

Друзья сайта
  • Официальный блог
  • Сообщество uCoz
  • FAQ по системе
  • Инструкции для uCoz

  • Copyright MyCorp © 2025Конструктор сайтовuCoz