//carhpalak.ucoz.org/111_Yulduz.mp3

 
Меню сайта

Категории раздела
Турфа тақдирлар [483]
Барчанинг бахти ўзгача,лекин барчанинг бахтсизлиги бир хил

Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0

Главная » Статьи » Турфа тақдирлар

ЎЗБЕКИСТОН МХО МАНФААТИ (давоми)
10. ЎЗБЕКИСТОН МХО МАНФААТИ

1990 йил охирида Асқар Ақаев Қирғизистон Президенти этиб сайлангач, унинг раҳбарлигида мамлакатда кўпгина демократик тадбирлар амалга оширилди. Натижада дунёда "Қирғизистон Марказий Осиёдаги демократия ороли” деган ибора пайдо бўлди ва бу асосли эди. 

Ўзбекистон демократлари ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари қирғизистонлик сафдошлари билан яқин алоқалар ўрнатди ҳамда кўпгина халқаро тадбирларни биргаликда ўтказа бошлади. Мен [77]-мақоламнинг 9-параграфида бундай ёзгандим. 

"Абдуманноб Пўлатов Москвада муҳожиратда яшаб, 1992 йил декабри бошида Қирғизистон пойтахти Бишкек шаҳрида Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари бўйича йирик халқаро анжуманнинг асосий ташаббускори ва ташкилотчиси бўлди. Бу шундай халқаро анжуманлардан дастлабкиси эди” [77]

Бу ҳақда раҳматли Абдуманноб ака 1998 йил 5 январ куни бундай ёзганди.

"Марказий Осиё Инсон Ҳуқуқлари Информацион Марказини тузиш ғоясини биз Мадамин ака (Мадамин Нарзиқулов, А.Ш.) иккаламиз Марказий Осиё жумҳуриятларидаги демократик ташкилотларнинг фаоллари ва лидерлари билан 1991-92 йиллари Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистонга борганимизда муҳокама қилгандик.

Бу ғоя Марказий Осиёда Инсон Ҳуқуқлари халқаро конференциясини тайёрлаш ва уни 1992 йил декабрь ойида Бишкек шаҳрида ўтказиш вақтида ҳаётга жорий қилина бошлади. Конференцияни Америкадаги ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилоти (Union of Counsil) Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти ва Қирғизистон Ҳуқуқни Ҳимоя Қилиш Ҳаракати билан биргаликда ташкил қилганди. Мен унинг Ташкилий комитетининг директори эдим ва ўша пайтдаёқ ўз юртимдан қочиб Москва ва Бишкекда яшашга мажбур бўлиб юргандим.

Конференция тамом бўлар бўлмас мен Ўзбекистон режимининг одамлари тарафидан ўғирлаб кетилганим учун бу Конференция ҳам шу воқеа орқали одамларнинг эсида қолди, десам бўлаверади” [78]

1992 йил 10 декабр куни Amnesty International номли халқаро инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти Абдуманноб Пўлатовнинг ўғирланишига доир баёнотни ёйинлаб, 17 декабр куни эса уни Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов ва бошқа раҳбарлар номига йўллади. Унда жумладан  шундай сатрлар бор. 

"Абдуманноб Пўлатов, Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари учун етук фаол курашчиси, 1992 йил 8 декабр куни Бишкекда (Қирғизистон), хабарларга кўра Ўзбекистон Миллий хавфсизлик амалдорлари томонидан ўғирлаб кетилган ва унинг хавфсизлигига доир чуқур ташвишланишлар бор” [78], [79]

Кейинчалик – 1992-2010 йиллар давомида ҳам Қирғизистонда инсон ҳуқуқлари фаоллари ва демократларнинг халқаро ташкилотлар билан биргаликда кўпгина семинар, анжуман ва йиғилишлари ўтказди. Ушбу халқаро тадбирларда Ўзбекистондан келган ва Миллий хавфсизлик хизмати (МХХ)нинг қора рўйхатида турган кўпгина демократлар қатнашди ҳамда ўз мамлакатидаги инсон ҳуқуқларининг абгор аҳволи ҳақида дунё жамоатчилигига асосли маълумотларни тарқатди. Бунинг ҳаммаси Ўзбекистон МХХ раҳбарияти ва унинг олий раҳбари Президент Ислом Каримовнинг ғашини келтирарди. 

2005 йил 13 май кунги Андижон қирғинидан кейин 500 нафарга яқин ватандошимиз айнан Қирғизистонга қочиб ўтиб, инсон ҳуқуқларини ҳимояловчи халқаро ташкилотлар ва БМТнинг Қочқинлар иши бўйича Олий Комиссарлиги ёрдами билан қочқинлик мақомига эга бўлди ва дунёнинг кўпгина мамлакатларидан сиёсий бошпана олди. Улар бугунги кунда – 2011 йил 11 июнда ўша мамлакатларда яшамоқда. Бу ҳолат ҳам махсус хизмат органи бўлмиш МХХ раҳбариятини доимо ғашига тегмоқда ва доимий бошоғриқ масалаларидан биридир.  

Ўзбекистон демократлари Қирғизистон, жумладан Ўш вилоятидаги демократлар билан яқин алоқалар ўрнатганига доир ёрқин мисол – бу ўшлик журналист раҳматли Алишер Соиповнинг (04.09.1981-24.10.2007) ҳаёт йўлидир. У Ўшда нашр этилаётган "Сиёсат” газетасининг бош муҳаррири эди. Ушбу газета Фарғона водийсида ҳам кенг тарқатилаётганди. Махсус хизмат органлари икки нафар киллерни Ўшга юбориб, уни 2007 йил 24 октябр куни отиб кетишди. Бундай халқаро қотиллик шу кунгача фош этилган эмас. Мен бу ҳақда рус тилида "Убийство журналиста Алишера Соипова: Кто заказчик? (Журналист Алишер Соиповнинг ўлдирилиши: Буюртмачи ким?)” номли катта таҳлилий мақола ёзиб, www.yangidunyo.com сайтида 2008 йил 25 апрел куни чоп эттиргандим ([80]-га қаранг).  

Одатда махсус хизмат органлари мухолифат фаолларини битта-битта тазйиқ қилишдан кўра оммавий тазйиқ қилишга имкон берувчи катта провокация тарафдори бўлади ва шундай провокацияларни яширин уюштириш йўллари ҳамда усулларини излашади, қулай вақт топиб қўллашга ҳаракат этишади. 

Мен бу гапларим билан 2010 йил 10-14 июн кунларидаги Ўш-Жалолобод қирғинини Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати уюштирган, деб айтмоқчи эмасман. Лекин Қирғизистонда, жумладан Ўш ҳамда Жалолобод вилоятларида, ҳатто Бешкекда бемалол изғиб юрган Ўзбекистон МХХ зобитлари тайёрланаётган даҳшатли қирғиндан хабардор бўлганлар. 

Ўзбекистон МХХ зобитлари Қирғизистонда, жумладан Бешкекда бемалол изғиб юрганига доир битта мисол келтирай. Мен  [19]-мақоламнинг 1-қисмида бундай ёзгандим. 

"Мeн кўпгина тазйиқлардан кeйин 2008 йил 12 октябрга ўтар кeчаси соат 2.00 да Тошкeнтдан Андижонга, у ердан Ўзбeкистон– Қирғизистон чeгарасидаги "Дўстлик” постига бордим. Мeн билан биргаликда тошкeнтлик таниқли инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Елeна Урлаева, укаси Василийнинг турмуш ўртоғи ва унинг 4 ёшли қизчаси ҳам бор эди. Биз 12 октябр кундузи шу постдан ўтиб, Ўш шаҳрига бордик. У ерда автобeкат ошхонасида тушлик қилиб, икки соатлардан кeйин микроавтобусда Бишкeкка йўл олдик.

Бишкeкка 2008 йил 13 октябр тонг ғира–ширасида етиб бордик. Елeна кeлини ва жиянини Василий ихтиёрига топшириб (у қочқин эди), 14 октябр кeчқурун Тошкeнтга жўнаб кeтди. Мeн Бишкeкда 2008 йил 4 ноябргача яшадим. Шу 22 кун давомида Бишкeк бозорларида сураткашлик (фотографлик) орқали тирикчилик қилдим ва халқ орасида юриб Қирғизистондаги аҳволни у ёки бу даражада ўргандим” [19]   

2008 йил 16 дан 17 га, 17 дан 18 октябрга ўтар кечаси Бишкек шаҳар темир йўл вокзалида тунадим. 18 октябрга ўтар кечаси соат 2 да вокзал милиция зобити мени хизмат хонасига олиб кириб, икки соат сумкамдаги ҳужжатлар, мақолалар, блокнотларимни варақлаб ўқиди. Шу сабабли 18 октябр куни суриштириб Бишкек шаҳридаги суткалаб ижарага ётоқ берувчи хонадонни излаб топдим ва ўша ерда ётиб юрдим. 

2008 йил 21 октябрдан 26 октябргача Бишкек шаҳри Рисқулов (Қулов) номли кўчадаги уйда кечаси ухлаш учунгина 80 сомдан тўлаб юрдим (80 сом – 2 АҚШ долларидан сал кўпроқ). Уй эгаси бўлмиш ўзбек аёли аввал Фарғона водийсида яшагани, 1980-йиллар охирида қийинчиликлар бошлангач ҳовлисини сотиб Бишкек шаҳридан ушбу ҳовлини сотиб олгани ва фарзандлари билан бирга меҳмонхона бизнеси билан шуғулланаётгани ҳақида айтди. Ўша куни ҳовлида иккита қора "Мерседес” машинаси турганди.

21 октябр кечқурун бешта каравот қўйилган хонада уч киши тунадик. Кечқурун ётиш олдидан иккала ўзбекдан бири менинг қаердан келганим ва ким эканлигим ҳақида сўради. Тошкентдан қочқин бўлиб келган инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси ва мустақил журналист эканлигимни айтдим. Мен ўз навбатимда ундан ким ва нима билан шуғулланишини  сўрадим. У иккаласи тонгда вокзалга бориб, Москвадан поездда келадиган йўловчиларни кутиб олиб уйларига олиб бориб қўйиш орқали тирикчилик қилишини айтди. 
 
У 2005 йил 13 майдаги Андижон воқеасига доир саволлар берди. Мен Андижон қирғини борасида Президент Ислом Каримов учта катта хатога йўл қўйгани, бу хатолар нимадан иборат эканлиги ва бунга доир сайтларда бешта мақола чоп эттирганим ҳақида қисқача айтдим ([81]-[86]-га қаранг). Иккинчиси каравотда ётган ҳолда қимматли телефон тугмаларини босиш билан овора эди. Менимча, у суҳбатимизни ёзиб олиш билан шуғулланган бўлса керак. 

Эртаси куни – 2008 йил 22 октябр кечқурун келсам ҳовлида "Мерседес” ва бошқача янги хориж машиналаридан бештаси турибди (Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати зобитлари Президент Ислом Каримов берган катта миқдордаги ойликларни олиб, мана шундай хориж машиналарида ялло қилиб юришибди). Қирғизистонда машиналар халқаро номерлар билан белгиланади ва унинг қайси вилоятдан келганини билиш қийин. 22 октябр куни ўз каравотимда ётиб ухладим. 

23 октябр соат 18-ларда уйга келсам 25 ёшлардаги бир бақувват эркак каравотимда ўзини ухлаганга солиб ётибди. Қолган 4 та каравот бўш. Мен уй эгасига мурожаат қилдим. У беш киши биргаликда келгани, битта уйда тунамоқчи эканлиги ва шу сабабли менга йўлакдаги каравотда жой беришини  айтди. Мен болаликдан саккиз ака-ука сингиллар орасида катта бўлганлигим ва турли шароитларда ухлаб ўрганганлигим сабабли тортишиб ўтирмадим. 2008 йил 24-26 октябрга ўтар кечалари йўлакдаги каравотда тунадим.   

2008 йил 25 дан 26 октябрга ўтар кечаси соат 4-га яқин ўпкамнинг чап томонида, юрагим яқинида – сал пастроғида қаттиқ оғриқдан уйғониб кетдим. Нафас олишим жуда қийинлашди. Ўшангача 54 йил умр кўриб бирор марта бундай оғриқни юрагим олдида кечирмагандим. Ўрнимдан туриб каравот четига ўтирдим. Оғриқ тўхтамади. Уйқум қочиб кетди. 7-8 дақиқа зўрға нафас олиб ўтиргач оғриқ сал камайди. Мен кўчалик кийимларимни кийиб, ошхонага ўхшаган катта даҳлиз-хонага чиқдим ва у ерда кўрпача ташлаб унинг устида тонгги соат еттиларгача блокнотим ва китобимни  варақлаб ўтирдим. Тонг ёриша бошлагач бу хонадонни тарк этдим. 

Аллоҳ олдида айтаман: мен ушбу таҳликали воқеа қандай рўй берган бўлса шу ҳолда баён қилдим. Фақат Аллоҳнинг ёрдами билангина қотиллар яширинча уюштирган яна бир ўлимдан сақланиб қолдим, деб ўйлайман. Аллоҳга минг қатла шукур бўлсин! 

Фикримча, ўша "Мерседес”ларда келганлар менинг овқатимга ёки ичадиган сувимга бирорта заҳар қўшиб беришган ёки ухлаганимда бирор нарса ҳидлатиб, кейин заҳарли укол қилган бўлса керак. 

Тахминимча, бундай заҳар маълум вақт ўтиб таъсир қилиши ва қисқа вақт давомида қонни қўюқ ҳолга олиб келиш орқали инсонни ўлимга олиб бориши мумкин. Организмда ҳаёт ритми бузилиб, инсон руҳи танани тарк этгач дори ўз кучини йўқотиб, қон ўз ҳолатига қайтади ва дори организмда сингийди. Шу йўл билан ушбу заҳар ўзидан асорат, из қолдирмайди. 

Шундай ҳолатда  АҚШнинг Айдаҳо штатида қочқин бўлиб яшаётганлардан 33 ёшли ўзбек қочқини Олимжон Собиров 2006 йил 1 август кечаси, 29 ёшли Зоҳид Махмeдов 2006 йил 1 сентябрга ўтар кечаси уйқуда сирли равишда ўлган эди. Мен бу сирли ўлимлар тафсилотини Бойсига 2010 йил 21 январда қочқин бўлиб келгач ўргандим ва бунга доир мақолани уч тилда чоп эттирдим ([87]-га қаранг). АҚШ мутахассислари иккала ўлим сабабини шу кунгача оча олган эмас.  

Бишкекда 2008 йил 13 октябридан 4 ноябргача яшаган пайтимда орқамдан қандайдир нусхалар кузатишаётганини кўп марта кўрганман ва билганман. Булардан кўпчилиги Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати органи зобитлари ва улар билан боғлиқ кимсалар, деб ҳисоблайман. 

Агар Бишкекда ва Қирғизистондаги бошқа шаҳарларда кўпгина ўзбек қочқинлари ҳамда меҳнат муҳожирлари яшаб юрганини ҳисобга олсак, Қирғизистонда изғиб юрган МХХ ходимлари кўп эканлигини тушунишимиз мумкин. Булар Ўш ва Жалолобод вилоятларида ўзбек миллатдошларимизга қарши тайёрланаётган қонли провокация ва қирғиндан хабардор бўлганлар, деб ўйлайман ва бунга имоним комил. Улардан баъзилари Тошкентга - Миллий хавфсизлик хизмати раҳбариятига хабар берган, деб ўйлайман.  

Лекин бу ташвишли хабар тақдири икки хил бўлган бўлиши мумкин. 

Биринчи ҳол: МХХ раҳбарияти бу фожеа ҳақида ўзларининг олий раҳбари бўлмиш Президент Ислом Каримовга асосли қилиб етказишмаган ва бунинг натижасида сиёсий даражада Ўзбекистон раҳбарияти Қирғизистондаги миллатдошларимизни ҳимоя қилиш чорасини олдиндан қўллашга ҳаракат қилмаган.  

Иккинчи ҳолат: МХХ раҳбарияти бу фожеа ҳақида ўзларининг олий раҳбари бўлмиш Президент Ислом Каримовга етказишган, лекин Ўзбекистон раҳбарияти халқаро ташкилотларни жалб қилган ҳолда Ўш-Жалолобод вилоятлардаги қирғинни олдини олмаган ва миллатдошларимиз ҳимоясини халқаро миқёсда уюштирмаган. Ўзбекистон МХХси билан боғлиқ фикрларимни 13-параграфда давом эттираман. 

11. МАРКАЗИЙ ОСИЁ УМУМИЙ ТАРИХИНИ ТАЛАШИШ 

Марказий Осиёдаги давлатлар тарихи бундан 5000-5300 йил аввал бошланган ([68], 4-қисм). Ўтган минг йилликлар давомида юзлаб катта-кичик давлатлар ҳамда улкан салтанатлар (империялар) қурилган ва кейинги асрларда парчаланиб кетган. 

Алал оқибат Чор Россияси 19-аср иккинчи ярмида Марказий Осиё ҳудудидаги давлатларни уруш йўли билан босиб олди. 1917 йилдаги большевиклар инқилобидан кейин тарихда Туркистон деб аталмиш бу улкан ҳудудни куч ишлатиш ва кўп ватанпарварларнинг қонини тўкиш йўли билан Совет Иттифоқи империяси ўз таркибида сақлаб қолди. 

Коммунистик режим раҳбарияти атайлаб "Бўлиб ташла ва идора қил” принципида ёндошиб 1924, 1929 ва 1936 йилларда Марказий Осиё ҳудудини бешта жумҳуриятга бўлди. 

Ушбу бешта жумҳурият – Тожикистон, Туркманистон, Қирғизистон, Қозоғистон ва Ўзбекистон 1991 йилда мустақил давлатларга айланди. 

Деярли ҳар бир давлатдаги махсус хизмат органлари раҳбарияти ва уларнинг бевосита олий раҳбари бўлган давлат арбоблари ўтган 5000 йиллик тарихдан охирги минг йиллик давомида тузилган давлат ёки империядан ўзига мақбул бўлган даврни олиб, ўз давлат ҳудудини шу даражага кенгайтириш фикрларини илгари сура бошлади. Яъни қўшни давлатлар ҳудудига кўпинча яширинча, айрим ҳолларда очиқчасига тажовуз қилмоқда (масалан, 6-параграфга қаранг).  

Бу ҳақда очиқдан-очиқ айтилмасада, мақбул бўлган давр ҳақида матбуотда мақолалар ёзиб,  телевидение кўп кўрсатувлар ташкил этиб, турли даражадаги олимлар сўзлаб оддий халқ фикрини шу томонга буришга ҳаракат қилмоқда. Агар оммавий ахборот воситаларида ёритилаётган факт ва фикр-мулоҳазаларни махсус хизмат органлари назорат-таҳлил қилиши ва йўл-йўриқ кўрсатишини ҳисобга олсак, бу атайлаб маълум бир томонга йўналтирилган ҳаракат эканлигини тушуна бошлаймиз. 

Натижада бу йўналишдаги ҳаракатлар Марказий Осиё халқлари учун 2010 йил 10-14 июндаги  Ўш-Жалолобод қирғини каби катта фалокатга олиб келди ва бунга ўхшаш қонли воқеалар давом этиши мумкин. 

Бу ҳолни оддийроқ мисол ёрдамида тушунтирай. Узоқ тарихга бормай, икки юз йил аввал бир туркистонлик оиласида 4-5 фарзанд ўсиб вояга етди, дейлик (айрим ота-онанинг 10-15 нафаргача фарзанди бор, масалан машҳур тарихчи олим раҳматли Боймирза Ҳайитнинг 14 ака-ука ва опа-сингиллари бор эди, [40]). Агар ўртача ҳар 25 йилда янги авлод ўсиб вояга етишини ҳисобга олсак, ўтган 200 йил ичида саккиз авлод алмашинади.    

Энди тасаввур қилинг: ушбу саккизинчи авлод фарзандлари ўзларидан икки юз йил аввал яшаб ўтган бобоколонини "меники-меники” деб талаша бошлашди ва ур-тўполонгача бориб етди. 

Чуқурроқ ўйлаб қарасангиз, саккиз авлод вакиллари ҳаммасининг бобоколони бир ва умумий оила тарихига эга. Улар оилавий тарих шажарасини тузиб, узоқроқ қариндошлар сифатида ўзаро борди-келди қилишлари ва янада аҳил яшашлари керак. Ўз оиласининг умумий  тарихини билмаслик ва уни тан олмаслик натижасида улар орасида беҳуда тортишувлар ва уруш-жанжал чиқиш эҳтимоли кундан-кунга ошиб боради. 

Шу йўналишда Ўзбекистон раҳбарияти ҳам катта хатога йўл қўймоқда: Ўзбекистонда Амир Темур (1336-1405) даври ҳақидаги мақолалар ва кўрсатувлар ҳаддин кўп. Буюк тарихимиздаги бошқа буюк шахслар, масалан Исмоил Сомоний, номи ва амалга оширган ишлари деярли гапирилмайди. Шоирларимиз ўз шеърларини, хонандаларимиз қўшиқларини кўпроқ Амир Темур ва унинг фаолиятига бағишлашади, масалан буюк хонандамиз ва шоиримиз Шерали Жўраев ижодига назар солинг.   

Мана шундай аянчли аҳволни бугунги кунда Марказий Осиёдаги беш ёш мустақил давлатлар орасидаги сиёсатда кўрмоқдамиз. Бундай калтафаҳм сиёсатни олиб бораётган айрим давлат махсус хизмат органлари раҳбарлари ва давлат лидерлари бизнинг қон-қардош халқларимиз олдида катта тарихий хатога йўл қўймоқда. Бу ҳақда аниқроқ маълумот ва фактларни 6-10-параграфларда келтиргандим. 

12.  ЎШ-ЖАЛОЛОБОД ҚИРҒИНИДАН МАҚСАД? 

Савол туғилади: махсус хизмат органлари Ўш-Жалолобод қирғинини уюштиришдан қандай разил  мақсадни кўзда тутганди? 

Бу саволга жавобни қуйидаги фикр ва саволга жавоб бериш билан биргаликда амалга ошираман.
 
Ўш ва Жалолобод вилоятларида ва бошқа мамлакатларда яшаётган айрим миллатдошларимизда:  "Ўзбекистон Қирғизистонга қўшин киритиб ўзбекларни ҳимоя қилиши керак эди”, деган фикр бор. Масалан, [3]-мақолам www.yangidunyo.com  сайтида 2011 йил 30 апрел куни чоп этилгач  "бек-узгоний” тахаллусли миллатдошимиз 1 май куни мақолам охирида бундай деб ёзибди.  

"бек_узгоний says: 
May 1, 2011 at 12:38 am 

Эйй қойилмасман сизга ҳам. Турклар ўз миллатини ҳимоя қилиб Кипрни ўзиники қивоса бўлади,  руслар эса Осетияни ўзиники қиволди. Ўзбекларни Ўзбекистон ҳимоя қилса катта уруш чиқиб кетар эканда. Эээ қўйилара бунақа эртагиларни” [3] 

Шу миллатдошимиз айтган ҳолатни мушоҳада этиб кўрайлик. 2011 йил 11 июнга ўтар кечаси Ўшда  қирғин бошлангандан Ўзбекистоннинг маълум миқдордаги қўшини киритилди, деб фараз қилайлик. Бугунги кундаги халқаро қонунларга асосан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти рухсатисиз киритилган бошқа давлат қўшини агрессия ҳисобланади ва ҳимояланувчи давлат барча чоралар, жумладан бошқа давлатлардан ҳарбий ёрдам олиш ва ҳатто бошқа давлат армиясини ўз ҳудудига киритиш йўли билан ҳимояланиш ҳуқуқига эга. 

Ўз-ўзидан маълумки, Қирғизистон қўшини Ўзбекистон тажовузига ҳарбий қаршилик билан жавоб берарди ва ўртада ҳарбий ҳаракатлар бошланиб кетиш эҳтимоли жуда катта эди. 

Аввалига тенг кучли қуроллар қўлланилишини тасаввур қилайлик. Масалан, Ўзбекистон танклар ва автоматлар билан қуролланган қўшин киритди, дейлик. Лекин ватанимизда оддий пистолет, автомат ўқи ишлаб чиқарадиган завод йўқ. Ҳарбий омборлардаги ўқ-дорилар нари борса ҳафта-ўн кунда тугайди. 

Дунё давлатлари ва халқаро ташкилотлар кўп йиллардан бери Ўзбекистонни диктатор, деспот Ислом Каримов раҳбарлик қилаётган сиёсий режим дея баҳолаётгани кўпчиликка маълум. Бунинг устига у бошқа давлат ҳудудига қўшин киритиши – бу агрессия ҳисобланади. Шу сабабли бирорта давлат қурол-яроғ ва ўқ-дорини урушаётган Ўзбекистонга сотмайди. Оқибатда қурол билан ҳимоя қиламан деб борган ўзбек аскар ҳамда зобитларидан кўпчилиги ўқ-дори ва замонавий қурол-яроғ етишмаслиги натижасида ҳалок бўлади ва Ўзбекистон алал-оқибат мағлубиятга учрайди. 

Баъзилар айтиши мумкин: Қирғизистонда ҳам ҳарбий корхоналар йўқ-ку. Лекин қудратли қўшни давлатлар Қирғизистон армиясини энг замонавий қурол билан таъминлаши турган гап. Чунки Марказий Осиё минтақасида туркий халқлар орасида энг кўп сонли миллат – бу ўзбеклардир ва бизнинг мағлубиятимиз улар учун маъқулроқ бўлади.  

Замонавий қурол қудратига доир битта мисол келтирай. Иккинчи Дунё урушида Совет Иттифоқи армияси қўллаган машҳур "Катюша”нинг давомчиси бўлган, СССРда 1963 йилда ишлаб чиқарилган, кейинги йилларда такомиллаштирилган ва  юк автомобилига ўрнатиладиган 122 мм калибрли РСЗО 9К51 «Град» -  "реактивная система залпового огня” (Бирваракайига ўт очадиган реактив тизим)нинг айрим  ҳарбий имкониятларига эътибор берайлик. 

"Град” бир ўт очганида диаметри 122 мм, узунлиги 3 метр, оғирлиги 66-70 кило бўлган 40 та реактив снарядни 20 сония давомида ота олади (бу снарядларнинг бир донаси бир минг доллар туради). «Град» бу снарядларни 1500 метрдан 40 минг метр масофагача отиш имконияти бор. Бир марта ўт отиш натижасида 14,5 гектар ердаги барча нарсалар, жумладан рақибнинг танк, миномет, бронетранспортер ва ҳарбий аскарлари дабдала қилинади. [88]   
 
Россиянинг «Град» қуроли 1964 йилдан бери дунёнинг жуда кўп мамлакатларидаги ҳарбий ҳаракат ҳамда урушларда қўлланилган ва ҳамон қўлланилмоқда. 

Россия Мудофаа вазирлиги 2011 йилдан «Град»ни "Торнадо” деб аталадиган янги турига алмаштириш ишларини бошлади [89]. 

Энди кўз олдингизга келтиринг: битта "Град”дан 20 сония ичида отилган бир марта ўт очиш натижасида 14,5 гектар ердаги танк ҳамда автоматлар билан қуролланган нечта ўзбек аскари ва зобити ҳалок бўлиши мумкин? 

"Бек-узгоний” тахаллусли миллатдошимизнинг "Турклар ўз миллатини ҳимоя қилиб Кипрни ўзиники қивоса бўлади, руслар эса Осетияни ўзиники қиволди” деган гапига жавоб берай. 

Биринчидан, Туркияда замонавий қурол-яроғ кўп миқдорда ишлаб чиқарилади ва бошқа давлатларга қурол-яроғ сотиш бўйича дунё мамлакатлари орасида бешинчи ўринда туради. 

Иккинчидан, Туркия 1952 йилдан бери энг қудратли ҳарбий блок бўлмиш НАТО блокига аъзо давлатдир. Туркия ҳарбий қудрати бўйича дунёда 10-ўринда, НАТО блокида эса – 5-ўриндадир. [90] 

"Бек-узгоний” "руслар эса Осетияни ўзиники қиволди” деганида Россия 2008 йил августида Шимолий Осетияга қўшин киритиши ва Грузияга қарши беш кунлик урушда қатнашишини назарда тутган бўлса керак. Бу ерда Россия ва Ўзбекистон ҳарбий қудратини солиштирсак фил билан чўмолини солиштиргандек бўламиз. Фил қила оладиган ишни чумолидан талаб қилиш ақлли одамнинг иши эмас. 

Аслида Ўш-Жалолобод қирғинини уюштирган махсус хизмат органларининг асосий мақсади ҳам шунда – Ўзбекистон қўшинларини Қирғизистон ҳудудига киришига провокация қилиш ва кейин уни  мағлубиятга учратиш эди. 

Ушбу қабиҳ режа амалга оширилиб Ўзбекистон мағлубиятга учрагач бўладиган воқеалар: Тожикистон Бухоро ва Самарқанд шаҳарларини унинг атрофидаги ерлари билан ўз ҳудудига қўшиш, Қорақалпоғистон 1925-1930 йилларда ҳозирги Қозоғистон таркибида бўлганлигини назарда тутиб ва Қозоғистон фуқароларининг анчаси уни ўз мамлакатлари таркибида бўлиши керак деб ҳисоблашлари натижасида Қорақалпоғистонда наридан-бери референдум ташкиллаштирилиб уни  Қозоғистонга қўшиб олиш тадбири ўтказилиш эҳтимоли катта. 

Шунингдек ҳарбий можаро пайтида қанчадир моддий зарар кўрган Қирғизистон ҳам мағлубиятга учраган Ўзбекистон ҳудудидан қанчадир улуш олишга, биринчи навбатда барча баҳсталаб анклавларни ўзиники қилиб олишга ҳаракат этиши турган гап. 

Ўзбекистон бўлиб олина бошлагач Туркманистон раҳбариятида ҳам ўзининг охирги минг йилдан ортиқроқ тарихи Хоразм хонлиги билан боғлиқлигини ҳисобга олиб, Хива ва унинг атрофидаги Хоразм вилоятининг анчагина ерини ўзига қўшиб олиш иштиёқи пайдо бўлиши мумкин. 

Албатта, бундай фожеани Аллоҳ кўрсатмасин ва бундай ишлар бўлмасин.  

Биринчи бўлиб бостириб кирган, агрессия уюштирган давлат мағлубиятга учратилгач одатда унинг ҳудуди бўлиб ташланади. Бунга дунёнинг яқин тарихида мисоллар кўп топилади. Масалан, 1-дунё урушидан кейин Австрия-Венгрия империяси (1867-1918) майда давлатларга бўлиб ташланди; Германия 2-Дунё урушидан кейин 1945 йилда тўрт қисмга бўлинганди ва у 1949 йил 23 май куни уч қисми  Германия Федератив Республикасига, 1990 йил 3 октябрда эса ягона Германия давлатига бирлашишга муваффақ бўлди; Югославия 1992-2003 йиллар давомидаги ҳарбий можаролар ва тортишувлардан кейин майда давлатларга парчаланиб кетди ва ҳоказо. 

Аллоҳ кўрсатмасин, агар махсус хизмат органлари мана шундай сценарий асосида Марказий Осиёда провокацион қирғин ва ўзаро уруш ҳаракатлари келтириб чиқаришга эришсалар, оқибатда энг кўп йўқотишга ўзбек халқи учраши мумкин. Шу сабабли биз ақл-идрокимизни ишлатиб, бундай катта провокацияни фош қилишимиз ва бунга йўл бермаслигимиз керак.    

13. ИСЛОМ КАРИМОВНИНГ КАТТА ХАТОЛАРИ

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг Ўш-Жалолобод қирғини масаласида катта хатоларини санаб ўтишдан олдин унинг тўғри қилган ишларини айтиб ўтай. 

Биринчидан, И.Каримов Ўзбекистон армиясининг Бош қўмондони сифатида ўша қирғин – 2010 йил 10-14 июн кунлари Ўзбекистон қўшинини Қирғизистонга киритиш ҳақидаги буйруқни бермай тўғри иш қилди. 

Иккинчидан, И.Каримов 2010 йил 20 сентябр куни Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Минг йиллик тараққиёт дастури мақсадларига бағишлаб 20-22 сентябр кунлари Нью Йоркда ўтказилган  саммитида маъруза қилиб, Қирғизистон жанубидаги сўнгги қонли ҳодисалар юзасидан мустақил халқаро текширув ўтказишга чақиргани жуда тўғри иш эди.  

"БМТнинг тараққиёт саммитида сўзлаган Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов Қирғизистон жанубидаги сўнгги қонли ҳодисалар юзасидан мустақил халқаро текширув ўтказишга чақирди.

Ўзбекистон раҳбари фақат мустақил халқаро текширувгина қирғизлар билан ўзбеклар ўртасидаги ярашувга етакловчи йўл эканини, бундай текширувсиз қонли ҳодисалар яна такрорланиши мумкинлигини айтган.

Президент Каримов БМТ қароргоҳидаги чиқишида Қирғизистоннинг собиқ раҳбари Қурманбек Бакиевни "ўзини обрўсизлантирган президент” ҳокимияти деб атаган.

Жаноб Каримов июн ойидаги қонли ҳодисалар ортидан Ўзбекистон 100 мингдан зиёд қочқинларни қабул қилганини айтган.

Ўзбекистон раҳбари сўзларига кўра, бу ҳодисалар қонли тўқнашувларга Ўзбекистонни ҳам жалб этиш, миллатлараро қарама-қаршиликни Ўзбекистон билан Қирғизистон давлатлари ўртасидаги можарога айлантириш мақсадини кўзлаган "учинчи кучлар”нинг сценарийси асосида ташкил этилган” [91]

Энди Ислом Каримовнинг Ўш-Жалолобод қирғини масаласида йўл қўйган катта хатоларини санаб ўтай. 

Мен www.yangidunyo.com  сайтида 2009 йил 17 июл куни чоп этилган  [35]-мақоламда жумладан бундай ёзгандим. 

"Бeшинчидан, Прeзидeнт И.Каримов Ўзбeкистон номидан Марказий Осиёдаги Қозоғистон, Туркманистон, Қирғизистон, Тожикистон ўртасида "Мангу дўстлик ҳақида”ги шартномаларни имзолаган. Лeкин шу қўшни давлатлардаги ўзбeк миллатдошларимиз манфаатини ҳимоя қилиб бирорта амалий иш қилган эмас. Масалан, бу мамлакатларда ўзбeк мактабларидаги миллатдошларимиз фарзандлари ўзбeк тилидаги дарсликлар йўқлигидан кўп йиллардан бeри қийналмоқдалар. Муаммони муҳокама этиш учун Қирғизистоннинг Ўш шаҳридан Тошкeнтга атайлаб кeлган Ўзбeк миллий маркази раҳбарларини Прeзидeнт И.Каримов қабул қилмаган ва бирорта юқори мансабли амалдор улар муаммосини ҳал этмаган. "Мангу дўстлик ҳақида”ги шартномани имзолаган давлатдаги миллатдошларимизга ўз иқтисодий, маънавий ёрдамини бeрмаган Прeзидeнт И.Каримов Уйғуристондаги қардош уйғур миллатини ҳимоя қилиб гапирармиди, жони сал бўлса-да ачирмиди?” [35] 

Демак, биринчидан, Президент Ислом Каримов 2010 йил 10-14 июн кунларидаги қирғингача ўтган деярли 19 йил давомида қўшни мамлакатлар, жумладан Қирғизистондаги миллатдошларимизга халқаро қонунлар доирасида инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ ҳолда бирорта амалий ёрдам бермади ва бу йўналишда бирорта жиддий саъй-ҳаракат қилмади. 

Иккинчидан, Президент И.Каримов Марказий Осиё давлатлари билан ҳамкорлик борасида маълум бир амалий ваколатларга эга бўлган алоҳида лавозим (маслаҳатчи) тайинлаши, ҳатто парламентга алоҳида вазирлик тузиш ва унга маълум бир ваколатлар беришга доир қонун ташаббуси билан чиқиши керак эди. Масалан, Туркияда Туркий жумҳуриятлар ва жамоалари билан алоқага доир масъул давлат вазири бор ва бу лавозимда 1997-1999 йилларда асли андижонлик бўлган сиёсатчи Аҳад Андижон (1954.26.02) ишлаган [92]. 

Учинчидан, Президент Ислом Каримов МХХнинг бор кучини ўзбек демократик мухолифатига доир маълумотларни Ўзбекистонда ва дунё давлатларида тўплаш ҳамда провокациялар уюштиришга сафарбар этган, бу эса жуда нотўғри. 
 
Тўртинчидан, Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати (МХХ) қўшни жумҳуриятларда, жумладан Қирғизистоннинг Ўш ва Жалолобод вилоятларида миллатдошларимизга қарши қирғин тайёрланаётганига доир ахборот тўплаши, Ўзбекистон Президенти ва Парламентини олдиндан хабардор қилиши ва эҳтиёт чораларга доир ўз фикр-мулоҳазаларини ёзма баён этиши керак эди.

МХХнинг асосий вазифаси – Ўзбекистон давлати ва халқи хавфсизлигини таъминлашдир. Шу билан бирга қўшни жумҳуриятларда яшаётган миллатдошларимиз хавфсизлигини таъминлаш учун уларга қарши тайёрланаётган фитна ва провокациялардан олдиндан хабардор бўлиши керак. Чунки қўшни давлатдаги миллатдошларимизга қарши фитна ва қонли жиноятлар содир этилганда бу Ўзбекистон хавфсизлигига ҳам раҳна солади. Ахир доно халқимиз "Қўшнинг тинч – сен тинч” деб бежиз айтмайди. 
Категория: БАХС-МУНОЗАРА-МУХОКАМА | Просмотров: 491 | Добавил: himoyachi | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Категория: Турфа тақдирлар | Добавил: albine (09.08.2013)
Просмотров: 1025 | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Имя *:
Email *:
Код *:
Форма входа

Поиск

Друзья сайта
  • Официальный блог
  • Сообщество uCoz
  • FAQ по системе
  • Инструкции для uCoz

  • Copyright MyCorp © 2025Конструктор сайтовuCoz