ТАРИХИМИЗ ҲАМ, КЕЛАЖАГИМИЗ ҲАМ МУШТАРАК
Ассалому алайкум, азиз биродарлар!
Муҳтарам Нурсултон Абишевич!
Қадрли қозоқ дўстларимиз!
Энг аввало, Сизларнинг барчангизга қадимий ва ҳамиша навқирон Ўзбекистонга ташриф буюрганингиз учун чин дилдан миннатдорчилик билдиришга рухсат этгайсизлар.
Юртимизга хуш келибсиз, қадамингиз қутлуғ бўлсин!
Халқларимиз бундай учрашувларни ҳамиша зўр ҳаяжон ва иштиёқ билан кутади. Ҳар иккала мамлакат раҳбарларининг, расмий делегацияларнинг турли хил учрашув ва суҳбатлари ўзбек ва қозоқ халқида доимо катта қизиқиш, келажакка умид ва ишонч уйғотади.
Шу маънода Ўзбекистон ва Қозоғистон раҳбариятининг Алматида, Тошкент ва Туркистонда, Ашхабод ва Бишкекда, Ўрдабоши ва Чўлпонотада ўтказилган самимий ва қизғин учрашувлари тарихий аҳамиятга эгадир. Ана шу учрашувларнинг самараси сифатида бугун ҳаммамиз меҳр-муҳаббат билан дийдорлашиб турибмиз.
Бизлар Буюк Турон диёрида униб-ўсган икки оға-ини халқмиз. Тилимиз ҳам, дилимиз ва динимиз ҳам муштаракдир.
Қадим-қадим замондан Туронзамин деб аталган бу поёнсиз кенгликларда қозоғу ўзбек, қирғизу туркман - барчамизнинг ота-боболаримиз от суриб ўтганлар. Ям-яшил, серҳосил далаларда чорва боққанлар, деҳқончилик қилганлар.
Не-не босқинларни, қирғинларни кўрган бу тупроқни боболаримиз ёнма-ён туриб ҳимоя қилганлар. Бинобарин, бизнинг тарихимиз ҳам, тақдиримиз ҳам бирлашиб кетган ва бу Аллоҳ таоло берган азалий ва абадий насибамиздир.
Яхши биласизлар, ўтмишда орамизда айирма чегаралар бўлган эмас. Умид қиламизки, иншооллоҳ, бундан кейин ҳам бўлмагай. Қозоғистоннинг улкан ҳудудида ўзбеклар неча асрлардан буён яшаб келаётган бўлса, Ўзбекистон бағрида ҳам бир миллиондан ортиқ қозоқ дўстларимиз истиқомат қилади.
Улар ҳамиша бир-бирларига оға-ини, қуда-қудағай бўлганлар, ҳозир ҳам ягона оила фарзандлари каби тотув ҳаёт кечирмоқдалар. Халқларимиз орасидаги бу дўстлик ва аҳилликни биз бениҳоя қадрлаймиз. Бу - бизнинг энг катта бойлигимиз, қудрат ва шаън-шавкатимиз манбаидир.
Бизнинг иқтисодий, маданий ва маънавий муносабатларимиз жуда қадим замонларга бориб тақалади. Тарихий маълумотларга қараганда, ўтган асрнинг 60-йилларида биргина Тошкент шаҳридан Қозоғистон томонга ҳар йили 40-50 минг туядан иборат савдо карвонлари мунтазам қатнаб турган.
Бухоро ва Фарғона водийсидан борадиган карвонларни ҳам қўшиб ҳисобласак, бу рақам янада ортади. Ўзбекистондан қозоқ овулларига газмоллар, кийим-кечак, уй-рўзғор буюмлари олиб борилган бўлса, қозоқлар юртидан ўн минглаб қўй, от-туя, қорамол, кигиз, палос, жун, тери, озиқ-овқат, пистакўмир ва бошқа моллар келтирилган.
Кўриниб турибдики, донишманд ота-боболаримиз бугун биз "Ягона иқтисодий макон" деб атаётган иқтисодий тизимни ўша пайтдаёқ шакллантириб улгурганлар.
Бизнинг бугунги вазифамиз тарих синовидан ўтган шу қардошлик ришталарини янада такомиллаштириш, унга янгича моҳият бағишлашдан иборатдир.
Шу муносабат билан бугун тантанали вазиятда бошланаётган Қозоғистон кунларининг мазмуни, мақсади ва аҳамияти ҳақида икки оғиз тўхталиб ўтишга ижозат бергайсизлар.
Маълумки, биз илгарилари ҳам Ўзбекистонда қозоқ адабиёти ва санъати ёки Қозоғистонда ўзбек адабиёти ва санъати кунлари ўтганини биламиз. Аммо бу галги дийдорлашув - мустақиллик замонидаги илк анжуман аввалгиларидан тамоман фарқ қилади.
Бугун бизнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётимиз янгича бўлганидек, ушбу мулоқотимиз ҳам янгича бўлиши табиий ҳолдир. Яъни бу анжуманни "Қозоғистон кунлари" деб атадик, бирон бир соҳани устун қўймадик. Бунда маданият аҳли маданият аҳли билан, ижод аҳли ижод аҳли билан, илм-фан аҳли илм-фан аҳли билан, ишбилармонлар эса ишбилармонлар билан бевосита мулоқотга киришадилар. Бу учрашувлар чоғида турли соҳа вакиллари бир-бирлари билан фикр алмашадилар ва икки мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий, маданий-маърифий тараққиётига биргаликда ўз ҳиссаларини қўшиш учун замин яратадилар, деб ишонамиз.
Ҳурматли дўстлар!
Қозоғистон билан Ўзбекистон Марказий Осиёнинг икки улуғ давлатидир. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг мўътабар даргоҳида озод Қозоғистон ва мустақил Ўзбекистон байроқлари ҳилпираб турганидан барчамиз фахрланамиз. Шу ўринда мен бир нарсани алоҳида таъкидлаб ўтишни истар эдим. Қозоғистон Республикасининг тўнғич Президенти, дўстим Нурсултон Назарбоев билан ҳар бир учрашувимиз бизни ғоят нурли орзу-умидлар, улуғ режалар, янги ғоялар, сари илҳомлантиради. Ҳар сафар бу учрашувлардан сўнг юрагимизда ўзимизга янада қатъийроқ ишонч пайдо бўлади.
Бунинг сабаби шундаки, азиз дўстлар, биз қалбимиз тўрида улуғ халқларимизнинг буюк ишонч туйғусини, меҳру муҳаббати ва азму шижоатини ҳамиша ҳис қилиб турамиз.
Ана шу ишонч, ўзаро меҳр-оқибат туфайли биз давлатларимиз ўртасидаги иқтисодий алоқаларни йўлга қўйиш, мол айирбошлаш, тўлов воситаларини бир маромга солиб олишга ва чегараларимиздаги сунъий тўсиқларни олиб ташлашга эришдик. Маълумки, бу ҳаракатга қирғиз биродарларимиз ҳам қўшилдилар.
Уч мамлакат ўртасида барпо этилган ягона иқтисодий маконга кўпчилик давлатлар, жумладан, Россия ҳам катта қизиқиш билан қарамоқда. Бу бизнинг ишларимиз, режаларимизнинг келажаги порлоқ эканидан далолат беради.
Аввалги учрашувларимиз чоғида мен бир гапни қайта-қайта айтган эдим. Бугун икки халқнинг Сиз, муҳтарам вакиллари олдида шу фикрни яна бир марта такрорлашни ўринли деб биламан: агар қозоқ ва ўзбек миллати бир бўлар экан, тарихимиз, тақдиримиз ва келажагимизни ўйлаб ҳамкор-ҳамқадам бўлиб яшар экан, бу бирликни, бу дўстлик қўрғонини енга оладиган куч дунёда бўлмайди.
Бир ҳақиқатни ҳеч ким унутмаслиги керак: Ўзбекистон тақдири, бу - Қозоғистоннинг тақдири, қозоқ халқининг келажаги - ўзбек халқининг ҳам келажагидир. Шу сабабдан ҳам бу минтақада тинчлик ва тотувликни барқарор этиш, халқларимиз дўстлигини мустаҳкамлаш - ҳар биримизнинг муқаддас бурчимиз. Узоқ ўтмишдан буён оға-ини, қон-қардош бўлиб яшаб келаётган ўзбек ва қозоқ халқларининг истиқболи учун ўзимизни бирдек жавобгар ҳис этишимиз ва бунинг учун бутун борлиғимизни бағишлашимиз керак.
Қадимдан бир маънавий-руҳий иқлимда нафас олиб келган халқларимиз тарихимизнинг айниқса бугунги масъулиятли даврида - ақл-заковат ва шижоат, дунёвий салоҳият ва миллий ғурур талаб этиладиган даврда яна ҳам яқинроқ, яна ҳам меҳр-оқибатлироқ бўлишлари лозимлигини ҳаётнинг ўзи тақозо қилмоқда.
Фурсатдан фойдаланиб, мен ҳурматли маданият ва санъат арбобларимизга, илм-фан намояндаларига мурожаат қилмоқчиман. Мухтор Авезов, Собит Муқонов, Абдулла Тожибоев, Ойбек, Ғафур Ғулом, Миртемирлар юксак мавқега кўтарган файзли анъаналар тикланмоғи, муттасил давом этмоғи сув билан ҳаводек зарурдир.
Истиқлол шабадаси икки мустақил, эркин давлатнинг байроқларини ҳилпиратаётган экан, бу ҳаётбахш шабада санъаткорларнинг ижодхоналарига кириши, халқларимиз юрагига янги руҳ ва илҳом бағишлаши даркор.
Улуғ шоиримиз Ғафур Ғулом қозоқ-ўзбек дўстлигини таърифлаб: "Биз - бир китобнинг икки бетимиз" деган эди. Модомики шундай экан, худди қадимгидек куйларни бирга куйлаб, тўйларни бирга тўйлайдиган кунлар келди.
Ўйлайманки, бу йил Мирзо Улуғбекнинг тўйини, келаси йили эса буюк оқсоқол Абайнинг таваллуд саналарини ана шундай табаррук анъаналар руҳида, шоду хуррамлик кайфиятида биргаликда нишонлаймиз. Айтиш мумкинки, бу - она Туркистон заминида яшаётган барча халқлар учун чинакам дўстлик, биродарлик тантанасига айланажак.
Ана шу эзгу ниятларни амалга оширмоқ учун биз янги-янги кўприклар, янги ипак йўлларини қурмоғимиз керак. Токи келгуси авлодларимиз учун йўллар бехавотир, кенг ва равон бўлсин!
Ёш авлодга биз озод ва обод ватанни мерос қолдирмоғимиз керакки, улар боболарнинг улуғ ниятлари ва ишларини давом эттирсинлар. Чунки ёшларнинг маънавий уйғоқлиги миллатни ғафлатдан асровчи асосий омиллардан биридир.
Муҳтарам дўстлар!
Дўстим Нурсултон Назарбоев ва унинг сафдошлари раҳбарлигида Қозоғистонда амалга оширилаётган ислоҳотларни ўзбек халқи катта қизиқиш ва хайрихоҳлик билан кузатиб турибди. Зеро, халқларимизнинг моддий-маънавий манфаатлари ҳар жиҳатдан ўзаро уйғундир.
Биз дунёдаги бирон бир моделга кўр-кўрона тақлид қилмоқчи эмасмиз. Айни вақтда, муайян тараққиёт босқичига эришган давлатларнинг ютуқларини ҳам камситмоқчи эмасмиз. Улардан юз ўгирмаймиз.
Аммо, азиз дўстлар, бизнинг қонимизда минг йиллик Шарқ тафаккурининг бедор руҳи гупуриб турибди. Жаҳон илм-фани ва маданиятига кибернетика асосларини яратган Хоразмийни, буюк файласуф бобомиз Форобийни, тиббиёт қонунларининг тенгсиз кашфиётчиси Ибн Синони, назм юлдузлари - Навоий ва Абайни, Амир Темур ва Бобур, Тўлабий, Қозибекбий, Айтекебий каби улуғ зотларни, Беруний, Имом Бухорий, Баҳоуддин Нақшбанд, Бухор жиров, Иброй Олтинсарин, Чўқон Валихонов сингари мутафаккирларни берган бу муқаддас замин халқларининг яратувчилик даҳоси ҳамиша уйғоқдир.
Қадрли Нурсултон Абишевич!
Азиз қозоқ биродарларимиз!
Мамлакатимиз жамиятни янгилаш йўлини танлади. Биз бир-биримизнинг ишимиздан нусха кўчирмаймиз, албатта. Бироқ пировард мақсадимиз битта - халқларимизга муносиб турмуш шароити яратиб бериш, иқтисодий, маданий ва маънавий фаровонликка эришишдан иборат.
Ўзбекистон ҳам, Қозоғистон ҳам беҳисоб табиий бойликка эга. Биз бу бойликни ўзлаштиришимиз, иқтисодий, маънавий ва инсоний салоҳиятларимизни янада жипслаштириш йўлидан боришимиз лозим. Бундай йўл иккала мамлакат халқларининг орзу-умидларига мосдир.
Жаҳон тажрибаси ҳамда унча катта бўлмаса-да, ўзимиз босиб ўтган йўл шуни кўрсатадики, мустақилликни қўлга киритиш, уни мустаҳкамлаш, миллий, ижтимоий ва иқтисодий эркинликка эришиш ҳеч қаерда ва ҳеч қачон осон кечган эмас.
Ўзбекистоннинг жамиятда ислоҳот ўтказиш, эски буйруқбозлик тизимидан ҳуқуқий давлат ва бозор муносабатлари тизимига ўтиш борасидаги йўли халқимизнинг миллий хусусиятлари, руҳияти, дунёқараши, табиий шароитлари ҳамда мамлакатнинг бошқа ўзига хос жиҳатларини ҳисобга олган ҳолда зўр қатъият билан амалга оширилмоқда.
Шу билан бир қаторда биз жаҳон ва баъзи давлатлар амалиётидаги барча ижобий тажрибалардан ижодий фойдаланмоқдамиз.
Шу нуқтаи назардан қараганда, биз мана шу учрашувимизга, Сизларнинг ташрифингизга ҳам катта умид боғлаймиз, азиз дўстлар!
Ишончим комилки, Қозоғистон давлатининг ҳурматли раҳбари, дўстим Нурсултон Абишевич Назарбоев бизнинг юртимизга ўз мамлакатининг энг етук кишиларини, етук мутахассисларини, илғор замонавий билимларга эга бўлган одамларни, катта ҳаётий ва хўжалик тажрибасига эга, ўз ишининг ҳақиқий усталарини бошлаб келган.
Ўзбекистоннинг дарвозалари Сизлар учун ҳамиша очиқ, азиз меҳмонлар. Бизнинг гаплашадиган гапларимиз кўп, ҳамкорлигимиз уфқлари кенг. Келинглар, ўзаро борди-келдиларимиз мунтазамлик касб этсин, биргаликда меҳнат қилайлик, тажриба ва билимларимизни ўртоқлашайлик.
Ҳамкорлигимиз ажойиб самаралар беришига ишончим комил. Келинглар, олдимизда турган қийинчиликларни қўлни-қўлга берган ҳолда енгиб, бозор иқтисодиётини биргаликда қарор топтирайлик. Жаҳон аҳли бизнинг улкан имкониятларимизни кўрсин, бир-биримизга оға-ини, ишончли шерик ҳамда ҳаммаслак эканимизга амин бўлсин!
Қардош Қозоғистоннинг муҳтарам Президенти!
Ҳурматли меҳмонлар!
Ўзбекистон ҳозир қудратли саноат барпо этиш, амалдаги объектларни тубдан қайта қуриш юзасидан катта ишлар қилмоқда. Шу маънода қозоғистонлик мутахассисларга ўзаро ҳамкорлик учун жуда катта имкониятлар бор.
Энг аввало иқтисодий мустақиллигимизни таъминлайдиган саноатнинг бутун негизини ривожлантириш, бой хом ашё, моддий ресурсларимиз асосида тайёр маҳсулот олишга қаратилган юксак технологик лойиҳаларни амалга ошириш - мамлакатларимиз олдида турган муҳим вазифадир.
Устувор йўналишимиз қишлоқ хўжалигида иқтисодий ислоҳотни амалга оширишдан иборат. Чунки иқтисодиётни ривожлантириш ва халқимиз фаровонлигини оширишнинг энг асосий манбалари қишлоқда жойлашган.
Халқларимизнинг энг оғир, азобли дарди - Орол фожиасидир. Бу муаммо ўзбеклару қозоқлар ҳаёти ва тақдирига бевосита алоқадорлигидан ташқари, оламшумул аҳамият касб этмоқда. Орол бўйи, унинг бойликлари, Сирдарё ва Амударё саховат билан инсонларга ҳадя этган инъомлар илгари собиқ Иттифоқники бўлгани барчангизга яхши маълум.
Афсуслар бўлсинки, Оролбўйининг неъматларини барча "ягона совет халқи" билан баҳам кўрган бўлсак, унинг "аччиқ мева"си - Орол ва Оролбўйи фожиаси, бу ҳалокатнинг экологик оқибатлари, ҳалокатдан қутулиш йўлларини қидириш - ёлғиз ўзимизнинг, Марказий Осиё халқларининг иши бўлиб қолди.
Шуни мамнуният билан қайд этиш керакки, асрлардан бери бу улуғ дарёларимиздан сув ичиб келган ва бугунги кунда ҳам ичаётган қардош халқларимиз бу ўта машаққатли муаммони ҳал қилишга биргалашиб киришди. Давлатларимиз бу йўлда ташлаётган муҳим қадамлар барчангизга яхши маълум.
Бугунги учрашувда барча муаммо ва масалалар хусусида гапирмоқчи эмасман. Сизлар жойларда бўлиб, одамларимиз, уларнинг ишлари билан танишасизлар. Сизлар бизнинг тажрибамизни ўрганишингиз бизлар сизларнинг тажрибангизни ўрганганимиздек фойдали бўлишига ишончим комил. Бу учрашувлар мамлакатларимиз ўртасидаги истиқболли, мунтазам, бузилмас алоқаларни ривожлантиришда муҳим қадам бўлишига шубҳа йўқ.
Муҳтарам дўстлар!
Биз ҳозир ижтимоий янгиланишнинг мураккаб ва қийин жараёнини бошдан кечирмоқдамиз. Олдимизга қўйган мақсад ва вазифаларимизни бажариш учун биринчи навбатда тинчлик ва барқарорлик зарур. Аммо, таассуфлар бўлсинки, ер куррамиз турли ташвиш, безовталик ва зиддиятларга тўла. Дам у ерда, дам бу ерда уруш олови ловиллаб турибди. Афсуски, бизнинг минтақамиз ҳам бу кулфатлардан холи эмас. Халқларимиз ўртасида қўшни Тожикистон ва Афғонистонда юз бераётган воқеалар катта ташвиш туғдирмоқда.
Ўзбекистон билан Қозоғистоннинг минтақада ялпи тинчлик ва барқарорликни таъминлаш борасидаги доимий саъй-ҳаракатлари бутун дунё аҳлига аён. Биз бундан кейин ҳам бу йўлда қўлимиздан келган барча ишни қиламиз.
Орамизга рахна солишга уринаётганлар шуни билиб қўйсинки, бизнинг қондошлигимиз, қардошлигимиз ва аҳиллигимиз абадийдир. Бироқ биз бирон сония бўлса-да, ҳушёрликни йўқотмаслигимиз, халқнинг "ўзингга эҳтиёт бўл<193>" деган доно мақолини унутмаслигимиз керак.
Қозоқ ва ўзбек халқлари тарихнинг барча даврларида бирга бўлган, ёнма-ён қадам ташлаб, турмушнинг бор шодлигу ғамини бирга баҳам кўрган. Асрлар ўтган, ижтимоий тузумлар ўзгарган, бутун-бутун салтанатлар вужудга келган ва емирилиб кетган, ҳукмдорлар ўзгарган, бироқ қозоқ билан ўзбекнинг қондошлиги, қардошлиги ва дўстлиги барқарорлигича қолган. Янглишмасам, қозоқ халқининг "девор бузилар - пойдевор қолар, беклар кетар - халқ қолар" деган мақоли бор.
Ҳозир дўстлигимиз, қардошлигимизнинг янги даври юз очди. Мустақил миллат, ўз мустақил ватанининг эгаси бўлган халқларимиз янги тарихини бошлади. Бу тарих - эрк тарихи, балоғатга етиш, иқтисодий ва маънавий қад ростлаш, жаҳон ҳамдўстлигида ўз номи ва нуфузини барқарор этиш тарихи бўлажак.
Мана шу ҳаяжонли дақиқаларда мен бизнинг юксак даражадаги учрашувларимиздан бирини эсладим. Биз ўшанда дўстим Нурсултон Назарбоев билан халқларимизнинг буюк маънавий падари бузруквори Хожа Аҳмад Яссавийнинг хоклари жой олган муқаддас Туркистон заминида учрашган эдик.
Ўша учрашув бизнинг қалбларимизга шу қадар кучли ҳарорат ва ёғду бахш этдики, бу ҳарорат ва ёғду бугунги кунда ҳам бизни олижаноб мақсад ва ишларга ундаб турибди.
Дўстлигимизни, умумий хонадонимиздаги қондошлик ва аҳилликни, халқларимизнинг тинч, осойишта ҳаётини кўз қорачиғидек асраш - барчамиз учун шараф ва бурч иши деб ўйлайман. Яна шуни айтишим лозимки, бу иш бизнинг инсоний бурчимиз, ўзларини ўзбегу қозоққа ажратмаган аждодларимиз васиятига садоқатимиздир.
Ҳақиқатан ҳам халқларимиз орасидаги қондошлик шу даражадаки, мамлакатларимиз ўртасида қандайдир чегаралар, турли иқтисодий ва бошқа тўсиқлар бўлишини тасаввур қилиш қийин. Шу маънода дўстим Нурсултон Назарбоев билан халқларимиз ўртасидаги фарзандлик бурчимизни адо этишимиз лозимлигини вақтида англаб, ягона иқтисодий маконни барпо қилиш тўғрисидаги ҳужжатларни имзолаганимиз, кейинчалик бу фикрга яна бир дўстимиз, Қирғизистон Президенти Асқар Акаев ҳам қўшилгани бежиз эмас.
Адолат юзасидан эътироф этишим ва барчага маълум қилишим лозимки, бу ташаббус нафақат Қозоғистон, балки бутун Марказий Осиёда атоқли давлат арбоби, хизматлари бутун дунёда эътироф этилган Нурсултон Назарбоевдан чиққан эди.
Миллатларнинг ўзаро яқинлиги уларнинг оила қуриш масаласи билан ҳам белгиланиши барчага маълум. Бироқ, назаримда, қардошлик бўйича жуда катта билимдон дўстим Нурсултон Абишевич Назарбоев ҳам мамлакатларимизда ўзбеклар ва қозоқлардан тузилган нечта оила борлигини аниқ айтиб беролмаса керак. Албатта, у киши ҳам, мен ҳам мамлакатларимизда қанча қозоқ ёки қанча ўзбек яшашини айтишимиз мумкин. Бироқ, рости, мен ҳеч қачон Ўзбекистондаги қозоқларни ўзимизнинг миллатдан айри қўйишни хаёлимга ҳам келтирмаганман. Биз - битта халқмиз. Мана шунинг ўзи ҳамма нарсани айтиб турибди.
Мен қозоқ халқининг Ўзбекистонни ўз ватани деб билган, бутун ҳаётини унга бахшида этган ўнлаб ва юзлаб фарзандларини санашим мумкин. Улардан бири - Қарши даштини ўзлаштиришдаги меҳнатларини биронта статистика бошқармаси ҳисоблай олмайдиган ажойиб чўлқувар, машҳур Султон Чегебоевдир.
Ёки бўлмаса, жамиятимизни маънавий қайта тиклаш юзасидан жуда кўп иш қилаётган Ўзбекистон Фанлар академиясининг мухбир аъзоси Жондор Туленов, шунингдек, ёзувчи-олим, бизнинг қозоқча газетамизнинг муҳаррири Қолдибек Сейдановни олайлик.
Қозоқ миллатига мансуб биродарларимиз - Конимех туманидаги "Қарақат" жамоа хўжалигининг чўпони Жахсимурод Сирманов, шу тумандаги интернат-мактаб ўқитувчиси Гулзира Аҳметова, томдилик Абдурасул Пўлатов ва Турали Сулаймонов, учқудуқлик Ҳайлигул Жанаева ва Айтбой Турдимуродов биз билан ёнма-ён яшаб, меҳнат қилаётганидан ҳақли равишда фахрланамиз.
Тошкент вилоятида истиқомат қилаётган қозоқларнинг ҳам кўпчилиги жуда машҳур бўлиб кетган. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган пахтакор Комил Қўлдошев, хизмат кўрсатган халқ таълими ходими Тожибек Бойирбеков, хизмат кўрсатган қурувчи Абдулла Опоқхўжаев, хизмат кўрсатган ўқитувчи Жамила Бексултонова шулар жумласидандир.
Ўзбекистонда истиқомат қилаётган, Ўзбекистоннинг тенг ҳуқуқли фуқаролари бўлмиш қозоқ халқининг бу ажойиб ўғил ва қизлари ўзларининг фидокорона меҳнати билан бизнинг умумий бойлигимизни кўпайтирмоқда, маънавий қардошлигимизни мустаҳкамламоқда.
Азиз дўстлар, азиз меҳмонлар!
Мен яна жуда кўп ўзбекистонлик қозоқларнинг номини тилга олишим мумкин эди, бироқ дўстим Нурсултон Назарбоев уларни Қозоғистонга олиб кетиб қолишидан қўр-қиб, санашни бас қиламан. Чунки улар бизнинг ўзимизга керак.
Эҳтимол, дўстлар, менинг хавотирим ортиқчадир. Қозоғистондаги ўзбеклар қозоқ замини билан туташиб кетгани сингари Ўзбекистондаги қозоқлар ҳам бизнинг замин билан туташиб кетган. Дўстлигимиз, маънавий қондош-қариндошлигимизнинг кафолати ҳам шулардир.
Муҳтарам дўстим Нурсултон Абишевич!
Азиз қозоқ биродарларим!
Бугунги зўр анжуманимиз - катта йўлнинг ибтидоси, бошланишидир. Туркистон озодлигини юз йиллар давомида орзу қилиб ўтган ота-боболаримизнинг руҳи бугун шод бўляпти.
Бу қутлуғ кун барчамизга муборак бўлсин!
Яна бир бор хуш келибсиз, қозоғистонлик бовурларимиз!
Уйимизнинг, қалбимизнинг тўри сизники!
Сизларга сиҳат-саломатлик, омонлик, бахту фаровонлик, ишларингизга зафар тилайман!
Яшасин улуғ қозоқ халқи! Қозоғистон ва Ўзбекистон халқларининг дўстлиги дунё тургунча барқарор бўлсин!
Ўзбекистонда Қозоғистон
кунларининг очилишига бағишланган тантанали йиғилишда сўзланган нутқ,
1994 йил 23 май