Ёз – олий ўқув юртлари ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларига қабул жараёнлари қизғин паллага кирадиган мавсум. Бирор ўқув юртига кирмоқчи бўлганлар ҳужжатлар қаторида 086-У шаклдаги тиббий маълумотнома ҳам топшириши барчага аён. Билишимизча, ушбу маълумотномани тайёрлатиш абитуриентга кўпам осон эмас. Аввало, у тиббий текширувлардан ўтиши керак. Ҳар томонлама соғлом бўлсагина маълумотномани олиши мумкин. Аммо айрим «уддабурон» абитуриентлар тиббий маълумотномани осонгина қўлга киритиш йўлларини аллақачон топибди…
Бир танишим олий ўқув юртига кириш учун ҳужжат тайёрлаётган экан. Тиббий маълумотнома олиш учун бирга боришимни илтимос қилди. Вақтим озлиги боис, аввалига рад этмоқчи бўлдим. «Ярим соатга қолмай ишни битириб беришади», – деди у. Боришга мажбур бўлдим. Вилоятдаги туман шифохоналаридан бири. Танишим йўлни аниқ билади, шекилли, сўраб-суриштирмасдан маълумотнома берадиган жойни топиб борди. Эшик олдида бизни 50 ёшлар атрофидаги аёл кутиб олди. «Медсправка керакми, йигитлар?» – сўради у. «Ҳа», деб жавоб бермасимизданоқ: «Мен тайёрлаб бераман», деди. Орқасидан бир хонага бордик. «Кеча жияним учун тўғрилаб қўйган эдим, исм-фамилиясини, яшаш жойини ёзмаганман. Сизникини ёзаман». Танишим ҳам шаъмани тушуниб: «Опа, неча пул бўлади?» – деб сўради. У нархини айтди. «Узр, ёнимда камроқ эди». «Ҳеч бўлмаса, 500 сўм қўшиб беринг», – деди аёл. «Опажон, бор пулим шу» – деди танишим. «Ўртоғингиздан олиб туринг», – менга ишора қилди у. «Меҳмондан пул сўрасак, уят бўлади». Охири танишим уни «рози» қилди. Мен нима қилишни билмасдим. Каловланиб тургунимча опа қоғозга қўшни хонадан муҳр бостириб чиқди. «Ҳамма текширувдан ўтдим, денг. Хўпми!» Танишим бош силкиб қоғозни олди: «Кетдикми?» Беихтиёр шифохона деворига осиғлиқ турган тахтадаги ёзувга кўзим тушди: «Инсон учун ҳамма нарсадан қимматлиги бу – саломатликдир» (айнан ёздим). Бу каби ҳолатларни кўпчилик учратган бўлиши мумкин. Ҳеч қандай текширувдан ўтмай туриб «Соғлом» деган ҳужжатни олишнинг энг осон йўли бу. Афсуски, баъзи абитуриентлар худди шу йўлни афзал деб билишяпти. Ўзларини оқлаб ҳам қўйишади: «Шунча оворагарчиликнинг нима кераги бор?» Табиийки, бу соғлиққа бефарқлик, ўзни алдашдан бошқа нарса эмас. Тўғри, тиббий маълумотнома олиш учун текширувлардан ўтиш, вақт сарфлаш керак бўлади. Лекин бу кишининг ўзи учун фойда-ку! Бундан ташқари, беҳудага пул ҳам сарфламайди. Муҳими, соппа-соғ эканлигингга шу орқали ишонч ҳосил қиласан. «Сохта» соғликнинг кимга кераги бор? Ўқув юртларига ҳужжат қабул қилиш пайтида, ким билсин, абитуриентларнинг яна нечтаси шундай йўллар билан тиббий маълумотнома тайёрлатаётган экан… Бир куни ўқитувчимиз талабалардан сўраган эди: «Ким ўқишга ҳалол йўл билан кирган?» Ҳайрон бўлдик. Саволни англаб етмасимизданоқ унинг ўзи жавоб бериб қўя қолди: «Жуда камчилигингиз тўғри йўл билан киргансиз. Чунки кўпчилигингиз тиббий текширувдан ўтмай, сохта маълумотнома топширгансиз. Ғирромлик ана шу ердан бошланган». Ҳеч нарса дея олмадик. Чунки ўқитувчи ҳақлигини билиб турардик… – Йўқ, мен бундай йўл тутмаганман, – дейди Жасур исмли талаба. – Тиббий текширувдлан ўтганман. Икки-уч кун шифохонага қатнаган бўлсам-да, ўзимга фойда бўлган. Ўзимни алдаб нима қиламан? – Яқинда ўқишга ҳужжат топшириш олдидан тиббий текширувдан ўтдик. Ҳеч қандай қийинчилиги йўқ. Биз ўзимиз осон йўлни қидирамиз, холос. Аслида, тиббий кўрикдан ўтиш, соғлигига ишонч ҳосил қилгандан сўнг бошқаларни ҳам ишонтириш керак», – дейди бир абитуриент. Дарвоқе, баъзан тиббий маълумотномалар тўғри тўлдирилмагани оқибатида абитуриентлар анча сарсон ҳам бўлишади. Хўш, 086-У ҳажмли тиббий маълумотнома қандай берилади? У қандай тўлдирилиши керак? Бу саволларга аниқроқ жавоб олиш мақсадида мутахассисга мурожаат қилдик. – Турли ўқув юртларига ўқишга кирувчилар, ишга кирувчи ўсмирларга тиббий маълумотнома тўлдириш, асосан, шифокорларнинг иши. Абитуриентлардан талаб этиладигани – улар тиббий кўриклардан ўтиши керак. Бириктирилган ҳудудлар бўйича бирор тиббий муассасага боришлари лозим, – дейди шифокор О.Тўйчиева. – 086-У шаклда абитуриентнинг кечирган хасталиклари, текширув пайтида сиҳат-саломатлиги, аҳволи ва объектив маълумотлар (унда терапевт, жарроҳ, невропатолог, окулист(кўз доктори), ЛОР ва бошқа мутахассисларнинг текширув натижалари берилади. Шунингдек, рентгинологик (флюрографик) текширувлар, лабораторияда текширув натижалари, касалликларга қарши эмлаш ўтказилгани ҳақида маълумотлар ёзилади. Сўнг муайян касб-мутахассисликка лойиқлиги ҳақида тиббий хулоса берилади. Барча текширувлар имзо ва муҳрлар билан тасдиқланади. Бир қараганда, бу анча мураккабдек туюлади. Лекин бу соғлик билан боғлиқ муҳим иш. Бундан ташқари, текширувлардан ўтиш ёш авлодда ўз соғлиғига бўлган эътиборни шакллантиради. Баъзи ёшларнинг ичидан гап суғуриб олишга ҳам тўғри келади. Хуллас, тиббий текширувлардан ўтиш уларнинг эртанги куни учун ҳам муҳим. Қизини тиббий кўрикка олиб келган ота-оналардан бири шундай дейди: «Қизим юридик коллежига ҳужжатларини топширмоқчи. Мана, тиббий текширувлардан ўтяпти. Атайлаб бирга келдим. Унинг соғлиғи, албатта, мени қизиқтиради».Тўғри, ҳамма ҳақида бир хил фикр билдириб бўлмайди. Тиббий маълумотнома тўлдирилиши баҳонасида текширувлардан ўтиб, соғлиғи ҳақида қайғураётганлар ҳам кўп. Лекин ҳамма ҳам шундай йўл тутмаяпти-да… Ҳужжат топшириш – ўқишга биринчи қадамни қўйиш демакдир. Шундай экан илм олиш учун қўйилаётган илк қадамлар сохтакорликдан бошланмасин-да!
Беҳзод ФАЗЛИДДИН