Аслида кимдан танбеҳ эшитишимиз лозим? Ота-онаданми? Ака-ука ёки опа-синглимизданми? Дўстимиз ёки раҳбарданми? Уларнинг танбеҳ бериши қанчалик ўринли? Танбеҳ бериш маданияти ва одоби қандай бўлиши керак? Бу ҳақда ўйлаб кўрганмисиз?
Пардоз-андозни жойига қўйган, бола етаклаган аёл автобус бекатига келди ва менинг ёнимда турган таниши билан кўришгач, ўзидан бироз узоқлашган ўғлини чақирган бўлди.
— Ҳай, бу ёққа кел, ҳайвон! Ҳозир машина босиб кетади! Мен сенга нима деяпман, эшак! Қайт изингга!
Гарчи у аёл билан таниш бўлмасам-да:
— Кечирасиз, сиз «эшак»ни дунёга келтирганмисиз, — дея секингина сўрадим. Аёл менга бир хўмрайиб қаради-ю, нималардир деб ғудранди. Сездимки, гапим унга ёқмади. Шунда мен танбеҳ беришни ҳам ҳаётнинг ўзидан ўрганиш керак экан, деган фикрга келдим.
Очиғини айтсам, раҳматли дадамнинг нафасини унутмаган бўлсам-да, унинг тарбиясидан кўра онамнинг тарбиясини кўпроқ олганман. Танбеҳ маъносида ундан фақат «Ақлинг кирармикан?», «Баланд-пастни фарқига бор», «Нодон» каби сўзларни эшитардим, холос.
Бир йили хизмат юзасидан севимли ёзувчимиз Абдулла Қаҳҳорнинг уй-музейига борганимда ёзувчининг рафиқаси Кибриё Қаҳҳорова бир воқеани ҳикоя қилган эди.
«Бир куни чой дамлаб, олдиларига қўйдим. Чойни қуйишлари билан қопқоқ пиёла ичига тушиб кетди. Бошқа киши бўлса, «Менга айтсанг ҳам шуни боғлаб қўярдим-ку!» деб танбеҳ бериши мумкин эди. Абдулла Қаҳҳор эса жилмайиб қўйиб, «Ҳа, етказганига шукр, қопқоқни ҳам чайиб ичадиган бўлдик», дегандилар».
Кайковус бобомизнинг бир ўгитида шундай дейилади: «...Сендан талаб қилмас кишига насиҳат қилмагин, панд бермагин, хусусан, сени тингламаган кишига ҳеч сўз дема, чунки бундай кишилар пандни эшитмайдилар. Кўп кишилар орасида бир кишига панд-насиҳат қилмагин...»
Афсуски, ҳамма жойда, ҳамма оилада ҳам танбеҳ беришда аҳвол бир хилда эмас. Бугунги кунда кўпгина удумларимиз билан бир қаторда танбеҳ бериш одобини ҳам унутиб қўймадикмикан? Турмушни умуман мулоқотсиз тасаввур этиб бўлмайди. Ҳар кун, ҳар соатда кимдандир танбеҳ эшитишимиз ёки кимгадир танбеҳ беришимиз мумкин. Фақат уни кимга, қаерда ва қандай ифода этишни биламизми?
Ўрнида берилган танбеҳ бир инсоннинг камчиликларидан қутулишига ёрдамчи бўлиши шубҳасиз. Танбеҳни қабул қилолмайдиган, кўтаролмайдиган кишидан эса эҳтиёт бўлиш зарур. Акс ҳолда, қош кўяман деб, кўз чиқариб қўйиш ҳеч гапмас.
«Танбеҳ — дўстларнинг туҳфасидир», дейилади бир ҳикматда. Инсонлар ана шу туҳфани бир-бирига тақдим қилмаслиги иккиюзламачилик, лаганбардорлик, кибр ва риё каби иллатларнинг кенг қулоч ёзишига сабаб бўлади.
Айтганча, хато-камчиликларини малол келмайдиган даражада айтиб, тушунтириб боришни ҳар бир кишига болалигидан бошлаш жуда муҳим. Ҳўл новдани эгиш осон, қотиб, қуриб қолган шохни эгишга интилиш эса жароҳат билан якунланади.
Мухтор БЕК,
|