1.СЎЗ МУЛКИ ЖАҲОНГИРЛИГИГА ДАЪВОГАР
Ўнг сўз ўрнида
СЎЗ МУЛКИЖАҲОНГИРЛИГИГАДАЪВОГАР
Битилмаган бир қоида бор: шогирдлар устоз ҳақида ёзишса ярашади. Неча йилларки, ана шу анъана давом этиб келмоқда. Жумладан, мен ҳам кўп азизларнинг улуғ йўллари, ҳаётни безаган умрлари, сизу бизга сабоқ бўлган дунёлари хусусида кўп ёзганман. Аммо шогирдим ҳақида илк бор қўлга қалам олишим.
Бунинг сабаблари анча. Аввало шогирд мисоли фарзандинг каби дил риштаси. Ота-боболаримиз ўғил – қизларни мақташнию кўз-кўз қилишни олижаноб иш деб ҳисобламаганлар. Қолаверса, мақтов туфайли шогирдни талтайтириб қўймасмиканмиз деган истиҳола бор. Хуллас, кўзга кўринмас хитой деворлари-ю, андиша ва минг ўй-хаёллар у ҳақда дадил бир сўз айтишга йўл қўймас эди. Назаримда, энг асосийси ҳақиқий шогирдсизлик ҳамда унинг , яъни толиби шогирднинг келажагига шубҳа билан қараш ҳисобланган.
Ҳа, замон ҳам, макон ҳам, тарих ҳам минглаб оқпадар шогирдлар бўлгани ва борлигидан гувоҳлик беради. Ҳаётлигида устозим деб, сўнг унинг пок юзига қора чаплаганларни ким билмайди? Устозининг қабрига қарамай ўтган, бошқаларга қўшилиб уни ҳақоратлаган, ўзгалар билан бир тараф туриб, бузургини ер билан яксон қилиш учун қўл кўтарганлар озми? Балки шунинг учун ҳам устозлар кўп ҳолларда чурқ этмай, дунёдан индамайгина, ҳеч бўлмаганда, шогирдлари ҳақида икки оғизгина на у ёқлик, на бу ёқлик сўз айтиб кетгандирлар? Хуллас, бу мушоҳадаларимда ҳаётда кўрганларим, эшитганларим, билганларимнинг бир бўлагини ифодаладим.
Ҳа, шогирд ҳақида чўчимай, иккиланмай, шубҳаланмай сўз айтиш ҳар кимга ҳам насиб этавермайди. Бироқ мен шогирдим тўғрисида дадил гапириб келаяпман ва бугун у ҳақдаги фикирларимни қоғозга туширдим. Чунки у талтайиб кетмаслигига, ишонч ва умидларимни поймол этмаслигига асосим бор! Бу асослар – йиллар! Бу асос – ҳар кунлик суҳбатлару баҳслар, соғинчлар!
… Бир куни газета саҳифасининг қораламасини ўқиб ўтирган эдим, эшик “шиқ” этиб очилди-ю, қорасоч бир йигит мўралади-да, яна эшикни ёпиб қўйди. Орадан анча вақт ўтиб бу ҳол боз такрорланди. Мен ишимни, яъни сатрларни ҳижжалаб ўқишда давом этавердим. Эшик учинчи марта очилганда:
- Нима гап? – дедим.
- Мен Маматов Жаҳонгир…- дея олди ҳалиги йигитча етти марта ютиниб.
- Нима гап?
- Тошкентдан Самарқандга келдим, ишга олсангиз!
Редаксияга ишга қабул қилиш мураккаб. агар унинг кимлигини, қалами қандайлигини билмасангиз, бу мураккаблик ўн карра кучаяди. Бунинг устига, бутун фикри-зикрим сабил саҳифада. Жуда жиддий ҳужжатни эълон қилаётган эдик. Редаксияда ишчи кучи етарли эмас. Навоий вилояти тузилиб, баъзиларни янги ташкил этилган газета редаксиясига юборганмиз. Шу боис “хабар олиб туринг” деб жавоб қилдим. Йигитча шув этиб қизарди-да, шарт бурилиб чиқиб кетди. Орадан бир ҳафта ўтар-ўтмас саҳифада ширин бир лавҳани ўқиб қолдим. Жомбойда бунақа ёзадиган йўқ эди, редаксияда яхшилаб таҳрир қилишибди-да, деб ўйладим. Икки кундан кейин яна шу имзога кўзим тушди. Энди унинг публисистикаси саҳифада турар эди. Албатта, унча-мунча қалам уришга тўғри келди. Аммо унинг нимасидир бор эди.Муаллифни чақиртирдим, келмади. Сўнг масъул котибга буюрдим:
- “Самарқанд ери саҳовати”ни шу йигитга топширинг, қани қандай ёритади?
- У сал осмонда шекилли, чақиртирганингизда келмадику…
- Нима иш қилар екан?
Улуғбек номли совхозда директор муовини, ўзи ТошДУнинг журналистика факультетини битирган.
- Ундай бўлса, у ерда нима қилади?
- Тошкентда кечки бўлимда ўқиб, кундузи газеталарда ишлаган экан, “Тошкент ҳақиқати”, “Қишлоқ ҳақиқати”, кейин радио… Ҳалиги “Табаррук замин” программасини шу йигит тайёрлар эди.
- Ҳа-ҳа, биламан, эсимга тушди, нега “осмон”да юрибди?
- Иш сўраб келган экан. ”Кўзойнакнинг юқорисидан қараб “йўқ” дедилар” дея ранжибди.
- Уни дарров ерга туширамиз қўямиз!
Шундай дедим-ую унинг катта бир мақоласи остидаги имзога “Ленин йўли” газетасининг Жомбойдаги муваққат мухбири” деб қўшиб қўйдим. Қаламкашга бир дунё бойлик эмас, бир оғиз ширин сўз кифоя. У редаксияда пайдо бўлди. Анча суҳбат қурдик. Фикирлари тиниқ, мулоҳазаси дуруст.
- Душанба кунидан қишлоқ хўжалиги бўлимига келиб ишлайверинг, – дедим унга.
“Хўп” деб чиқиб кетди-ю, келмади. Сўнг Жомбойга оиласи билан кўчиб борганини, иши яхши эканлигини рўкач қилди. Мен унга деярли ҳар куни топшириқ бераман. У эса “қани ким енгилади” деб ўйласа керак, эррталаб мақолани ҳозирлаб келади. Хуллас, нафақат менга, ҳайъат аъзоларига ҳам унинг чаққонлиги, топқирлиги маъқул тушди.
- Мана буйруқ, бўлимни қабул қилинг, – дедим бир куни.
- Райком жавоб бермаяпти, – деди.
Жомбой ноҳия партия комитетига хат ёздим. Жавоб бўлмади. Кейин биринчи котибга қўнғироқ қилдим. “Ўзимизга керак” деди. Иккинчи хатга ҳам жавоб олинмагач, вилоят партия комитетига мурожаат қилдим. Шундан кейин жавоб беришди.
Бу воқеани батафсил эслашимнинг боиси бор. Олдинги йили казо-казолардан бири Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг ўша кездаги иккинчи котиби В.П.Анишчев номига унинг ҳақида бўҳтоннома уюштиради. Ана шу узундан узун хатда, жумладан, шундай дейилади: “У ошна оғайнигарчилик туфайли Жомбойга бориб партияга ўтди, сўнг бирданига вилоят газетасида бўлим мудири бўлди, олти ой ўтмай, партия турмуши бўлимига бошлиқ этиб қўйишди.
Бўҳтон хатни тўрт ой текширишди. Бу пайтда у жумҳуриятда иқтидорли қаламкаш сифатида танилган ва Самарқандда дами анча ўткир шахсларнинг “думи”ни босган эди. Шу боис ”ундан бир нарса топиш ва калишини тўғрилаб қўйиш” вазифа қилиб олинган эди. Афсуски, у “Ленин йўли” газетаси редаксиясида КПСС аъзолигига қабул қилингани, редаксияда ошна оғайнигарчилик бир тийин эканлиги, бу ерда қалам қандайлиги иш беришини рақиблар билардилар. Тўғри, Жомбойда уни партия аъзолигига номзодликка қабул қилишган. У бригадир эмас, катта совхознинг кўзга кўринган раҳбарларидан эди. Бунинг устига, бу лавозимда ишлаётганлар вилоят партия комитети номенклатурасида турардилар. Қолаверса, улуғбеклик коммунистлар унинг қобилиятига, меҳнатига қараб баҳо беришган. Шу сабабдан текширувчилар КПСС Устави талабларига тўла риоя қилинган дея хулоса чиқаришга мажбур бўлдилар. Яқинда унинг кундалик дафтари қўлимга тушди. Бир неча йиллардан буён қидириб юрган нарсаларим ана шу дафтардаги сатрларга жо бўлган эди. Мана сиз ҳам бироз кўз югуртиринг, энг аввало самимиятни илғаб оласиз.
“Самарқанд шаҳридан Панжакент кўчаси бўйлаб Ургут тарафга тўрт километр чамаси юрилгач “Обимашҳад” деган ёзувга кўзингиз тушади. Шу ердан анча пастликда булоқлар сувини жамлаб Обимашҳад ариғи оқади. Ариқ ёқасида тарихи минг йилларга бориб тақаладиган “Пулимурғоб” қабристони бор. Унинг бир четида ёнма-ён уч қабр турибди. Мен учун жуда азиз зотларнинг жасади шу ерга қёйилган. Сағана тошларидан бирида шундай ёзувларни ўқийсиз:
“Бувим қайда” деса неварангиз гоҳ,
Сув бўлиб оқаман, қалбимда зорим,
Номи Мунаввару, ўзи эса, оҳ…
Дардларга қул бўлган онаизорим!
Ҳали мен дунёга келмасимдан олдин онам оғир дардга учраганлар. Оққон касали у зотни йилдан йил “сўриб” борди. У кишини жуда яхши эслайман. Ёлғиз ўғил бўлганим учунми, беш қизларини койиб, мени аярдилар.
Бир куни синф раҳбаримиз уйга келди. Онам билан нималарнидир гаплашди. Билсам, директор “Медал учун 350 сўм керак, харажати бор” деганмиш…”
Унинг гувоҳномасида фақат аъло баҳолар, аммо олтин медал беришмади. У ноҳақликка илк бор шунда тўқнаш келди. Лекин адолатсизликка қарши курашувчан бўлишини тасаввурига сиғдира олмас эди. Онадан айрилдию отадан айрилди. Етимлик азобини тортди. Тошкентга келиб ҳам ўқиди, ҳам ишлади. Қишлоқдан чиққан бу йигитга на ошнаси, на оғайиниси ёрдам қилди. Уни яхши одамлар, инсонпарвар кишилар қаватларига олишди. Меҳнатдан, айниқса энг заҳматли иш – газета ишидан қочмади. Кимдир уни сургундаги захматдан ҳам оғир деган экан. Ҳақ гап!
Хуллас, у “Совет Ўзбекистони” газетасининг Самарқанд вилояти бўйича мухбири этиб тайинлангач, ярқ этиб кўзга ташланди. Мен шунда меҳнатларим зое кетмаганини англадим. Унинг қалами обдон чархлангунча, феъли журналист халқига мослашгунча, устозлик меҳрини аямадим, десам мақтаниш бўлмас.
Самарқандда уни деярли ҳамма танийди. Кимдир “Совет Ўзбекистони” да босилган ўткир мақолалари, фелъетонларини, яна кимдир “Қишлоқ ҳақиқати”да чоп этилган публисистик чиқишлари, ижтимоий очеркларини, яна биров “Муштум”даги ҳарбу зарбларини, “оинаи жаҳон”даги кўринишларини,”Ҳаёт қувончлари ва ташвишлари” нинг Самарқандга бағишланган кўрсатувини билади. Ҳамма-ҳаммасида унинг далиллиги, қатъияти, журъати кўзга ташланади. Ҳали мухбирлар партия ходими ҳақида мулоҳазали мақола ёзишни орзу қилишганда, у бир неча райкомлар фаолиятини биринчи котиби билан қўшиб фош этиб ташлаганини биламиз.
Масалан, “Совет Ўзбекистони”да босилган “Иштихонда ишчанлик етмайди” мақоласини яхши эслайман. Адолатсизлик, ноҳақлик хусусидаги “Ҳомийлар”, “Ҳақиқатнинг кўзи кўр эмас”, “Бир коммунист тақдири”, “Таъқиб”, “Суд”, “Қаро кўзим келу…”, “Бўҳтон” сингари мақола ва фельетонларида ўнлаб кишиларнинг ташвишларига шерик бўлди, дардларига малҳам қидирди. Туҳмат туфайли қамалиб кетган бир неча киши унинг чиқишларидан кейин партияга, ишига тикланди, қанча одамларнинг ҳақиқатга ишончи ортди, айни пайтда ноодиллар аёвсиз танқид остида қолдилар. Бундай кезда журналистга жуда қийин. Бизда ҳали ҳам “мен айбдорман” дейдиган мард оз. Шу боисдан Жаҳонгир Маматовга осон кечмади. Унинг устидан бўҳтонлар битишди, қўрқитишди, аммо у чекинмади.
Кўп одамлар мендан илтимос қилишган: “Шогирдингизга айтинг, шуни ёзмасин!” Айтсам ёзмаслигини, сўзимни икки қила олмаслигини биламан. Аммо бирор марта ҳам унга “фалончини ёзма”деб айтмаганман. Бу аввало ўзимнинг виждонимга хилоф бўлса, қолаверса, ижодкорнинг фикрини, қарашини, курашини синдириш керак эмас, аксинча унга мадад бўлиш зарурлигини ўз ҳаётимдан яхши биламан. Мен Жаҳонгирни атайлаб ажратиб кўрсатаётганим йўқ. Жомбойликлар ишонч билдириб 293-сайлов округидан унинг номзодини Ўзбекистон ССР халқ депутатлигига кўрсатишди. Улар хато қилишмаганини таъкидламоқчиман, холос.
Кўзбўямачилик, қўшиб ёзиш ҳақида 1984 йилдан эътиборан гапира бошладик. Лекин Самарқанд вилояти “Ленин йўли” газетасининг 1983 йилги саҳифаларини варақласангиз, кураш эртароқ бошланганини сезасиз. Мен Жаҳонгирнинг “Намоз ботир” деган очеркини ҳамон эслайман. У қўшиб ёзиш қурбони бўлган жомбойлик бир пахтакорнинг қисматини 1983 йилда жуда қатъият билан газета саҳифасига олиб чиққан эди. Буни жомбойликлар яхши хотирлашса керак. Биз ўзига ўзи ўт қўйган аёллар ҳақида энди гапира бошлаганимизда “Қишлоқ ҳақиқати” унинг “Аянчли қисмат” сарлавҳали ижтимоий очеркини босган.
Бугун мен шодман: одамлар шогирдимга ишонишди. Бу менинг ҳам орзуим эди. Жаҳонгир ана шу масъулиятни ҳис этади, нафақат жомбойликларга, балки бутун Самарқандга астойдил хизмат қилади. Чунки унинг қалбида дарди бор, бу – ноҳақликка, адолатсизликка қарши кураш дарди, оддий одамларни бахтиёр кўришга умид дарди! Худди ана шу нарса унинг сайловолди дастурида ҳам ифодасини топган. Мен ҳеч иккиланмай унга ишончли вакил бўлдим. Адолатсевар жомбойликларни 18 феврал куни Жаҳонгир Маматов (Жаҳонгир Муҳаммад) номзодини қўллаб овоз беришга даъват этаман!
Аҳмаджон Мухторов,
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси бошқарувининг раиси, СССР Олий Советининг аъзоси.
«Ёш ленинчи» (Туркистон) газетаси- 1990 йил 6 январ 5-(13441)
КУНДАГА ҚЎЙИЛГАН БОШ
ёки мустақилликнинг машаққатли йўллари хусусида сўз
МОЗИЙГА МУРОЖААТ
Сайхун ва Жайхун ўраб турган бу заминнинг “пешонаси шўр” экан. Нега дейсизми? Ахир қайси юрт бу қадар кўп азият чеккан, бу қадар кўп талофат берган, бу қадар кўп қони тўкилган? Уч карра тили, етмиш етти марта қўли кесилган бу юртнинг тақдири ҳақида ҳали ҳеч ким аниқ тасаввурга эга эмас ва ҳали бери бу қусур барҳам топмаслиги аниқ.
Кимлар босиб олишни орзу қилмади ва кимлар босиб олмади? Жангу жадалсиз ўтган йили борми бу юртнинг? Гоҳида Машриқ тарафдан, гоҳида Мағриб ёндан отлар дупури келиб турди, ўқлар ёғилди бошига. Баъзан Спитамен бўлиб кўкдан ёғилган ўққа кўксини қалқон қилди ўғлонлари. Баъзан Муқанно бўлиб ловуллаган оловга кирди жигарбандалари. Темур Малик бўлиб ёғийга ёпирилди. Жалолиддин Мангуберди бўлиб саманда сакради саркардалари. Соҳибқирон Темур ҳазратнинг ҳам кўксига қонли из бўлди ёвнинг шум ниятлари.
Бироқ олов ичида, жанг қуршовида, ўқлар остида юксалишдан тўхтамади бу юрт. Улуғ Сино бўлиб кўкарди, Беруний, Ал-Хоразмий бўлиб тафаккур дарахтига айланди, Ал-Фароб, Фарғоний ва Мирзо Улуғбеклар бўлиб дунё илмхонасига йўл солди, Мир Алишер, Заҳириддин Бобур бўлиб куйлади, Имом Бухорий, Аҳмад Яссавий, Ат-Термизий, Хўжа Аҳрори вали бўлиб одоб – аҳлиқ салтанатини устувор этди. Чўлпону Усмон, Фитрату Қодирий бўлиб жонини жабборга берди бу юрт.
Нева соҳилида уйғонган Пётрнинг тушларига бу юртнинг олтинлари кирди. Екатеринадан тортиб, инқилоб қиличидан йиқилган Романовларга қадар ва сўнг Брежневгача ҳам, бу юртнинг тиллолари, бойликлари, маҳнат учун яралган “олтин қўллари” тинчлик бермади.
Биз бугун мустақиллик ҳақида гапирар эканмиз, энг аввало, юртимизни кимлар ва нима учун босиб олишганини англаб етишимиз керак. Таассуфки, ҳали болаларимиз “ихтиёрий қўшилганмиз” дея сабоқ олишмоқда. Ҳали генерал губернатор Кауфманнинг “Элни тиз чўктириш учун унинг маданиятини яксон қилиш керак” деган “пурҳикмат” сўзларини фарзандларимиз билишмайди. Скоблев, Черняев деган зотларнинг қиличидан оққан қон доғлари тарихимизнинг чанг босган саҳифаларида кўринмасдан қолаётир. Регистон мадрасасида отиб ташланган талабалар руҳи қарийб бир асирдирки, осмонимиз узра чирқиллаб юрибди.
Эндигина Қодирий дафтарини очдик. Усмон мустақиллик учун занжирланганини билдик, холос. Бироқ, мозий узоқ ва яқин ўтмиш ҳали қоронғулик ичра мағлуб бўлиб турибди. Ҳали нур ёритган эмас бу кенгликни.
Мустақил жумҳуриятнинг фозилу-фузалолари илм нури ила бу оламни ёритажакларига ишончим комил. Шу боис ўзим “тишим ўтадиган” кунлардан сўз очмоқчиман. Зеро, бугун тўла мустақиллик ўзи келмаслигини ҳар биримиз идрок этишимиз ва ҳар биримиз у ҳақда ўз сўзимизни айтишимиз шарт.
ДОҲИЙ ДАҲОСИ
Кимки оламдан ўтмасин, уни ерга топширар эканмиз, қабристонда “У қандай одам эди?” деган савол берилади. Ҳамма “яхши эди” дейди. Бу улуғ ҳикмат. Чунки у дорил фанодан дорул бақога кетди. Энди уни қайтариб ололмайсиз. Уни ҳақорат қилсангиз бошингизга кулфат ёғилади. Уни сўроққа тутаман десангиз тилингиз тошга айланади. Аммо “Доҳий тирик!” деган гап қонимизга сингиб кетган. Қолаверса, жасадини ҳали ҳач ким ерга топширган эмас.
Мен Ленинни сўроққа тутиш ёки айблашдан йироқдаман. Фақат ошкоралик кунларида очиқча гапириш учун ул зотни эслаш жоиз деб ўйлайман. Негаки, бугун биз Октябр инқилобидан буён мустақиллик учун курашимизни яшириб келганимизни тан олмоқ учун ҳам уни эслаш зарур. Болаликдан тилимиз Ленин деб калимага келди. Ҳатто эр-хотин муносабатларида ҳам ленинча назариялар яратилди. Болалар Ленин руҳида тарбияланди. Унинг коммунизмга элтувчи асарлари хонадонларимиз бойлигига айланди. Шу даражага келдики, Ленин ролини ижро этган артистларнинг кўксига олтин нишон тақиш таомилга кирди. Бу зотнинг номи берилмаган маскан қолмади.
Бу унинг айби эмас. Бу бизнинг, қолаверса, бизни қулликда сақламоқчи бўлган улуғ ленинчиларнинг ишлари ва балки қилмишларидир. Ахир Лениннинг тўла асарлар тўплами ҳам чала бўлиб чиқди-ку?! Юртларни босиб олиш, мустамлакани кучайтириш хусусидаги “асарлар” шу пайтгача яшириб келинган экан-ку?! Яқинда ошкор этилган мана бу сатрларни бир ўқиб кўринг-а, таржима қилишга қўл бормайди:
“… Постараться наказать Латвию и Эсландию военним образом ( например “на плечах” Балаховича перейти где либо гранитсу хоть на 1 версту и повесить 100 – 1000 их чиновников и богачей) …”.
“Даҳо”нинг бу асарлари яқинда партия архивидан топилди. Ҳатто , Ҳиндистон, Корея, Афғонистон, Инглизистон, Эрон, Туркия, Гретсияда ҳам ана шундай йўллар билан ҳам қўзғолон кўтаришни башорат қилган эканлар. Мўғулистонга қўзғолон учун пул ва отряд жўнатиш ҳақида кўргазмалар берган, Фин тўполонларига 10 миллион сўм “ёрдам” юбортирган эканлар. Марказий матбуотда эълон қилинган бу ҳужжатларга разм соларканман, ҳозиргача улуғ доҳий васиятларига қанчалик содиқ қолингани ҳақида ўйлайман. Узоққа бормайлик. Паркент воқеаларини эсланг. Бу хусусда кўп гапирилган, аммо кам ёзилган. СССР Ички ишлар вазирлигининг махсус дивизияси вакили М.П. Салютин имзо чеккан бир ҳужжатдан мисол келтираман:
“1990 йил 2 март. соат 13.05. Тошкент вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғининг ўринбосари подполковник Волков СССР Ички ишлар қўшинлари раҳбариятига қўнғироқ қилиб Паркентга 100 ҳарбий машина юборишни, бу ерда учинчи март куни рухсат этилмаган митинг бўлиши эҳтимоли борлигини ва оммавий тартибсизлик бошланиб кетиши мумкинлигини айтди”.
Дарҳол қўшин Паркентга қараб йўл олди. ( Кейинчалик Ўзбекистон Олий Кенгаши комиссияси бу ҳаракат мутлақо нотўғри бўлганини аниқлайди. – Ж.М.). Бўкада оммавий қирғиннинг олди олинди. “Даҳо” васиятига содиқ, айни пайтда Ўзбекистонни қўлдан чиқариб юбормасликка аҳд қилган зўравонлар ташвишга тушдилар. Энди, нима бўлса ҳам Паркентда олов ёқиш керак эди. Бунга қандайдир даражада эришдилар ҳам. Аммо кутилган натижа бўлмади. Ўзбекистон ёнмади. Сўнг каттароқ оператсияга киришилди. Энди иш Ўшда бошланди. Бу сафар Ўрта Осиёга олов қўйилиши керак эди. Охир оқибатда тағин уларнинг режалари барбод бўлди.
Бугун “мустақиллик ўзи келмайди, унинг учун курашиш керак” деган гапларни кўп эшитамиз. Ҳа, курашиш керак. Биз нафақат курашдик, балки бу йўлда қон ҳам тўкдик. Фарғонада йиқилган йигитлар, Қўқонда ўққа тутилганлар, Паркентда шаҳид бўлганлар, Ўшда жон берганлар – булар мустақиллик учун қурбон бўлганлардир. Мустақиллик майдонида қад кўтаражак “Озодлик” ёдгорлиги ана шуларнинг ҳаммасини мужассам айламоғи керак.
Энг даҳшатлиси шундаки, Ленинниг куч ишлатиш ҳақидаги башоратлари КПСС Марказий Комитетининг иккинчи одами, Бош котиб ўринбосари Ивашконинг иш столидан ҳам топилди. Мана сизга жумбоқнинг калити. Бу ёғини тушуниб олиш учун донишманд бўлиш талаб этилмайди.
АДАШГАНЛАР, АДАШМАГАНЛАР
Сафар учрашувларида кекса бир отахон қизиқ савол бердилар:
- Болам, оз эмас, кўп эмас, саксонни қоралаб қўйдим. Сен менинг саволимга фақат тўғри жавоб бер. Чунки сен эшитган, ўқиган, мен эса барини кўрганман. Қани айтчи, инқилобдан нима орттирдик?
Ўйланиб қолдим. Ҳеч нарса дейишга ҳаққим йўқ. Чунки қаршимда тирик тарих, гувоҳ турибди. Кўп нарса йўқотдик, деганларнинг гапини такрорласаммикан? Балки орзуларимиз етти етим бўлиб қолганини гапирсамми? Бир лаҳзада ҳаёлимда ана шу сингари ўн саккиз минг савол айланди. Жавоб эса юракда экан.
- Сайлаш ҳуқуқини орттирдик. Аммо шуни ҳам баъзан раҳбарнинг алдов-қалдовига алмаштирдик, баъзан лоқайдлик йўлига қурбон қилдик, баъзан кимгадир, нимагадир сотдик…
Ана шунинг учун ўнгланмаяпмиз. Чунки бу ҳуқуқ ўзимизнинг қисматимиз, онамизнинг тақдири, отамизнинг армони, боламизнинг истиқболи эди. Биз эса буни гоҳ англаб, гоҳ англамай топтадик. Бу ҳуқуқ Ўзбекистон эди. Ўзимиз уни менсимасдик, қўш қўллаб манфаатпарастларга топшириб қўйдик…
Жавобим чўзилиб кетди. Аммо отахон индамай қўлини фотиҳага очди:
- Илоё худо менинг гуноҳларимни авф этсин. Мен энди ким учун, нима учун овоз беришимни биламан. Фақат менинг овозим билан Ўзбекистон ўнгланармикан? Тангридан ўтинчим шуки, менга ўхшаганларнинг кўксига Ўзбекистон учун овоз бериш ҳукмини солсин!
Бу қуруқ ва қизил гапларга ўхшайди. Йўқ, бу оддий ҳақиқат. Халқимизнинг кўзини боғлаб қўйишган, тилини “қўрғошинлаб” ташлашган эди. Шу боис унга оқ ҳам қора рангда кўринар, дилидаги гапи ўзининг шахсий мулки бўлиб қолаверарди. Унинг яккаю ягона эрки – сайловдаги овозини юлиб олиб катта минбарлардан гапирадиган ўғил – қизлари ҳам гунг ва кар эдилар. Улар гапирардилар, лекин асосан ўргатилган , ёзиб берилган, тўқилган, ўйлаб топилган бўларди бу гап. Улар эшитардилар, бироқ халқ дардини, аламини эмас, кўпгина юқоридаги тўраларнинг “ҳикматларини”. Аммо бугун халқнинг кўзи очиқ, дилидагини гапиряпти. Зеро, қаердаки сўз тирик экан, демак ўша ерда ҳали ҳаёт бор.
Аммо отахоннинг “Фақат менинг овозим билан” деган титроқ саслари, ҳамон қўлоқларим остида. Бу жумбоқ замиридаги маънони Ўзбекистон Олий Кенгаши биринчи сессиясида англадим. Жумҳурият тақдири муҳокама бўлаётган чоғда “Фақат икки дақиқа сўз беринг, Ўзбекистон тақдири билан боғлиқ таклифим бор!” дея раисга хат ёздим, сўз ололмадим. Нима демоқчи эдим.
“Азиз дўстлар! Биродарлар фақат бир ёқлама мустақиллик ҳақида ўйласак, хато қиламиз. Аввало бизга иқтисодий мустақилликни эркин фикрлашимиз учун, мафкуравий, маънавий, ахлоқий мустақиллик зарур. Шу боис ҳам иккаласини ёнма-ён муҳокама қилайлик. Бизнинг қадриятларимиз, маданиятимиз, пок аҳлоқимиз бўронга учраб таназзулга юз тутмоқда. Қачонгача мажбурий “тарбия” таъсирида бўламиз? Бугун мафкуравий бўрон йўлларини ёпайлик…”.
Раислик қилувчи сўз бермагандан кейин депутатларга мурожаат қилдим.
- Фақат бир дақиқа сўз беринглар, жумҳурият тақдири билан боғлиқ таклифим бор!
“Вақт кетяпти”, “ Бу аҳволда қачон уйга қайтамиз“, “Йўқ бермаймиз…”. Шу дақиқада халқ билан юзма-юз бўлмаган, бир мавзедан фақат ўз номзодини қўйиб, одамларни танловсиз сайловга рўбарў қилган ва сайлов эмас, сийлов нашъасини сурган “фарзандлар” нафасини сездим.
Индамасдан кета олмас эдим. Президент ҳузурига бордим. Таклифимнинг маъносини шарҳлаб бердим:
- Нега олдинроқ менга айтмадингиз, – деди у.
Гп шундаки, шу нафас сессия охиригача ҳукмронлик қилганди. Исташса, муҳокамага чек қўйишди, исташса, саволларни бўғишди. Ниҳоят, сессия якунланаётган кунда бу яна ҳам ёрқинлашди.
Бир кун аввал жумҳурият дарди – ҳарбийга чақирилувга доир масала элни титратди. Кимдир ёниб сўзлади, кимдир тутаб, кимдир йиғлаб гапирди, кимдир лоқайдлик билан. Қарор ҳеч кимни қониқтирмқди. Шу сабабдан эрталаб яна шу масалага қайтиш зарурати ўртага қўйилди.
Ким учундир темир тобутларнинг ичида ётган жасадлар бегона, аммо даладаги иш муҳим! Ким учундир тинч кунларда армиядан кўз қароси, жигарбанди – ўғлининг ўлигини олиб келган отанинг, онаизорнинг бўзлашлари ҳеч нарса эмас, аммо далага бориб буйруқбозлик қилиш зарурат.
Рим файласуфи Эпиккетнинг сўзлари ёдимга тушади: “Одам пулсиз, уйсиз, ер-мулксиз қолса садқаи сар – буларнинг ҳаммаси унга тегишли эмас. Инсоннинг ўз ҳақиқий мулки – қадр-қимматини йўқотиши ачинарлидир”. Ҳа, бу мулкни сақлаб қолиш керак. Бунга эришмасак “ адашганлар” сафига қўшилиб кетамиз. Юрт дарди, эл-улус дардидан йироқ қоламиз. Ҳаёт эса барибир ўз ҳукмини чиқаради.
Аммо ана шу адашганлар қисқа вақтда мустамлакадан мустақиллик эълон қилишгача йўлни босиб ўтдилар. Уларга ишонгим келади. Уйғонаётган юртга; уйғонаётган ўғлонларга ишонгим бор. Фақат улар энди яна кўзларини юммасликлари, юрт тақдири ҳал бўлаётганда пинакка кетмасликлари зарур. Акс ҳолда буюк мустақиллик, эндигина кўкара бошлаган демократиямиз, ҳали бугун кўзи очилаётган булоқ – ошкоралик қўлимиздан кетади. Буни истамайдиганлар кўп. Ўзбек элини манқуртлар элига айлантириш умидида жон фидо қилаётганлар оз эмас.
Шу пайтгача кўп адашдик. Энди адашиш – ҳалокат. Бугун – синов, тарихий синов даври. Синов даврида адашганлар дўзахнинг анг оловли ҳилқатларига тушган каби азоб чекишлари аниқ. Худо ўзи асрасин адашмоқдан!
“КУЧ АДОЛАТДАДУР! “
Яқинда ўзини дунёга устун деб юрган сиёсатдонлардан бири “Россия суверенитет ҳақида ҳаракат бошлади-ю, ҳамма унга эргашиб қолди” деб ёзди. Бироқ мустақиллик учун бизда кураш бошланганда шу зот туғилмаган эди. Намоз Ботирдан тортиб чўлу биёбонларда, тоғу- тошларда жон берган минглаб Мадаминбеклар нима учун жон бердилар? Тўғри, ҳали биз ўзимиз уларни англай олмаяпмиз. Бироқ бу бор, бўлади!
Кейинги йилларда дардимиз ичимизда эди. Илк марта сайловлар арафасида камина ҳам очиқчасига гапирдим. Сайловолди дастуримнинг биринчи талаби этиб, халқ иродасини ифодалаб Ўзбекистон мустақиллиги учун кураш масаласини қўйган эдим. Етилган масалалар – жамият чириб битгани, эл-улус қулга, манқуртга айланиб қолаётгани, дунёнинг энг мазлум ўлкаси бизнинг юрт экани ва хуллас, жамики дардларимиздан фақат мустақиллик туфайли халос бўлишимизни ёзгандим.
Юқорида айтганимиздек, Олий Кенгашнинг бирирнчи анжуманида мустақиллки деган сўз кўпларни чўчитиб юборди. Аммо ўша чўчиганларнинг юраги ҳам мустақиллик, деб тепаётгани юзларидан аён эди. Сўнгра бу муҳим масала Олий Кенгаш Раёсатида кўтарилди… . Кўплаб депутатлар Ўзбекистон Олий Кенгашининг II сессиясида “Мустақиллик декларатсияси” қабул қилиниши учун қаттиқ турдилар. Унга эришиш учун олиб борилган жанг алоҳида ёзилажак катта мавзу… .
(Мазкур мақоламга қуйидаги сатр қўшилган׃“Маълумингиз, Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг розилиги ва қўллаб қувватлаши билан “Мустақиллик декларацияси” II сессияда эълон қилинди” . Бу сатр бутун мақоланинг руҳига зид ва ҳатто қўшилган жойи ҳам жуда ўринсиз эди-ЖМ).
Тасаввур қилинг, қанча асаб торлари узилди, қанча юрак-томирларида тугун пайдо бўлди. Шундан кейин ҳам мустақиллик ўз-ўзидан келди, деб айтишга асос қоладими?
Назаримда асосий кураш ҳали олдинда.
Зеро, етмиш йиллик давр тафаккуримизни заҳарлади, фикримизни занжирбанд айлади, шу боис бугун икки дарё оралиғидан чиқиб жаҳонни лол қолдира олмаяпмиз. Шу сабаб ҳали ҳам бандага бандамиз.
Етмиш йиллик давр қўлимизга кишан солди. Шу боис маънавияти юксак, санъаткор, меъмор халқнинг қўллари фақат “оқ олтин” яратишга ярайдиган бўлиб қолди. Самарқанд, Хива, Бухоро орзуга айланди. Жаҳон бозорини ҳайратга соладиган маҳсулотимиз ҳам йўқ ҳисоби. Ҳали кишан парчаланмаган, ҳали қўллар ўз ҳолига қайтмаган.
Етмиш йил оёғимиз боғлаб қўйилди. Оқибат дебсинишни ўргандик. Юриш, югуриш ёдимиздан чиқди. Жойимизда айланиб турибмиз, ҳайҳот!
Етмиш йил… еримиз ўлди, ҳаво заҳарланди, сув ифлос бўлди, вужудимиз камқонли бўлди, сариқ касаллиги миллат хасталигига айланди, Орол қуриди, обидалар емирилди, санъат сайқал топмади, ахлоқ айниди, диёнат, имон, эътиқод унутилаёзди… . Мана бизга истиқлол кунида қолган мерос. Мана бизнинг яқин келажагимиз, мана бизнинг кураш, жанг майдонимиз.
Ҳа, ҳали бошимиз кундада. Бошни даст кўтариш учун ана шу ваҳий, оғир мерос – қонли қилични синдирмоқ керак. Бу эса куч талаб қилади. Ҳазрат Темур “Куч адолатдадур!” дегандилар. Демак, энг аввал адолат йўлини, ҳамжиҳатлик йўлини танлашимиз, зарур экан. Ўшандагина бошимиз узра ярақлаб турган қилични улоқтирамиз.
ЖАҲОНГИР МАМАТОВ,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист.
Ушбу мақола “Ўзбекистон овози” 1991 йил 5 ноябр сонида “Нуқтаи назар” рубрикаси остида чиққан мақола.
КИМГА АЙТАЙ ДАРДИМНИ?
* Шикоят ё арз ёзмаган киши борми?
* Сансалорлик кимга фойда, кимга зиён?
* Етмиш тўрт йилнинг етмиш тўрт миллион вагон қоғози.
* Хўш қандай қонун керак бу хусусда?!
1. “МАВЗОЛЕЙ, ЛЕНИНга…”
Қизиқ. Инқилобдан аввал ариза, шикоят ёзилганмиди? Кимга , ким томонидан, нима ҳақда? Ким ўқигану ким текширган? Дунё устивор бўлибдики, адолат ва адолатсизлик, ҳақ ва ноҳақлик, нур ва соя, ҳавас ва ҳасад ёнма-ён. Шартсиз – қайтсиз айтиш мумкинки, арз, шикоят ёзиш ўктабир инқилобидан кейин ўз шоҳсупасига кўтарилди. Йиллар кечаверган сайин бутун мамлакат шикоят текширувчи улкан корхонага айланиб борди.
Кимдир шикоят ёзиб ҳалқни барҳақ айлади. Яна кимдир шикоят битиб эл – улус олдида юзи шувут бўлди. Бошқа биров арзнома текшириб рўзғорини бутлади, киссасини қаппайтирди. Хуллас, Ойша момонинг чор деворидан то Ленин ётган мақбарагача шикоятхонага айланди. ( Гапим жиддий – мавзолейга ёзилган шикоятни тақдир тақозоси билан ўзим текширганман, бу хусусда қуйида тўхталаман. – Ж.М.) Кейин сарҳад сакраш бошланди:”ООНга ёзаман!” (ООН – БМТ). “Ёзаман…, ёзаман!”… Хайриятки, космосга қатновнинг иложи йўқ…
Аслида бирор кишини нега ёздинг дейишга на ҳаққимиз бор, на асосимиз? Чунки ҳали ҳеч ким онасидан аризачи бўлиб туғилган эмас. Ҳар қандай шикоятчини бу ишга жамият мажбурлайди.
“Совет Ўзбекистони” ( ҳозирги “Ўзбекистон овози” ) рўзномасида ишлардим. Марказқўмдан бир шикоят беришибди, “Мухбир юборинглар” деб. Қарасам, хат Московга, Ленинга ёзилган. Отахон Мойбулоқ (Самарқанд вилояти)нинг мошин йўли бормаган тоғ қишлоғида яшарканлар. Бордик.
- Кимсанлар? – дедилар.
- Аризангиз бўйича келувдим.
- Қайси бир аризам, ёзавериб кўз нурим тўкилди, ҳаммаси мелисага, пуркурорга тушади. Улар мени пўвиска билан чақириб, “қайтиб ёзманг” деб жўнатишади. Сенинг газетингга уч йил олдин ёзувдим. Ўшанда ҳам пуркурор чақирганди. Энди ўзинг келдингми?
- Мана, мавзолейга, Ленинга ёзган экансиз?
- Сени Ленин юбордими? Тирилибди-да-а?
Отахоннинг бутун вужуди кинояга тўлиб кетган экан. Ҳаммасини тўкиб сола бошлади.
- Улим, бу узоқ йилги, аввалги гап. Ёзавериб бу ёғимдан – нарёғим яқин қолди. Кейинги вақтда принсип учун ёзардим. Ҳеч қандай давом йўқ. Хайрият, бу қишлоққа ҳам биров келаркан…
2. ИЗТИРОБ
Дард нима? Тиббий дард бор. Малҳами гоҳида аниқ, гоҳида мавҳум. Ижтимоий дард бор. Малҳами аниқ. Бироқ давоси мушкул. Бугун қалб дарди, халқ дарди… деган калималар, ҳар лаҳзада, ҳар қадамда эшитилади. Ўзим ана шу ҳақда гапира бошлаганимга оз эмас, кўп эмас, қарийиб йигирма йил бўлди. Аввалига талабалар даврасида, сўнг рўзномаларда, ундан кейин халқ ўртасида, ойнаи жаҳонда, Олий Кенгашда ва ниҳоят…
Самарқанд вилоят “Ленин йўли” рўзномасида ишлардим. 1983 йил эди. Бир мақолада “қўшиб ёзиш”, “кўзбўямачилик” сўзларини ишлатибман. Вилоят фирқа қўмитасига тушунтириш беришга тўғри келди. Нима эмиш, бўҳтон, уйдирма эмиш. Орадан кўп ўтмай рўзномалар ана шу сўзлар билан тўлиб кетди, бошидан “тирноғи”гача. Мени тартибга чақирган одамнинг ўзи ҳам маърўзасини шу калималар билан бошлаб, шу билан тугатадиган бўлди. Яқинда ўша одам катта минбардан туриб, тағин бўҳтон, уйдирма хусусида сўзлади. Не синоат? Яна “ қўшиб ёзиш” деган сўзларни ёзсак, танбеҳ оламиз шекилли? Наҳотки чархпалак бу дунё? Наҳотки бир айланиб келаверади? Наҳотки шу қадар тез айланади бу чархпалак?!
Самарқандда кекса бир журналист бор. Аҳмад Нарзиқулов дейишади у кишини. Ўз йўли, ўз фалсафаси бор одам. Шу зотнинг қизиқ гаплари ёдимга тушади: “Раҳбарлар мусиқачи, қўшиқчи, ҳалқ эса ўйинчи, хўш, журналистлар-чи? Улар қарсакчилар!” Дарвоқе, қарсакчи учун барибир, “Муножот”ми, “Лазги”ми, барибир қарсакни ураверади”. Ўйланиб қоламан, наҳотки шунча йил қарсак чалиб келдим?
Юзлаб одамлар ҳузуримга келишади. Ҳаммаси дард билан, нажот истаб келади. Ҳунграб йиғлаган нуронийлар, нола чеккан оналар, сочларини тутамлаган аёллар. Яримта бўлиб қолган йигитлар… Ҳаммасига ёрдам беришга уринганман ва уринаяпман. Кўплари хурсанд, айримлари эса…
Ойида бир маротаба қабул ўтказаман. Мен учун энг оғир кун бу. Одамлар, дардманлар кўп. Ҳар бири билан камида ярим кун суҳбатлашиш зарур. Ноиложликдан гапини бўласан. У эса ранжийди. Ҳали бир воқеа даҳшатидан ўзингга келмасингдан, иккинчисини эшита бошлайсан. Шундайлари борки, ҳамма ишингни қўйиб, шуғулланишинга тўғри келади.
“Биз бир-биримизни севамиз. Олти йилдирки боламиз бўлмаяпти. Шароитимиз бор. Бола олайлик десак, пул сўрашаяпти. Пулимиз йўқ!” Аёл йиғлай бошлайди. Ортида турган эркакнинг ҳам киприклари ҳўл бўлади. Хўш, нима қилиш керак? Вилоят соғлиқни сақлаш бўлими мудирига учрашаман. Бағри кенг бу одам ёрдамга ошиқади. Масалани ҳал қиламиз. Одамлар эшитишади. Кейинги қабулда яна фарзандга зор оила соҳиблари келишади. Кўзларида мунг. Улар умид билан келишган. Яна бош қўшмаса бўлмайди…
“Боламни ҳақиқатгўйлиги учун ишдан ҳайдади. Кўзим очиқлигида бир ишнинг бошидан тутсин дейман. Ёрдам бермасанг ночормиз”. Отахоннинг эгнида яғир кийим. Боласи эски этикни илдирган. Ноиложликдан у идорага бораман, бунисига бораман, охири иш жумҳурият вазири орқали битади. Енгил тортаман. Одамлар эшитишади…
Уй сўраган ногиронлар сон-саноқсиз. Ҳар бирига ёрдам бермасликка ҳаққинг йўқ. Аммо имкон тополмайсан. Фақат биттасини мисол келтираман. Улуғ Ватан урушининг ногирони Хуррам Қаҳрамонов кўксида “Қизил юлдуз” ва яна кўплаб орден ва медаллар.
- Урушдан келсам ватанимни, уй-жойимни бузиб юборишибди, – дейди у. Анча йиллар ўғлим билан Қашқадарёда яшадим. У вафот этгач, 1973 йил яна Жомбойга қайтиб келдим. Тоғамнинг улиникида яшайман. Ёшим бир жойга етди. Шовқин-сурон қулоққа ёқмайди. Қолаверса, иссиқ-совуқ деган гап бор. Уй солишга кучим йўқ. Колхоз қуриб берган билан ким иситадию, ким қарайди? Шаҳардан бир кулба берса. Шу ерда ҳаловатимни топсам…
Ишонинг, ишонманг, бу муаммони ярим кун муҳокама қилдик. Охири ҳамма масъулиятни мен бўйнимга оладиган бўлдим. Шаҳар ижроқўми иложини топиб уй берадиган бўлди. Хўш, шу пайтгача уй сўраб келганларга ва бундан кейин келадиганларга нима дейман? Тўртта боласи билан кўчада қолган бевага ҳам уй зарур-ми? Саккизта боласи билан бир хонада яшаётган аёлга-чи? Бу дардларнинг малҳами қайда? Нега бундай аҳволга тушиб қолдик? Ёки дунё азалнинг касалими бу?
Суд маҳкамаси ёнидан ўтганмисиз? Худди чумолининг уясига ўхшайди. Иши тушган одам (аввало ҳар бир бандаи мўминни шу қийноқдан асрасин) бу идорага етмиш етти марта қатнамаса мени ҳар нима деяверинг. Бирида қозини райкомга чақиришган, бирида оқловчининг ё боласи, ё онаси хаста, бирида қораловчи келмайди… . Хуллас, баҳонанинг нархи қиммат эмас.
Хўш, арзчи нима қилсин? Кимга борсин? Ёзгани ўзига қайтаверса, депутат улгурмаса,
3. НИМА ҚИЛИШ КЕРАК?
Дарвоқе, ўтган йиллар бизни фақат масала қўйишга ўргатди. Талаб қилардик, масала қўярдик. Ҳал қиладиган зот йўқ эди. Оқибатда таклиф киритишни унутдик. Камина юқорида зикр этган муаммо бугунги куннинг энг катта масалаларидан биридир десам муболаға қилмайман. Тахминий ҳисоб – китобларга ( депутат сифатида илтимосим юзасидан бу хусусда кичик тадқиқот ўтказилди) қараганда ўтган йили жумҳуриятда ҳаракатда бўлган шикоят, арзнома, мурожаатлар киши бошига 1,5 тадан тўғри келибди. (Оғзакилари ҳисоб эмас. – Ж.М.) Демак, 35 миллионта шикоят , арз битилган. Қанчадан қанча киши банд бўлган бу билан. Аммо ўрганиб чиқадиган бўлсак, шу 35 миллионнинг 30 миллиони бу йилга яна кўчган.
Хўш, рўзнома, ойномаларга қанча хат келади. Улар охир оқибатда текшириб чоп этишади. Уни яна кимдир ҳал қилиши керак. Қабулга келган бир киши столга ўнлаб рўзномаларни, ойномаларни ёяди. Масала ҳалигача ечимини топмаган. Қанча мухбир овора, қанча текширувчи… . Худди шундай аҳволдаги юзлаб корхоналарни мисол келтириш мумкин. Ноиложликдан текширишади. Одамларга малҳам бўлайлик дейишади. Кейинги вақтда ёзувчилар уюшмаси, янги тузилган ҳаракат ва расмий – норасмий партияларга ҳам оқиб кела бошлади бу “дарё”. Фуқаролар янги жойни эшитса зора ўша ерда адолат бўлар, масала ечилар, деб ўйлашади.
Ҳаёт давом этмоқда, умр ўтмоқда. Мен бу масалани бир ёқлик қилиш бўйича ўз таклифларимга эгаман. Биринчидан, кўп мамлакатлардаги сингари суд идораларини кенгайтириб ҳамма масалани ўша ерда ҳал қилмоқ зарур. Аммо биз ҳамма мамлакатларга ўхшамаймиз. Уларда ғишт, шифер, чўп… сўраб ё оломай шикоят ёзишмайди. Уларда ўғрилик, порахўрлик ҳам бошқа тарзда. Хуллас, ҳеч кимга ўхшамайдиган бўлиб қолдик, бу етмиш тўрт йилда. Ҳатто томдан чакка ўтса ҳам шикоят ёзишга мажбурмиз.
Менинг назаримда ҳозирча мавжуд бўлган “коммунистик” шароитлардан келиб чиқиб, бунинг чорасини кўриш керак. Нуқтаи назарим жиҳатидан таклиф қиламан:
Жумҳуриятда ё парламент, ё Президент қошида Назорат Қўмитаси тузиш керак. Унга Олий Кенгаш Раиси ёки, Президентнинг ўзи раҳбарлик қилиши керак.
Яъни:
1. Назорат Қўмитасининг вилоят, ноҳия ва қишлоқларда бўлимлари ишлайди ва улар фақат ўз раҳбариятига бўйсунади.
2. Қўмита фуқаролар талаблари билан боғлиқ Республика ҳудудидаги жамики идоралар фаолиятини ўрганиш, шулар юзасидан Олий Кенгашга, Президентга, тегишли ташкилотларга таклиф киритиш ҳуқуқига эга бўлади.
3. Ўзбекистон қонунлари, Президент фармонлари, Олий Кенгаш ҳамда Вазирлар Маҳкамаси қарор, фармойишлари, Инсон ҳуқуқлари декларатсияси талабларига риоя қилинмаган ҳолда Қўмита юқорида зикр этилган ҳужжатлардан келиб чиқиб, узил-кесил хулосалар чиқаради.
4. Қўмита қошида аҳолининг кайфияти, талаби, таклиф-эҳтиёжларини ўрганувчи илмий-тадқиқот маркази ишлайди ва у Олий Кенгаш, Президент учун ҳар ойлик ёки ҳафталик ҳисобот, таҳлил тайёрлайди. Бу ҳужжатни вақти вақти билан оммалаштиради.
5. Қўмита махсус нашр чиқаради. Унда фуқароларнинг арз, шикоятлари тақдири ёритиб борилади.
6. Қўмита қошида депутатлар кенгаши тузилади. Қўмита бўлимлари, ходимлари фаолияти асосан депутатлар томонидан ўрганиб борилади.
7. Республикадаги барча идоралар, муассалар, ташкилотлар шикоят ва арз текширишдан озод қилинадилар.
8. Қўмита жиноий ишлар, судга оид масалалар ҳақидаги арз-шикоятларни назорат остига олади ва ижроси таъминланишини кузатади.
9. Қўмита Республика вазирликлари, идора ва ташкилотларининг назорат-тафтиш бошқармаларини ўзида бирлаштиради. Уларнинг ишини ташкил қилади ва юритади.
10. Ўзбекистон Халқ Назорати Қўмитасининг фаолияти, базаси мазкур Қўмитага қўшиб берилади.
11. Фуқароларнинг арз-шикоятлари ҳал этилиши муддатлари узил-кесил белгиланади ва унга риоя этиш таъминланади… .
Албатта, буни давом эттириш, тўлдириш мумкин. Назаримда ана шу хусусдаги Қонунни тайёрлаш вақти етган. Буни тезроқ амалга оширсак, энг аввало шу пайтгача қайта-қайта такрорлаб келаётганимиз тартиб-интизом қарор топади. Қанча маблағ ва асаб толалари тежалиши ҳақида тўхталмаса ҳам бўлади.
Менинг шахсий таклифларим бировга ёқиши, бировга ёқмаслиги мумкин. Кимдир бу улкан муаммони бошқача ҳал этиш йўлларини билар. Хуллас, нима бўлганда ҳам бугун унга нуқта қўйиш шарт. Бардош косаси тўлиб, тошиб, тўкилишини кутиб ўтирмайлик.
ЖАҲОНГИР МАМАТОВ (МУҲАММАД),
Ўзбекистон Республикаси Президент девонининг халқ депутатлари билан ҳамкорлик шўъбасининг мудири, Ўзбекистон Республикаси халқ депутати.
“Ҳалқ сўзи” ,1991 йил 15 октябр
ХХХХХХ