Ватан
ҚУТЛУҒ ОСТОНАМ МЕНИНГ
Ватан остонадан бошланади, дейишади. Қутлуғ остонанинг қадрига етган кишининггина қалбида ВАТАН аталмиш беқиёс уммон яшайди, у ўзининг меҳр-садоқатини изҳор этиб шиорлар кўтармайди, бақириб-чақирмайди, ВАТАНни дилининг туб-тубидаги ардоқли маҳзанга жойлаштиради. Бунга мен ўтган асрнинг саксонинчи йиллари гувоҳи бўлганим - бир воқеа туфайли иймон келтиргандим.
Ўшанда - ўттизинчи йилларда намозхонлиги учун таъқиб-тазйиқлардан қочиб ҳижратга йўл олган қишлоқдошимизнинг афғон тупроғида таваллуд топган бири элликни қоралаган, кичиги навқирон йигирма беш ёшдаги (биз тенгдош чиқиб қолгандик) икки нафар фарзанди ота маконни зиёрат қилгани келишди. Уларнинг амакилари ҳовлисига (қачонлардир падарларининг беғубор болалик йиллари ҳам шу ерда ўтган) ташрифи эскирган деворга юзларини суртиб тавоф этишдан бошлангани бир зумда қишлоққа тарқалди. Мен ҳам кўп қатори меҳмонларнинг суҳбатини олгани бордим.
-Биз томонларда ҳам мухбирлар кўп, - деди улардан ёши каттаси менинг туман газетасида ишлашимни эшитгач. - Улар афғон замини ҳақида кўп ва хўб ёзишади. Билсангиз, ука, дунёда изоҳ талаб этмайдиган бир улкан ҲАҚИҚАТ бор, инсон учун Тангри яратган синовлар ичида энг оғир ва машъуми ватандан айро яшаш экан. Буни мен сўнгги нафасигача шу элга талпиниб, ундан бир мужда кутиб, ёр-биродарлари, муқаддас тупроқ васлига етишолмай ўтган отам тимсолида англадим. Насиҳатимни олсангиз, бундан кейин она-диёр, унинг ҳар бир парчаси ҳақида кўпроқ ёзинг, токи ВАТАН қадрига ундан тирик туриб жудо бўлганлар эмас, бағрида униб-ўсаётганлар кўпроқ етишсин.
Меҳмонларнинг сафари қаригач, улар билан хайрлашиш маросимида қатнашдим.
-Мен учун энг азиз, энг мўътабар нарсани олдим, - деди тенгдошим кипригига қалқиган ёшни оҳистагина артиб, чўнтагидан кичкинагина тугунча чиқариб кўрсатаркин.
-Бу нима эди? - сўрадим қизиқсиниб.
-Қишлоғингиз қабристонидан олинган бир сиқим тупроқ. Отамнинг ғариб мозори устига сочаман, ҳеч бўлмаса майитлари ВАТАН ТУПРОҒИ остида ётсин.
У пайтлар ҳуррият, ўзбекнинг ўз элида бек бўлари тўғрисида сўз очиб бўлмасди. Шу боис бу воқеаларни энди, дориломон кунларга етганимиздан сўнг қаламга олаяпман. Мақсадим - киндик қоним тўкилган қишлоқ ҳақида мухтасар сўз айтиш.
Қашқа воҳасининг жануби-ғарбий қисмида Помуқ аталмиш бир мўъжазгина (шаҳарга қиёслаганда) қишлоқ бор. Теграсидаги яйловларини ҳам қўшиб ҳисоблаганда ҳудуди Қизилқуму Қорақумга туташиб кетган. Одамларининг феъли ҳам замини каби кенг, қувлик-шумликни билишмайди, суҳбатдош бўлсангиз, дилида борини тўкиб-сочишади.
Чорвадор қавмларда ғалати бир одат бор, таниш-билишлар учрашиб қолишганида:
-Мол-жонинг омонми, - дея сўрашишади.
Бу уй-ичинг тинчми, дастурхонинг бутми дегани. Помуқ ҳам ана шундай "мол-жонли" чорвадорлар қишлоғи. Эрта тонг қўй-қўзисини эркалатиб "қур-эй, қур-эй" деб чорламайдиган бирон хонадонни топмайсиз, тополмайсиз. Авлоддан-авлодга ўтиб келаётган ҳикояларга қараганда, қишлоғимизнинг таркиб топганига юз эллик йилдан ошган. Аҳолиси ўтроқлашган туркман қавми. Танасининг айланасига икки-уч йигитнинг қулочи аранг етадиган Половхўр бобо тути аҳоли ўтроқлашган илк йилларда экилган бўлиб, айни пайтда ҳам олис-олислардан ҳаволаниб кўзга чалинади. Бир вақтлар Қарши чўлини қоқ ўртасидан бўлиб ўтган Жарнинг кичик ўзанлари бу ерга ҳам етиб келарди. Қўни-қўшнилар ҳашар йўли билан саҳро бағридан ер очиб, илк баҳорда бир тўлиб-тошиб оқадиган ариқдан суғоришар ва лалмикор қовун-тарвуз экишарди. Қилич бобо, Саттор бобо етиштирган тилими тил ёрар қовунлар таърифи шу кунларгача етиб келган.
Сен ҳам ўз қишлоғинг ҳақида билганларингни қоғозга тушириб кўр, НАВҚИРОН дўстим. Шунда юрагингга бир ажиб илиқлик таралганини ҳис қиласан, бу ВАТАНга муҳаббат муждаларидир, кейинчалик у кенгайиб боради.
Абдунаби АБДИЕВ.
|