//carhpalak.ucoz.org/111_Yulduz.mp3

 
Меню сайта

Категории раздела
Турфа тақдирлар [483]
Барчанинг бахти ўзгача,лекин барчанинг бахтсизлиги бир хил

Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0

Главная » Статьи » Турфа тақдирлар

«ҚЎЧҚОРЛАШИШ»

«ҚЎЧҚОРЛАШИШ»
Ажойиб феълли халқмиз, доно халқмиз, орли, ғурурли, номусли, билимли, илмли, фидокор, зиёкор, бинокор ва ҳоказо ҳолда ўзимизга ўзимиз тадбиқ этадиган, ўта юқори даражадаги “мақтов”ларга сазовор халқмиз.
Ақлимизнинг зўрлиги, фаҳмимизнинг ўта такомиллашгани бир-биримизга изҳор этадиган тилак ва дуоларда айниқса “ярақлаб” кўринади.
Масалан, “туғилган кун” деб аталадиган тантанада ўзининг туғилиш кунини нишонлаётган шахсга билдириладиган тилакларга ҳеч эътибор берганмисиз?
Агар туғилган валломат бир ёш билан ўн саккиз ёш оралиғида бўлса, унга албатта жуда юқори лавозим ва катта моддий бойликлар тиланади, гарданига ота ва онасини (улар мусулмончиликдан етти чақирим нарида бўлишса ҳам) ҳажга олиб бориш масаласи юкланади. Агар ўн саккиз ёшдан ошган бўлса, унга аввало юз ёш сўралади. Агар уйланган ёки эрга теккан бўлса невара, чевара, эваралар тўйини кўриб, қўшгани билан қўша қариб, ириб-чириб юриш мажбурияти қўйилади, “Топганинг тўйларга буюрсин”, “Тўйлардан бошинг чиқмасин” каби қарғишнамо тилаклар айтилади. Ўта “маданийлашиб” кетган оила давраларида бу тилаклар шам ўрнатилган тортларни кесишдан олдин, қўлларга қимматбаҳо спиртли ичимликлар тўлдирилган қадаҳлар тутган ҳолда, тик туриб изҳор этилади.
Келинг, жуда чуқурлашиб кетмайлик-да, ўша “тилаклар”ни ва уларнинг ижобати оқибатларини таҳлил қилиб кўрайлик.
Кичкинагина гўдакка катта лавозимлар ва бойлик тилаётган “яхши ниятли”лардан жуда камдан-ками: 
-Оллоҳ неча йил умр берган бўлса ўшани яшагин. Лекин шундай яшагинки, ор-номус, ғурур, ҳалоллик доим йўлдошинг бўлсин. Ёлғон ва ҳаромдан доим ҳазарда бўлгин, билгинки бу жаҳонда ҳеч нарса ва ҳеч ким ор ва ғурурнинг поймол бўлишига арзимайди, - дейиши мумкин. Ота-боболаримизнинг пурмаъно бир гаплари бор: “Бир ювиқлининг, бир ювиқсизнинг дуоси тегади”... Ўша давраларда, яъни ҳалолроқ ичимлик ва таомлар еб-ичиб турилган ”туғилган кун” дастурхони атрофида дуоси ижобат бўладиган одамлар албатта бўлади. Қарабсизки, ҳалиги гўдак фақат “олий” маълумотли бўлиш учунгина ўқийди, кейин амалпараст бўлади, юқори лавозимларга эришиш йўлида ҳатто ор-номусини ҳам фидо қилиб юборади. Кўпроқ ва тезроқ пул топиш учун шайтонга шогирд тушиб, сўнгроқ эса ўша шайтонни ҳам “банкрот”га учратиб, бадавлат бўлади ва бу пулларга ҳатто ота-онасини навбатсиз бир-неча марта ҳажга юборади ҳам... Хуллас, “туғилган кун” тантанасидаги “яхши тилак”лар ижобат бўлди. 
Янги оила қурган ёшларга билдириладиган тилакларнинг маълум ва машҳури шундай:
-Сердавлат, серфарзанд бўлинглар. Бошларинг тўйдан чиқмасин, топганларинг фақат тўйларга буюрсин... Оллоҳу акбар! 
Қарабсизки, бир неча йил ичида беш-олтита “тўйбола”, ”тўйқиз”лар дунёга келиб ҳамма ёқни памперс ва горшок босиб кетади. Кейин тўйболаларнинг суннат тўйлари бошланади. Кечагина “тўйдан боши чиқмаслигини” сўраб дуога қўл очганларга бажонидил тилакдош бўлган куёв йигит тўйдан сўнг қарзларини узиш ва яна бошини навбатдаги тўйларга тиқиш “иштиёқи” билан Ўрусияга кетиб пул ишлаб келиш учун поезд ёки самолётга чипта сотиб олиш илинжида қарзга пул қидира бошлайди. Энди узоқ йиллар унинг боши тўйлардан чиқмайди: олдинда ҳали “тўйқиз”лар етилиб келяпти... Ундан кейин набира тўйларини ўтказиб беришнинг “даҳшатли қувончлари” унинг тақдирига қизитилган темир билан тамғаланган. Бундан буён у ҳар қанча кўп пул топса ҳам ўз соғлиғи, ҳаловати учун сарф қила олмайди, тўй қилиш учун ўлиб-тирилиб ишлайди, ҳалол-ҳаромнинг фарқига бормай, нега яшаётганлигини идрок қилолмай, асосий вазифаларини бажаролмай, қариб-чириб ўтиб кетади. Унга ҳеч бўлмаганда умрининг сўнгини ҳаловатли кечириш тиланмаган, қариш, қариганда ҳам чиринди каби қариш тиланган. У ҳатто ўлиб ҳам қутулмайди. “Боши тўйдан чиқмаслиги” учун эшак каби яшаб ўтганининг “жавобгарлиги” тугамайди: мерос ғавғоларининг даҳшатли бақир-чақирлари уни қабрида ҳам тинч қўймайди. Сабаби унга “солиҳа аёл ва солиҳ фарзандлар” тиланмаган эди...
Энди никоҳ базмларидаги манзара, ҳодиса-ю тилакларга ҳам бир эътибор берайлик. Никоҳ базмларида келин ва куёв алоҳида безатилган жойда ўтирадилар. Ҳаво ҳарорати қандай бўлишидан қатъий назар, (ҳатто меҳмонлар бошларига телпак ва эгниларига пўстин кийган бўлсалар ҳам) навниҳол келин елкалари-ю қўллари очиқ, юпқагина келин кўйлакда бўлади. Бу ёзилмаган, лекин келинлар ҳатто соғлиқларини гаровга тикиб бўлса ҳам бажарадиган “темир қоида”. Тўйларни ресторанларда ўтказишни урфга киритган шаҳарликлар-ку майли, аммо қишлоқ жойларидаги тўйларда бошқалар совуқдан кўкариб кетаётган бир пайтда ҳам келинчакнинг ҳалигинақа либосда ўтиришининг сабабини уларнинг ўзи билмаса, биз тушунишдан ожизмиз. Агар бу никоҳ базмларида бажариладиган “ритуал”лар тоза ишлайдиган мия билан таҳлил этилса, ўта кулгили ва ундан ҳам ёмони фожиали манзара ва тилакларнинг гувоҳи бўламиз. Ўйламай, мулоҳаза қилмай, ҳаттоки маст-аласт ҳолда икки ёшга тилак тиловчиларнинг кўпи Худога буйруқ оҳангида мурожаат қилиб:
-Қўчқордай ўғиллар берсин!
-Гулдай қизлар берсин!
-Бошлари тўйдан чиқмасин! – дейишса, куёвнинг айрим “садоқатли” куёвжўралари:
- Ўғиллари мана бизга ўхшасин! - дея тилак билдиришга ҳам жазм қиладилар. 
Ҳар қайси жойнинг одатлари турлича. Айрим жойларда келин-куёвни никоҳ базмига никоҳ ўқиттирмай олиб чиқиб ўтқизиб қўядилар ва юқоридаги “заказ тилак”лар беникоҳ “икки ёшга” нисбатан билдирилаверади... Ҳали шаърий никоҳ ўқилмай туриб, “қўчқордай-қўчқордай” ўғиллар, “гулдай-гулдай, ойдай-ойдай” қизлар туғилишини, (деярли ярим яланғоч кийинган келиннинг рафторидан завқланибми) худди ўзига ўхшаш ўғил туғиб берилишини тилаётган ширакайф куёвжўраларнинг бу чиқишлари икки ёш томонидан мамнуният билан қабул қилиб олингач, яна даврада турли “бадиий бидъат”лар ижро қилинади. Тўйхонанинг қайсидир хонасида эснаб, мудраб ўтирган мулланинг олдига никоҳ ўқитиш учун келтирилган куёвтўралар (айрим “замонавий” келинпошшалар ҳам) кўпинча ширакайф бўладилар. 
Тилаклар беиз кетмайди: келин-куёвлар қўчқордай-қўчқордай ўғиллар, ўйноқлаган гўзал қизлар ва ҳатто куёвжўрасига қуйиб-қўйгандай ўхшайдиган фарзандлар ҳам кўрадилар... Аслида ўша никоҳ базмида иштирок этган куёвжўралар ҳам қўчқордай йигитлар эдилар ва базмдан сўнг, қўчқорликларига бориб, бир-бирлари билан роса калла қўйишганлар. Нега ҳам “қўчқорлик” қилишмасин, ахир уларнинг оталарига ҳам бир пайтлар “қўчқордай-қўчқордай” ўғиллар тиланган бўлса! 
Ўзини тилак билдиришга ҳақли деб ҳисоблаган одамлар қалбан ва жисман таҳоратли бўлмаса, оқибати ва ижобати шу тахлит бўлади шекилли..

                                    Абдужаббор УМАРОВ.

Категория: Турфа тақдирлар | Добавил: albine (26.10.2014)
Просмотров: 968 | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Имя *:
Email *:
Код *:
Форма входа

Поиск

Друзья сайта
  • Официальный блог
  • Сообщество uCoz
  • FAQ по системе
  • Инструкции для uCoz

  • Copyright MyCorp © 2025Конструктор сайтовuCoz