Ҳамид Олимжон
ШЕЪРЛАР
ЎЗБЕКИСТОН
Водийларни яёв кезганда,
Бир ажиб хис бор эди менда . . .
Чаппар уриб гуллаган боғин,
Ўпар эдим Ватан тупроғин.
Одамлардан тинглаб ҳикоя
Ўсар эди шоирда ғоя.
Дарёлардан куйлаб ўтардим,
Эртакларга қулоқ тутардим.
Хаммасини тинглардим, аммо,
Ўхшашини топмасдим, асло.
* * *
Ўхшаши йўк бу гўзал бўстон,
Достонларда битган гулистон,
Ўзбекистон дея аталур,
Уни севиб эл тилга олур.
Чиройлидир гўё ёш келин,
Икки дарё ювар кокилин.
Корли тоғлар турар бошида,
Гул водийлар яшнар кошида.
Чор атрофга ёйганда гилам,
Асло йўқдир бундайин кўклам.
Тоғлардаги қип-қизил лола
Бўлиб худди ёқут пиёла,
Булоқлардан узатади сув,
Эл кўзидан қочади уйқу.
Далаларда бошланади иш,
Бошланади ижод ва турмуш.
Кундан-кунга ўсади пахта,
Барг чиқади хар бир дарахтда.
Олмазорлар гулин тўкади,
Мева боғлаб шохин букади.
Шаҳарларда ишга чиқиб эл,
Одам билан тўлар Текстиль.
Ҳаммасининг бир истаги бор,
Ҳаммаси хам хурсанд, бахтиёр.
Бу ўлкада ҳар нарса бордир,
Кўрмаганлар доим хумордир.
Аму билан Сирдан сув ичган,
Зарафшонни лойлатиб кечган
Чавандозлар бордир бу элда.
Баҳор чоги пишқирган селда,
Арғумоклар қўшиғи бордир,
Бу шундайин ажиб диёрдир.
Даласида ўсмас тиконлар,
Чўлларида чопмас илонлар,
Қуш учганда куймас қаноти,
Одам ўтса қуримас зоти.
Чанқов қолиб йўловчи ўлмас,
Ҳар бурчакда бошкесар бўлмас.
Кулбаларни келиб босмас қум,
Гўдакларни ютмас оч ўлим.
Одамларга бахт-толе ёрдир,
Бу шундайин ажиб диёрдир.
* * *
Бунда булбул китоб ўқийди,
Бунда қуртлар ипак тўқийди,
Бунда ари келтиради бол,
Бунда қушлар топади иқбол,
Бунда қорнинг тагларида қиш,
Баҳор учун сўйлайди олқиш.
Бир ўлкаки ҳуснга бойдир,
Унинг энг зўр кўзгуси ойдир.
Бир парча ўт бўлиб бунда кун
Пахтасига ишлайди ҳар кун.
Ботирлари канал қазийди,
Шоирлари ғазал ёзади,
Куйчилари ўқийди ялла,
Жувонлари айтади алла.
Пазандаси ёпади ширмон,
Қарилари кутади меҳмон.
Бу шундайин ажиб диёрдир. . .
* * *
Шундай ўлка доим бор бўлсин,
Шундай ўлка элга ёр бўлсин.
Омон бўлсин оғайнилари,
Омон бўлсин дўстларнинг бари.
Доим бўлсин ўлкаси омон,
Шундай бўлсин бу бутун жаҳон.
* * *
Шафтолизор боғларни кўрдим,
Гул кўкарган тоғларни кўрдим.
Меҳр қўйиб ўпган сари оқ,
Оппоқ бўлди бу азиз тупроқ.
Водийларни яёв кезганда,
Бир ажиб хис бор эди менда…
* * *
|