Эски дафтардан
– Ҳадеб тўқиб ёзавермасдан, жойларга ҳам боринглар, жараённи ўрганинглар…
Муҳаррирнинг бу гапи, негадир, айнан менга қарата айтилгандай бўлди. Мажлисдан чиқдик ҳамки, ёзиш кайфияти тарк этмади. Мухбирлигим тутиб кетди. Дарров қоғоз-қалам билан қуролландим.
– Тинчликми? – сўради хонадош ҳамкасбим.
– Бир айланиб келайлик-чи…
У ниятимни тушунгандай бўлди, чоғи, эътироз билдирди:
– Бе, қизишганда айтди-қўйди-да. Вақтингизни (пулингизни демоқчи) кетказиб нима қиласиз? Борсангиз ҳам ўша гап, бормасангиз ҳам…
Мен ҳам худди ҳамиша вақти тиғиз одамдай бўш келмадим:
– Ҳеч бўлмаса, ҳаво алмаштириб келамиз-да.
Мана, диққинафас хонадан чиқиб олдим. Бу ёғи эркинлик. Ҳозир янги қурилган мактаблар ҳақида кўп гапириляпти. Бирортасига бораман-у, кўрганларимни қоғозга тушираман. Қарабсизки, аканг ўргилсин мақола тайёр-да.
Йўлга тушдим. Яқин-атрофда мактаб дегани кўринавермади. Ниҳоят, сўраб-суриштириб битта умумтаълим даргоҳини топдим. (Қизиқ, нима учун айнан мактабга боргим келиб қолди?)
Агар ёзиб қўйилмаганида бирорта катта ташкилотдир-да, деб адашиб ўтиб кетаверардим.
Дарс пайти бўлса керак, ҳеч ким кўринмайди. Бир қиз пайдо бўлди.
– Ассалому алайкум, – сўрашдим у билан.
– Яхшимисиз…
Ишга янги келган, шекилли, журналистлар билан гаплашишни билмайди-да.
– Мен газетаданман. Мактабингиз ҳақида ёзмоқчи эдим. Шунга…
– Ассалому алайкум! – қизнинг чеҳраси бир лаҳзада мутлақо бошқача қиёфага кирди. – Унда раҳбаримиз билан гаплаша қолинг. Юринг, хоналарини кўрсатаман.
Қиз мени башанг кийинган бир аёл билан учраштириб қўйди-ю, йўқолди-қолди. Бу опа мактаб раҳбарининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари (буни қоғозга қараб ёзиб олдим) экан. Директори иш билан қаёққадир кетибди.
Опа мақсадимни билгач, мактаб ҳақида жўшиб ҳикоя қила бошлади. Нима деганини ўзи ҳам тушунмади, чамамда. Рус мактабида ўқиган эканми, ҳар икки гапнинг бирида ўрисча сўз қўшади.
– Ўқувчиларнинг ўзлари билан ҳам суҳбатлашайлик, – дедим сабрим чидамай.
– Ҳозир…
Беш дақиқа ўтар-ўтмай, опа ёнида бир бола ва қизча билан кириб келди: – Энг аълочи ўқувчиларимиз. Гаплашиб кўринг-чи…
Дастлаб қизча гап бошлади. Шеър ёдлагандай ифодали, дона-дона қилиб сўзлай кетди: “Мактабимизда ҳамма шароитлар етарли. Ўқитувчиларимиз бизга чин дилдан таълим-тарбия бермоқдалар. Уларнинг сабоқлари, албатта, бизга ҳамиша ёрдам беради. Биз ёшлар ҳам аъло ўқишимиз, намунали хулқимиз билан уларнинг ишончини оқлашга ҳаракат қиламиз…”
Турли саволлар билан суҳбат мавзусини ўзгартиришга ҳар қанча уринмай, бўлмади. Ҳар гапида опага қараб-қараб қўяётган қизча, ниҳоят, у кутган охирги гапни айтди: “Ватанга муносиб фарзанд бўламиз”.
– Сизга тенгдошларингизнинг қайси жиҳатлари ёқмайди? – жўрттага илмоқли савол ташладим гапиришга навбат кутиб турган ёнидаги болага.
– Тўғрисини айтаверайми? – деб сўради у.
– Ҳа-да, – дедим мен ҳам шошиб боланинг “тўғри” сўзидан жўяли бир фикр оларманми деб.
– Мени тенгдошларим ҳеч тушунишмайди, – катталардай хўрсинди у.
– Нега? – сўрадим баттар ажабланиб.
– Китобий тилда гапирасан, дейишади. Бу кўп китоб ўқиганимдан бўлса керак…
Хазина топган кишидай кўзларим чақнаб кетди: китоб ўқийдиган ёшлар бор экан-ку!
– Дейл Карнегини биласизми? – кутилмаганда мендан сўради бола. Тасдиқ жавобини олгач, давом этди: – Ҳозир унинг қандай қилиб дўстлар орттириш ва одамларга таъсир ўтказиш мумкинлиги хусусида ёзган китобини ўқияпман…
Бола, ҳақиқатан ҳам, китобий тилда гапирарди. Мухбир бўла туриб мен у айтган баъзи сўзларни мақолада ҳам ишлатмайман.
– Тенгдошларим ҳам ўқиса, изланса, дейман. Юртимизнинг келажаги билимли ёшлар қўлида…
Бояги қиздан фарқли ўлароқ у чиройли гапиришга бор эътиборини қаратганди. Ўртоқлари нима учун уни “тушунмагани”ни мана энди тушундим. Ҳафсалам пир бўлиб, опага юзландим: “Яна бошқа ўқувчиларингиз борми?” “Бор”, – жавоб берди опа “Ёқмадими?” дегандай қилиб. Охири кичик бир учрашув ўтказиш таклифини айтди. Залга мактаб ўқувчилари йиғилди. Ўринбосар опа тантанали равишда мени таништирди:
– Ҳурматли ўқувчилар! Бугун мактабимизга газетадан …вич ташриф буюрдилар.
Исм-фамилиям бирор марта бу қадар чиройли жарангламаган бўлса керак. Ғалати бўлиб кетдим. Кейин у мени ва ҳали ўқиш тугул, номини ҳам эсдан чиқариб қўядиган газетамизни шундай мақтадики…
Яхшиям, “ташриф буюрганим”. Бўлмаса, ўзимнинг шунчалик обрўли инсон эканимни билмай, бошлиқнинг сўкишларини эшитиб юраверар эканман.
Хуллас, мактабдан тайинли бирор янгилик тополмадим. Энди нимани ёзаман? Ўзимни, газетамизни мақтайманми? Кўрган-билганларимни рўй-рост ёзиб (озгина ёлғон ҳам аралашди ёв), бошлиққа бердим. Кутганимдай мақола “ўтмади”.
Хайриятки, ўринбосар опа таклиф қилган тушликка қолмаганим. Акс ҳолда…
Беҳзод ФАЗЛИДДИН