Бердиёр ЖУМАЕВ
“ДУНЁНИНГ ЭНГ БОЙ, ЭНГ БАХТСИЗ ТИЛИ”
деганларида Фитрат домла нақадар ҳақ эдилар?!
– I –
Онамдайин азиз, мушфиқ-муштипарсан, онажон тилим,
Сен борсан-ки, мавжудман, лек танг ҳолингдан
хуфтондир дилим.
Даврлар оша асрасанг-да оримиз, шаън – шавкатимизни,
Юртимдай тобесан ҳануз, мутесан ҳамон мисли элим.
Мен мазкур битигимни бежизга улкан аллома-ю буюк ижодкоримиз саналмиш Абдурауф Фитратнинг туркий-ўзбек тилимизга берган баҳосининг иқтибоси-ю, шунингдек, бекорга қачонлардир ўзимнинг ёзганим “Онажон тилим!” шеъримдан олинган юқоридаги мисралар билан бошламаётирман. Илло, она тилимизнииг қисмати-ю кечмиши ҳам элимиз ва юртимизники сингари қадимий ва фожеийдир. Ҳозирги ўзбек адабий тилининг теран илдизлари бундан ўнлаб асрлар наридаги мозийнинг қат – қатларига бориб тақалади. Бобокалонларимизнинг дастлаб “турк тили” оти билан таваллуд топган айни алоқа ва муомала воситаси кейинчалик “туркий тил”, “чиғатой тили” ва, ниҳоят, XX асрнинг илк чорагига келиб: “ўзбек тили” – дея номланди.
Айни ўринда азалдан “кучли”, “қудратли” маъноларини берувчи “турк” атамасини шарҳлаб ўтиш жоиз ва мақсадга мувофиқ кўринади. Маълумки, бизнинг аждодларимиз қадим-қадимдан “турклар” (кучли – қудратли одамлар), “туркийлар” аталганлари боис, она тилимиз ҳам шунга мувофиқ равишда: “турк тили”, “туркий тил” – дейилган. Демак, мозийдаги мазкур тушунчаларни ҳозирги турк миллатига мансуб қардошларимиз ёхуд уларнинг тили билан (бундай расмий номларни туркиялик аждоддошларимиз ўтган асрнинг йигирманчи йилларидагина расман қабул қилганлар) адаштирмаслик даркор. Йигирманчи аср бошларида ҳозирги ўзбекларни: “Туркистон турклари” – дея номлаганлариям тарихий фактдир.
Туркийлик ҳақида гапирилганда, демак, биз – ўзбекларнинг ота-боболаримиз ва уларнинг тили мазмунида-ю маъносида англамоқ зарур. Холисона таъкидламоқ лозим-ки, Ўзбекистон Президенти И. Каримов ушбу хусусда гапира туриб: “Биз ўзимизни миллат, деб билар эканмиз, ўзбеклигимиз ҳақида аниқ тушунчага эга бўлишимиз керак. Туркий тилли халқ бор, турк халқи бор. Фарқини ҳар бир фуқаромиз, аввало, фарзандларимиз билиб олсинлар” – деганида ҳақ эди.
– II –
Энди мавзуимизга холисона нуқтаи назардан ёндошиб, гапни адабий она тилимизнинг йироқ кечмишдаги ибтидоси, шаклланиши ва равнақ топишидан бошлайдиган эсак, айни жараён милоддан анча муқаддам ва унинг арафаларида икки дарё (Жайхун – Аму ҳамда Сайхун – Сир) оралиғида яшаган туркий қавмлар ва қабилалар ўша замонларнинг ижтимоий ҳамда сиёсий ҳаётида етакчи ўринга чиққанликлари ва залворли салмоқни эгаллаганликларига етиб боғланади.
Бундай юксалиш VIII асрга келиб, араб истилочилари ҳозирги Марказий Осиё ҳудудларини забт этгунларига қадар давом этди. Мана шу босқин оқибатида маҳаллий эл-улусларнинг ёзма манбалари ва бошқа маънавий-маданий ҳамда бадиий – маърифий ёдгорликлари йўқ қилиниб, арабий забон илм-фан ҳамда давлат тили даражасига ва мақомотига кўтарилди. Орадан қатор юз йиллар ўтгачгина, туркий тил яна ўз қаддини ростлашга ва мавқеини тиклашга киришди.
“Ўзбекистон Республикаси” энциклопедиясида IX-XI асрлар муҳитига: “Қорахонийлар даврида туркий қабилалар ва уруғларнинг кўплаб вужудга келиши туркий тилда сўзлашувчи ўтроқ яшайдиган яхлит маконни вужудга келтирди.Қорахонийлар ва Хоразмшоҳлар даврида ҳозирги Ўзбекистон ерларининг асосий қисмида ўзбекэлатинингалоҳида туркий тилли ўтроқ жамоаси қарор топди. X аср охири XI аср бошларига келиб, бу қабилалар жамоаси халқ бўлиб уюшди ва айни вақтда ўзбек халқи ва унинг тили шаклланди.Шу даврларга мансуб ёзув обидалари заминида қадимги туркий адабий тил яратилди”– дея баҳо берилади-ки, бу эътирофлар жиддий эътиборга моликдир.
Шунингдек, турк(ий)шуносликнинг пойдеворини яратган ҳамда адабий она тилимизнинг нуфузини янада мустаҳкамлаган Маҳмуд Қошғарийнинг “Девону луғот-ут-турк” (“Туркий сўзлар девони”), Юсуф Хос Ҳожибнинг “Қутадғу билиг” (“Саодатга элтгувчи билим”), яна бир даҳо аллома Хожа Аҳмад Яссавийнинг “Ҳикматлар” асарлари XI-XII асрлар туркий адабий тили нақадар тараққий топганлигининг яққол намоёнидир. Ўша пайтларда она тилимиз шундай юксак мавқега эришганди-ки, “Девону луғот-ут-турк”да Маҳмуд Қошғарий бу борада тўхталиб: “Араб тили билан баравар от чоптириб кетаётган, балки ундан ўзиб кетаётган чавандоз – турк тили…”– эканлигини фахр-ифтихор билан қаламга олганди.
Шундай бўлишига қарамасдан, туркийчанинг бундай жадал равнақидан норози шуаро-ю фузало, аллома-ю уламо-да оз бўлмаганликлари аниқ. Яссавий бобомиз қуйидаги ҳикматида айнан шундай шахсларни назарда тутганлар:
Хушламайдур олимлар бизни айтқон туркини,
Орифлардин эшитсанг, очар кўнгул мулкини.
Оят, ҳадис маъноси турки бўлса – мувофиқ,
Маънисига етганлар ерга қўяр бўркини.
– III –
Таассуфлар-ки, йироқ тарих гувоҳлигига қараганда, XIII-XIV асрларда Мовароуннаҳр ҳамда Хуросон заминларида ва ўлкаларида араб ҳамда форс тиллари асосий алоқа ва муомала воситасига айланиб, улар халқаро миқёс касб этиб, давлат ҳамда ҳокимият фаолиятлари мазкур лисонларда юритиладиган, илмий-бадиий асарлар ҳам-китегишли алфозларда ёзиладиган бўлди.
Амир Темур бобомиз ҳукм сурган замонлардаям салтанат юмушлари туркийдан кўра, кўпроқ форсийда юритилганлиги мозийдан маълум. Айни сабабдан-да, Соҳибқирон ҳазратларининг, эндиликда бутун жумлаи жаҳонга машҳур “Темур тузуклари” китоби аслида туркийда битилганми ёки бошқа забонда ёзилганми эканлиги тўғрисидаги баҳсларга ҳали- ҳануз чек қўйилгани йўқ. Аммо айнан Темур ва темурийлар ҳукмронлиги вақтларида туркийча ижод қилиш нисбатан анча-мунча жонлангани кузатилишиям бор гап.
XV аср ўрталаригача ҳали даҳоларнинг даҳоси Алишер Навоий бобомиз ўзининг беқиёс ва бемиқёс ижоди билан адабиёт жабҳасига қадам қўйгунларига қадар, туркий, яъни, эски ўзбек адабий тилининг истеъмоли маиший турмуш доираси атрофида чегараланган (яъни, ўзаро оилавий муомала воситаси даражасига тушиб қолган), имкониятлари тор, демак-ки, ижодий қўлланилиши-да ҳаминқадар аҳволда эди. Ҳатто, вазият шу даражага етганди-ки, миллати туркий (ўзбек) бўлган шоирларгаям фақат форсийда назм битиш одат тусига кирганди.
Низомиддин Мир Алишер зоти олийлари шеърият майдонида тулпор сурган йилларда туркий адабий тилни сақлаб қолиш, ҳимоя этиш, равнақ топтириш ва янада бойитиш учун ҳаётий-мамотий зарурият туғилди. Бундай масъулиятли ҳамда машаққатли вазифани ўз зиммасига олиб, туркий (эски ўзбек) адабий тил учун курашган ягона паҳлавон зот Мавлоно Навоий бўлдилар, дейилади тарихий битикларда.Ҳазрат бобомиз мазкур забонда бетимсол ва бетакрор “Хамса”сини, ажойиб-ғаройиб бадиий асарларини, сермазмун-пурмаъно илмий-адабий маноқибларини-ю рисолаларини яратдилар, бебаҳо лирик ғазаллардан иборат тўрт девони (“Хазойин ул-маоний”)нибитдилар, она тилимизнинг инжа ва ганжина сўз гавҳарларини излаб топиб, ижодларида кенг қўлладилар, унинг хазиналари-ю дафиналарини эл-улус мулкига айлантирдилар.
– IV –
1499йилнинг интиҳосида ёзилган “Муҳокамат ул-луғатайн” (“Икки тил муҳокамаси”) рисоласи Навоий ҳазратларининг ўз она тилига тиклаган бетимсол ҳайкалидир. У киши мазкур асарида: “туркий забоннинг чексиз қудратга эга, грамматик қурилиши мустаҳкам, сўз бойлиги улкан, услубий имкониятлари ҳам-ки, кенг” эканлигини исботладилар. “Муҳокамат ул-луғатайн”да туркий ва форсий ўзаро таққосланиб ва қиёсланиб, она тилимизнинг нозик – нафис-латиф ва ўзигагина хос ҳамда мос хислатлари назарий-илмий жиҳатдан асослаб берилди, шунингдек, тилшуносликда илк бор қиёсий усулнинг замини яратилди.
Алишер Навоий бобомиз туркий-ўзбектилининг адабий-амалий аҳамиятини, мазмун-моҳиятини тушунтириб, уни ҳормай-толмай ташвиқ-тарғиб этдилар, унга нописанд, менсимай қараш тарафдорларига кескин зарба бердилар, турк (ўзбек) бўлатуриб, ўз она тилида қалам суролмаслик сингари нуқсонларни-қусурларни кескин танқид остига олдилар, эл-юрт шоирларини кўпроқ туркий тилда ёзишга ундадилар, даъват этдилар. Бунинг учун ул зоти шариф турк (эски ўзбек) тилининг луғат бойлиги, омоним-синонимлари, сўз ясаш ва услубий имкониятлари жуда кенг ҳамда бундай лисоний заҳиралар форсийдагидан кўп бўлса кўп-у зинҳор кам эмаслигини далиллай билдилар.
Мир Алишер ҳазратлари мазкур рисоласида ҳозирги она тилимизнинг, дастлаб дунёга келиши иккинчи Одам Ато ҳисобланмиш Нуҳ алайҳиссаломга боғланишини таъкидлаб, шундай айтадилар: “…туркий ва форсий ва ҳиндий тилларнинг маншаидурки (келиб чиқиши), Нуҳ пайғамбарнинг уч ўғлигаким – Ёфас ва Сом ва Ҳомдур, етишур… Ва уч тил-ки, туркий ва форсий ва ҳиндий бўлғай, бу учовнинг авлоди ва атбои (тобелари) орасинда шоеъ бўлди (тарқалди)”.
Бобомиз айни ўринда: “Ёфасники, таворих аҳли (тарихчилар) Абут-турк (Туркларнинг отаси) битурлар” – дея айтиб, бош бобокалонимиз пайғамбар эканлигини-да фахр-ифтихор-ла қайд этадилар.
– V –
Умуман олганда, Мавлоно Навоийнинг астойдил хизматлари туфайлигина туркий тилнинг адабиётдаги, бадииятдаги, амалиётдаги ўрни ва салмоғи сақлаб қолиниши билан бирга, жадал ривожлантирилди ҳам. Айнан у кишининг саъй-ҳаракатлари сабабли, она тилимиз XV асрда айрича тараққий кашф айлади, обрў-эътибориям самолар қадар юксак кўтарилди.
Даҳо ҳамда бақо шоиримиз туркий (эски ўзбек) тил теварагига атроф салтанатларда муштарак яшовчи элдошларини – тилдошларини – дилдошларини, шунингдек, тегишли алломаларни-ю уламоларни, дахлдор шуаро-ю фузалони муваффақиятли тарзда уюштира олдилар, жипслаштира билдилар ҳамда ўзининг сўнгти достони – “Лисон ут-тайр” («Қуш тили»)даги ушбу қуйма сатрларида бу ҳақда шундай эътирофларини баён айладилар:
Турк назмида мен тортиб алам,
Айладим ул мамлакатни якқалам.
“Тўрт девон” бирла назми “Панж-ганж”,
Даст берди чекмайин андуҳу ранж
Низомиддин Мир Алишер ҳазратлари “Икки тил муҳокамаси” рисоласининг ниҳоясида мазкур асарида она тилимиз ва туркий эл-улусимиз шаънини иложи етгани қадар кўкларга кўтарганлигини камтарона таъкидлаб: “…умид улким, бу фақирни хайр дуоси била ёд қилгайлар ва руҳумни анинг била шод қилгайлар” – дея яхши ният билдиргандилар. Биз, эндиги ва келгуси авлодлар ул беназир сиймога она тилимизга боқийлик бахш этганликлари учун чексиз эҳтиромимизни бағишлаб, чуқур таъзим бажо этишга бурчлимиз.
Аммо унутмаслигимиз даркор: – Шўролар даврида қоидага айлантирилган ҳамда ҳали-ҳануз такрорланиб-таъкидланиб келинаётган: “Навоий – ўзбек адабий тилининг асосчиси”, ҳатто, айрим ўринларда: “Навоий – ўзбек адабиётининг асосчиси” – деган баландпарвоз иддаоларнинг таги пучдир. Мир Алишер ҳазратлари бундай “улуғлашлар”га мутлақо муҳтож эмаслар. Ул беназир зотнинг башариятга – бадииятга қилган бошқа улкан хизматлариям минглаб ижодкорларга-ю юзлаб асрларга татигуликдир.
Қолаверса, Мавлоно Навоийга қадар яшаб ўтган Хожа Аҳмад Яссавий, Хоразмий, Отойи, Саккокий, Лутфий сингари ҳамда бошқа ўнлаб атоқли мумтоз шоирларимиз ҳам туркий-ўзбек адабий тилида баҳолуимкон қалам сурганлар. Туркий-ўзбек адабиёти ҳам юқоридаги сингари ижод аҳли намояндаларининг асарлари тимсолида аллақачон мавжуд бўлганлигиям-ки, илмий – амалий жиҳатлардан ўз исботни топган.
– VI –
Алоҳида таъкидламоқ жоиз: “Назм Соҳибқирони, Ғазал мулкининг Султони” – дея ардоқланган Навоий жанобларининг олий мақомоти у киши ҳали ҳаёт пайтидаёқ муносиб баҳоланган эди. Жумладан, буюк мумтоз форс-тожик шоири, Мир Алишер ҳазратларининг устози Абдураҳмон Жомий ўзининг айни муносиб шогирдининг фавқулодда зўр истеъдодига тан бериб: “(Навоий) туркий тилда бир ажойиб қўшиқ қуйлади-ки, жоду нафаслилар оғзи муҳрланиб қолгандек бўлди. Бу қаламга фалакдан офаринлар ёғилсин. Чунки бу ёқимли назмий нақшни ўша қалам яратди ва форсий тил эгалари, дарий шеърият дурларини тизувчиларга раҳм қилди: у ҳам форсий тилда ёзганида, бошқаларга сўз айтишга мажол қолмасди…
Эй (Навоий) сенинг табъинг сўз устодидур. Қаламинг очқичи билан сўз эшигини очдинг. Равнақдан қолиб кетган ва хорлик кунжагидан ўрин олган (туркий) сўзга сен янгидан обрў бердинг. Уни ижод майдонига олиб чиқдинг. У сенинг фикринг нуридан сафоли бўлди, лутфинг каломидан наволи бўлди” – дея уқтирган эди.
Подшоҳ Ҳусайн Бойқаро эса, ўз дўстига бағишлаган «Рисола» асарида Алишер Навоийга: “… ҳақ сўз айтишнинг қаҳрамони, яъни, Навоий тахаллуси билан машҳур Мир Алишер турк тилининг ўлган жасадига Масиҳ (қазо топганларни илоҳий нафаси билан тирилтиришга қодир Исо пайғамбар алайҳиссалом назарда тутилиб, унга нисбат берилаётир. Б. Ж.) нафаси билан руҳ-жон киргизгунча ва шу жонланганларга туркий сўз ипакларидан тўқилган қимматбаҳо ва нафис кийимлар кийгизгунча (шундоқ бўлди. Энди эса), сўз гулистонида Навоийнинг навбаҳор истеъдодидан жон бағишловчи ёғинлар ёғиб, ранго – ранг гуллар очди ва у назм дарёсига ўзининг фикрлари булутидан жон киргизгувчи томчилар ташлаб, хилма-хил дурлар сочди.
У ҳар бир шеър тури майдонига чопқир отини сурар экан, ўша мамлакатни тил қиличи билан ўзига тобеъ этди. Унинг назмини мақташга тил ожиздур” – сингари астойдил эътирофлари билан лутф айлайди.
– VII –
Битигим ибтидосида иқтибос келтирганим «Онажон тилим!» шеъримдан олинган қуйидаги тўртлик ҳам даҳо-ю бақо-ю зако бобомизнинг элимиз-у тилимиз олдидаги таъриф-тавсифларга сиғмас хизматларига баҳолуимкон баҳоимдир:
Баҳрингдан назмий жавоҳирлар термишдур,
ҳазрат Навоий,
Жойингни жаҳон айвонида кўрмишдур, ҳазрат Навоий,
Беш асрдан кейин ҳам-ки, боз нуфузинг путурини сезиб,
Вовайло, энди гўрида тик турмишдур, ҳазрат Навоий!
Айтганча, “Хазойин ул-маоний” чоркитоби билан танишган ҳали ўсмир темурийзода – Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳаяжон ила Навоийга шундай шеърий мактуб битган:
Ашъорингким, шеър оти то бўлғай,
Табъ аҳли анга волау шайдо бўлғай,
Ҳар лафзи дури, баҳри маони анда,
Ким кўрди дуре-ки, анда дарё бўлғай.
Кейинчалик Бобур Мирзо ўзининг маълум ва машҳур “Бобурнома” асарида“Алишербек назири йўқ киши эрди.Туркий тил била то шеър айтибтурлар, ҳеч ким онча кўп ва хўб айтқон эрмас”лигини қойил қолиш тарзида қайд этади. Дарвоқе, туркий тилда битилган ва уни янада бойитган “Бобурнома” ўша давр ижтимоий – сиёсий, иқтисодий ҳамда маданий ҳаётини акс эттирган қомус – энциклопедия сифатида халқаро қамровда тан олиниб, жаҳоннинг ўнлаб тилларига ўгирилди ва асрлар оша қизиқиш билан ўқиб-ўрганиб келинди ҳамда туркий тилдаги нодир манбаларнинг бетакрор намунасига айланди.
– VIII –
Темурийлар сулоласининг ҳалокатидан сўнг, юз йиллаб туркий тилнинг ҳамда адабиётнинг инқирози-ю таназзули рўй берди. Ниҳоят, XVIII асрдан XX асрнинг бошларигача ушбу борада нисбатаи жонланишлар кузатилди. Мумтоз миллий шоирларимиз – Машраб, Сўфи Оллоёр, Хоразмий, Огаҳий, Фароғий, Гулханий, Махмур, Фурқат, Муқимий, Завқий, Аваз Ўтар, Муҳйи, Сарёмий ижодлари тимсолида эски ўзбек адабий тили анча-мунча жонлангандай бўлди, халқ тилига яқинлашди.
Айни анъана, сўнгра, Абдулла Қодирий, Абдулла Авлоний, Ҳамза Ниёзий, Беҳбудий, Фитрат, Чўлпон, Усмон Носир, Ҳамид Олимжон, Ғафур Ғулом, Абдулла Қаҳҳор, Ойбек ҳамда бошқа шоирлар-у ёзувчилар асарларида ўз аксини топиб, ҳозирги ўзбек адабий тилини янада тўлдирди-мукаммаллаштирди.
– IX –
Мазкур ўринда XX аср бошларидаги туркий маърифатпарвар мутафаккирларнинг атоқли намояндаси Абдулла Авлонийнинг қуйидаги: “Ҳифзи лисон, деб ҳар бир миллат ўз она тили ва адабиётини сақламагини айтилур. Ҳар бир миллатнинг дунёда борлигини кўрсатадурган ойинаи ҳаёти – тили ва адабиётидур. Миллий тилни йўқотмак миллатнинг руҳини йўқотмакдур. Ҳайҳот! Биз, туркистонликлар миллий тилни сақламак бир тарафда турсин, кундан кун унутмакда ва йўқотмакдадурмиз… Боболаримизга етишғон ва ярағон муқаддас тил ва адабиёт бизға ҳеч камлик қилмас. Пайғамбаримиз: “Эрларда жамол – лисон ва тилдур” демишлар”мазмунидаги даъватини келтириб ўтмоқ мақсадга мувофиқ кўринади.
– X –
Шуни унутмаслик даркор-ки, деярли чораккам бир аср давом этган шўролар истибдоди ўзбек тилининг тараққиётига анча-мунча тўсиқлар қўйди. Тарих учун қисқа муддат оралиғида уч марта ёзув алифбоси алмаштирилганлиги, кейинги даврларда рус тилига кенг ўрин ажратилиб, она тилимиз имкониятлари ҳартарафлама чеклаб қўйилганлиги, ўзбекча гапирувчилар ўртасидаям-ки ўзбекларнинг ўзлари нисбатан анча – мунча камайиб кетганлиги яхши маълум.
* * *
Мен она тилимизнинг кечмиши,ҳозири ҳамда келажаги тўғрисидаги мазкур битигимнинг интиҳосида туркий-ўзбек тилининг улкан жонкуяри ва ғамхўри Абдурауф Фитрат домла бундан, деярли бир аср муқаддам она тилимиз ҳақида лутф айлаган: “Дунёнинг энг бой тили – туркчадир, энг бахтсиз тили яна туркчадир… Туркча бахтсиздир, минг йилдан бери эзилиб келмишдир. Битмас ва яшамишдир. Яшар! Негаки – бойдир!”деган башоратона сўзларини келтирмоқчиман.
Ҳа, онажон ўзбек тилимиз нақадар бой эса-да, шунчалик бахтсиз ҳамдир. Эндиги эзгу тилагимиз эса, ушбу турур: “Абадул-абад бор бўл, бахт-иқболга ёр бўл, ўзбекка фахр-ифтихор бўл, муқаддас онажон тилимиз!