Бундай сарлавҳани ўқиб, дарҳол руҳий хаста кишилар кўз олдингизга келиши эҳтимолдан холи эмас. Шу маънони беради-да ўзиям: бўлар-бўлмасга тиржаядиган, ўйламай гапирадиган, ўзича шодон, бахт-саодатдан масрур, дунёнинг ғамини ўйламайдиганларга нисбатан ишлатамиз бу сўзларни. Аксинча бўлиши ҳам мумкин. Ўз-ўзи билан овора, гапирсанг, тумтаядиган, агар жаҳлини чиқарсанг, қувиб соладиганлар (актёр Бахтиёр Ихтиёровнинг "Шум бола” фильмидаги қаҳрамонини бир эсланг) ҳам шунақа бўлишади. Бундайларнинг ўз олами, қувонч-қайғуси бор. Машҳур руҳшунос Дейл Карнеги эътирофича, "томи кетганлар” аслида бизу сиздан бахтиёр. Чунки улар ғам-ташвиш чекмайдилар, ҳар бир ишда "ғолиб”, хоҳлаган ишга қўл уришлари мумкин. Инсоннинг руҳияти мувозанатдан чиқса, ана шундай хаста одамга айланади. Аммо қуйида фақат мана шу каби одамлар ҳақида сўз юритмаймиз. Том, аниқроғи, "крыша” деганда суянчиқ, тиргак, хотиржамлик, ҳузур-ҳаловат ҳам назарда тутилади...
"Аёл киши том учун битта мих топиб берса, иморатни ўзим қурдим, дейди”, деган экан машҳур адибимиз Абдулла Қаҳҳор. Дарвоқе, уй томи ҳам бор. Бу жиҳатдан ҳақиқий маънодаги том бошпана эканлигини ифодалайди. Бошпанаси бор одам қанчалик энтикишини ижарама-ижара юриб, эндигина уй олган кишидан сўранг! У энди шунақанги хотиржам тортадики, шу чоққача чеккан азоб-уқубатлари, ташвишлари аригандек бўлади. Авваллари эшик тиқ этиб, юраги шир этган бўлса, энди ўзининг уйида бемалол, яйраб яшайди. Чунки ўзининг "крыша”си бор, ўлан-тўшаги тайин. Ҳа, ўз уйинг бўлганга нима етсин! Худога шукроналар келтириб, ўз уйингда истиқомат қилиш сени бир поғона эмас, бир неча поғона юксакликка кўтариб юборади. Бироқ уйи бўла туриб, унинг қадрига етмаганлар, мўмай пул топишни ўйлаб, енгил иш тутганлар ҳам борки, бундайлар, албатта, мум тишлаб қоладилар.
Бир қўшнимиз бор эди. У туппа-тузук юрганди. Тўрт хонали уйи, беозор, камсуқум хотини, беш нафар қизи, умуман, гулдек оиласи бор эди. Ўзи институтда ўқитувчилик қилар, оддийгина умргузаронлик қиларди. Нима бўлди-ю, бу одам айниб қолди. Кимлардир уни айнитди. Эҳтимол, ўзи нолиб гапиргандир-у, ўша кимлардир "йўл-йўриқ” кўрсатгандир?! Институтда яхшигина ишлаб юрган бу одам дабдурустдан тижоратчилик қиламан, деб қолди. Ваҳоланки, бу соҳанинг кўчасидан ҳам ўтмаган. На тажрибаси, на малакаси бор! Натижада катта миқдорда қарз олди! Бир неча минг доллар! Судхўр анойи эмас – у бу домланинг уйини гаровга қўйдиришни сўрабди. Домла тушмагур ҳам рози бўлибди. Қўни-қўшни қанча маслаҳат қилмайлик, фойдаси бўлмади. Аксинча у киши "йўлига ғов бўлаётганимиз учун” биздан андак ранжиди ҳам.
Ишонасизми, қисқа фурсат ичида домла тижоратда "синиб”, бор-йўқ пулидан жудо бўлди. Энди қўни-қўшнилар тугул хотини, қизларининг ҳам кўзига ҳам қарай олмайди. Боши хам. Энг даҳшатлиси, у неча йиллар мобайнида яшаган уйини муттаҳам судхўрга бериб, ўзи аллақайдаги ижара уйга кўчиб ўтишга мажбур бўлди. Ваҳоланки, тўнғич қизини узатиш фурсати келган, совчилар келиб-кетиб юрган вақтлар эди. Биз ҳам нима қилишни билмасдик. Домла катта миқдорда қарз олган эди-да! Унинг кўнглида не ғалаёнлар бўлганини чамалаб, ёқамни ушлаб қўяман.
Ўзим эшитган яна бир воқеа... Қаердандир "ҳожатбарор”лар пайдо бўлибди. Йигирма беш минг доллар берсангиз, бир ойда эллик минг доллар қилиб қайтаришармиш! Эллик минг берсангиз, юз минг доллар қилиб! Қаранг, қулоққа қанчалик ёқимли эшитилади! Бу гапга лаққа тушган бир аёл ҳаракатни бошлаб юборибди. Ўзидаги бор пулни йиғиб-қиртишлаб, қолганини қариндошларидан олиб, йигирма беш долларни уларга тутқазибди. Келишилганидек, орадан бир ойдан сўнг ҳожатбарорлар унинг пулини эллик минг доллар қилиб қайтаришибди.
Аёл бунча пулни кўриб, оғзи ланг очилиб қолибди. Шу пайтгача иккиланиб юрган бўлса, энди бор вужуди билан ишга киришибди. Йигирма беш минг доллар "ишлагани” кўзига оловдай кўринибди. Энди югуриб-елиб, ҳаллослаб эллик минг доллар топишга муккасидан кетибди. Унга ялинибди, бунга ялинибди, қисқа вақтда пулларини қайтариб беришга қасам ичиб, тилхат ёзиб бериб, яна пул тўплай бошлабди. Аммо эллик минг доллар топиш ҳазилакам ишми? Энди эрини алдаб-сулдаб кўндирибди-да, ўзлари яшаётган уйни сотишибди. Бўйинларигача қарзга ботиб, боз устига уй-жойсиз қолган ҳолда аввалги пулга қўшиб, юз минг долларни ҳожатбарорларга беришибди ("ахир, икки юз минг доллар қилиб қайтаришади, қарзлардан қутилиб, камида юз эллик минг доллар оламиз”).
Кейин нима бўлибди, дейсизми? Худди кинодагидек: ҳожатбарор товламачилар юз минг долларни олгач... ерда ҳам, кўкда ҳам йўқ! Уларни бир оила қарғиши, ҳам, саккиз қоракўзнинг чирқиллаб қолгани ҳам ўртамади. Алданган аёл сал бўлмаса ўзини осиб ўлдираёзибди! Онаси кўриб қолиб, чинқириб юборибди. Ахир, бунга чидашнинг ўзи бўлмайди. Фалон минг доллар қарз олгани, одамларнинг ўз пулларини қайтариб беришини сўраб дўқ-пўписа қилганлари етмагандек, ижара уйининг эгалари уларни ҳайдаб чиқарган. Изғиринли, совуқ кунларда битта оила кўчада қолган.
Онаизор қизини ўйлаб касаллик орттирган, эр асабий бўлиб қолган, аёлнинг-ку, томи кетган. Аллақачон! Илк алданган кунларидаёқ шу фириб қурбони бўлган. Агар у чинакамига ишлаганида, ҳаром пулдан ҳазар қилганида, ҳалол пул топиб, тирикчилик ўтказишга қарор қилганида сира бундай аҳволга тушмасди. Мана шулар ҳақида ўйламагани учун ҳам унинг "томи кетган”. Бундайларга ачиниш керакми? Ахир, у қилмишига яраша жазосини олди. Энг ёмони, у бутун бошли оиласи билан бошпанасидан ажралди. Наҳотки, одам ўз уйини – ўлан-тўшагини, яхши-ёмон кунларда уни бағрига оладиган, иссиқ-совуқлардан асрайдиган томини гаровга қўйса? Олдингдан оққан сувнинг қадри йўқ, деганлари айни ҳақиқатлиги яққол кўриниб турган мисол бу.
Яна бир тушунча борки, том, айниқса, "крыша”, юқорида таъкидлаганимиздек, суянчиқ, тиргак маъносини беради. Уни ижобий ва салбий маънода талқин қилиш мумкин. Шундайлар борки, сунчиқларсиз иш қилолмайди. Кимдир амалдор тоғасига, кимдир амакисига, яна кимдир уялмай-нетмай қайнота-қайнонасига суянади. Бундайлар мустақил фикрлаш қобилиятидан мосуво, улар ўзлари ҳеч бир ишни амалга оширолмайдилар. Оддий муаммолар қошида ҳам довдираб қоладилар. "Крыша”си ишдан кетса, бошқасини излаб қолишади. Уларга ялтоқланишади, ялинади-ёлворишади. Бир пайтлар "Телевизион миниатюралар театри”да худди шундайларни акс эттириб, калака қилишарди. Қарангки, ҳозирги кунда ҳам улар бор. Улар орамизда, ёнгимизда. Ҳар қандай пасткаш ишлардан ҳам тап тортишмайди. Ўз кучларини ишга солмайдилар, умуман айтганда, уларнинг кучи – "том”ида! Алал-оқибат барибир ишлари ўнгланмайди, вақт-бевақт чуви чиқади. Шундай бўлса-да, хулоса чиқармайдилар. Бундайлардан узоқроқ юриш керак. Сабаби шуки, улар сени ҳам йўлдан уришга, жамиятда ҳеч бир иш таниш-билишсиз ҳал бўлмаслигига ишонтиришга ҳаракат қилишади.
Шундай экан, аввало, юрак амрига қулоқ тутинг. Ҳалол-покиза яшанг. Меҳнат қилинг, ишонинг, албатта роҳат кўрасиз. Меҳнатсиз иш самара бермаслиги ойдай равшан. Токи ризқ-рўзингиз астойдил саъй-ҳаракатингиз орқасидан топилсин. Ўшанда юксаласиз. Ана шунда, балки, сизни паноҳ тутгувчи, сизни "крыша” қилувчи шотирлар ҳам пайдо бўлар! Сиз бошқача иш тутинг: уларга тўғри йўл-йўриқ кўрсатинг, ҳаётда ўз кучлари билан муваффақиятга эришишлари мумкинлигини исботланг. Нафақат уларга маслаҳат беринг, балки фарзандларингизни ҳам шу руҳда тарбияланг. Токи келажакда муаммоларга, турли тўсиқларга учраганларида қийналиб қолмасинлар! Самимий бўлинг!
Бир сўз билан айтганда, ўйлаб иш қилинг, ана шунда... томингиз жойида бўлади!
Анвар Намозов
Manba: Hayol.Uz
|