Туяқушнинг тухуми қўйилмаган тўй
Олти ойдан буён Ўртасой аҳлининг оғзидан Абдибой тушмайди. Ҳамманинг ўй-хаёлида унинг тўйи.
– Тўйга Озодбекни гаплашибди, – деди тунов куни бекатда Шакарой қатиқчи. – Яхши бўлди, шу баҳонада Озодбек билан расмга тушаман.
– Озоднимас, қўшни, – лаб бурди ҳамкасби Лобар янга – Гулсанамни гаплашибди. Қизиқ, тўйда ошни ким дамларкин?
– Эримнинг айтишича, Қорабулоқдан ошпазлар келармиш. Улар ўзиям ошни қийиб юборади-да!
– Эҳ, уларни бекор чақирибди-да, - қовоғини уйди Лобар янга.
– Нега ундай дейсиз?
– Чунки қорабулоқликлар ошга қалампирни кўп солишади. Еб бўлмайди.
Кузда келин туширишни ният қилиб юрган Салим ака бу суҳбатдан сўнг мунғайиб қолди. У кишини тушуниш мумкин. Ўғли Абдибой аканинг ўғли билан тенгқур. Абдибой ака дабдабали тўй қилгач, Салим аканинг ўғлининг кўнгли ўксимайдими?
Яқинда иш юзасидан қўшни туманга бордим. Қаерданлигимни эшитган мезбонлар бирдан жонланишди.
– Э, Абдибойнинг қишлоғиданмисиз? Айтингчи, тўйи қачон?
– Айтишларича, тўйга беш юзта туяқуш тухумини буюртма қилибди! Битта тухумнинг нархи эллик доллар эмиш!
– Бойларга билинмайди-да. Шунча пулим бўлганда, эҳ!..
Тўйнинг довруғи шу ергаям келганига ҳайрон қолдим.
Ниҳоят, ҳамма орзиқиб кутган кун етиб келди. Тўйга на Озодбек, на Гулсанам келди, на дастурхонга туяқуш тухуми қўйилди. Тўй базмгоҳда эмас, Абдибойнинг ҳовлисида бўлиб ўтди. Ошни қорабулоқлик ошпаз эмас, шу қишлоқлик ошпаз тайёрлади…
Тўйдан қайтишда Фарҳод киракаш бойни бўралаб сўкди.
– Абдибой ғирт қурумсоқ экан-ку, ҳатто ароқ ҳам қўймади! Бунақа тўйни кимга кераги бор, худойи қилиб қўя қолмайдими? Қимизи ҳам тоза эмасга ўхшайди. Биринчи марта кўришим, устихонда колбаса йўқ.
– Қўшни қишлоқни тўйга айтмабди, – унинг гапини маъқуллади Абдунаби тракторчи.
– Абдибойга қойил қолдим! – деди Ҳасан ака. – Ундан бу ишни кутмагандим. Чин сўзим. Мард эркак экан! Одамларнинг гап-сўзидан қўрқмасдан, оддийгина тўй қилди. Бой борини совурса, камбағалнинг ҳоли не кечади?
Бу суҳбатни эшитиб кетаётган Салим аканинг чеҳрасида қувонч, кўзларида умид балқиб турарди…
Сирожиддин АЛИҚУЛОВ.
|