//carhpalak.ucoz.org/111_Yulduz.mp3

 
Меню сайта

Категории раздела
Турфа тақдирлар [483]
Барчанинг бахти ўзгача,лекин барчанинг бахтсизлиги бир хил

Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0

Главная » Статьи » Турфа тақдирлар

Ўтиш даври муаммолари: ўқитувчи ва ўқувчи
Ўтиш даври муаммолари: ўқитувчи ва ўқувчи
 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Она: Моҳира Идрисхўжаева
Менинг икки ўғлим бор. Каттаси бу йил 15 га тўлади, кичиги эса 12 ёшда. Айни ўтиш даврида. Авваллари ўғилларим бир сўзимни икки қилишмасди. Мен шунга ўрганиб қолгандим. Кейин эса каттаси, бир оз вақт ўтиб кичиги ҳам секин-секин гап қайтара бошлашди. Уларга, гап қайтарма, десам, улар, гап қайтармаяпман, тўғрисини айтяпман, дейдиган бўлишди. Адолатсизликка мутлақо чидолмайдиган, агар шундай ҳолат юз берса, ўзини батамом назорат қилолмайдиган бўлиб қолишди. 

Ўғилларимдаги бу кескин ўзгаришга нима сабаб бўлди экан, деб ўйладим. Кейин тушундимки, улар ўтиш даврида экан. Шундан сўнг улар билан худди катталар билан суҳбатлашгандек суҳбатлашадиган бўлдим. Уларга тегишли масалаларни маслаҳатлашдим. Ҳаммаси из-изига тушиб кетди. Тушундимки, бу даврда фарзандга алоҳида муносабат, уни тушуниш, қарорини ҳурмат қилиш жуда муҳим экан. Агар бирор нарсани таъқиқласангиз, у худди шу ишни аксини бажаради. Шунинг учун ҳеч нимани таъқиқламайман. Фақат фойда ва зарарларини, салбий оқибатларини тушунтираман, холос. Танловни эса уларнинг ўзига қўйиб бераман. 

Албатта, улар фикр юритиб, ўзлари учун фойдалисини танлашади. Мен айни муаммони ўзим учун ҳал қила олдим, лекин ачинарлиси ўғилларим устозлари билан, яъни ўқитувчилар билан кўпинча муаммоли вазиятларга, зиддиятларга дуч келиб қолишяпти. Психологдан шу ҳақида сўрамоқчи эдим. Ўқитувчи ва ўтиш ёшидаги ўқувчилар орасида қандай муаммолар бўлиши мумкин ва улар нима сабабдан келиб чиқади? Энг муҳими ўша муаммоларни ким ва қандай ҳал қилиши керак?

Психолог: Феруза Хўжахонова 

Ўтиш даври муаммолари ортида нима туради? Боланинг ўсмирга айланиш даври аста-секин ва шу билан бирга кутилмаганда рўй беради: баъзиларда бу жадал ўсиш билан боғлиқ бўлса, айримлар эса бу ҳолатга ўзларининг ўқитувчи ёки ота-оналари билан бўлган биринчи келишмовчиликлари сабаб дуч келишади. Ўсмирлик даврининг мазмуни ўзликни англаш, «мен кимман?» деган саволга жавоб топишдир. 

Бола кичиклигида ота-онасига буткул ишонади ва бу саволга жавоб изламайди. Улғайгач, фарзанд шуни тушунадики, уни «ўзиники» деб мактабда, кўчада ёки гуруҳда тан олишлари учун ундан маълум услубдаги хатти-ҳаракатлар талаб этилади. Муаммо шундаки, у энди бола эмас, лекин катта ҳам эмас. Бироқ шунга қарамай, у худди катталарда бўлгани каби эркинлик ва мустақилликни талаб қилади. Гарчи ўзи айни эркинликдан қандай фойдаланишни билмаса-да, у катталар томонидан уни ҳам эркин инсон деб тан олинишини истайди. 

Бунда эркинликни у ҳар қандай мажбуриятлардан ҳоли бўлиш деб тушунади. Масъулият ҳақида эса ҳеч қандай сўз йўқ. Ўтиш давридаги фарзандга эркинлик ва масъулият тушунчаларининг ўзаро боғлиқ эканини тушунтириш катталарнинг вазифасидир. Балки шунинг учун ҳам ўтиш давридаги болаларда келишмовчиликлар айнан мактабларда, ўқитувчилари ва улар ўртасида кузатилади. Мутахассислар бунга сабаб қилиб қуйидагиларни келтиришади:

1. Ўқувчининг уйга вазифаларни бажармаслиги.

Бунда ўқитувчи нима сабабдан уйга вазифа бажармаганини суриштириб ҳам ўтирмасдан, қатъий чора кўрмаслиги керак. Хусусан, кечагина уйида аза бўлганини билмасдан туриб, шартта журнал қўйилган «икки» баҳо кейинчалик бу ўқувчининг айни фанга нисбатан батамом совиб кетишига сабаб бўлиши мумкин.

2. Одобидаги камчиликлар туфайли.

Айни ҳолатда дарсда ўзини тута олмайдиган ўқувчиларни ўқитувчилар кўпинча дарсдан чиқариб юборишади. Бу билан улар ўқувчини жазоладим, деб ўйлайдилар. Аммо аксинча бу унга янада кўпроқ зарар келтиради. Чунки у яна битта янги мавзуни тушунмай қолади.

3. Муомаладаги салбий муносабатлар.

Баъзан ўқитувчининг бир оғиз ноўрин жумласи ўқувчи билан бутун йил давомида ўзаро муаммоларга сабаб бўлади. Шунинг учун ўқитувчилар мавзуни тушунтираётганда синфдаги ўқувчиларнинг ҳолатини ҳисобга олиб, уларга «тегиб кетиши» мумкин бўлган жумлалардан ўзини тийиши керак. Масалан, айрим жисмоний камчиликлар, саломатлигидаги нуқсонлар ёки оилавий ҳолат борасида. 

4. Аввалги авлодга нисбатан бу авлоднинг ҳар томонлама тезроқ ривожланишини ўқитувчи томонидан ҳазм қила олмаслик.

«Эски мактаб»ни кўрган ўқитувчилар бугунги кунда конспект ёзмай, балки мавзуни диктофонга ёзиб олаётган ўқувчиларни ёқтирмайдилар. Улар ўзлари ўтган қийин босқичлардан бу ўқувчилар ҳам ўтишлари керак, деб ҳисоблайдилар. Айни ҳолда ўқитувчилар ўқувчиларга туғилаётган енгилликлардан фойдаланишга имкон қадар изн берганлари маъқул. Чунки акс ҳолда улар фақат бу фандан эмас, батамом ўқишдан совиб кетиш эҳтимоллари бор.

5. Ўқитувчининг ниҳоятда қаттиққўллиги.

Баъзи ўқитувчилар 5 баҳога ниҳоятда зиқна бўлишади. Улар, ўзим 5 га билмайман-у, сенга қандай қўяман, деб аълочи ўқувчиларга ҳам 4 баҳо қўйиб беришади. Натижада барча ўқувчилар ва мана шу ўқитувчи орасида зиддият туғилади. Мактаб ўқувчилари ва айниқса ўтиш ёшидаги болалар ҳар бир нарсага аҳамиятли бўлишади. Улар энг биринчи ўринда ўқитувчининг билимига эмас, балки инсоний хусусиятларга қараб баҳо беришади. Буни унутмаслик керак.

6. Ўқитувчи дарсни тўлақонли тушунтирмаслиги.

Айрим ўқитувчилар профессионал вазифаларини яхши бажара олмаганликлари сабабли на мавзуни тўлақонли тушунтира оладилар ва на ўқувчилардан айни билимларни талаб қила оладилар. Шунинг учун ҳам улар ўқувчилар ўртасида ҳеч қандай обрўга эга бўлмайдилар ва уларнинг дарси ҳамда талабларига жиддий муносабатда бўлишмайди.
 

Энди эса айни сабаблар туфайли келиб чиқадиган муаммоларнинг бевосита ўзига тўхталсак:

1. Бўйсунмаслик муаммоси.

Ўқитувчининг у ёки бу талабларини бажаришдан бош тортиш. Кўпинча бир йил олдин барча талабларга, лаббай, деб жавоб бериб турган ўқувчиларда мана шу ҳол кузатилади. Бош тортиш ҳолати сўз ёки хатти-ҳаракат орқали ифодаланиши мумкин. Бу эса ўсмир томонидан ўз фикрида собит туришни исботлашнинг ягона услуби деб таъриф этилади. 

Ечим: бундай вазиятда болага янада қаттиқроқ босим ўтказмасдан, балки аксинча унга ҳолатни юмшоқлик билан тушунтириш, ўша талаб унга нега қўйилганини изоҳлаш даркор.

2. Бирдамлик муаммоси.

Ўсмир синфдошлари орасида маълум бир вазиятга нисбатан қандай муносабат кўрсатилса, у худди ўшани такрорлайди. У ўзича бошқача йўл тутишдан қўрқади. Балки ҳамманинг олдида бўлмаганда, у бундай қилмасди. Аммо кейинчалик уни «латта», «онасининг боласи» каби лақаблар билан «сийламасликлари» учун у айни пайтдаги ички ҳолатига тескари бўлган ҳаракатларни ҳам бажариши мумкин.

Ечим: ўқувчига баъзан жасорат айнан ҳамма қилган ишни қилишда эмас, балки ўзи тўғри деб билган йўлни тутиш тўғри эканини тушунтириш лозим. Айрим ҳолларда тенгдошлари уни айни шу жасорати учун ҳам ҳурмат қилишларини англаши керак.

3. Етакчилик муаммоси

Ўтиш даврида қизлар ҳам, ўғил болалар ҳам энг етакчи бўлишга ҳаракат қилишади. Ҳамма уларга ҳавас қилиши, уларнинг ишларидан қойил қолишлари керак деб ўйлашади. Агар ростдан ҳам бу ҳол юз берса, улар ўзлари танлаган йўлдан оғишмайдилар. Айни пайтда эса қилаётган ишларига холис баҳо бериш имконидан йироқ бўладилар.

Кўпинча ана шунда улар ўқитувчини ҳам ўзларига рақобатчи деб биладилар. Шунинг учун синфдаги етакчилик ҳолатини сақлаб қолиш мақсадида ўқитувчи билан ҳам сўзда рақобатлашадилар. Айни ҳолатлар баъзан кучайиб «совуқ уруш» даражасигача етиб боради.

Ечим. бу ҳолатда ўқитувчи ўқувчини ўзига дўст тута билиши, у ҳам ҳиссиётларга берилиши керак эмас. Акс ҳолда бу ҳолат ўта жиддий тус олиб кетади.

4. Беҳурматлик муаммоси

Ўқитувчи ўқувчилар орасида ўз ҳурматини йўқотганда содир бўлади. Агар у бир марта бўлса ҳам ўзини йўқотиб қўйса, асабийлашса, келаси сафар қулай фурсат бўлиши билан ўтиш ёшидаги болалар ундан дарров фойдаланишади ва ўқитувчини сабр косаси тўлдира бошлашади. 

Ечим: ҳар қандай вазиятда ҳам ўқитувчи болалар учун ўрнак. Айниқса ўзини тута билиш масаласида. Асабларни жойига қўйиб, туйғуларни жиловлаб, устоз ҳамма томонлама бу номга лойиқлигини намоён эта билиши керак. 

Келишмовчиликларни бартараф этиш томонларнинг қизиқишларини инобатга олиш билангина бўлади. Катталар, хусусан ўқитувчилар айни муаммо ҳақида хабар топишлари биланоқ, энг камида айни муаммо ҳақида ўтиш ёшидаги ўсмирнинг ўзи билан суҳбатлашишлари керак. Балки катталар (ота-она, опа, ака) ёки унга таъсир эта олувчи бошқа кимдир (синфдаги чин дўсти)ни ҳам айни суҳбатга жалб этиш керак бўлади. 

Айни келишмовчиликда айбдорни топиш эмас, тўғри қарор чиқариш муҳим. Чиндан ҳам келишмовчилик бартараф этилса, бу нафақат битта ўқувчи билан, балки ўқитувчининг бутун синф билан дўстона муносабатларининг ўрнатилишига ҳам сабаб бўлиши мумкин. 
 

 

Умму Муҳаммад Билол

 
 
Қуйидаги бўлимга киритилган: Балоғат бекати 
Категория: Турфа тақдирлар | Добавил: albine (25.09.2014)
Просмотров: 1045 | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Имя *:
Email *:
Код *:
Форма входа

Поиск

Друзья сайта
  • Официальный блог
  • Сообщество uCoz
  • FAQ по системе
  • Инструкции для uCoz

  • Copyright MyCorp © 2025Конструктор сайтовuCoz