//carhpalak.ucoz.org/111_Yulduz.mp3

 
Меню сайта

Категории раздела
Турфа тақдирлар [483]
Барчанинг бахти ўзгача,лекин барчанинг бахтсизлиги бир хил

Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0

Главная » Статьи » Турфа тақдирлар

ЎЛИМДАН КУЧЛИ ГАДО

ЎЛИМДАН КУЧЛИ ГАДО


Денгиз томчиси кетма-кет тепаликлардан ўрмалаб бошлайди. Пастга қулаб кетмай деб, қияликларда ўсган томирларга маҳкам тирмашади. Йўлида учраган харсанг тошлардан сакрайди, сакраб ўтолмаганидан чирмашиб бўлса-да ўтиб, томоғда сал бўғилади, сал қисилади, бу юмалоқ мавжудод ҳам эзилади, лекин майдаланиб пастга қуламайди – юқорига интилади, аммо манзилга етиб келганда кўз пардасидан ташқарига чиқмай пастга думалайди. Йўлда ҳар хил нарсаларга қаттиқ текканидан гўзал, аммо баданга оғриқли товушлар чиқаради. Ҳар кун ҳар жойда бугун ҳам ҳозирда.

ЧИН ГЎЗАЛИ
У мамлакатни қайсидир гўзалга совға қилмоқчи эди. Лекин тақдир ўйин кўрсатиб, ҳеч ким қабул қилмади. «Бу оддий сўз-ку», дейишди. М., «Яшашдан маъно йўқ-ку», деб тонг маҳали қайиққа ўтириб, кимсасиз денгизда суза бошлади. У чўкиб ўлишни ҳам мамлакатини чўктиришни ният қилгандай эди, чунки мақсадсиз йўлга чиққанди.
М., сокин денгиз ўртасига бориб, ўзини отмоқчидай бўлиб сув тубига қараганда кўзи гавҳардан қамашиб кетди. «Қуёшнинг аксими», деб ҳам ўйлади. «Бу гўзалнинг исми нима экан», деб ҳам ўйлади.
Ёруғликдан қамашиб юмган кўзларини очди у гўзални кўраман деб, лекин сувда сузиб юрган балиқлардан бошқа ҳеч нарса кўринмасди. Кўзларини яна юмиб, яна очди «Бу тушимми, ё ўнгимми» деб.

ЮСУФ К.НИНГ ХАЁЛ ДАРЁСИ
1. М.нинг уйқуси қочиб кўчага чиқди. Йўлни тўзғитган писта пўчоғларини битталаб терди. Сигарет қолдиғию хас-хашак, тошчалардан тозалади. Вақт тез ўтмасди, уйқуси келмасди. Кўча бўйидаги дарахт танасига ёпишган чангни қўли билан кеткизди. Кейин дарахтга чиқиб олиб, чанг ёпишган чангларни пуфлади. Кўп баргларда чанглар қотиб қолганди, буларини қўли билан кеткизиб, қолганларини тупугидан кафтини намлаб артди. Дарахт баргларидан чангни тозалаб бўлдию лекин бу ишидан кечагидай кўнгли тўлмади, тонг отишига вақт бор, шундан энди кўз ёши билан чангдан тозаланган баргларни сувда ювгандай артиб бошлади.
2. Бу кўчада пистаю қурт сотгич кампир унинг тирикчилиги ўтиб туриши учун чойчақа беради, эвазига М. кечаю кундуз кўча супуради. У кампирдан рози кампир бундан. Кампир М.данкўча топ-тоза туришини астойдил сўрамаган эса-да, барибир, кўнглини олишга тинмай ҳаракат қиларди, бечора, энди келиб-келиб, бу ишини қилмаса уйқуси келмайдиган, кундалик одатига айланди-қолди. Ажаб, энди одатини ташласа виждони қийналадиган, чунки “кампирдан ул-бул олиб тураман-ку”, дерди танида ялқовлик сезилса. Бу ишини ўзининг фойдаси учун қилаётганини тушунарди; агар уйидан кўчага бир кун чиқмай қўйса, унда телбалик аломатлари сезиларди.
3. М. ҳам уйида асалари ушлаб турарди. уларга шароит бекаму кўст яратиб турди. Ҳовлисидаги бўш, ҳеч нарса экилмаган ерни қўл панжалари билан ағдариб чиқарди. Қўли билан кесакларни ғалвирдан ўтказгандек майдалаб, ерга уруғ қадашидан олдин бир, икки ой майин тупроқни уқаларди, она боласи бошини силагандек, кейин тупугидан ерга уруғ қадарди. Тупукдан бўлган уруғ ердан униб чиқиши учун қуёш нурларига ҳожат йўқ эди, М. уруғ қадаган жойга мийиғида кулиб қўйса ёки бирор қўшиқ ҳиргойи қилса бўлдийди. Суғориш анча қийинроқ, сув ишлатилмасди. Бўш пиёлани кун тун кўз ёшидан тўлдириб тупроқдан бўй кўрсатиб чиқаётган ёш ниҳолларнинг ташналигини қондирарди, бечора. 
4. М. қушнинг валақлашларидан безор бўлиб, уйида жини чиқиб у ёқдан бу ёққа тинмай юрарди. Юришдан чарчаб тўхтаб қолдими, қуш унинг бошидан, юзидан ёки оёғидан чўқиб-чўқиб оларди. М. оғриққа чидолмай ҳовлисига югуриб чиқарди. Қуш орқасидан етиб келиб яна тинмасдан жаврай бошларди. Шунда М. қушни қўрқитмоқчи бўлиб шундай дерди: “Сен сайрайвер. Мен буларни оқизмай-томизмай қоғозга тушираман”. М. қўлига қалам олиб, қоғозга ёзишни бошлаган заҳоти қуш нола қилишдан тўхтаб: “Виждон борми? Булар ёзилмайди. Ота-боболаримиз ушлаган одоб доирасидан четга чиқманг”, дерди. М. уялганидан кўчага отилиб чиқиб, дарахт панасига ёки бировнинг уйи девори орқасига яшириниб олса-да, қуш уни топиб олиб баданини бадтар чўқиб ташларди. Бу ҳолат унинг гапларини эшитишдан енгилроқ эди. М. қачонки қўлини бекитган қулоғидан туширса қуш чўқишдан тўхтаб нола қилишга ўтарди. М. бу оғриққа чидаш беролмасдан йиғлай бошларди. Шунда қуш М.нинг олдига челак қўйиб, бу идишга кўзёш томишини эшитаётгандек жимиб қоларди.

ИСФАНДИЁРНИНГ ХАЁЛ ДАРЁСИ
Шундай картиналар борки, уларни кўриш керак мен эса деворда илиғ турган суратни тинглайман тун, ой, сой, ёнида йўл, дарахтлар. Исфандиёр гапираверади, айтадики, Бахмалдан қайтаётувдим, ялангликдамиз, қарасам қуёш ботяпти, машинани тўхтатдим. Мен уни эшитаману лекин тингламайман, деворга илинган суратга қараб, кўчага чиққим келади, “метрога кирсам ва кетаверсам-кетаверсаму сўнг ер остидан кўчага чиқиб, пулим бўлса, албатта ойнаванд кафега кирсам”. Кейин иш қуролларини олиб, уфқни шартта чизиб ташладим, дейди Исфандиёр, кейин сигарет тутатади, балки чекмовди. Холландлар бу картинани фалон пулга сўрашди. Бермадим. Айтганча, йигитлар, йигирма тийин етмай турибди. Ўзим чиқиб келаман, дўконга, дейди, “бизда тийин ҳам йўқ, фақат метро чиптаси бор”. Жаҳли чиққандай, ўқимаганлар, дейди, ҳеч нарсани билмайсизлар, дейди. Тинглашдан тўхтайман. Ичишга унчалий ҳушим йўқ, нега ичишади, тушунмайман, унга бундай демайман, Исфандиёрни тингламоқчи бўламан, у Фузулий шеърларидан ўқияпти, сувсаган одамга ўхшайди, сув текин-ку, дейман ичимда. “Исфандиёр, сиз кўп гапирдингиз, мен эса ўзимни тинглаётувдим”, дейман ҳар замон. Кўчага чиқсаму танишсам. Эшитяпсизми, десам, мен болалигимда сиз ҳақда кўп ўйлардим, ҳозир у қаерда, нима қиляпти ёки нима ҳақда хаёл суряпти, мен ҳақдамикан, деб сизга хаёлан табассум қилардим, салом, дердим, булутга қараб, у ҳам ҳозир қуёшга қараган бўлса, мени ўйлаб, демак, дердим, қуёш бизни учраштирди, эшитяпсизми, дердим. Йўқ. Исфандиёр, бизни эшитгиси келмайди, болалигимда, дейди, совуқ, қор, кўчага чиқсам, битта оппоқ соқолли бобо. “Мен эса болалигимни эслагим йўқ. У пайтлари қачон мактабни тугатаману ҳозирги кунларга етаман”, дердим ўзимча.
2
“Мен болалигимни эслагим келмайди”, деб ойнаванд кафе ташқарисига қарайман. Чиройли юзлар ўтиб кетади. Югуриб бориб танишсам, деб ўйлайман, хаёлимни Рауф Турсунқул “шу, шу оддий”, деб бузади, унга қарайман. У костюмининг юқори тугмасини ушлаб, силаб, “бу оддий, оддий”, дейди. У винодан ҳўплаб жилмаяди. Мен ўзимнинг ҳўмрайиб ўтирганимни сезиб қоламан, чунки, дейман ўзимча, қуёш ботди, сал кейинроқ кафе атшқарисидан ким ўтаётгани кўринмай қолади. “Мен ҳам ичсам бўладими”, дейман, “бемалол”, дейди. Ҳўплайман. Эҳ, дейман ичимда, Сиз билмайсиз-да, мен нима қилишни билмасдим, уни кўрсам бўлди, ўзимни йўқотиб қўярдим, юраверардим, юраверардим. Туфлимнинг пошнаси емирилиб кетарди. Таги йиртиларди. Туфлимда кўлмак ҳосил бўлса-да, оёғим барибир совумасди. Ўзимни тўхтатишни ҳеч иложи бўлмаса, поездга ўтириб, қишлоққа жўнаб кетардим. Худди магнитафон ўрнатилгандай ичимда Аҳмад Қоя қўшиқ айтарди. Нима учун қишлоққа келдим, билмасам-да, лекин бу қўшиқлар тугамасди. Қишлоқдан қайтиб бориб, битта сўзни Ойхонга айтсам, хонанда ичимдан чиқиб кетармиди, деб ўйлардим. Эсимга тушади, шундан жилмаяман, лекин гапирмайман, шеригим ҳам жавобан жилмаяди. Нега, демайди. Ёки тушунмадим, демайди. Хўш, гапирингчи, демайди. Фақат сочларини силайди. Кейин иягини. Мен эса бош қичиғини қолдирмоқчидай сочимни қўлим билан тарайман.
3
ЮСУФ БРОДСКИЙНИНГ ХАЁЛ ДАРЁСИ
Энди сочимни майин силайман ва шундан жилмаяман. Офисиант қиз ҳўмраяди. Эътибор бермайман. Бурчакка суянаман. Ҳарҳолда, дейман, танам билан деворнинг қариндошлиги бор. Балки, узоқ – минг чақиримлик қўшни бўлгандир, бу икки тупроқ. Қадрдонлиги бор, ҳарҳолда, чунки бадан одамнинг хаёлини тупроқ сув ютгандек шимийди, тўйиб қолса ортганини кафе девори қабул қилиб олса керак. Бу ҳақда, албатта, жиддий ўйламайман. Бор-йўғи ўзимни чалғитмоқчи эдим. Чунки осмондан чақинсиз, ҳеч қийналмай, тўлғоқсиз ёмғир ёққандек, кўзёш думалаб, кўз пардасидан ташқарига чиқмоқчи бўлади. Хаёлимнинг қаршилигига учраса-да, беадаблик қилмоқчи, балки “осмон дарвозалари ланг очиқ”, демоқчими, қўрқиб кетаман. Оёғим қалтирайди ёки аввал бўшашади. Одам кафтича ойнага кўзёшни томдириб, лупа билан уни тадқиқ қилиш керак, дейман. Нима ҳожати бор, кундай ойдин-ку, у космик ракетадан кўринган ер сайёрасига ўхшайди, холос. Бу дунё Венесияга ўхшайди. Юсуф Бродский бундай демаган, албатта. Юсуф кўзёши бу шаҳарга томганидан қийналган, шундоқ ҳам Венесияни ҳамма ёғдан сув босган. Лекин бу Ерда ортиқча эканлигидан афсусланмаган.
4
Бродскийнинг битта кўзёш томчиси кучидан Венесияни сув босиб кетмайди. Хаёлини сув босиб кетади. Елкамни деворга ишқайман, кейин чайқаламан. Натижада кафедан чиқиб кетаман. Юраверсам, юраверсам, масалан, Бухорога бориб қолсам, ундан Хивага, кейин автобусда ортимга қайтиб, биронта қабристонга кириб, биронта қабрнинг тупроғини силасам, бармоғим билан албатта. Шунга нима дейсиз. Рауф Турсунқул ҳеч нима демайди. Жилмаяди, холос. “Сиз айтардингиз-ку, оҳангига тушиб ўқинг”, деб, мен ўқирдим. Улар шеър эмас фаришталар эди. Жилмаяди. “Мен уларни кўрардим.” Жилмаяди. Яна жилмаяди. “Қўрққанимдаn эмас, ўзимни тутолмай, соҳилга тушардим. Осмоннинг қалби денгизга ботарди.” Эшитяпсизми?........

МОРИС МЕТЕРЛИНКНИНГ ХАЁЛ ДАРЁСИ
1. Эшитяпсизми. Ҳеч ким эшитмайди. Кафега кириб метро чиптасидан ҳам арзон чой буюраман. Аслида, сукунат сотиб оламан. Қанийди, карнай чалишни билсам, ичимдаги бор-йўғимни пуфлаб ташқарига чиқарардим. сигаретни кетма-кет чексам-да кучи етмайди. Хаёлим ичимда тўлиб-тошиб бир куни портлаб кетсам. Ҳаво массаси кўпларни кўкрагидан уриб йиқитиши мумкин. Уйларга шикаст етади. Ойналари чил-чил синади. “Олдингизга боравериб, сизни касал қилиб қўйдик”, дейман ичимда кафедан чиқиб. Лекин қайтмайман, бораман. “Қатнайвериб касал қилдийларда”, дейди. Шундоқ оёғим олдига ўтиринг, дейди. Илтимос, сиз оёғингизни йиғманг, унга бундай демайман. Момомга ўхшаб қопсиз. Унга эшиттириб айтмайман. У жилмаяди. Момо, эртак айтиб беринг, дердим. У мени қучоқлаб оларди. “Сени мен туққанман”, дерди. Сиз момом-ку? “Исмингни мен қўйганман.” Яна қучоқлаб оларди. Мен унга сингиб кетгандай бўлардим. Бадани сувдай юмшоқ эди. Рауф Турсунқул жилмаяди. Мен гапирмайман, у ҳам. Кейин ярим кечаси уйғониб кетардим. Ўлиб қолса-я! Рауф Турсунқулга қарайман. У чап оёғини кўрпа остидан ён томонга чиқаради. Оёқ панжаларига қарайман. Жуда чиройли.

МЕТЕРЛИНК: “ОЗГИНА СУКУНАТ БОРМИ”
2. Сенинг хаёлингни унинг ишхонасида кузатаман. Унинг кимгадир, нимагадир қарашини ўғринча бўлса-да тутиб, хотирамда сақлаб кейин уни тафтиш қилмоқчиман. Демак, дейман, ўзимни тасвирламоқчиман ёки билмайман. Ёки шундай, деб азобдан енгил қутилмоқчиман. Унга хат ёзгим. Сен ҳақда билдиргим. Иккиланадими, деб қўрқаман, балки мен унга яқинлашсам сендан узоқлашиб кетаман. Билмайман. Уни кимдир топтаб ташласа, тингламаса, оғритса, деб ёмон ўйлайман. Мана. Юмшоқ ва бир қаттиқ куч билан ўзимни унинг олдига судрайман. Овозим бўғилайди. Лекин эзилиб, букчайиб ҳам мункайиб, титраб, сел бўлиб товушлар йиғиндиси дунёни тасвирлайди.
3. Эҳ, қаршимда бу ким – ҳанграйди. Оппоқ қор гўзал ёғаётган эди. Борлиқ – қорнинг ишхонасидан ўзимнинг ишхонамга кўчаман – қочаман. Бу ердан, бу ҳолда, узоқда, сендан кечирим сўрайман.

Категория: Турфа тақдирлар | Добавил: albine (24.04.2016)
Просмотров: 813 | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Имя *:
Email *:
Код *:
Форма входа

Поиск

Друзья сайта
  • Официальный блог
  • Сообщество uCoz
  • FAQ по системе
  • Инструкции для uCoz

  • Copyright MyCorp © 2025Конструктор сайтовuCoz