//carhpalak.ucoz.org/111_Yulduz.mp3

 
Меню сайта

Категории раздела
Турфа тақдирлар [483]
Барчанинг бахти ўзгача,лекин барчанинг бахтсизлиги бир хил

Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0

Главная » Статьи » Турфа тақдирлар

ЗАМОНИНИ ТИТРАТГАН ЗАРИНА
 

Жамиятнинг ҳар бир аъзоси ўз ўтмишини яхши билса, бундай одамларни йўлдан уриш, ҳар хил ақидалар таъсирига олиш мумкин эмас.

Ислом Каримов

Халқ оғзаки ижодида Ватанни мардонавор ҳимоя қилган қаҳрамонлар довруғи тараннум этилган достонлар яратилди. Бу халқ қаҳрамонлик эпосларида оташин ватанпарвар ва фидокор баҳодирлару маликаларнинг монументал образлари бунёд этилди. Тўмарис, Зарина, Рустам, Сиёвуш ва бошқалар мана шундай образлардир.

Масалан, "Зарина ва Стриангия" қиссасининг мазмуни сицилиялик тарихчи Диодор (эрамиздан олдинги I асрда яшаган)нинг "Кутубхона" асарида ҳамда юнон тарихчиси Ктезий (мил.авв. 430-364 йиллар) китобида баён этилган.

Қиссада ҳикоя қилинишича, тахминан мил.авв.VII асрларда саклар шоҳи ўлиб, унинг ўрнига хотини малика Зарина қабилага бош бўлади. Тадбирли ва шижоатли бу аёл қабиланинг осойишталиги ва мустаҳкамлигини сақлаб қолиш учун жонбозлик кўрсатади. Саклар билан Мидия ўртасида қаттиқ жанг бўлади. Бу жангда малика Зарина катта мардлик кўрсатади. Бироқ Мидия шаҳзодаси Стриангия уни ярадор қилади. Заринанинг ботирлигига ва ҳуснига ошиқ бўлган Стриангия уни асир олмайди, маликани кечириб, соғ-омон қўйиб юборади. Орадан бир мунча вақт ўтади.

Парфия ҳокими Мармарей Заринага уйланиб, сакларни ўзига тобе қилмоқчи бўлади. Қатун (малика) Зарина унинг таклифини рад этади. Бироқ Мармарей зўрлик билан унга уйланиб, сакларни қарам қилади. Зарина ҳар қандай йўл билан бўлса-да, нажот топишга астойдил уриниб, қабиласининг мустақиллигини тиклашга интилади. Шу орада Парфия ва Мидия ўртасида кучли жанг бўлиб ўтади. Жангда мағлуб бўлган мидияликларнинг кўп сонли қўшини асир олинади. Асирлар орасида шаҳзода Стриангия ҳам бор эди. Малика Зарина асирлар ёрдами ила Парфия ҳокимига қарши курашиб, нажот топиш режасини тузади. Малика Зарина шаҳзода билан бирга асирларга бош бўлиб, Мармарейга қарши қўққисдан ҳужум қиладилар. Мармарей ҳалок бўлиб, асирлар озод этилади.

Шу воқеалар давомида Стриангия маликани севиб қолади. Зарина шаҳзодани моҳир ва ботир жангчи сифатида ҳурмат қилса-да, унинг хотини Ретея борлиги сабаб, унинг уйланиш таклифини кескин рад этади. Стриангия бунга чидай олмай, ўзини ҳалок этади.

Бу малика Зарина ҳақидаги дастлабки ривоятдир. Даврлар ўтди. Заринанинг юрт тинчлиги ва мустақиллиги йўлидаги фидойиликлари унутилмади. Кейинчалик оғзаки ва ёзма адабиётда бу мавзуда қатор бадиий асарлар яратилди.

Ўзбек халқининг аждодлари ҳам азалдан бойликларга ортиқча ҳирс қўймаганлар. Қўлларига фақат Ватанини ҳимоя қилиш учунгина қурол олишга мажбур бўлганлар. Қатун Зарина ҳам ана шундай юрти учун азиз жонини қалқон қилишга қодир жўмард сак қабилаларининг жасур маликаси эди. Унинг сағанаси Яксарт дарёсининг шимолий соҳилида бўй кўрсатиб турарди. Мақбара тепасида олтиндан бежирим қилиб ишланган, аёл сиймосидаги ҳайкал қаддини тик ростлаганча олис-олисларга улуғвор боқарди. У ўнг қўлини пешонасига қўйган, чап қўли эса ерга санчилган қилич дастасини маҳкам ушлаб турган ҳолатда тасвирланганди. Гўё ҳайкалнинг кўзларида юртига ёв қўшини яқинлашиб келмаяптимикан, деган хавотирли ўй-фикрлар муҳрланиб қолгандек. Қатун Заринанинг эгнида ҳайвон мўйнаси, оёқларида қўнжли этик, бошида эса ҳукмдорлик белгиси бўлмиш баланд тож қуёш нурида ярақлаб кўзни оларди. Ҳукмдорнинг бу мақбарасини сакларнинг 30 дан ортиқ қабилалари ҳам муқаддас ҳисоблаб, маросимларда бу сағана бошига келиб қурбонликлар ўтказишарди.

Бу сағанада ётган инсон бир вақтлар сак қабилаларини куч ва донишмандлик билан бирлаштириб, буюк ва енгилмас давлатга асос солган, Зарина исмли сулувликда довруғи достон бўлган қаҳрамон малика эди. Мана, орадан шунча давр ўтса-да, унинг номи биз, келажак авлод учун шарафли ном ва қизларимиз учун гўзал исм бўлиб келмоқда. Халқ уни ҳимоя қилган инсонларни, жасур-ватанпарвар қаҳрамонларни ҳеч қачон унутмайди. Малика Зарина умри давомида доимо тинчлик тарафдори бўлди. У ортиқча бойлик, сохта обрў ва манманликка учмади, ўзга давлатларга кўз олайтирмади. Юртини обод айлаб, катта шаҳарлар бунёд этди. Кўчманчи бўлган ўзга қабилалар ҳужумидан мамлакатини ҳимоя қилди. Халқ дардини тинглаб, уларга доимо ёрдам қўлини чўзди. Хиёнаткорларни қаттиқ жазолади. Адолат байроғини баланд кўтариб, зулматнинг қора булутларини ёриб чиққан қуёш янглиғ мамлакатни бошқарди.

Асрлар ўтиб, сағана олдидаги ҳайкал талон-тарож қилиниб, мақбара бузиб ташланди. Ўвлар шонли ўтмишни йўқ қилишга беҳуда уриндилар. Улар бир нарсани ёддан чиқарган эдилар. Халқ қаҳрамонларининг номи, ҳаёти, кечмиши ўша халқнинг дилида мангу барҳаётдир. Худди ўша ҳайкал ёнида мангу баҳодирлик қўшиғини куйлаб оқаётган азим дарё мисоли, бу туйғу авлодлардан-авлодларга безавол ўтиб келади. Уларни ҳеч вақт ўчириб бўлмайди.

Сағана буткул вайрон бўлгач, у қайта тикланмади. Қатун Заринанинг мақбараси жойлашган ҳудуд номаълумлигича қолди. Бироқ унинг шонли ўтмиши, зафарли юришлари, мардонавор эзгу қалби халқ билан яшашда давом этди. Халқ оғзаки ижодида қатун Зарина ҳақида тўқилган ривоятлар, достонлар ва афсоналарга қайта ишлов берилиб, сайқал топди.

Зебо ЗЕЙНУР

Категория: Турфа тақдирлар | Добавил: albine (21.07.2014)
Просмотров: 1018 | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Имя *:
Email *:
Код *:
Форма входа

Поиск

Друзья сайта
  • Официальный блог
  • Сообщество uCoz
  • FAQ по системе
  • Инструкции для uCoz

  • Copyright MyCorp © 2025Конструктор сайтовuCoz