//carhpalak.ucoz.org/111_Yulduz.mp3

 
Меню сайта

Категории раздела
Турфа тақдирлар [483]
Барчанинг бахти ўзгача,лекин барчанинг бахтсизлиги бир хил

Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0

Главная » Статьи » Турфа тақдирлар

“Улар” ва “Булар”. Кийиниши ҳам бир санъат

“Улар” ва “Булар”. Кийиниши ҳам бир санъат

Автор  
 
Материални баҳоланг
(10 Овозлар)
 
 

  Бир куни қўқонлик яқин дўстим “Тўй қилсам Замира Суюновани олиб келаман”, — деб қолди. Мен эса “Нега энди Замира Суюнова, ҳозир ёшларбоп қўшиқчилар кўпайиб кетган, ё харажатдан қочасизми?”, — дедим ҳазиллашиб. Бу гапдан унинг сал ранги ўзгарди-да, “Билмас экансиз, опанинг санъати ҳақиқатан ҳам кучли. 80 ёшдан ошган онам шу қизни бир кўрсам армоним қолмасди, кийинишининг ўзи бўлакча-да, деб телевизорга чиққанида экраннинг олдига бориб олади”, — деди. Индамай қолдим. Дўстим ниятига етди.

  Яқинда бир тадбирда ўша воқеани эслашга мажбур бўлдим. Ҳасанбойлик Қодиржоннинг тўйи охирлаб қолганди. Ҳайтовур даврага бошқача кийинган, сочлари узун йигитлар кириб келишди. Шу пайт даврабоши “Энди навбат эстрадамизнинг ёрқин юлдузи Мухлисага” деб навбатни уларга берди. Даврада калта кўйлакли, узун пошнали бир қиз пайдо бўлди. У чираниб, қичқириб, ўзини минг куйга солиб қўшиқ айта бошлади. Бир жиҳатдан хурсанд бўлдим, алдамасдан ўзи айтгандек бўляпти. Ўртада оломон гавжум. Ўшанда “Бу Қодиржоннинг қўшиқчиси, кийимини қаранг, кийимини...” — дегандим. Қодиржон эса ҳушёр тортиб “Буни мен айтмаганман”, дейиши билан бошқаси “Сен айтгансан”, деб таъкидлади. Ҳайрият, жазава, шовқин тугади.

  Сал ўзимизга келгач, “Мана ўзбек миллий санъатининг фожиаси” деди биров. Бу фикрга кўплар қўшилди. Шунисигаям шукр, қўшиладиганлар бор ҳозирча. Аммо Замирахон “УЛАР”дан Мухлисахон “БУЛАР”дан-да!

  Яқинда бир газетада Замирахоннинг интервьюсини ўқиб қолдим. Мақола “Бизга устозлар тарбия ҳам беришган” деб номланибди. Тушунган одамга шу сўзларнинг ўзи етарли. Нега кейинги пайтда санъаткорлар одоби-ю, кийими ҳақида кўп гапириляпти? Бу каби саволлар жуда кўп. Жавобни эса ўзларидан эшитсакмикан...

Эпласанг айт

  Сўнгги пайтларда айрим ёш қўшиқчилар томонидан машҳур ҳофизларнинг қўшиқлари қайтадан ижро этилиши урф бўлиб қолди. Бунга суюнасан, киши. Нега деганда анъана давом этяпти. Ҳақиқий санъаткорларнинг панжасига панжа уриляпти. Бу борада ҳам ўзига хос тажриба бор. Устоз Комилжон Отаниёзовга Таваккал Қодиров минг андиша билан “Доғман” номли қўшиғини ижро этишни айтган. Комилжон оға ижрони эшитиб кўргач, “Бўлди, бу қўшиқ бугундан бошлаб сеники, энди мен айтмайман”, — деган экан. Ана тантилик, ана  мардлик!

  Лекин одамни ўйлантирадиган бир жиҳат бор. Бу йўлдаги на овози, на сози борларнинг уринишини кўриб, “чиранма ғоз...” дегинг келади. Ҳозирги санъат йўлига кирганларнинг кўпи катта санъаткорлар панжасига панжа уришдан, яъни улар қўшиғини айтишдан аввал ўзларининг имконияти ва кучини адолат тарозусига қўйиб ўлчашлари лозим. Овозимнинг кучи қай даражада, ҳақиқий санъат асарини бузиб қўйиб, гуноҳга ботмадимми?, — деган саволларга жавоб беришлари керак. Ахир ҳамма хонанданинг ҳам овоз пардаси Ҳамроқул Қори ё бўлмаса Маъмуржон Узоқов ва Жўрахон Султоновларникидек эмас.

  Яқинда газеталарнинг бирида устоз-санъаткор Камолиддин Раҳимовнинг интервьюсини ўқиб қолдим. Ҳофиз шогирдлари ҳақида гапириб, Абдулла Шомағруповнинг камтарлиги-ю, қўшиқларининг ижросига катта баҳо бериб, ютуғидан хурсанд бўлаётганлигини таъкидлаган. Шунда унинг қўшиқларини куйлаётган бошқа бир йигитга муносабатини сўрашганида, бироз тўхтаб, “Билмадим, буни ўзидан сўранглар”, деб жавоб қилибди. Аслида ана шунинг ўзи  баҳо.

  Бири Фахриддин Умаровнинг “Эй, муҳаббат...” қўшиғини ётиб олиб айтса, иккинчиси Ориф Алимахсумовнинг “Сўлим”ини ликиллаб куйлаганига нима дейсиз? Ориф ака Шомаҳмудга “яшанг ука”, — деганидан хабарим бор. Лекин бошқалар-чи? “Сўлим”ни айтишдан аввал Ориф Алимахсумовнинг ёки бўлмаса Шомаҳмуд Шораҳмедовнинг ижросидаги қўшиғини тинглаши, маромига етказишга кўзи етсагина ижро этса борми... Ўхшатмаса ҳар қандай шинаванданинг ҳам энсаси қотади. Ҳозирги кунда тингловчининг ғашини келтирадиганлар, яъни, “БУЛАР” кўпайиб кетди. Машҳур ҳофизлар қўшиғини бузиб айтаётганлар “БУЛАР” бўлиб қоляпти.

Қобилжон Юсуповнинг илтимоси

  1980 йилнинг ўрталари эди. Бешариқ туманидаги Чорбоғтўронғи қишлоғида яшовчи Ғаффор овчи тўй қилди. “Унинг тўйига Қобилжон Юсупов келармиш”, деган хабар бир зумда қўшни қишлоқларгаям тарқалиб кетди. Ўша тўйга мен ҳам айтилгандим. Бордим. Тўймисан, тўй бўляпти, ўзиям. Чамаси 400-500 одам тўпланган. Дастлаб Олтиариқдан келган ёш ашулачилар қўшиқ айтиб туришди. Сўнг ўртага чиройли кийинган, келишган, салобатли санъаткор кириб келди. Ҳамма олқишлар билан кутиб олди. 

  Раҳматли Қобилжон ака ўзига қараб юрадиган, ўта маданиятли инсон эди. У қўлини кўксига қўйиб одамларга салом бергач, вазмин оҳангда гап бошлади.

 — Қадрдонларим, бугун маза қилиб қўшиқ эшитинглар. То тонггача хизмат қиламан. Ғаффоржон бизнинг яқинимиз, овчилик баҳонасида танишганмиз. Шу иним туфайли бугун сизлар билан ҳам учрашиб турибман. Энди малол келмаса, сизларга бир илтимосим бор. Чўнтакларингиздаги пулни бу ерга олиб чиқманглар, пул топилади... — деб таъзим қилди-да, “Дўст билан обод уйинг” деган ашуласини бошлаб юборди. Қўшиқлар қўшиқларга уланди, рақслар рақсга...

  Ўша куни Чорбоғтўронғиликлар ҳақиқий санъаткор билан учрашганди, чин санъат ҳиссини туйишганди. Роса яйрашди ўзиям. Ярим тунда санъаткор билан суҳбатлашиб, танишиб ҳам олдик. Шу-шу қадрдон бўлиб кетгандик.

2013 йилнинг ёзи... Санъат шинавандалари учун оғир келди. Ўзбек санъатининг уч устуни кетма-кет “қулади”. Дастлаб Маъмуржон Тўхтасинов, 3-4 кун ўтгач, Маъмуржоннинг жанозасида қатнашган Ўзбекистон халқ артисти Ўринбой Нуралиев ва яна бир жаноза куни бетоб бўлиб, шогирдини сўнгги манзилга кузатиш насиб этмаган Ўзбекистон халқ ҳофизи Қобилжон Юсуповлар бу фоний дунё билан хайрлашди. “УЛАР” учовлари ҳам бошқача эди. Қобилжон аканинг Бешариқдаги чекка бир қишлоқда яйраб қўшиқ айтганлари, одамларга қарата айтган илтимоси бот-бот эсимга тушаверади. “БУЛАР”чи? Пул тушиб турганда, навбат талашиб, бир-бирига жўжахўроздек ташланганлари ва ташланаётганлари қанча?   “УЛАР” улар-да, начора...

 

Анвар АБДУВАЛИЕВ

Категория: Турфа тақдирлар | Добавил: albine (20.11.2015)
Просмотров: 1021 | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Имя *:
Email *:
Код *:
Форма входа

Поиск

Друзья сайта
  • Официальный блог
  • Сообщество uCoz
  • FAQ по системе
  • Инструкции для uCoz

  • Copyright MyCorp © 2025Конструктор сайтовuCoz