ТЎЙДА ВАЛЬСГА ТУШГАНИ УЯЛМАЙСИЗМИ, КУЁВ БОЛА?
Тасаввур қилинг, катта издиҳомдасиз. Йиғилганлар орасида танишдан кўп нотаниш. Тағин кўпчилиги маст-аласт эркаклар. Шундай даврада сиз жуфтингиз билан қучоқлашиб, рақсга тушишингиз талаб қилиняпти. (Бепарда сўзлар учун муштарийлардан узр сўраймиз)
Келинг, гапларимиз тушунарли бўлиши учун эркакларга мурожаат қилсак. Хуллас, бир тўда ошна-оғайнингиз сузилиб-тўкилиб сиздан хотинингиз билан давра ўртасида қучоқлашиб, суйкалашиб ўйинга тушишни талаб қилишяпти. Ҳа, сўрашмаяпти, айнан ТАЛАБ қилишяпти. Буни қарангки, хотинингиз жуда ҳам очиқ кийинган. Кўкрак, елка, қўл намойишкорона тарзда очиқ. Сиз эса хонимингизни секин қучиб, ўйинга тортасиз. Хонимингиз ҳам қучоғингизга тиқилиб, суйкала бошлайди. Атрофда танишу бегона эркак еб қўйгудек тикилиб турибди…
ДунёҚарашимиз Ўзгаряпти, аммо…
Ажойиб манзара-а? Бу ҳолат сизу бизга нотаниш эмас. Ахир эркак-аёлнинг қучоқлашиб вальсга тушиши «новий узбек»лар урфга киргизган қилиқлардан бири. Битирувчи синф ўқувчиларига ҳам «Сўнгги қўнғироқ» куни вальс қилдиришади, никоҳ тўйи бўлаётган келин-куёвни ҳам вальсга тушириб, кетидан «горька, горька» қилдириб, етмаганига келиннинг дугоналарига ҳам тезроқ куёв чиқишига ишора қилинадиган ирим — гулдаста оттиришади, олтмиш, етмиш ва ҳоказо ёшлик юбилейини ўтказаётган чолу кампир ота-онасини ҳам вальс тушишга мажбур қилишади. Баъзи одамларнинг руҳияти ўзгаряпти, аммо бу ўзгариш минг йиллар давомида сайқал топган, андиша, ҳаё, қадр-қиймат, ўзгаларга ҳурмат-иззат каби одамийлик фазилатлари тажжассум топган қадриятларимизга путур етказмоқда.
Оналарда андиша бўлмаса…
Қизини узатаётган таниш аёлнинг гапларидан энсам қотиб, мулзам қилдим.
«Қизимни узатаяпман, тўйда хорижий мусиқага эмас, ўзимизнинг ўзбекча мусиқага вальсга тушишини айтдим», деяпти оғзини тўлдириб.
«Э, уялмайсизми, она бўла туриб гапираётган гапингизни қаранг. Қизингиз вальсга тушаман деса, оғзини ёпиб ташламайсизми?», десам индамади. Оналар шундай деб турганда қизлардан нима кутиш мумкин?! Никоҳ тўйида атрофдагилардан уялмай, вальсга тушадиганлар эртаси куни қайси кўз билан қайнона-қайнотасига, оиланинг катталарига кўринаркинлар-а?
Айримларнинг сийратидан андиша кўтариляпти. Бир пайтлари янги куёвлар қайнотасига кўринишга хижолат бўлиб юришарди. Ҳозирги йигитлар уялмай қайнотанинг олдида қизи билан қучоқлашиб ўйинга тушишади. Бепардалик, юзсизлик ҳам эви билан-да, дегинг келади шундайларни кўрганингда…
ўарбнинг салбий одатларига юриб эмас, югуриб бораётган айрим «замонавий»ларнинг бу каби қуюшқонга сиғмас қилиқлари ҳақида кўп ёзилди. Оммавий маданият тарғиб қилаётган маданиятсизликлар сирасига кирувчи никоҳ тўйлари билан боғлиқ янгича «закун»лар хусусида-ку айтилмаган гап, ёзмаган журналист қолмади. Аммо эпақага келиш ўрнига, беўхшов қилиқлар, ярашмаган майнавозчиликлар авж олмоқда.
Синаш учун…
- Айрим ўзини «замонавий» деб ҳисоблайдиган, паспортининг «миллати» деган жойига «ўзбек» деб кўрсатилган ўзбек қизлари очиқ-сочиқ кийинишни фожиа ҳисобламайдилар. Вальс тушишни-ку гапирмай қўяверай. Афсуски, олий маълумотли, зиёли, оқ-қорани таниган баъзи қизлар никоҳ тўйларида келин-куёвнинг бир-бирига эҳтиросли суйкалиб вальс тушишини одоб-ахлоққа ҳам, миллийликка ҳам, динга ҳам ҳеч қанақа зиёни йўқ, деб ҳисоблар эканлар…
Ижтимоий тармоқлар фойдаланувчиларига «Никоҳ тўйларида келин-куёвнинг вальсга тушишига қандай қарайсиз? Бу ҳол миллий менталитетимизга нечоғли тўғри келади?» деган савол билан мурожаат этдик. Муҳокамаларда иштирок этган айрим қизларнинг вальс тушмоқчи бўлган келин-куёвларни ёқлаб муносабат қолдирганлари бизни таажжубга қолдирди.
Бир ҳамкасб синглимиз келин-куёвларнинг вальсга тушишини миллийликка тақамаслигимизни сўраб иддао қилган эканлар, уларга жавобан бошқа бир йигит юртдошимиз шундай фикрларни келтирибдилар:
«Ундайларга қарамай ўтаман!..»
…Миллийликка зарари йўқ, деб ҳисобласак, ҳали кўп нарсаларни қабул қилишимиз керак бўлади. Вальсдан бошқа яна кўп бўлмағур одатларни бемалол урфга айлантирсак бўлади. Бўлмағур, кераксиз дейишимга сабаб, вальс глобаллашув даврининг маҳсули эмас. Қолаверса, вальс билан миллийлигимиз ҳеч нарса топмайди, нафақат миллийлик, умуман жамият ҳеч нима топмайди. Аммо йўқотиши мумкин, қайсики, одоб-ахлоқимизга, миллий қадриятларимизнинг оҳори тўкилиши оқибатида ўзлигимизни йўқотишга дуч келамиз. Шундай экан, нима кераги бор ортиқча қилиқларни. Рақс бўйича мутахассисларни тушунса бўлар, «касби шу-да» деб, лекин вальсга тушаман, деб тўйдан бир ой аввал репетитор ёллайдиганларни ҳеч қанақасига оқлаб бўлмайди…
- Қўяверинг, ўйнаб қолишсин. Йигит номуссизлиги, ҳамиятсизлиги, орсизлигини байрам қилсин, - деб ўз муносабатини қолдирибди яна бир ҳамкасбимиз. — Кўр-кўрона бировларга тақлид қиладиган эси пастлигини кўрсатиб қўйсин. Ҳамма кўрсин! Қиз ҳам ҳаёсизлиги, тарбия кўрмаганлиги, эртага ҳақиқий эр бўладиган, вафодор ёр бўладиган ўғил-қизларни тарбиялашга ярамайдиган ношудлигини элга намойиш қилсин! «Вальсга тушишларига қандай қарайсиз?» дебсиз. Яхшиси, уларга қарамай ўтаман. Шармандаликка индамай қараб туриш ҳам шармандалик, орсизлик… Миллат виқорини зимдан, ҳатто ошкора кемираётган ғарбона, ғайриахлоқона бундай иллатлар муроса қиладиганларнинг маънавий дунёси ғарибдан ғариб, қашшоқдан қашшоқ. Ундайлар ҳақида бундан ортиқ яна нимани гапириш мумкин, билмадим…
- Оддий қилиб айтганда, никоҳ тўйида бўлажак рафиқасини қўлтиқлаб вальсга тушаётган куёв йигит ҳали эркак бўлиб шаклланмаганини ҳаммага шу қилиғи билан кўрсатиб қўяди, — деб юқоридаги саволга муносабатини қолдирибди бошқа бир ижтимоий тармоқ фойдаланувчиси.
Яшаш қийинлашиб кетдими?
Вальсга тушишни ёқлайдиганларнинг аксарияти қизлар экани мулоҳазага толдиради кишини.
Шаҳримиз тўйхоналари билан боғланиб, келин-куёвларга вальс тушишни ўргатадиган репетиторларнинг нархи билан қизикдик. Ўзини В. деб таништирган балетмейстер бир ойлик машғулоти нархи 200 АҚШ доллари эканини айтди. Унинг айтишича, шаҳарда энг арзон балетмейстер у экан, бошқалари 250-300 АҚШ долларидан камига ўргатмас эмиш…
Тағин «Яшаш қийин бўлди», деб нолиб қўйишимиз ортиқча…
Қачон қутуламиз?
Бу манқуртликдан халос бўладиган пайт қачон келаркан? Қачон ўзбек йигити дўпписидан ор қилмайдиган, ўзбек қизи этаклари узун қилиб тикилган атлас кўйлагидан УЯЛМАЙДИГАН бўлади? Қачон келин кўйлаклар салонида келинчакларга мўлжалланган ўзимизнинг адрасу атласлардан, шойи кимхоб матолардан тикилган бежирим, ўзбекона кўйлаклар кўзни қамаштирар экан, қачон куёвларимиз Бухоронинг тилла зарлар билан безалган зарбоф чопонлару, саллалари билан гўшангаларга кирар эканлар?..
Ҳойнаҳой, бу орзуларимиз «замонавий»ларнинг ғашига тегиб, «сенга ёққани учун ҳамма ўша кийимларни кийиши керакми?!» деган истеҳзо билан қош чимиргандирлар. Шундайларга айтадиганимиз: айтайлик, сиз хорижий давлатда ёки юртимизда бирор-бир чет эл фуқароси билан ҳамсуҳбат бўлиб қолдингиз. У сизга шундай савол берса: «Қайси миллат вакилисиз? Миллий кийимингиз қанақа? Миллатингизнинг ўзига хос қандай урф-одатлари бор?». Бу саволларга жавоб бера оласизми? Майли, кимнидир қўяверинг, ўзингиз юрагингиз, виждонингиз олдида шу саволларга жавоб бера оласизми?..
«Болам, сен ЎЗБЕКсан!»
Баъзилар ғарбдан оқиб келаётган ҳар турли нарсаларни шундоқ кўчириб олишяпти. Миллий қадриятлар оҳори тўкилаётгани, заифлашаётгани ҳақида қанча кўп гапирилмасин, таъсири сезилмаяпти. Нега? Негаки, фитратимизда ўзбекона одатларни шакллантирадиган тарбиядан узоқлашиб боряпмиз. Фарзандларини «Сен ўзбек фарзандисан!», «Сен ўзбек қизисан!», «Сен ўзбек йигитисан!» деган фикрда собит қилиб тарбиялаётган оилалар камайдими? Бу ҳолатда қандай қилиб болаларимиздан ўзбекона тарбия, андиша ва ҳаё талаб қила оламиз? Ўғил болаларга улар жуда ёшлигидан опа-синглисини бегона кўзлардан асраши кераклигини уқтирмай, болакайлар тийнатида ҳақиқий эр йигитга хос фазилатларни шакллантирмай туриб, уларнинг ғарбга тақлидона омма кўз олдида аҳли аёлини кўз-кўз қилишидан ранжишга неқадар ҳақли эканмиз? Қизалоқларимизга оппоқ елкалари, момиқ билаклари, оппоқ сонларини кўринадиган қилиб хорижий услубда тикилган калта-иштонча, енги йўқ сарафанчаларни кийдириб қўйиб улар катта бўлгач, «очиқ кийинади», деб вовайло қилиб юришимиз қай мантиққа тўғри келади?..
Хулоса ўрнида
Келин бўлганда кўкраги очиқ кўйлак кийиш, гулдаста отиб келиндан кейин ким эрга тегишини башорат қилиш, келин-куёвнинг қўлтиқлашиб, фотосессия қилиши ва ҳамманинг кўз ўнгида бир-бирига эҳтирос билан тикилиб, вальсга тушиш каби иллатларни йўқотиш учун аввало фарзандларимиз фитратини тозартиришимиз шарт. Сиз нима дейсиз, азиз газетхон?
Умида АДИЗОВА
|