Жон ва нон каби азиз бўлган муқаддас Ўзбекистонимиз, унинг озод ҳамда бахтиёр фуқаролари мустақиллигимизнинг 23 йиллик байрамини кўтаринки руҳда, катта шодиёна ва тантана билан байрам қилишмоқда. Жаннатмакон Ватанимизнинг барча вилоятлари, шаҳар ва туманлари, қўрғон ва овуллари, маҳалла ва гузарларида энг улуғ, энг азиз байрамимиз —Мустақиллик кунини алоҳида ғурур, ифтихор ва муносиб меҳнат ҳамда ижод совғалари билан нишонлаш давом этмоқда.
Сурхон воҳаси меҳнаткашлари бу муборак кунни барча жабҳаларда улкан меҳнат ютуқлари билан қарши олишди. Воҳа гавҳари бўлмиш Термиз шаҳри ўтган вақт давомида таниб бўлмас даражада ўзгарди. Ўнлаб турар-жойлар, маъмурий бинолар, маиший хизмат нуқталари, мактаб, коллеж, шифохона, спорт иншоотлари бунёд этилди. Шаҳар кўчаларида байрамона тароват ва шукуҳ ҳукмрон. Хиёбон ва йўлаклар, бино пештоқлари, истироҳат боғлари рангин байроқлар ва паннолар билан безатилган. “Бахт” боғи ҳар қачонгидан ҳам тароватли ва жозибадор. Карнай-сурнай садолари шаҳарликларни улуғ айём тантаналари бошланишидан огоҳ этмоқда.
Ниҳоят юртдошларимиз бирин-кетин муҳташам “Алпомиш” мажмуасидаги амфитеатр биносига оғиб кела бошлашди. Саҳнани тўлдириб ўтирган одамларнинг юзида табассум, кўзида ғурур ва ифтихор акс этган. Ёшлар Ватанимиз байроғини ҳилпиратганча, денгиздек чайқалишади. Байрам тантанаси очилиб, сўз навбати вилоят ҳокими, халқ депутатлари вилоят Кенгаши раиси Э. Жўраевга берилди.
Вилоятнинг биринчи раҳбари мустақиллик байрами арафасида Термиз шаҳрига “Амир Темур” ордени берилганлиги муносабати билан муҳтарам Юртбошимизнинг “Қачонки ўлкамизга жануб тарафдан ёв ҳамла қилган бўлса, Термиз унинг қаршисида метиндек қўрғон бўлиб келган. Термиз бугун ҳам она юртимизнинг жанубий сарҳадларида мустаҳкам қалъа бўлиб турибди. Бу тупроқ азалдан илму ҳунар, ҳикмат ва санъат руҳи билан йўғрилган. Имом Термизий, авлиё Ҳаким ота каби улуғ зотларнинг ўлмас руҳи, ҳаётбахш ўгитлари баркамол авлодларни вояга етказди”,—деган доно сўзларига алоҳида урғу бериб ўтди. Воҳа аҳли номидан Президентимизга чуқур миннатдорчилик билдирди. Халқимиз ва хорижий давлатлардан келган меҳмонларни самимий табриклаб, эришилган ютуқлар ҳақида тўхталиб ўтди.

Сурхондарёликлар энг улуғ, энг азиз байрамимизни ҳар галгидек меҳнатда ва ижодда муносиб совғалар билан кутиб олишди. Мустақиллик туфайли воҳада ишбилармонлик муҳити янада такомиллашган. Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ривожланмоқда. Иқтисодиётда банд бўлган аҳолининг 79,6 фоизи тадбиркорлик субъектларида меҳнат қилаётганлиги бунинг яна бир исботидир.
Жорий йилнинг олти ойида воҳада 97,6 миллиард сўмлик 728 та лойиҳа амалга оширилган. Бунинг эвазига 3900 та янги иш ўрни яратилган. Хусусий секторда амалга оширилган лойиҳаларнинг тўрттасида экспортбоп маҳсулот ишлаб чиқариш йўлга қўйилган. Жумладан, Термиз шаҳридаги “Камазул Сайдил” МЧЖда 12 турдаги пойафзал, “Лола имкон барака” корхонасида 30 турдаги трикотаж, “Дизайн Ойсоат” МЧЖда 15 турдаги тикувчилик маҳсулоти тайёрланмоқда. Умумий қиймати 36,7 миллиард сўмга тенг бўлган 197 та саноат лойиҳаси амалга оширилиб, 1764 иш ўрни яратилганлиги тадбиркорларимизнинг, халқимизнинг ишбилармонлиги, фидокорона меҳнатидан далолат беради.
Воҳамиз том маънода катта қурилиш майдонига айланган десак, айни ҳақиқат бўлади. Воҳанинг қайси бир туманига борманг, янги-янги барпо этилган мавзеларни кўришингиз мумкин. Энг муҳими, бундай замонавий қўрғонларда барча инфратузилма тармоқлари катта шаҳарларникидан қолишмайди. Термиз халқаро аэропортидан Хайратон кўпригигача ва Термиз—Тошкент катта магистраль йўллари янгитдан барпо этилмоқда. 26 та турар-жой массивида 887 та намунавий лойиҳа асосида уй-жой бунёд этилаётганлиги юрт ободлиги, халқ фаровонлиги, баркамол авлод келажаги учун ҳукуматимизнинг беқиёс ғамхўрлиги намунасидир.
Давлат мадҳияси янграгач, байрам тантаналарини М. Уйғур номидаги вилоят мусиқали драма ва қўғирчоқ театрлари жамоалари мусиқали композиция билан бошлаб беришди. Шўрчи туманидаги 7-, Термиз шаҳридаги 2-сонли болалар мусиқа ва санъат мактаблари тарбияланувчиларининг чиқиши томошабинларнинг олқишига сазовор бўлди. Бадиий гимнастика, спорт тўгараклари қатнашчилари, ҳарбий оркестрнинг кўргазмали чиқишлари янада жозибали мазмун касб этди. Шаҳар ва туманлардан келган фольклор-этнографик дасталар ва “Сурхон” гуруҳи саҳнага чиққанда байрам иштирокчилари рақсга тушиб бошлашди. Айниқса, эл ардоқлаган санъаткорлар Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти Маҳмуд Намозов, Дилшод Раҳмоновларнинг ҳар бир ашуласи қарсаклар билан қарши олинди. Байрам дастурининг хотимасида Гулрухсор Сайфиева ва Асилбек Сафаров куйлаган “Ватан” қўшиғини барча томошабинлар қўшилиб ижро этишди. Бу эса ёшларимизнинг, халқимизнинг элга, Ватанга бўлган муҳаббати, садоқати чексизлигидан далолат берди.
Нафақат “Алпомиш” спорт мажмуаси, амфитеатр, балки бутун шаҳар ранг-баранг мушакларга бурканди. Ҳар бир мушак отилганда болакайларнинг қувончи ва қийқириғи куй ва рангларга омухта бўлиб кетганлигини сўз билан ифодалаш қийин.
Ҳа, мустақиллик ўз-ўзидан келган эмас. Бунга эришиш учун халқимизнинг қанчалар сара фарзандлари ўтмишда жон бериб, жон олишган.
Каъбатуллоҳимсан,
қиблам, қиблагоҳ,
Яхши-ёмонимдан
ўзингсан огоҳ,
Сени севмасликнинг
ўзи бир гуноҳ,
Туронимсан, турким,
гўзал Сурхоним!
Бу сатрларни эътиқод билан оятдек қалбимда такрорлар эканман, байрам иштирокчилари юзи ва кўзида порлаган нурда муҳаббат ва садоқатни кўриб шукроналар айтаман. Зеро, тинчлик ва фаровонлик мустақиллик берган энг ноёб, улуғ неъмат ва имкониятдир.
Тантаналар поёнига етди, лекин байрам шукуҳи, сурури қалбларда ҳали узоқ давом этади. Ҳар бир кунинг байрам бўлсин, тўйларинг тўйларингга, ютуқларинг ютуқларингга, қувончларинг қувончларингга уланаверсин, улуғ халқим, муқаддас Ватаним!
Сафар ОМОН,
“Сурхон тонги”нинг махсус мухбири