II. ЖАҲОН МИҚЁСИДАГИ ИҚТИСОДИЙ, ИЖТИМОИЙ-СИЁСИЙ ВОҚЕАЛАРГА ДОИР МАЪЛУМОТЛАР
ЎЗБЕКИСТОН ИННОВАЦИОН РИВОЖЛАНИШ БЎЙИЧА ХАЛҚАРО РЕЙТИНГДА 5 ПОҒОНА ЮҚОРИЛАДИ
2007 йилдан буён хар йили Корнел университети, “INSEAD” бизнес мактаби ва Халқаро интеллектуал мулк ташкилоти томонидан халқаро инновациялар кўрсаткичи тузилиб келинади. “Халқаро инновациялар кўрсаткичи 2014” маърузасига кўра, Ўзбекистон инновацион ривожланиш бўйича халқаро рейтингда ўз кўрсаткичлари билан ўтган йилгидан беш поғона юқорилади. Ўзбекистонда янги маҳсулотларни рўйхатга олиш 2012 йил ҳисобига 59 ўринни эгаллаган бўлса, 2013 йил 41 ўринни эгаллаган. Айтиш жоизки, умумий ҳисобда 2013 йил маҳсулотларни рўйхатга олиш 16 мингни ташкил этиб 8,7 фоизга ошган.
ВЛАДИМИР ПУТИННИНГ ФЕДЕРАЛ ЙИҒИЛИШДА АЙТИБ ЎТГАН АСОСИЙ ФИКРЛАРИ
4-декабрь куни Россия президенти Владимир Путин ҳар йили ўтказиладиган Федерал Йиғилишда 1 соату 10 минут давомида нутқ сўзлади. Президент нутқи “Россия24″ ва “Россия1″ каналлари орқали жонли трансляция қилинди. У ўзининг бу сафарги, 11-чиқишида Россия миллий хавфсизлик масалалари, СССР ҳудудидаги республикаларнинг суверентитети ҳамда ижтимоий-иқтисодий саволлар ҳақида тўхталди.
“Муқаддас Қрим”
Владимир Путин мажлиснинг очилиш нутқида Қрим ўлкасининг Россия таркибига қўшиб олиниши ҳақида гапириб, рус халқига бу қарорни қўллаб-қувватлаганликлари учун миннатдорчилик билдирди.
Россияга қўлланаётган санкциялар ҳақида
Владимир Путин ғарб мамлакатларининг Россияга қўллаётган иқтисодий жазолари ҳақида ўз муносабатини билдирар экан, АҚШ ва унинг иттифоқчилари анча вақтдан бери шундай қилишни кўзлаб юришгани, “Қрим оккупацияси” улар учун бир баҳона бўлгани, агар бу иш бўлмаганида ҳам, улар Россияга санкция қўллаш учун бошқа баҳона ўйлаб топган бўлишлари ҳақида гапирди. “Бу санкциялар ҳамма учун, буни жорий этган мамлакатлар учун ҳам катта зарарлар келтирмоқда”, – дейди Путин.
Собиқ совет республикалари билан алоқалар тўғрисида
Владимир Путин Собиқ Совет ҳудудида руслар билан иттифоқчиликда яшаган, СССР парчалангач, мустақилликка эришган давлатларнинг суверентитетларини ҳамиша ҳурмат қилиб келгани ва бундан кейин ҳам ҳурмат қилишда давом этишини маълум қилди.
Россия иқтисоди ҳақида
Президент рус бизнесменларини келажакдан хавотирланмасликка чақирди. У солиқлар оширилмаслиги, тадбиркорларга босим юкланмаслигига ваъда берди. Унинг ваъдасига кўра, 4 йил давомида солиқлар ўзгармайди.
Россия рубли қадрсизланишининг олдини олиш чоралари ҳақида
Президент кундан-кунга миллий валютанинг қадрсизланиб бораётганини эътироф этди. У бу жараён учун валюта бозоридаги чайқовчиларни айбдор сифатида кўрсатди ҳамда Россия банкларига бундай чайқовчиларга қарши курашиш бўйича кўрсатмалар берди.
ОБАМА РОССИЯГА ҚАРШИ САНКЦИЯЛАРНИ ЯНАДА КУЧАЙТИРИШГА ВАЪДА БЕРДИ
АҚШ президенти Барак Обама Москва яқин орада Украина борасида ўз сиёсий қарашини ўзгартиради деб умид билдирмаяпти ва Россияга санкциялар орқали босим ўтказишни давом эттиришга ваъда берди. Америка президенти агарда Ғарб томонидан қўлланилаётган санкциялардан кўрилаётган зарар иқтисодий соҳадан сиёсий соҳага ўтса, вазият ўзгариши мумкин, деб ишонч билдирмоқда. Америка раҳбарининг сўзларига кўра, Владимир Путин “ўтмишга асосланган миллийчилик” ёндашувини қўллаб, ўзининг бу ҳаракатлари билан “қўшни давлатларни қўрқитмоқчи бўлмоқда”.
Путиннинг бу юритаётан сиёсати фақатгина мамлакат ичида қўллаб-қувватланмоқда, деб қўшимча қилди у. Обаманинг фикрича, Ғарб томонидан қўлланилаётган санкциялардан кўрилаётган зарар иқтисодий соҳадан сиёсий соҳага ўтмагунича, Путин ўз фикрини ўзгартирмайди. “Шунинг учун биз босим ўтказишни давом эттираверамиз”, деб қўшимча қилди у.
Ўз навбатида, Европа Иттифоқи Россияга қарши санкциялар қўллаш масаласини Донецк ва Луганск халқ республикаларида маҳаллий сайловлар бўлиб ўтгандан кейин ноябрь ойида охирги марта кўтарган эди. Ноябрь ойининг охирида ЕИ бу сиёсий жараёнлар ортида санкция рўйхатини яна 13 та мухолифат вакиллари ва бешта ташкилот ҳисобига кенгайтирган эди. Россияга қарши бошқа чеклов чоралари қўллашга қарор қилинмаган.
ПУТИН: БИЗНИНГ АРМИЯМИЗ ХУШМУОМУЛА, БИРОҚ ҚЎРҚИНЧЛИ
Россия президенти Владимир Путин ҳеч ким Россия Федерациясидан ҳарбий устуворликка эришолмайди, чунки унинг армиясида “кутилмаган қарорлар” борлигини айтди. Владимир Путин Россия аввалгидек дунё давлатлари билан терроризмга қарши курашишда ҳамкорлик қилишини ҳамда қуролланишда ҳеч ким билан рақобатлашмоқчи эмаслигини айтиб ўтди. “Шундай бўлса ҳам мамлакатимиз чегараларини ишончли ҳимояланиши таъмилаймиз. Бунга шубҳа қилмаса ҳам бўлади. Чунки Россияда имкониятлар ҳам, кутилмаган қарорлар ҳам етарли”, – деди Россия президенти Федерал Йиғилишдаги нутқида.
РОССИЯ ВА ТУРКИЯ ДАВЛАТЛАРИ ЎРТАСИДА САККИЗТА ХУЖЖАТ ИМЗОЛАНДИ
Россия Президенти Путиннинг Туркияга ташрифи чоғида икки давлат ўртасида саккизта ҳужжат имзоланди. 2014 йилнинг 1 декабрида Туркиянинг пойтахти Анқара шаҳрида Россия Федерацияси ва Туркия ўртасидаги олий даражадаги ҳамкорликнинг бешинчи йиғилиши бўлиб ўтди. Россия делегациясига Владимир Путин, турк делегациясига эса президент Ражаб Тойип Эрдўған бошчилик қилди. Бундан аввалги тўртинчи йиғилиш 2013 йилнинг 22 ноябрида Санкт-Петербургда бўлиб ўтган эди. Россиянинг “Газпром” концерни ва Туркиянинг “Botas” концерни ўртасида имзоланган ўзаро ҳамжиҳатлик ҳақидаги баённомадан ташқари, Россиянинг Минэнерго агентлиги билан Туркиянинг Минэнерго агентлиги ўртасида ҳам ўзаро ҳамжиҳатлик ҳақидаги баённома имзоланди.
ДУНЁДАГИ ЭНГ КУЧЛИ ҚУЁШ ЭЛЕКТРОСТАНЦИЯСИ АҚШДА ИШГА ТУШИРИЛДИ
Дунёда нефть ва газ манбалари борган сари камайиб кетмоқда, ҳавонинг ифлосланиши даражаси эса борган сари ўсиб бормоқда. Бу ҳолат инсониятни муқобил энергия манбаларини фаолроқ қидиришга ундаяпти. Бу борада дунёдаги энг кучли 550 мегаватт қувватга эга бўлган қуёш электрстанциясининг ишга туширилиши муҳим қадамлардан бири бўлди десак, муболаға бўлмайди. Янги электрстанция “Topaz Solar Farm” деб номланиб, АҚШнинг Калифорния штатида жойлашган. Бу станциянинг қуёш нурларини ютувчи пластиналари 25 квадрат километр майдонни эгаллайди. Таққослаш учун, Россиядаги Белояр атом электрстанцияси бироз кўпроқ – 600 мегаватт, энг кучли қуёш электрстанцияси эса бор-йўғи 5 мегаватт энергия ишлаб чиқаради. “Topaz” ҳудуддаги 160 мингдан ортиқроқ хонадон ва ишлаб чиқариш корхоналарини электр энергияси билан таъминлайди. Қурилишнинг нархи 2,5 млрд долларни ташкил этди. Бироқ у дунёда етакчиликни кўп сақлай олмайди. Кейинги йилнинг ўрталарига АҚШда бу лойиҳа доирасида яна битта ундан кучлироқ бўлган электрстанция ишга туширилади.
ЯПОНИЯ БОШ ВАЗИРИ РОССИЯ БИЛАН ТИНЧЛИК БИТИМИНИ ТУЗМОҚЧИ
Япония бош вазири Синдзо Абэ Россия билан тинчлик битимини тузмоқчи эканлиги ҳақида эълон қилди. Шу билан бирга шимолий ҳудудлар масаласи ҳам ҳал қилиниши лозим. Унинг сўзларича, “бу япон халқининг азалий орзусидир”. “Мен Россия билан тинчлик битимини тузиш учун шимолий ҳудудлар муаммосини ҳал қилиш учун қўлимдан келган ҳаммани нарсани қилмоқчиман. – деб айтди у Япониянинг шимолий ороли Хоккайдода жойлашган Немуро шаҳри ҳокими билан бўлган учрашувда.
ХИТОЙДА ЖУРНАЛИСТЛАРГА СЎЗ ЎЙИНЛАРИДАН ФОЙДАЛАНИШ ТАҚИҚЛАНДИ
Хитойнинг матбуот, радио, кино ва телевидение ишлари бўйича давлат бошқармаси теле ва радиодастурларда сўз ўйинларидан фойдаланишни ман қилди. Ҳукуматнинг фикрича, лингвистик ҳазиллар тил меросига зарар етказиши ва тингловчи ҳамда томошабинларни, айниқса болаларни чалғитади. Ушбу ҳужжат муаллифларининг қарашларига кўра, хитой ибораларини ҳаддан ортиқ кўп ишлатиш “маданий ва лингвистик тартибсизлик” билан якунланиши мумкин. “Радио ва телевидениедаги мутасадди шахслар қоидаларни кучайтиришлари ва хитой тилидан тартибсиз ҳамда ноўрин фойдаланиш, айниқса, ибораларни суиистеъмол қилишни тақиқлашлари лозим”,– дея ибораларни нотўғри ишлатишдан ҳимоя қилмоқчи бўлган ҳукумат ҳужжатидан кўчирма келтиради газета. Ҳужжатга асосан, радио ва твдаги дастурларда меъёрий хитой тилидан фойдаланиш ҳамда икки хил маъно берувчи иероглиф ва оғзаки сўзларни ишлатмаслик талаб этилади.
ХИТОЙДА МУСУЛМОН УЙҒУРЛАРГА РЎЗА ТУТИШ ТАҚИҚЛАНДИ
Хитойнинг ғарбий ҳудуди Шинжонда маҳаллий ҳукумат томонидан уйғур мусулмонларга Рамазон ойида рўза тутиш тақиқланди. Аҳолининг 45 фоизи мусулмонларни ташкил этувчи ҳудудда мактаб ва ҳукумат идоралари томонидан рўза тутиш «жиддий тақиқланганлиги» ҳақида огоҳлантириш берилган. Хитой ҳукумати уйғурларни террорчилик ҳаракатларига алоқадор деб билади. Уйғурлар эса бундай ҳаракатларда иштирок этганларини инкор этиб, ушбу бўрттиришни расмий Пекин уларга нисбатан амалга оширилаётган диний чекловни оқлаш учун ишлатаётганини таъкидлаган. Огоҳлантиришда ҳукумат матбуот хизматлари ҳам иштирок этиб, ахборот агентликлари томонидан рўза тутиш ўқувчилар соғлиғига зарарлиги ҳақида мақолалар чоп этилган.
БРИТАНИЯЛИК ЎҚУВЧИЛАРГА КАЛЬКУЛЯТОРЛАРДАН ФОЙДАЛАНИШ ТАҚИҚЛАНДИ
Буюк Британия таълим ва болаларни ижтимоий ҳимоя қилиш вазири Элизабет Трасс (Elizabeth Truss) 11 ёшда математикадан давлат имтиҳонларини топшириш вақтида англиялик ўқувчиларга калькулятордан фойдаланиш тақиқланганини эълон қилди. Бундан ташқари, вазирлик ушбу қурилмадан бошланғич синфларнинг дарсларида фойдаланишни ҳам чеклашни режалаштирмоқда.
III. МИРЗО УЛУҒБЕК НОМИДАГИ ЎЗБЕКИСТОН МИЛЛИЙ УНИВЕРСИТЕТИДА
ТАЛАБАЛАР ТУРАР-ЖОЙИДА БАЙРАМ ШУКУҲИ
Байрам талабаларга ҳамиша кўтаринки руҳ бахшида этади. Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган куннинг йигирма икки йиллиги муносабати билан Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети Журналистика ва Физика факультетлари талабалари истиқомат қилишадиган 4-талабалар турар-жойида “Бош қомусимиз – бахт-иқболимиз” мавзуида давра суҳбати ҳамда байрам тадбири ўтказилди.
Талабалар аввало “Ўзбекистон” халқаро анжуманлар саройида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган куннинг йигирма икки йиллигига бағишланган тантанали йиғилишни ойнаи жаҳон орқали мароқ билан томоша қилдилар. Президентимиз Ислом Каримовнинг мазкур тантанали йиғилишда қилган маърузасини катта қизиқиш билан тингладилар. Ўзбекистон Республикаси Конституцияси байрамининг муҳим жиҳатларидан бири – шу куни халқимизнинг эзгу интилишларини ифода этадиган, жамиятимиз ривожига хизмат қиладиган энг устувор йўналишлар белгилаб олинади ва келгуси йилга шунга мувофиқ ном берилади. Президентимиз Ислом Каримов кириб келаётган янги – 2015 йилни мамлакатимизда Кексаларни эъзозлаш йили деб эълон қилишни таклиф этганини талабалар ҳам кўтаринки руҳ билан кутиб олдилар. Маърузада таъкидланганидек, “Барчамизни оқ ювиб, оқ тараган, она юртимизнинг оғир юкини, унинг қувонч ва ташвишини умр бўйи елкасида кўтариб келган мўътабар боболаримиз ва момоларимизни, ота-оналаримизни рози қилиш, уларнинг дуосини олиш – дунёдаги энг улуғ, энг савобли иш” ҳисобланади.
ЎзМУ Ахборот хизмати раҳбари Тўлқин Эшбек Бош қомусимизнинг жамиятимиз тараққиётида тутган ўрни ҳақида интерфаол усулда суҳбат ўтказди. Асосий қонунимиз демократик ҳуқуқий давлат барпо этиш, инсон ҳуқуқлари устуворлигини, тинчлик-осойишталикни таъминлашдек улкан мақсадларга эришишнинг муҳим кафолати эканлигини талабалар яхши биладилар. Журналистика факультети талабалари Покиза Турдалиева, Маъмур Фармонов, Нигора Эшқулова, Ҳувайдо Ҳўжамқулова, Жавлонбек Вафо, Наргиза Даминова, Дилфуза Тиллаевалар Конституциямизнинг асосий қоидалари, тамойил ва мақсадлари, бутун дунёда “ўзбек модели” деб ном қозонган тараққиёт йўлимиз ҳақида сўз юритдилар. Давлатимиз раҳбарининг “Мамлакатимизни демократик янгилаш ва модернизация қилишга қаратилган тараққиёт йўлимизни қатъият билан давом эттириш – бош мақсадимиздир” мавзуидаги маърузасини теран нигоҳ билан ўқиб-ўрганиш лозимлиги таъкидланди.
Байрам тадбири Физика ва Журналистика факультетлари талабалари ўртасида баҳру-байт айтишлари билан давом этди. Истеъдодли талаба Феруз Маматов даврабоши бўлиб, қизиқарли шартларни ўртага ташлади. Физика факультети талабалари Суннатилла Рустамов, Юнус Қудратов, Мардон Асролов, Муҳаммад Искандаров, Саидмалик Темиров, Ғиёс Эшназаровлар ўз истеъдодларини намоён этиб, барча саволларга зукколик билан жавоб топиб ғолибликни қўлга киритдилар. Журналистика факультети талабалари Акмал Алиев, Сардор Орипов, Беҳзод Насимбоев, Аҳрор Эрназаровлар зукколар танлови ғолиби деб топилдилар. Барча ғолиблар эсдалик совғалари билан тақдирландилар.
Ёш шоира Дилрабо Чоршанбиева “Қалдирғоч парвози” шеърий китобидан ўрин олган жозибали сатрлари билан барчани ҳаяжонга солди.
Олий журналистика курси тингловчиси Ҳусниддин Бекбўтаевнинг янги ёзган шеърлари ҳам кўпчиликда қизиқиш уйғотди.
ЎзМУ Талабалар турар-жойи дирекцияси директори ўринбосари Фарҳод Икромов байрам иштирокчиларини ота-оналар ва мураббийлар номидан самимий табриклади.
Байрам давраси дилрабо куй-қўшиқ ҳамда жозибали рақсларга уланиб кетди. Талабалар байрам тадбирида бир олам завқ олдилар ва шундай иштиёқ билан китоб мутолаа қилишга, билимларини янада мустаҳкамлашга киришиб кетдилар.
АМАЛИЁТ ВА ЖУРНАЛИСТ МАҲОРАТИ
Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида »Амалиёт ва журналист маҳорати» мавзусида анжуман бўлиб ўтди. Университет ректори Ғафуржон Муҳамедов ва бошқалар Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида кучли фуқаролик жамияти барпо этиш жараёнидаги кенг кўламли ислоҳотларда оммавий ахборот воситаларини ривожлантириш, уларнинг фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, журналист кадрларнинг касб салоҳиятини юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади. Журналистикага ихтисослашган олий таълим муассасаларида талабаларнинг ўқув-танишув ва ишлаб чиқариш амалиёти давлат таълим стандартлари асосида олиб борилмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Миллий университети журналистика факультетида ўқув амалиётини самарали ташкил этиш учун мамлакатимиздаги етакчи оммавий ахборот воситалари билан яқин ҳамкорлик йўлга қўйилган.
– Марказий газеталардан бирида ўқув амалиёти ўтадим,– дейди журналистика факулътети талабаси Шоҳиста Шаҳобова.– Бу ерда устозларимдан олган билимларни амалиётда қўллашни ўргандим. Бу мен учун маҳорат мактаби вазифасини ўтади.
Анжуманда журналист кадрларни тайёрлаш, уларнинг касб маҳоратини ошириш, таҳририятлар билан олий таълим даргоҳлари ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, талабаларнинг ўқув амалиёти самарадорлигини таъминлаш каби мавзуларда маърузалар тингланди.
ЎзМУ Ахборот хизмати
Материаллар ЎзМУ Ахборот хизмати томонидан тайёрланди.
Унда республика ОАВ хабарларидан фойдаланилди.
|