Она юртимиз 1991 йил 31 августда ўз давлат мустақиллигини қўлга киритганидан сўнг халқимиз, миллий тарихимиз ва қадриятларимизга нисбатан тарихий адолатни тиклаш энг муҳим ва устувор вазифаларимиздан бирига айланди. Муҳтарам Президентимиз Ислом Каримовнинг ўша суронли йилларда айтган қуйидаги фикрлари бу борадаги фаолиятимизда доимий дастуриламал бўлиб келмоқда: “Бизнинг олий мақсадимиз — мустақиллик эди. Мустақилликнинг олий мақсади – ўзбек халқининг иззатини жойига қўйишдир”.
Маълумки, дунёдаги ҳар қайси халқнинг иззат-ҳурматини жойига қўйиш, унга нисбатан ҳақиқатни қарор топтириш аввало унинг қадр-қиммати, миллий ўзлиги ва ғурурини, тарихи, тили, дину диёнати ва бошқа муқаддас қадриятларини тиклашдан бошланади.
Шу нуқтаи назардан қарайдиган бўлсак, Ўзбекистонда бу йўналишдаги ишлар мустақилликдан олдин — 1989 йилнинг июнь ойида, Ислом Каримов республикамиз раҳбари этиб сайланган кунлардан бошланганини алоҳида таъкидлаш лозим. Айнан ўша ўта мураккаб ва таҳликали даврда мустабид тузум томонидан халқимизга нисбатан “пахта иши”, “ўзбеклар иши” деган сохта ва уйдирма айбловлар асосида олиб борилган сиёсий кампаниялар, тазйиқ ва таъқибларга қарши очиқ кураш бошлангани тарихий манбалардан, хусусан, Юртбошимизнинг “Ўзбекистон мустақилликка эришиш остонасида” китобидан яхши маълум.
Собиқ СССРнинг катта-катта минбарларидан туриб эл-юртимизнинг ҳақ-ҳуқуқи, шаъни ва ғурури ҳимоя қилинган, динимиз, миллий қадриятларимизни тиклаш йўлида дастлабки мардона қадамлар қўйилган ўша йилларни албатта ҳеч қачон унутиб бўлмайди. Айниқса, ўзбек тилининг давлат ва жамият ҳаётидаги қонуний ўрни ва мақомини жойига қўйиш бўйича кечган кескин кураш ва баҳс-мунозаралар халқимизнинг тарихий хотирасида ҳамиша сақланиб қолади. Президентимизнинг бевосита ташаббуси ва раҳбарлиги остида 1989 йил 21 октябрда ўзбек тилига давлат тили мақомини бериш тўғрисидаги қонун қабул қилингани ижтимоий-сиёсий ҳаётимизни тубдан ўзгартирган буюк воқеа бўлган эди. Чунки айни шу асосда ўзбек тили қонуний ҳимоя ва кафолатга, давлат ва жамият ишларида кенг қўлланиш имкониятига эга бўлди. Мустақиллик йилларида ана шу қонун талабларини ҳаётимизга жорий этиш бўйича улкан ишлар амалга оширилди. Бунинг тасдиғини мазкур Қонуннинг муҳим талаби бўлган жойларга ном бериш — топонимика масаласида ҳар бир ҳудуднинг тарихи, урф-одат ва қадриятларини чуқур ўрганиш асосида, тарихий адолат тамойилларидан келиб чиққан ҳолда олиб борилаётган ишлар мисолида яққол кўриш мумкин.
Ҳақиқатан ҳам, бугунги кунда юртимизнинг қайси шаҳар ва қишлоғига борманг, уларнинг ҳудудидаги янги-янги бинолар, кўркам боғ ва хиёбонлар, кўча ва майдонлар билан бирга уларга узукка кўз қўйгандек ярашиб турган гўзал номларни кўриб, дилимиз яйрайди.
Эътиборга сазовор жиҳати шундаки, бу борада ҳар бир жойнинг қадимий номини тиклаш билан бирга, айнан мустақиллик йилларида бунёд этилган замонавий масканларга халқимизнинг орзу-интилиш ва манфаатлари, бугунги қадриятларини ифода этадиган янги, мазмундор номлар қўйилмоқда. Узоққа бормасдан, Ватанимизнинг юраги, олтин остонаси бўлмиш Тошкент шаҳри, унинг марказий қисмини олайлик. Бу ерда кейинги йилларда барпо этилган Мустақиллик ва эзгулик монументи, Бахтиёр она ҳайкали, Эзгулик аркаси, Хотира майдони, Мотамсаро она ҳайкали, Сенат биноси, Тасвирий санъат галереяси, Маърифат маркази, Ёшлар ижод саройи, Амир Темур хиёбони, “Ўзбекистон” халқаро анжуманлар саройи каби гўзал ва бетакрор обидаларни, ҳеч шубҳасиз, уларга берилган ана шу номлардан айри ҳолда тасаввур этиб бўлмайди. Улар бизнинг тарихимиз, бугунги ҳаётимизнинг ажралмас бир қисмига айланиб кетди.
Мутахассисларнинг қайд этишича, мустақиллик йилларида Тошкент шаҳрида, унинг маҳалла ва гузарларида юзлаб, минглаб тарихий топонимик атамалар тикланган. Ҳар бир ном — бутун бир қомус, қанча-қанча аждодларимизнинг тарихий хотираси демакдир. Жумладан, 1992 йилнинг май ойида Тошкент шаҳрининг Ленин райони — Миробод, Куйбишев райони — Мирзо Улуғбек, Киров райони — Юнусобод, Фрунзе райони — Яккасарой ва Октябрь райони — Шайхонтоҳур тумани сифатида қайта номлангани пойтахтимизнинг миллий қиёфасини тиклашда катта аҳамиятга эга бўлди. Бундай атамалар нафақат луғат бойлигимиз, балки тарихий хотирамизни тиклаш, биз кимнинг, қандай буюк зотларнинг авлоди эканимизни доимо ёдда тутиб яшашга хизмат қилаётгани билан ҳам қадрлидир.
Эсингизда бўлса, ХХ аср бошида Ўзбекистонга экспорт қилинган қонли социалистик инқилобнинг бошида турган “доҳий”лар — М. Фрунзе,
М. Калинин, 14 Туркистон комиссарлари, Полторацкий, Урицкий, Морозов, Першин каби юртимиздан мутлақо узоқ ўлкаларда туғилиб, яшаб ўтган инсонларнинг номлари, ҳайкаллари илгари ҳар бир кўча ва майдонда қаршингиздан чиқар эди. “Улуғ доҳий” Лениннинг баҳайбат ҳайкаллари эса ҳар бир шаҳар ва туман марказида, деярли ҳар бир ташкилот ҳовлисида “Тўғри йўлдан боряпсиз, ўртоқлар!” дегандек барчага йўл кўрсатиб турарди.
Бу гаплар бугунги ёшлар учун балки кулгили бир эртакдек туюлар. Лекин бундан атиги 25 йил олдин улар ҳаётимизнинг реал ва аччиқ ҳақиқати эди.
Барча соҳалар қатори тил соҳасида, жойларга ном бериш масаласида ҳам пухта ўйлаб олиб борилган ислоҳотлар туфайли биз ана шундай кулгили, ўзлигимизни таҳқирлайдиган ачинарли ҳолатдан бутунлай халос бўлиб, бой тарихимиз, бетакрор қадриятларимиз, бугунги озод ва эркин ҳаётимиз, тараққиёт ва юксалиш суръатларимизга ҳар томонлама муносиб бўлган, айтганда одам уялмасдан, ғурур-ифтихор билан айтадиган гўзал номларга эга бўлдик.
Яна бир муҳим томони шундаки, жойларга ном беришда шошмашошарликка берилмасдан, чуқур ўйлаб, халқимиз билан фикрлашиб, босқичма-босқич иш олиб борилмоқда. Бундан бир неча йил олдин Тошкент шаҳрининг собиқ Акмал Икромов ва Собир Раҳимов туманларининг номлари Учтепа ва Олмазор деган тарихий атамалар билан ўзгартирилгани ҳам шундан далолат беради.
Халқимиз ибораси билан айтганда, ҳамма нарсанинг исми жисмига мос бўлгани маъқул. Бугунги кунда бутун юртимиз каби Тошкент шаҳри ҳам тобора очилиб, янгиланиб бораётган экан, унинг туманлари, кўчалари, маҳалла ва гузарларига қўйилган янги номлар албатта ҳар томонлама ярашади. Лекин очиқ тан олишимиз керак, ана шу номларни фахр билан санаганимизда, афсуски, бир туман номига келиб, тилимиз андак тутилиб, қоқилиб, ўзимизда қандайдир ўнғайсизланиш сезишимизни очиқ айтиш лозим. Бу — Ҳамза туманининг номи.
Маълумки, Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий ўз вақтида лирик шеърлар, ғазаллар, маърифий китоблар, драмалар муаллифи сифатида танилган. Айни пайтда у юртимизда шўролар ҳокимияти ўрнатилганидан сўнг мустабид тузум мафкурасининг курашчиси ва тарғиботчисига айлангани, вафотидан кейин эса узоқ йиллар давомида “ўзбек совет адабиёти ва маданиятининг асосчиси” каби баландпарвоз таърифлар билан сохта улуғлаб келингани ҳам ҳақиқат.
Ҳамза аслида ким эди?
Совет даврида нашр қилинган ўзбек адабиёти ва маданиятига доир китобларда Ҳамза ҳақида кўп ва хўп ёзилган. Лекин бу гапларда ҳақиқатдан кўра ёлғон, уйдирма сероб экани вақт ўтиши билан тобора аён бўлиб бормоқда.
“Отам Ниёз ўғли 1836 йилда туғилиб, 16 ёшида деҳқонлиғин ташлаб, Бухорога бориб, эскича халқ дўқтири бўлуб қайтғандур, — деб ёзади Ҳамзанинг ўзи таржимаи ҳолида. — Шу йили Аввалда менинг онамга уйланиб, Ҳўқанд келиб турғун бўлгандур. Мана мен шул оиладан 1889 йилда туғулиб, форсчага том саводли бўлиб, 1899 йилдан 1906 йилгача мадрасада эски усул билан дарс ўқишда давом этдим” (Ҳамза. Тўла асарлар тўплами, 4-жилд, Т.: “Фан” 1989 йил, 203-бет).
1980 йилда чоп этилган “Ўзбек совет энциклопедияси”да Ҳамза ўқитувчи, актёр, режиссёр, маориф бўлими раҳбари бўлгани, театрлар ташкил қилгани, дарслик ва қўлланмалар ёзгани, республикада ер-сув ислоҳотларини ўтказишда, хотин-қизлар озодлиги учун курашда, маданий инқилобни амалга оширишда фаол қатнашгани таъкидланади.
“1910 йилда Қашқар дарвоза маҳалласида биринчи марта усул савтия мактаб очдим. Шу кундан муаллимликка киришдим. 1911 йилда Ҳўқандда мактаб очиб, бир йил давом этгандан кейин 50 сўм ақча тўлаб, Афғонистон, Ҳиндустон, Макка, Мадина, Шом, Бейрут билан саёҳат қилиб, Стамбулға ўқишға келган бўлсам ҳам, ўзим билетсиз қочуб борған учун, отам ҳамда бир рус қизидин уйланған оилам юборган очулик (аччиқ демоқчи — М.Қ.) хатларидан қўрқуб қайтдим”, — деб ёзади Ҳамза юқорида зикр этилган таржимаи ҳолида.
Ҳамза 1919-1920 йилларда “Қизил Шарқ” агитпоезди таркибида “босмачи”ларга қарши курашаётган Қизил армия қисмларида хизмат қилади. У Бухоро, Хоразм, Қорақалпоғистон, Қўқон, Фарғона, Шоҳимардонда ишлайди. Артель тузади. “Қизил чойхона” қуради.
8 март куни хотин-қизлар митингини ўтказиб, нутқ сўзлайди. Шоҳимардонда шўролар доҳийси В. Ленинга ҳайкал ўрнатишда ташаббускор бўлади, қабристонни ёптиради.
Ўрни келганда айтиш жоизки, Ҳамзанинг хотин-қизларга, жамият таянчи бўлган оилага шахсий муносабати ҳам ибрат оладиган даражада эмас эди. У биринчи хотини — Аксинья Уваровадан 1915 йил 1 февралда қиз фарзанд кўради. Савдохон деб исм қўйилган қизалоқ бир ёшга ҳам тўлмасдан вафот этади. Ҳамза рус хотинидан ажрашгач, Ҳанифа исмли қиз билан ишқий муносабатда бўлади. 1923 йил Зайнаб Аҳмаджонова деган аёлга уйланади. Бу оиласидан Аббосхон исмли ўғил кўради. Аббосхон Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлади.
Ҳамза 1929 йил 18 март куни Шоҳимардонда тошбўрон қилиб ўлдирилади. У “инқилоб солдати сифатида ҳалок бўлди”, деб ёзади бу ҳақда ҳамзашунос олим Ю. Султонов.
Ўзбек совет адабиёти тарихида Ҳамза сингари бениҳоя таърифу тавсиф этилган шоир ва адиб бўлмаган. Унинг асарлари СССР ҳудудидаги деярли барча халқларнинг тилларига таржима қилинган. У ҳақида ҳужжатли ва бадиий полотнолар, рассомлик, ҳайкалтарошлик асарлари, кинофильмлар яратилиб, унинг ҳаёти, ижоди қанча-қанча диссертацияларга мавзу бўлди. Республикамизнинг бадиий адабиёт соҳасидаги энг юксак давлат мукофоти — “Ўзбекистон халқ шоири” унвони ҳам биринчи бўлиб, 1926 йили айнан шу ижодкорга берилди. Адабиётшунослик фанида “ҳамзашунослик” деган бутун бир илмий йўналиш шаклланди.
Юртимиздаги шаҳар ва туманлар, колхоз ва совхозлар, мактаблар, маданият масканлари, кўча ва хиёбонларга Ҳамзанинг номи, орқа-олдини ўйламасдан, қаторлаштириб қўйилаверди. Шоҳимардонда Фарғона вилоят ўлкашунослик музейи филиали, Ҳамзанинг мемориал музейи (1957 йили) ва шоирга мақбара (1950 йили) барпо этилди. ЎзССР ҳукумати 1964 йилда ўзбек адабиёти ва санъати соҳасидаги ютуқларни тақдирлаш учун Ҳамза номидаги республика давлат мукофотини таъсис этди. 1967 йилдан бошлаб бу мукофотнинг нуфузи янада оширилди. Энди у ЎзССРда адабиёт ва санъат, архитектура соҳаларида етук ижодий ютуқларга эришган илм-фан ва маданият намояндаларига 7 ноябрь — Улуғ Октябрь байрами арафасида тантанали равишда топшириладиган бўлди.
1968 йилнинг бошида Тошкент шаҳрида Ҳамза тумани ташкил этилди. Тошкентда 1978 йили унга маҳобатли ҳайкал ўрнатилди. Сирдарё вилоятининг Сирдарё районидаги Ҳамза номидаги колхоз ҳудудида жойлашган қишлоққа ҳам Ҳамза номи берилди. Наманган вилоятининг Учқўрғон районидаги қишлоқлардан бири ҳам Ҳамза деб аталди. Фарғона областидаги Ванновский посёлкасига 1963 йилда Ҳамза номи қўйилди.
1931 йили Тошкент шаҳридаги ўзбек давлат драма театрига Ҳамза номи берилди. Пойтахтимиз метросининг марказий бекатларидан бири ҳам унинг номи билан аталди.
Айни вақтда шоирнинг таваллуд саналари ҳам доимо кенг нишонланар, катта мафкуравий байрам тусини олар эди. Масалан, Ҳамзанинг 70 йиллигига бағишланган тантанали кеча Москвада, Иттифоқ уйининг Колонналар залида “Совет халқи буюк ўзбек шоирини шарафлайди” деган шиор остида, олиймақом дабдабалар билан ўтказилган.
1961 йилда “Ҳамза” бадиий фильми, кейинчалик — 1977 — 1984 йилларда эса “Оловли йўллар” номли кўп серияли фильм суратга олинди. Айниқса, “Оловли йўллар” фильми учун ўша пайтдаги энг номдор режиссёр, сценарист, оператор ва санъаткорлар жалб этилади. Бу фильм бошдан охиригача “Ҳамза — Туркистонда социализмнинг толмас курашчиси” деган ғояни тарғиб этишга қаратилгани билан характерлидир.
Ҳамзанинг номини байроқ қилиб, ана шундай сохта эпопеялар яратиб, қанча-қанча кишилар илмий ва ижодий унвонлар, давлат мукофотлари олишга эришади.
Ўша мустабид замонда бошқа бирорта ўзбек совет шоири муяссар бўлмаган бундай юксак, шу билан бирга, сохта “эҳтиром”нинг сабабини СССР Ёзувчилар Союзининг раиси Н. Тихонов мухтасар қилиб ифода этган эди: “Ҳамза барча замонлар ва халқларнинг муқаддас байроғи – Октябрь байроғига садоқат тимсоли бўлиб қолди” (Н. Тихонов. “Шарқ юлдузи” журнали, 1969, 3-сон).
Бугун, ўзимиз гувоҳ бўлиб турганимиздек, етмиш йилдан зиёд давом этган бундай дабдабаю асъасалар Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий ҳақидаги асл ҳақиқатни барибир ўзгартиролмади. Даврлар, буюк ўзгариш ва янгиланишлар бўронида барча ёлғон гаплар фош бўлиб, ҳақиқат, адолат барибир юзага чиқмоқда.
Мана, бугун, орадан йиллар ўтиб, оддий одамдан сохта доҳий ясашга қаратилган бундай хатти-ҳаракатларнинг тагида узоқни кўзлаган ғаразли мақсадлар ётганини англамоқдамиз. Яъни бундай сиёсат замирида “Маҳаллий халқлардан чиққан ёзувчи, зиёли инсон социализмга, Кремль юлдузларига мана шундай садоқат билан хизмат қилиши керак” деган маккорона бир ғоя борлигини, ўйлаймизки, тушуниш қийин эмас.
Албатта, бундай чуқур ўйланган мафкуравий ҳийлаю найранглар ўз вақтида анча иш берди, миллион-миллион одамларни тўғри йўлдан чалғитиб, мустабид мафкурага қарам ва муте қилди. Собиқ шўро ҳудудида қанча-қанча “пролетар шоирлари”, “инқилоб куйчилари”нинг етишиб чиқиши учун замин яратди.
Тарих ва замон сабоқлари
Вақт — олий ҳакам, ҳамма нарсани ўз ўрнига қўяди. Ҳамза ҳақида бундан 40-60 йил илгари айтилган гаплар ўша пайтларда қанчалик тантанавор эшитилган бўлса, бугун шунчалар аянчли ва кинояли бўлиб туюлади.
Мисолларга эътибор берайлик: “Эрта тонгда қуёшни улуғлаб булбул хониш этганидек, ўз халқининг булбули — шоир Ҳамза ҳам озодлик ва бахт қуёши — Улуғ октябрни зўр қувонч билан кутиб олди ва унинг ғояларига тамомила содиқ бўлиб қолди...
Улуғ Октябрь Социалистик революцияси натижасида озодликка эришган ўзбек меҳнаткашларининг беҳад қувончи ва революцион ғайратини ифодалашга киришар экан, Ҳамза буни янада ёрқин ва таъсирлироқ қилиб беришга интилди. Бу масалада у В. В. Маяковский традициясини давом эттирди” (Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий. Асарлар. Икки жилдлик. Биринчи жилд. Шеърлар. /Сўзбоши. ЎзССР Давлат бадиий адабиёт нашриёти. –Т.: - 1960.15, 16-бетлар).
“У коммунистик партиянинг тарғиботчиси ва шоирига айланди”, “Ҳамза ўзбек адабиётида биринчи бўлиб революционер ва коммунист образини, улуғ Ленин образини яратди” (Л. Қаюмов. Инқилобий драма. ў. ўулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриёти. —Т.: 1970. 73-бет).
“Социалистик революция Ҳамзани давр тўлқинининг тепасига кўтарди. Унинг фаолияти ва шахсиятидаги мутлақо янги мазмун ана шу билан белгиланади” (Сын революции. Деятели литературы о Хамзе. —Т.: Изд-во лит-ры и искусства имени Гафура Гуляма. 1979, 104-стр).
Ҳамзанинг номи коммунистик мафкурага садоқат билан хизмат қилишнинг тимсолига айланди. Буни унинг номига қўшиб айтилган мана бу эътирофлардан ҳам билса бўлади: “Ҳамза — революция жарчиси”, «Ҳамза — жанговар атеист”. “Ҳамза — революция рицари”. “Ҳамза — жангчи коммунист”. “Ҳамза — революция солдати”. “Ҳамза — Октябрь инқилоби куйчиси”. “Ҳамза — марксист”. “Ҳамза — коммунистик партиянинг тарғиботчиси ва шоири”... (Бу таърифлар таниқли олимлар, атоқли ёзувчи ва шоирларнинг Ҳамза ижодига бағишланган давлат тадбирларида қилган маърузаларидан, нуфузли газета, журнал ва тўпламларда чоп этилган мақолаларидан олинган — М.Қ).
Беихтиёр ўйлаб қоламиз, Маҳмудхўжа Беҳбудий, Чўлпон, Мунаввар қори, Абдулла Қодирий, Ибрат, Авлоний сингари маърифатпарвар боболаримизнинг номларига ҳам шундай сифатлар қўшиб айтилса, халқимиз бунга ишонармиди? Бу ҳақда фикр юритганда, қизил мафкура бежиз айнан Ҳамза шахсини байроқ қилиб кўтармаганига ишонч ҳосил қиламиз. Унинг ўзи ёзган, юқорида зикр этилган таржимаи ҳолида бир жойда узоқ вақт муқим ишламагани, кўп ҳолларда бойлар ва бойваччаларнинг қаршилигини баҳона қилиб, ўзини ҳар томонга уриб кўргани қайд этилади. Жумладан, у қуйидагиларни ёзади: “1915 йилда яна мажлис чақириб, китобхона, қироатхона каби масалаларни ҳал қилиб, “ўайрат” исминда китобхона очтирдим. Бундин мақсад бугунгача ёзилган асарларимни баъзиларин ўз сармоям билан бостирған бўлсам ҳам, улар майдароқ бўлиб бошқаларин шул китобхона исминдин босдириш эди. Лекин китобхонамиз очилгандан сўнг, 1910 йилдан бери меним мажлис ва мактабларимға бутун кучи билан қарши келиб турған бойвачча унсурлар кириб қолиб, асарларим уёнда турсин, ўзимни ҳам суруб чиқардилар...
1917 йил февраль инқилоби киргандан кейин турли ташкилотларда хизмат қилиб юриб келганман. “Кенгаш” номинда журнал чиқардим. “Кенгаш”нинг 2-номерига ёзиладурғон баъзи мақолаларимнинг бойлар, уламолар шахсига доир бўлғаниға бойвачча унсурлар қарши туруб, чиқардилар. Ундан сўнг ўзим алоҳида ташкилот очиб, “Ҳуррият” журнали чиқардим. Бу ҳам шундай қаршулик орқасида 5-номеридаёқ мендан олдилар. Ундан сўнг потребитель (матлубот ташкилоти демоқчи – М.Қ.) очдик. Ундан ҳам мақсад камбағалларни тўплаш эди. У ҳам қўлдан кўчди. Ундан “Шўрои ислом”нинг озуқа шўъбасига кириб олиб, “Иттиҳод таъмин жамияти” ташкил этдик.
Бир ёқда 1917 йилнинг 28 майида Қаландархонада 400 га яқин рабочийларни тўплаб, зўр намойиш қилиб, рабочий, меҳнаткашлар жамияти ташкил қилдик. Ахийри бунга ҳам бойвачча унсурлар кириб, буни ҳам булғашдилар”(Ҳамза. Тўла асарлар тўплами, 4-жилд, Т.: “Фан” 1989 йил, 205-бет).
Кўриб турганингиздек, Ҳамзанинг ушбу сўзларида мулкдор ва тадбиркор инсонларга нафрат, ғазаб сезилиб туради. У ўз ҳаётидаги омадсизликлар учун ҳам айнан шу тоифани сабабчи деб билади. Тадбиркор ва мулкдор одамларни маърифат йўлида хизмат қилдириш, уларнинг сармоясини мактаб ва кутубхоналар очиш, газета-журналлар чиқариш, дарсликлар чоп эттиришга йўналтиришга бел боғлаган жадид маърифатпарварларидан фарқли равишда Ҳамза бундай ижтимоий гуруҳ тимсолида фақат душманларни кўради. Қисқача айтганда, у онгу тафаккури, ҳаётий қарашлари билан пролетар мафкурасига жуда яқин одам бўлганини юқоридаги мисоллардан ҳам сезиш, англаш мумкин, деб ўйлаймиз.
Архив ҳужжатларида Ҳамзанинг большевиклар партияси тарғиботида қанчалик жонбозлик кўрсатганига гувоҳ бўлган кишиларнинг фикрлари ҳам сақланган. “Мен Қўқоннинг Эски вокзал кўчасида Ҳамза билан қўшни яшардим. Ҳамза сайлов арафасида кўчамизда одамларни большевиклар партиясига овоз беришга агитация қилди. Сайлов куни бизларни овоз бериладиган Жомега ўзи бошлаб борди. Биз ўз овозларимизни, у айтганидек, 4-рўйхат (большевиклар)га бердик...”, деб эслайди қўқонлик фуқаро Р. Маматқулов (Каюмов Л. Певец октября. К 75-летию со дня рождения Хамзы Хаким-заде Ниязи. — Москва, изд-во “Знание”, 1964, стр.13).
Ҳамза хотин-қизларнинг эркинликка чиқиши учун курашади. Аммо бу аслида қандай эркинлик эканини биз опа-сингилларимизнинг мустабид тузум давридаги аҳволи мисолида яхши биламиз. Ҳамза мадҳ этган аёллар у битган “Озод хотин-қизлар қўшиғи”ни куйлайди:
Розимиз Шўродан, озод этди қулликдан бизи,
Шодликдан рақс этиб, ўйноқлашиб, сакрашамиз.
(Ҳамза. Асарлар. Икки жилдлик. Биринчи жилд. Шеърлар. ў. ўулом номидаги бадиий адабиёт нашриёти. —Т.: 1969, 203-бет).
Ҳолбуки, шўролар ўзбек аёлини “озод қилиб”, дала ишларига оммавий равишда сафарбар этди, станокларда, тракторларда ишлатиб, улардан аёллик латофатини, оиланинг фариштаси бўлишдек бебаҳо бахтни тортиб олди. Ўзининг ана шу кирдикорларини яшириш учун ҳам коммунистик мафкурага Ҳамза ва ҳамзачилик керак эди.
Ҳамза атеистик кураш жабҳасида ҳам фаоллик кўрсатиб бир қанча асарлар яратгани маълум. Унинг қаламига мансуб “Рўза тутдим ор учун, ҳар куни ифтор учун” деган ва шу каби бошқа сатрлар муаллифга ўз даврида обрў келтирмаган ва бугун ҳам обрў келтирмаслиги шубҳасиз.
Манбаларнинг далолат беришича, шоирнинг фожиали ўлимини унинг жанговар атеистик ғоялари, чуқур ўйламасдан қилган пала-партиш ишлари ҳам тезлаштирган. Бу ҳақда филология фанлари доктори С. Мамажонов қуйидагиларни баён қилган:“Ҳамза номаълум шахсга ёзган мактубларида (1928 йил 19 март ва 25 сентябрь) қўпорувчилар бошида турган мутаваллини тилга олиш билан бирга “Ўзбекистонда бўлғон 300 дан ортуқ мазоротни битириш”ни мақсад қилганини айтади. Кейинги мактубида “хурофот билан кураш иши юз фоиз бажарилди”, “хурофот курашини бир бошим била, ҳеч бир томондан ёрдамсиз бажардим”, дейди. Албатта, халқ энг муқаддас ҳисоблаб келган мозорга шаккоклик қилган одамдан қаҳрланиши турган гап (бу мозорларнинг баъзиларидан ёш совет ҳукуматига, халққа қарши фитна, иғво ё хурофот уяси сифатида фойдаланилганига шубҳа йўқ). Совет ҳокимияти душманлари Ҳамзанинг худди шу ноўрин хатти-ҳаракатидан ўз манфаатлари йўлида фойдаландилар ва айниқса уни ўлдиришда, эҳтимол, шуни бош асос қилиб олган бўлишлари табиий” (С. Мамажонов. Барҳаёт Ҳамза. — Тошкент, “Фан” нашриёти. 52, 40-41-бетлар).
Ҳамза, гарчи Ўзбекистондаги 300 дан ортиқ қабристонни “битириш”, яъни тугатишни ният қилиб, хурофот билан курашишни бир ўзи, ҳеч кимнинг ёрдамисиз, юз фоиз бажаргани ҳақида ёзган бўлса-да, буларнинг ҳаммаси аслида шўроларнинг ёвуз мақсади бўлганини унутмаслигимиз керак.
Маълумки, қабристон халқимиз учун аждодларнинг руҳи поклари эсланадиган, доимий зиёрат қилиниб турадиган жой. Шўролар айнан шундан — аждодлар ва авлодлар ўртасидаги маънавий ришталарнинг мустаҳкамланишидан чўчир, шунинг учун қабристонларни хурофот маскани қилиб кўрсатишга уринар эди.
Шу ўринда характерли бир фактни эслаб ўтиш фойдадан холи бўлмайди.
Атеизм хуружи авж олган 20-30-йилларда туман ва маҳаллаларда “хурофотга қарши кураш” ниқоби остида динга қарши тўғридан-тўғри кураш олиб борадиган ташкилот фаолият кўрсатар эди. Бу — Курашчан худосизлар иттифоқи деб аталадиган уюшма эди. 1925 йилнинг ноябрь ойида Ўзбекистон худосизлар иттифоқи таъсис этилади. 1928 йилнинг сентябрь-октябрь ойларида худосизлар конференциялари ўтказилди. Курашчан худосизлар иттифоқининг иккинчи съездидан сўнг Ўзбекистонда динга қарши кураш янада кучаяди. 1929 йили Тошкентда динга қарши тарғибот музейи очилади, чойхоналарда атеистик бурчаклар, мактабларда бўлим ва тўгараклар ташкил этилади. Динга қарши кураш доирасида марҳумлар руҳини чирқиратиб, қабристонларни оёқости қилиш ишига ўқувчи ёшлар кенг жалб қилинади...
Бундай мисоллар мустабид тузумнинг халқимизга қандай катта жабр-зулм ўтказганидан яққол далолат беради.
Истиқлол йилларида юртимизда буюк аждодларимизнинг муқаддас қадамжолари, қабр-мақбараларини обод қилиш, ўтганлар хотирасини улуғлаш мақсадида улкан ишлар амалга оширилди. Азиз-авлиёларимиз, мутафаккир алломаларимизнинг таваллуд айёмлари муносабати билан қилинган кенг кўламли ишлар, 9 май санасининг ҳар йили Хотира ва қадрлаш куни сифатида нишонланиши, пойтахтимизда, вилоят ва туман марказларида барпо этилган Хотира майдонлари, Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманида қад ростлаган Шаҳидлар хотираси хиёбони, Қатағон қурбонлари музейи, юртимиздаги бошқа кўплаб қадамжо ва зиёратгоҳлар, қабр-мақбараларнинг обод этилаётгани каби мисоллар аждодлар руҳига, инсон хотирасига ҳурмат мамлакатимизда олиб борилаётган давлат сиёсатининг муҳим устувор йўналишига айланганини кўрсатади.
Яна асосий мавзуга қайтайлик. 1968 йилнинг 31 январида Куйбишев ва Ленин районларини ихчамлаштириш ҳисобидан Тошкент шаҳри таркибида Ҳамза райони тузилди. (Ўзбекистон ССР Олий Совети Президиумининг 77-сонли фармони. “Тошкент шаҳри составида Ҳамза районини тузиш тўғрисида”. 1968 йил 31 январь).
Айтиш керакки, бундай қарор қабул қилишда тарихий, ижтимоий-маънавий омиллар мутлақо эътиборга олинмаган. Фақат битта мезон — ҳукмрон мафкура ғояларини сингдиришда қўл келадиган омил — “инқилоб куйчиси” деган сохта қиёфа ҳисобга олинган, холос.
Ҳаммамизга яхши аёнки, бугунги кунда халқимиз, одамларимизнинг онгу тафаккури, дунёқараши, ён-атрофида бўлаётган ўзгаришларга муносабати, бир сўз билан айтганда, ҳаётга дахлдорлик туйғуси тубдан ўзгарди. Энди улар кечаги — ҳамма нарсани кўр-кўрона қабул қиладиган 90-йиллардаги одамлардан бутунлай фарқ қилади. Улар ўзи яшаётган туманда, маҳаллада бўлаётган ўзгаришларни кўриб, беихтиёр, туманимизнинг “инқилоб тонгининг оташин жарчиси” бўлган Ҳамза Ҳакимзода Ниёзийга қандай алоқаси бор ва бундай ҳолат униб-ўсиб келаётган ёш авлодимизга қандай таъсир кўрсатади, деган ҳаққоний саволга жавоб топишга интилиши табиий, деб ўйлаймиз.
Чиндан ҳам, пойтахтимизнинг улкан ҳудудини эгаллаган, 200 мингдан зиёд аҳоли яшаб меҳнат қилаётган ушбу туманни ўзининг асл — тарихий номи билан аташ вақти келмадимикан, деган савол ҳозирги вақтда кўпчиликнинг фикри-зикрини банд этиб турибди.
Бу ҳақда гапирганда, яна бир муҳим масалага эътибор қаратишга тўғри келади.
Бугунги кунда собиқ СССР ҳудудида бир шарпа кезиб юрибди. Бу эски мустабид совет тузумини тиклаш илинжида юрган ёвуз кучларнинг сояси, кўланкаси экани барчамизни ташвишга, хавотирга солмасдан қолмайди, албатта. Ана шундай манфур кучларга алданмаслик, улар қўйган тузоққа, қармоққа яна илиниб қолмаслик, эски бўйинтуруқни яна бўйнимизга илмаслик учун ҳам биз кечаги ўтмишни яхши билишимиз, шўро тузуми ўз мафкураси, ўз манфаати йўлида халқни чалғитадиган ёлғон тарих тўқишдан асло тап тортмаганини ва бунинг оқибатлари нақадар ачинарли эканини чуқур англаб олишимиз керак. Юртбошимиз ҳақли равишда таъкидлаганидек, тарихини унутган халқ келажагини йўқотади.
Албатта, биз тарихни тафтиш қилиш, уни қандайдир ўзгартириш фикридан мутлақо йироқмиз. Бинобарин, ўзбек адабиётида ўзига хос ўрин эгаллаган шоир ва драматург Ҳамза Ҳакимзода Ниёзийнинг ижодини илмий асосда холисона ўрганиш, ҳаққоний баҳо бериш, тегишли хулосалар чиқариш — олим ва мутахассисларнинг вазифасидир. Бизнинг мақсадимиз фақат тарихий ҳақиқатни қарор топтириш, фарзандларимиз, ўғил-қизларимизнинг кўзини очиб бериш, уларни миллий ғоя руҳида тарбиялашдан иборатдир.
Муҳаммад ҚУРОНОВ,
педагогика фанлари доктори, профессор.