//carhpalak.ucoz.org/111_Yulduz.mp3

 
Меню сайта

Категории раздела
Турфа тақдирлар [483]
Барчанинг бахти ўзгача,лекин барчанинг бахтсизлиги бир хил

Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0

Главная » Статьи » Турфа тақдирлар

Ўз уйига сиғмаган отам!..

Ўз уйига сиғмаган отам!..

2

Урф-одатларимиз – миллий ифтихоримиздир. Айниқса миллий қадриятларимиздан бири бўлган ота-оналар ва катталарга ҳурмат азал-азалдан юксак баҳоланиб келган.
Ота! Бу сўз нақадар кучли, қудратли. Ота билан олам мунаввар. Келажак таянчи – оила аталмиш муқаддас қўрғоннинг устунидир у. Фарзандлар умри бевосита отага боғлиқ, чунки отасиз ҳаёт йўқ.
Ўтмишга назар солсак, оталаримизнинг ҳаётда тутган ўринлари, қадр-қимматлари ҳақида қатор-қатор асарлар, ҳикматли сўзлар ва мақоллар яратилганлигининг гувоҳи бўламиз. Ота ўтирган уйнинг томига чиқиш ҳам тақиқланганлиги, отага бўлган ҳурмат сифатида айтилган бўлса, диний манбаларда отага товуш кўтармаслик, отага гапирганда сўзини бўлмаслик ёки “уф” — демаслик уқтирилади. Ўғли 60-70 га киргунча ҳам ота, барибир: “болам” — деб қарар экан, кўзи юмилгунича “болам-бўтам” — деявераркан…
Ҳаётда кўпчилик ўз бола-чақасининг ғамида, аммо ота-онага расмиятчилик учунгина эътибор қаратаётганлар ҳам оз эмас. Бугунги кунда “Қариялар уйи”да кўзлари кўчага интизор термулиб, ҳаётининг сўнгги кунлари, балки дақиқаларини армон билан кутаётган ота-оналар камми?! Нечун? Қайси гуноҳлари учун? Яратганнинг изни ила йўқдан бор қилганлиги учунми ёки емай едириб, ичмай ичириб, ўқитиб, тарбиялаб, вояга етказганлиги учунми?!
Ёлғизлик дардини, фақат бева қолган кишиларгина ҳис қила оладилар. Оталарини уйлантириб, мол-у дунё талашаётганлар, оқибатда, ўгай онани чиқиштирмаётган қизлар-келинлар йўқ, дейсизми орамизда?
Муқаддас китобимиз – Қуръони Каримда кўрсатилган фарзандлар олдидаги оталик бурчини ортиғи билан бажариб, қўш-қўш данғиллама уйлар-у машиналар қолдираётган айрим оталар ўз уйларига сиғмай қолишса, не ажаб? “Отанг тўнғиз бўлса, боғлаб боқ” — деганлар-а… Қариган чоғида кўзидан нури, белидан қуввати кетганида, тилаб олган фарзанди онасининг ўлимидан кейин ота ҳам ғанимат эканлигини, наҳот, англаб етмаса?!
Эй, ноқобил фарзанд, отангдан ҳам вақти-соати келиб, айрилиб қоларсан. Ҳозир қўлида ҳассаси билан қаерларда тентираб юрибди экан-а? Қизлариникидами ёки бошқа қариндош-уруғлариникидами?.. Наҳотки, сенга барибир…
Қўлингдаги ҳунар ота мерос эмасми? Ижарага берилган ишхонанг, бошингдаги бошпананг – ҳамма-ҳаммаси отангнинг меҳнати, куч-қувватининг орқасида бунёдга келганлиги ёдингдан чиқдими? Унутма, эрта-индин, лаҳза ўтмай, ўзинг ҳам олтмишдан ошиб, етмишга етиб қоларсан. Ўғил-қизингни уйли-жойли қилиб бўлганингда, сарсон-саргардонлик сиртмоғи бўйнингга илинмасидан аввалроқ кўзингни оч!
Эшитишимча, катталарнинг гапларини қулоққа илмаётган эмишсан. Эсинг борида, кеч бўлмасидан, эсингни йиғ!
Яқинда онангнинг дугонасини кўриб қолдим.
– Раҳматлик ўртоғим фарзандларининг роҳатини кўрмай кетди. Елиб-югуриб, барчасини муҳайё қилди. Эндигина “оғзим ошга етди” — деганди-я, афсус, — бош чайқаб, надомат билан гапини давом эттирди у. — Тунов куни раҳматликнинг уйи тушимга кирибди. Эр-хотин яшаган хоналар қоп-қоронғу, чироқ ҳам ўчиқ. Олисдан унинг нималардир, дея чирқираган товушини эшитдим, аммо тушунмадим. Ҳовлида ҳам ҳеч ким кўринмади, чиқиб кетдим. Уйғониб: “тинчликмикан” — деб қўйдим.
Ўйлаб қара-я, бу гўё туш эмас, айни ҳақиқат. Ҳақиқатан ҳам онангнинг чироғини ёқиб ўтирибсанми? Онангнинг руҳи бекорга чирқирамаяптимикан? Наҳот, шунчалар бағритошсан? Фарзандларингга бўлган меҳрингнинг бир чимдимгинасини, наҳотки, отангга беролмайсан?!
Эй ўғлон, отанг бу фоний дунёни тарк этмасидан аввал, унинг розилигини олишингдан умидворман, чунки: “Ота рози – Худо рози” — дейдилар. Қайтар дунё – бу ўзингга ҳам қайтмасидан, отангнинг жасади кўчада қолиб, иснодга, халқнинг лаънатига учрамасдан туриб, кўзингни оч, хабар ол!

Хаста отанг ётар, ёстиқда боши,
Термулар эшикка кўзларда ёши.
Турарга, юрарга етмас бардоши,
Бўлсанг сен чин фарзанд, хабар олсанг-чи!
Ўғлим бор, суянган тоғим, деганди,
Не-ки топса, емай, сенга берганди.
Фарзандим, дея, фақат сени суйганди,
Бўлсанг сен чин пайванд, хабар олсанг-чи!
Наҳот, хабар олиш шунчалар малол,
Нон, тузи кўр қилур, топасан завол!
Оқпадар бўларсан бир кун, эҳтимол,
Бўлсанг сен чин дилбанд, хабар олсанг-чи!
Шунчалар хормиди отанг, туққанинг,
Шумиди ҳаётдан сенинг уққанинг?
Ош бўлмас, билиб қўй, асло йиққанинг,
Виждонга бермай панд, хабар олсанг-чи!
Қўрқма, сендан, асло нон сўрамайди,
Сени соғинади, жон сўрамайди.
Ҳеч кимса сенингдек бил, хўрламайди,
Келтирма асал-қанд, хабар олсанг-чи!
Ўтгач, тополмассан, асло гардини,
Армонлар бефойда қучсанг қабрини.
Борида юксак тут, отанг қадрини,
Эй, ғофил, беписанд, хабар олсанг-чи!

ҚАДРИЯБОНУ.

Категория: Турфа тақдирлар | Добавил: albine (25.12.2015)
Просмотров: 971 | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Имя *:
Email *:
Код *:
Форма входа

Поиск

Друзья сайта
  • Официальный блог
  • Сообщество uCoz
  • FAQ по системе
  • Инструкции для uCoz

  • Copyright MyCorp © 2025Конструктор сайтовuCoz