ЎЗБОШИМЧАЛИКНИНГ
"ЖАЗОСИ"
Муқимий театри Москвада гастролда. Ҳамид Ғуломнинг "Олтинкўл" мусиқали драмаси намойиш этилмоқда. Бош ролда Сойиб Хўжаев эди, аммо қўшиқ айтолмайди, деб роль бошқа актёрга берилган. Сойиб ака ҳар куни саҳна ортида, зерикиб ўтиради. Ниҳоят, у саҳнага бир бор бўлса-да, чиқмаса юраги тарс ёрилиб кетишини ҳис қилиб, ўзича бир қарорга келди. Бош ролдаги актёр раис ролида бригадирга танбеҳ бераётган пайтда, Сойиб ака ағдарма этик, галифеда, ер ўлчовчи қиёфасида саҳнага чиқди-да, саржинлаб ер ўлчаб келиб, раис олдида таққа тўхтаб, ерга қозиқ қоқиб, сўнг раиснинг қўлига қоғоз тутиб, имзо қўйдиргач, бир оғиз ҳам сўз айтмай, саҳнадан чиқиб кетиши билан томошабинлар гулдурос қарсак чалиб юборишди.
Спектаклдан сўнг тўполон бошланиб кетди. Труппа мажлиси чақирилиб, Сойиб Хўжаевнинг саҳнадаги ўзбошимчалиги муҳокама қилинди. Ҳаммадан ҳам бош роль ижрочисининг ғазаби тошган.
– Драмада ер ўлчовчи йўқ эди, Сойиб Хўжаев ўзбошимчалик қилиб, нега саҳнага чиқади?! Хўжаев театрнинг душмани, ўзбошимчалиги билан мусиқий асарни ҳақорат қилди! У "Халқ артисти" деган унвонга нолойиқ, шунинг учун ундан унвон олиб ташлансин!
Ҳамма бош роль ижрочисининг гапини маъқуллади, фақат Ўзбекистон Халқ артисти Раззоқ Ҳамроев:
– Ўртоқлар, Сойибга "Халқ артисти" унвони Москвада эмас – Тошкентда берилган. Унвонни олиб ташлашни Тошкентга қолдириб, ҳозирча, бирор бошқа чора кўриш билан чекланайлик, – деди.
Шу гап билан у кишига қаттиқ хайфсан берилди.
Сойиб ака сувга тушган мушукдай шалвираб, кайфияти тушиб қолаверди. Эртасига Кремль театрида бўладиган муҳокамага Москванинг атоқли театр танқидчилари тўпланиб, "Олтинкўл"ни муҳокама қилишди. Шунда муҳокамага раислик қилаётган театршунос-олим якунловчи сўзга чиқиб:
– Тошкентлик санъаткорларимиз ажойиб асар намойиш этишди. Дала меҳнаткашларига бағишланган асар ўзининг ҳаётийлиги, қувноқлиги билан менда катта таассурот уйғотди. Айниқса, мени асардаги сўзсиз образ – ер ўлчовчи ҳайратга солди. Бутун спектакль бир бўлди – ўша образ бир бўлди! Бу жуда ажойиб топилма. Шу образ орқали режиссёр асар моҳиятини очишга муваффақ бўлган. У далада меҳнат қилаяпти, бошқа ҳеч нима, ҳеч ким билан иши йўқ. Шу актёрга тан бердим. Ўша актёр бугунги йиғилишимизда иштирок этаяптими?
Актёрлар Сойиб акага қараб: "Сизни гапиряпти!" дейишди. Сойиб ака, русча билмаганидан: "Оббо, буям мени гапиряптими?" деб, қўрқиб, ўриндиққа бошини эгиб, букчайиб олди.
– Сизни мақтаяпти! – дейишди ҳамкасблари.
– А?! – Сойиб акага жон кирди.
Раис бўлса:
– Хаджаев, иди сюда, я хочу поцеловать тебя! – деди.
Сойиб ака ўрнидан "дик" этиб турди-да, минбарга чиқиб:
– Ладна, ўп! – деди.
Раис уни қучоқлаб, ўпди. Сойиб ака бўлса залга қараб:
– Ҳ-ў-ў, директор, ҳ-ў-ў, режиссёр, бўлдими, энди мени унвонимга тирғалмайсизларми? – деди.
Устанинг гапига ҳамма кулиб, қарсак чалиб юборган экан.
Дилфуза АКБАРОВА.
|