//carhpalak.ucoz.org/111_Yulduz.mp3

 
Меню сайта

Категории раздела
Турфа тақдирлар [483]
Барчанинг бахти ўзгача,лекин барчанинг бахтсизлиги бир хил

Статистика

Онлайн всего: 2
Гостей: 2
Пользователей: 0

Главная » Статьи » Турфа тақдирлар

Тўра Сулаймоннинг ўн икки мактуби

Турсунбой Адашбоев. Тўра Сулаймоннинг ўн икки мактуби

IMAGE0003 400Тўра ака билан 1960 йилнинг август ойида Ёзувчиларнинг Дўрмондаги “Ижод” боғида ўтган ёш ижодкорларнинг биринчи республика кенгашида устоз Миртемир домла таништирганди. Кенгашнинг иккинчи куни кечки пайт у киши хонамизга кириб, мени имлаб чақирди ва “бугундан иборат боғнинг қоровули Йўлдош отанинг уйида яшаймиз, гап бор” деб қолди. Ҳайрон бўлиб хонамга қайтиб кирдим ва ўшлик дўстларим Усмон Темур билан Мадаминжон Маматкаримовлардан узр сураб, сумкамни кўтариб ташқарига чиқсам, Тўра Сулаймон арғувон остидаги сўрида кутиб турарди. Катта йўлга чикқанимиздан кейин, “кўчишимиз сабабини” айтиб берди.
– Тушликдан сунг, чой олгани ошхонага чиқсам, ўрис ошпаз хонимлар кир совунда дошқорзонларни юваётган экан, ғашим келиб боғ қоровули Йўлдош отанинг уйини сўраб-суриштирдим, болохонаси бўш экан, қолган ўн кунга ётокхона ва овқатимиз учун пулини тўлаб қўйдим. Темир йул бўсағасидаги Йулдош отанинг болохонасига ўрнашиб олгач, кечки овқатдан кейин, Дўрмонга бордик ва Тўра ака Миртемир муаллимга “ҳисобот” бергач, ортимизга қайтдик. Ўн кун давомида Тўра Сулаймонни кашф қилдим. Мендан ёш жиҳатдан анча улуғ бўлган бу инсоннинг бошидан талай қийинчиликлар ўтган экан. Тўғри келган киши билан бирданига тил топишиб кетолмасди, покиза, ўта нозик таъб эди. Ижодий мулоқотлар устозларнинг суҳбатлари, тенгдошлар билан танишувлар менинг учун ўзига хос мактаб бўлди. Тўра Сулаймон Миртемир домланинг, мен устоз Қудрат Хикматнинг семинарида қатнашиб, йўл-йўриқлар олдик. Кенгаш охирида хотира учун суратларга тушдик, манзилларни алмашдик. Ўшга қайтач, 1960 йилнинг 20 октябрида Тўра акадан мактуб олдим. “Мулло Турсунбой Адашбой ўғлига ўзбекча салом!” каби самимий сўзлар билан бошланган хатни ўқигач “ҳайрият синовдан эсон-омон ўтибман” деб жавоб мактубини йўлладим. Шу тарзда хатлашиб турдик. 1962-1964 йилларда ўтказилган ўн икки кунлик кенгашларда ҳам Йўлдош отанинг болохонаси бизнинг асосий қўналғамизга айланди. Бу орада иккимиз ҳам ҳозирги миллий университетимизнинг журналистика факультетида сиртдан ўқий бошладик. Тўра Сулаймон бир курс юқорида бўлишига қарамай, қишки ва ёзги ўқув даврида бирга туришимиз учун ижарали хонадонларни олдиндан тайёрлаб, курсдош биродари, аравонлик шоир дўстимиз Талъат Солиев орқали саломини етказиб турарди. Қисқаси олти йил ёзу қиш палласидаги ўқиш жараёнида бир хонада яшадик.
1956 йилнинг баҳорларида “Совет Ўзбекистони” ҳозирги “Ўзбекистон овози” газетасида ўзбек фольклоршунослигининг отаси Ходи Зарифнинг ўқитувчи ва талабаларга мурожаат мактуби эълон қилинганди. Унда халқ достонларини, қўшиқ ва термаларини эл оғзидан ёзиб олиш масаласи ўртага ташланган эди. Янглишмасам, Тўра Сулаймоннинг халқ йўлида – бахшиёна ижод қилишига устоз Ходи Зарифнинг ана шу машҳур мактуби туртки бўлган. Сабаби, ўша кезларда барча республика миқёсидаги вақтли матбуот саҳифаларида Тўра аканинг эл оғзидан ёзиб олган термалари пайдар-пай чиқиб турарди.
Тўра аканинг мутойиба билан тўлиб-тошган мактубларини ўқиган киши, унинг қиёфасини кўз олдига келтириб, “наҳотки шундай жиддий инсоннинг ҳазилга ҳам уқуви бўлса?” деб ажабланиши мумкин. Чунончи: “Икки элнинг фарзанди, икки сигирнинг қип-қизил эмувчиси қўлбола иним”. Ёки курсдошим Ҳакимжон Ҳалиловникига рови келиб-кетганимни эшитган Тўра акадан куйидаги хабарномани олишим “Жон аямас. Жаҳон аямас иним, дўстим Турсунбойга. Жиззах томонларга ўтибсиз… Гулистонда ҳам бир кун изғибсиз… Нима жин урди?.. Бизни сўрамабсиз? Қайси шайтон йўлдан оздирди?..” Ўзга бир мактубида “Турсунбой! Поэзияни синдирдим, энди навбат прозага, келжакда драматургияни ҳам бир ёқлик қиламан шекилли… Хатлар солинган конвертларнинг устига “СирФА академигидан ҚирФА академигига” деб ёзиши одат тусига кирганди. Минг афсуски, Тўра Сулаймоннинг ўн иккита мактубида баён этилган самимий тилакларни, ижодий ишлар билан боғлиқ мулоҳазаларини тўла келтиришнинг имкони йўқ.
“Турсунбой!
Соғинчли саломлар! “Ўзбекистон маданияти” газетасида “Истар кўнгил”га ёзган тақризларингизни ўқиб бошим осмонга етди. Бу билан тўйга келмаганлигингизни оқлай олмайсиз. Анча сархуш бўлибман… Ўтган галги хатингизда ёзганингиздек, қиргиз халқ достончилигида аллетрация етакчи ўринда туришидан бехабар эканман. Тўғри айтасиз, ўзбек халқ достонларида қора сўз билан шеър бир-бирини тўлдириб боради, китобхон толиқмайди. Қирғизларда тескариси экан-да!.. Миртемир домла “Манас”ни ўгирган чоғида ўзбекларнинг дидини ҳисобга олиб, китобхонни вақтини ҳам тежабди-да… Турсунбой, декабрда дачага бориб ишламоқчиман. Келсангиз яхши бўларди. Иш унади”.
Соғиниб Тўра Сулаймон.
23.XI. 81 йил
Турсунбойга танқис тилаклар!

Яқинда Тошкентга тушган эдим, “Ёш гвардия” нашриётида Аҳмаджон
билан бир оз ҳангома қилдик. Сизни эсладик. Тўйингизга боролмаганим учун узр! Тафсилотларни Тоҳир Малик билан Шавкат Раҳмондан эшитдим. Бахтли бўлишсин! Айтгандай, қирғиз қалпоғи учун раҳмат! Иложи бўлса, шу юбораётган нарсани ҳам соф қирғизчага ағдариб юборинг. Илтимос”.
Тўра Сулаймон
СирФА академиги
(ҳазил)
ТурсунбойАдашбоев

Дўппи ҳақида қасида

1978 йилнинг куз ойлари эди. Ўзганлик таржимон ва журналист оғам Машъал Ҳакимовни бир кўриб қўйиш баҳонасида “Тошкент оқшоми” газета таҳририятига бордим.
Чоғроққина хонада Машъал ака ёзувчи дўстимиз Ўткир Ҳошимов ва қорамағиздан келган, чақноқ кўзли яна бир йигит билан учовлон гурунглашиб ўтиришган экан. Ўткиржон дарҳол мени ўринга таклиф килиб:
– Танишинг, шоир Муҳаммаджон Юсупов, Ўшга шундоққина қўшни Марҳаматнинг Қорақўрғонидан бўлади, – деб қочирим қилди.
Кейин, биз тўртовлон суҳбатни “Яшил гумбаз” чойхонасида давом эттирдик… Муҳаммаджонни ғойибона анчадан бери танирдим. Сабаби, у кезларда шеърлари вақтли матбуотда Муҳаммаджон Юсупов имзоси билан босиларди. Бундан ташқари Марҳамат туман газетасининг собиқ муҳаррири Қодиржон Тошболтаев, шоира Ҳалима Қорабоева, шоир биродарим Қ.Тешабоевлардан Муҳаммаджон ҳақида илиқ гапларни эшитгандим.
1990 йилда Ўш ва Ўзган воқеалари рўй берган таҳликали кунларда Муҳаммаджон билан Шавкат Раҳмоннинг укаси Маҳмуджонларнинг хонадонида, Ҳошимжон Носировларнинг уйларида тўрт кун бирга бўлганмиз. Ўша таҳликали дамларда, бозорларга қулфлар урилган, аттор дори-дармонини,
фурушанда бодом ва майизларини, деҳқон сабзи, пиёзини очиқ-сочиқ ташлаб кочган кезлар. Ўзбек билан қирғизнинг кўнглига бозор тугул, қил сиғмайдиган палла. Бироқ, шоир Анвар Обиджоннинг таъбири билан айтганда, “чипорлар” бозорнинг баланд панжараларидан ошиб тушиб, ўзларига керакли нарсаларни бемалол халта-хуржунларига солиб кетаётганлари, эт билан тирноқ оға-ини бўлган ҳар икки миллат вакилларига жуда алам қиларди… Биз Муҳаммаджонни Марҳаматга кузатиш баҳонасида Ўш бозори орқали ўтар эканмиз, эски танишим, ўша пайтларда “Литературная газета”нинг Қирғизистон бўйича мухбири Александр Иванов учраб қолиб, матбуот учун бирор сўз айтишимизни сўранди. Шавкат ҳам, Муҳаммаджон ҳам рўйихуш бермай, менга сирли қарашди. Икки ўртада қийин аҳволда қолганим учун Александрга бозорнинг ички тарафидаги манзарага ишора қилиб, “Отнинг ўлими итнинг байрами” деган мақолни айтиш билан чекландим, холос.
Кейинчалик, Муҳаммаджон билан қирғиз халқ оқини Тўқтағулнинг “Қанотли ўланлар” деб номланган қўлёзмасини нашрга тайёрлаш жараёнида ҳамкорлик қилдик. Чунки, бу салмокди асарни Шавкат Раҳмон иккимиз ўгирган эдик. У пайтда Муҳаммад Юсуф Ғафур Ғулом номидаги адабиёт ва санъат нашриётининг назм бўлимида хизмат қиларди. Тақдир тақазосига кўра, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида бирга ишладик. Ёш ижодкорларнинг турли-туман тадбирларида кўп бор иштирок этдик. Бундан ташқари, 2000 йили Тошкент вилоятининг Чиноз туманидан Муҳаммаджоннинг халқ нойиблигига номзоди кўрсатилган кунларда дўстим Сафар Барноевнинг ташуббуси билан икки кун ўша муборак кунларда ҳам бирга бўлдик.
Шеър қандай шароитда яралиши фақат ижод аҳлига хос бўлган сирли ҳолат. Кунларнинг бирида қадрдон оғам, таниқли адиб Муроджон Мансуровдан:
– Ака, Муҳаммад Юсуфнинг Сизга бағишлаган “Дўппи” сарлавҳали машҳур шеъри қандай яралган? – деб сўраб қолдим.
– Мен “Ёшлик” журналида, Муҳаммаджон “Тошкент оқшоми” газетасида ишлаб, хизмат юзасидан тез-тез учрашиб турардик. Мустабид тузумнинг ўзига хос чиғириқлари бўлиб, айниқса ижодкор ёшларнинг асарлари тегишли идоралар орқали синчиклаб кузатилар эди. “Ёшлик” журналининг навбатдаги хомаки нусхасини ўша идоранинг масъул вакили У. Мадкаримовага олиб борганимда, у менинг бошимдаги охори тўкилмаган дўппимга истеҳзо билан узоқ тикилиб тумшайди. Мен ўз навбатида бу синглимиз умрида дўппи кийган одамларни кўрмаган шекилли, деган хаёлга бордим. У ижирғаниб журналнинг хомаки вариантини кўздан кечирди ва Шавкат Раҳмон билан Усмон Азимнинг шеърларига эътироз билдирди. Ортимга хафагазак қайтар эканман, йўлда Мухаммад Юсуфни учратиб қолиб, дўппи билан боғлиқ юқоридаги воқеани унга айтиб бердим.
– Ғаройиб иш бўлибди, хафа бўлманг, Муроджон ака, – деб мийиғида кулиб қўйди…
Орадан кўп ўтмай иқтидорли шоир укам Муҳаммад Юсуфнинг қуйидаги бағишлови етакчи газеталардан бирида чоп этилди:

Дўппи
Адиб М.Мансурга
бағишлайман

Дўппи киймай қўйди одамлар,
Бир шоир, бир носирдан бошқа.
Сочлар силлик,
Силлиқ қадамлар,
У оғирлик қиляпти бошга
Рост дўппилар,
Ёлғон дўппилар,
Киноларда қолган дўппилар,
Чуст дўппилар,
Анжон дўппилар
Мунчоқдек Марғилон дўппилар
Сизни киймай қўйди одамлар.
Кўнгил эса кўрмоқ тусайди,
Маданият гуллаган дамлар,
Каллага эътибор сусайди.
Дўппи киймай қўйди одамлар,
На уйда ва на кўчада.
Шукур Бурхон,
Ғафур Ғуломлар
Ечган дўппи қолди токчада.
Бу қандай кўргилик, савдо,
Дўппи киймай қўйди халойиқ…
Бошга лойиқ дўппи йўкдир, ё
Бош қолмади дўппига лойиқ!..

“Галустукка мос тушди…”
Тўра аканинг ўзига хос эркаликлари бор эдики фақат унинг ўзига ярашарди. Аканинг қалтис пайтда қилган илтимосларига хатто оғамиз Саъдулла Сиёев ҳам ғиринг деёлмасди. Бу албатта Саъдулла аканинг Т.Сулаймонни ўта сийлаганидан бўлса керак. 1980 йилнинг май ойида С.Сиёевнинг 50 йиллик юбилейи ҳар жиҳатдан уюшган ҳолда ўтди. Адиб оғамизга тортиқ қилинган совғаларнинг орасида энг ноёби оппоқ чармдан тайёрланган сумка эди. Тўра ака иккиланиб ўтирмай;
Саъдулла, мен шундай гўзал сумкаларга ярашиқли ижодкорман. Рози бўл, – дея менга юзланиб, – Турсунжон бугун сеникида қўноқ бўлмоқчиман, қани кетдик, – деди.
Ўша пайтларда Юнусободда ижарали уйда яшардик. Уйга келсак талаба ўғлим Муроджон дарс тайёрлаб ўтирган экан. Тўра ака ўғлимни ёшлигидан танигани учун тезда тиллашиб кетди. Талабанинг дазмолланган, аммо анча уриниб қолган кўйлакларидан олиб ўзига ўлчаб, кийиб кўрди ва галустугини яхшилаб боғлади.
– Талабадан СирФА Академигига муносиб шу кўйлак экан, рози бўл! Ёқаси яхши, галустукка мос тушди, – деди. Ўғлим хижолат, мен зимдан унга ишора қилдим.
Тўра ака ўрнидан туриб қизил сумкасини очиб, ялтироқ қоғозга ўралган оппоқ кўйлакни Муроджонга қўш қўллаб тутди.

“Морец красный нос…”

1970 йилларда бизларга сабоқ берган А.Аюпов, Г.Н.Соксонова, А.Шомақсудов ва Ю.А.Мориц сингари домлаларимизга имтиҳон топширгани анча-мунча талабаларнинг юраги дов бермасди. Айниқса рус тили фани бўйича ўқитиладиган фанлардан Тўра ака ҳам ўзимиз қатори эди. Юрий Александрович Морец Некрасовнинг ижоди бўйича таниқли мутахассислардан бирийиди. Ўша кездаги кураторимиз Карим Саодатовдан Тўра ака иккинчи марта йўланмани олгач, Талъат Солиев иккимиз оғага жиловдор бўлиб Хадрадаги журналистика факультетининг иккинчи қаватидаги имтиҳон олинаётган хонани топдик. Кун иссиқ бўлгани учун эшикнинг қанотлари очиқ турарди. Домла Тўра акага кўзи тушди шекилли, ичкарига таклиф қилди. Қулоқларимиз динг.
– Товарищ Сулейманов, берите билет, – деди Тўра ака столга териб қўйилган билетлардан бирини кўтарди.
– Какой билет?
– Шестой!
– Что за вопрос?
– Мориц красный нос!
– Что!!! Оқ-сариқдан келган домламизнинг рангги-рўйи кескин ўзгариб, – вон отсюда! – деди жаҳл билан. Талаба хангуманг. Биз кулгидан ўзимизни тиёлмаймиз. Ака йўлакка чиққач, одатдагидай бизни “Сволочлар!” дея сўкиб, воқеага аниқлик киритишимизни сўради.
– Сиз олган билетдаги биринчи савол, Никрасовнинг “Мороз красный нос” поэмаси эди. Уни ўзбек тилига устоз Миртемир домла “Изғирин қизил бурун” деб таржима қилган. Мороз билан Морицни сал алмаштириб қўйдингиз холос, – дедик. Акахонимиз одатдагидай рус тилини “абжағини” чиқарганлигини тан олиб, қотиб-қотиб кулди.
Совуқ гап…

Кунларнинг бирида Миртемир домлани зиёрат қилгани уйларига бордик. Миржалол халталаримизни олиб ичкарига бошлади. Меҳмонхонада устоз москвалик таржимони Рувим Моран билан шакаргупторлик қилиб ўтиришган экан. Меҳмон гурунгни умр ўткинчи эканлигига буриб “дунё омонат, қариб қолдик” деб европаликларга хос тарзда дангал сўзлагани икковимизга ҳам бироз малол келди. Арман шаробининг таъсири тегдими Тўра ака, – Турсун, меҳмон совуқ гап қилаяпти, тизгинни тортаман шекилли, – деб шивирлади. Мен “қўйинг” дея бошимни сарак-сарак қилдим. Миржалол келтирган қовурма газакдан тамадди қилгач, устоз яна бир пиёладан шароб узатди. Орадан кўп ўтмай Тўра ака тўсатдан;
– Дорогой Рувим! Зачем такой холодный разговор? – деса бўладими… меҳмон хижолат бўлиб гоҳ Миржалолга гоҳ менга қарайди. Гап нима ҳақда бораётганлигини тўлиқ англамаган Миртемир домла қулоғига кафтини қўйиб энгашиб; – Тўражон нима дедингиз? – сўраб қолдилар. Тўра Сулаймон меҳмонинг совуқ гапларини ўзига хос оҳангда шарҳлади, – устоз тиззасига уриб қотиб-қотиб кулди ва русча муқобилини Рувим Моранга ҳам тушунтиргач, қаҳ-қаҳа авжига чиқди. Тўра ака ҳар галгидай расмий тилни яна “абжағини” чиқарганлигини тан олгач, қўналғамизга етгунча кулиб бордик.
Харьков-33

Тўра Сулаймон ўта дидли, йиғинчоқ бўлганлиги учун сафарда, кундалик ҳаётда керак бўладиган, хатто атторнинг қутисидан ҳам топиб бўлмайдиган зарур буюмларни харид қилиб бизнинг кўзимизни куйдирарди. 1960-70 йилларда машҳур бўлган Украинанинг Харьков шаҳрида ишлаб чиқарилган соқол оладиган янги электр машинкани кўз-кўз қилиб, ҳар куни эрталаб иягини қиртишлай бошларди.
– Калга темир тароқ, кўсага машинка ярашади, – деб ғашига тегардим.
– Орадан бир ҳафта ўтмай, Тўра ака ҳудди ўша машинкани, – СирФА академиги ғирт, кўса Тўра Сулаймондан хаваскор кўса, ҚирФа академиги мулло Турсунбой Адашбой ўғлига, – деб каминага тортиқ қилганди.

Ассалому алайкум Убайдулла ака!

Тўра Сулаймон одатда имтиҳонлардан қутилиб, дарслар енгиллаган маҳалларда оппоқ қоғозга эртага қайси редакцияларга, қайси вақтда боришини ёзиб, “маршурут қоғозини” тайёрлаб қўярди. Кунларнинг бирида белгиланган йўналиш бўйича Навоий кўчаси орқали пиёда “Муштум” журнали редакциясига Саъдулла Сиёевнинг ҳузурига қараб сафар тортдик. Ғафур Ғулом номидаги адабиёт ва санъат нашриёти гуллаган маҳаллар. Олисдан башанг кийинган, бошига папаха қўндирган, анашу нашриётнинг бошлиғи устоз Ҳамид Ғулом кўринди. Тўра ака шошиб, Турсун, Ҳамид Убайдуллаевич келаяпти, – деб шипшиди. Мен атай, – танимас эканман, – дедим. У, – сволоч, – дея бир четга чирт эттириб туфлади. Сўнгра одатига кўра, Ҳамид Убайдуллаев, Ҳамид Убайдуллаевич, – деб қайта-қайта машқ такрорлаб борарди. Мен Ҳамид ака билан суҳбатдош бўлмаганим учун орамиздаги масофа яқин қолганда ўзимни четга олиб оҳиста юра бошладим. Тўра ака ҳамон “вич” қўшимчаси билан айтиладиган исми шарифларни такрорлаб келарди. Қулоқларим лакаторга айланган. Устоз рўбарў келган чоғда, ҳамроҳимизнинг, – ассалому алайкум Убайдулла ака! – деган сўзлари жаранглади. Чамамда акани устознинг салобати босди шекилли. Ҳамид Ғулом ўз навбатида оғир-босиқлик билан, – Ва алайкум ассалом, мулла Тўражон, – деб эркалатиб сўрашди.
Менинг учун ҳазилга баҳона топилган эди. Тўра ака тушмагур, – вичини қўшмасам Асакам кетармиди. Бу дунёда ўзимизнинг салом устоз! – сўзидан улуғроқ гап йўқ экан, – деб кўпга қадар изтироб чекиб юрди.
Эзиб ички

Тўра Сулаймон камроқ ухлаб, кўп ўқирди. Тунда ишлашни маъқул кўрарди. Қизил сумкасида кўлвори илондан тайёрланган каплама ва эзиб ички узилмасди. Бир куни, – Турсунбой, Саъдулла кутаяпти бугун уникида меҳмон бўламиз, – деб қолди. Ўзимизга яраша бозоримизни қилиб Юнусободга йўл олдик. Хонадон бекаси синглимиз Ширин лаззатли таомлар билан бизни сийлади. Уччовлон бироз улфатчилик ҳам қилдик. Кейин Саъдулла ака иккимиз бир хонада, Тўра ака эса айвонда ётадиган бўлди. Меҳмоннинг илтимосига биноан Ширин катта чинни косада памил чойни тайёрлаб берибди. Оғамиз чиннидаги чойга эзиб ичкидан аралаштириб шифонернинг устига яширганлигини пайқаган Саъдулла ака меҳмон қўл ювгани кирган кезда чиннидаги чойни алмаштириб қўяди. Ётар чоғимизда бу ҳақда мезбон каминага шипшитгач, уйқумиз қочди. Май ойи бўлгани сабабли ўрта эшик ва деразалар очиқ. Бироз мизғиган бўлдик. Кулгидан ўзимизни тиёлмаймиз. Саҳархез ака тушмагур аллақачон туриб олганди. Кастим елкада елвагай соат беш. Кўрпани дурбун қилиб акани кузатяпмиз. Бир маҳал шипонер устидаги косани олиб, сўрининг ёнига чўкиб эзиб ичкидан пичча татиб кўргач, таъми ёқмади шекилли, – сволочлар! – деб чинни косани зарда билан кўчага улоқтирди. Саъдулла ака ҳеч нарсани билмагандай ўрнидан туриб биз ётган хонадаги дераза рахтидаги корсонни меҳмонга узатди. Тўра аканинг чеҳраси ёришиб, чиннидаги яхна эзиб ичкини ихлос билан шимириб, ҳудди қимиз ичгандай томоғини тақиллатиб, –қойил! – деди мамнун оҳангда.
Ҳеч бўлмаса, Раступинни айтмадия занғар…

Устоз Сарвар Азимов Ёзувчилар уюшмасини бошқарган 1980 йилларда жуда кўпчилик ижодкорлар уйлик-жойлик бўлишган. Машиналар харид қилишган. Мустабид тузум даврида Марказ уюшма аъзоларининг сифатига эмас, сонига қараб маблағ ажратарди. Сарвар Олимжонович шунга кўра, вилоятларда уюшманинг кўчма йиғилишларини ўтказиб, жойлардаги шоир ва ёзувчиларни аъзоликка қабул қилиш русумини жорий этганди.
Навбатдаги қабул Гулистон шаҳрида бўлди. Тўра Сулаймон сирдарёлик ижодкорларнинг раҳбари бўлгани учун жиддий тайёргарлик кўрилди. Атоқли шоир марҳум Машраб Бобоев шу вилоятга кураторлик қиларди. Аъзоликка номзодларнинг орасида “Сирдарё ҳақиқати” газетасининг ходимларидан бири, анча-мунча ҳикоялар ёзиб, Тошкентдан келган ижодкорларни шахсий машинасида учрашувларга олиб бориб Тўра акага кўмаклашиб турадиган йигит ҳам рўйхатга тиркалганди. Ниҳоят қабулга кириш навбати газета ходимига келди. Ҳайъат аъзоларининг салобати босдими, журналист саволларга жавоб беролмади. Ачинарлиси 1960 йилларда адабиётимизга кириб келган адибларни ҳам айтолмади.
Машраб Бобоев Тўра Сулаймон билан кўз уриштириб олишди. Ҳайъат аъзоларидан бири вазиятни юмшатиш ниятида, – рус ёзувчиларидан кимларнинг асарларини ўқигансиз? – деб сўради. Номзод яна лом-лим деёлмади. Газета ходими ноқулай аҳволга тушмаслиги учун аванс тарзда у аъзоликка қабул қилинди.
Йиғилишдан кейин Машраб Бобоев нолиган оҳангда Тўра Сулаймонга қараб, – бу биродаримиз на Шукур Холмирзаевни ва на Ўткир Ҳошимовни билмасая? Рус ёзувчиларидан Лев Белов, Василий Шукшинларни ҳам ўқимаган экан-да, – деб хижолат бўлди.
Тўра Сулаймон ўз навбатида Машраб Бобоевнинг изтиробларига ҳамдардлик билдирмоқчи бўлиб, – Машрабжон жуда тўғри гапирдингиз, бу зинғар ҳеч деганда Раступинни айтса бўларди-ку! (Тўра ака Распутин демоқчи).
Акахонимнинг бу сўзлари даврада турганларнинг кутилмаган қаҳ-қаҳасига сабаб бўлди.
“Лев Толстойнинг ашадий мухлиси”

Наманган вилоятида ўтган адабий учрашувлар мазмунли бўлди. Адабиётимизнинг мухлиси, шаҳар газ бошқармасининг бош инжинери, Турғунпўлат Сулаймонов қадрдон дўстимиз Ҳабиб Саъдулланинг энг яқин жўраларидан бири эди. У хайрлашув олдидан шоирларга жаҳон шеърияти вакилларининг асарларини, таниқли адиб Саъдулла Сиёевга эса Лев Толстойнинг тўрт жилдлик энг ноёб сайланмасини тортиқ қилди.
Шу маҳал Тўра Сулаймон кутилмаган илтимос билан Саъдулла Сиёевга юзланди, – укагинам, мен Лев, Лев Толстойнинг ашадий мухлисиман-ку, бу китоблар сендан менга муносиб совға бўлди, – дея уларни халтасига солди.
– Тўра ака, сиз бу китобларни бирибир ўқимайсиз-ку, – иддао қилди Саъдулла ака.
– Тўғри айтасан, аммо уйимизга келган айрим меҳмонлар кутубхонамда буни кўрса, Тўра Сулаймон хатто Лев Толстой билан ҳам гурунглашган экан-да дейиши мумкин…
Оғамизнинг турган битгани латифа эди

Насиб этса, Тўра Сулаймоннинг собиқ ўқитувчимиз Г.Н.Саксоновага қай тарзда имтиҳон топширганлигини, Ўшга боргунча Наманган билан Андижонда юз берган ҳангомаларни, адиб Йўлдош Шамшаровни Гулистонда қандай меҳмон қилганлигини қоғозга тушириш ниятим бор.
Шунингдек, аканинг туғилган қишлоғида олтмиш ёшлиги қай тарзда нишонлангани, энг яқин дўстим марҳум Йўлдош Сулаймон билан Баҳмал йўлларида рўй берган ичак узди ҳангомаларни эса етук олимларимиздан бири Қозоқбой Йўлдошев кифтини келтириши мумкин.
Тўра ака вафотидан бир ойча аввал Тошкендаги суюкли қизи Юлдузхоннинг уйидан каминага қўнғироқ қилиб, Қозоқбойни андижонлик адабиётшунос Валижон Қодировни таклиф этиб меҳмон қилгани ҳамон кўз ўнгимда. Ўзбекистон халқ шоири Тўра Сулаймон мендан беш ёш улуғ эди. Акадан ижодкор дўстларга муносабатни, оқибатни, мактуб ёзиш санъатини ўргандим. Укаларга садоқат ва йўқлов борасида бизга ҳамиша ибрат бўлган.
Хотираларимга нуқта қўйишдан аввал ҳар иккимизга улкан муруватлар қилган буюк устоз Миртемирнинг икки минг ўнинчи йилда 100 йиллиги муносабати билан ўтказилган хотира тадбири билан боғлиқ қуйидаги ҳангома шеърни ҳам адабиётимизнинг зукко мухлисларига илиндим.

Устознинг ўзи келар

Ёзувчилар уюшмаси,
Адибларнинг паккаси.
Бу ер – ижод аҳлининг,
Мадинаси – Маккаси.

Шу манзилда нишонланар,
Қутлуғ кунлар, саналар.
Кутулмаган ҳангомалар,
Шу гўшадан таралар.

Ўртакашлар топган чоғи,
Собиқ раҳбар кўнглини.
Маъсул котиб қилди улар,
Бир олимнинг ўғлини

Исми улуғ бўлсада,
Бироз думбулроқ экан.
Адабиёт оламидан,
Анчайин йироқ экан.

Ҳа, икки минг ўнинчида,
Наврўз пайти март эди.
Шу сабабдан уч-тўрт тадбир,
Ўтказмоқлик шарт эди.

Миртемирнинг юз йиллиги,
Энг муборак кун эди.
Меҳмонларга жой етишмас,
Мухлислар мамнун эди.

Масъул котиб шу паллада,
Жадал келиб қошимга.
Сўраб қолди, – юбилярни,
Ким обкелар мошинда!

Товонимни тешса ҳамки,
Масъул котиб сўзлари.
Дедим, – устоз жуда бардам,
Келадилар ўзлари

Категория: Турфа тақдирлар | Добавил: albine (30.11.2014)
Просмотров: 1734 | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Имя *:
Email *:
Код *:
Форма входа

Поиск

Друзья сайта
  • Официальный блог
  • Сообщество uCoz
  • FAQ по системе
  • Инструкции для uCoz

  • Copyright MyCorp © 2025Конструктор сайтовuCoz