...Унинг орзулари чизган суратларига монанд эди. Тонг чоғида қуёшнинг тоғлар ортидан кўтарилиб келишини кузатиб, юраги завққа тўлар, ҳовлисидаги гулларнинг нақшинкор япроқларига, табиатдаги бир-бирига ярашган рангларга боқиб, ҳайратланар, Яратганнинг моҳирлигига тасанно айтарди... Ва бундай бетакрор гўзалликни қоғозда тасвирларди.
У ҳовлидаги гулларнинг расмини қайта-қайта чизишдан эринмасди. Гулларига термулганча хаёл суришни яхши кўрарди. Хаёлларида у чизган суратлар бутун дунёга машҳур бўлиб кетар, асарлари дунёнинг машҳур музейлари деворларини безаб турарди.
...Орзулар у билан бирга улғайди. Бошқа барча истаклар бу орзу олдида қийматсиздек туюларди унга. Ниҳоят, бир кун журъат топдию онасига дилидагини айтди:
— Ойи, мактабни битириб, рассомлик коллежига ҳужжатларимни топширсам, нима дейсиз?
Онаси қизининг сўзларидан қувонмади ҳам, хафа бўлгани ҳам сезилмади. Худди арзимаган гапдек қабул қилди, шекилли, бепарво жавоб қайтарди:
— Бошқа коллеж қуриб қолганми, қизим? Расмларинг нима берарди сенга? Ўзи коллежга боришинг ҳам номаълум бўлиб турибдию, сен бўлсанг, қаёқдаги гапларни гапирасан.
— Нега, ойи?
— Гулсум холанг эртага келаркан. Сени дугонасининг ўғлига сўраяпти. Жуда яхши оила экан, қизим, ўғли ақлли, топишиям ёмон эмас экан, қийналмайсан.
— Ойи, ахир мен...
— Қизим, энди бола эмассан. Хомхаёлларга берилишни бас қил. Қиз бола яхши оиланинг бекаси бўлса, келинлик уйини яшнатиб турса, унинг бахти шу. Даданг ҳам рози бўлиб турибдилар. Қайсарлик қилиб, ишни чувалаштирма. Бу ерда сингилларингнинг ҳам бўйи етай деб турибди.
...Ҳовлисидаги гуллардан ҳам чиройли келин бўлди у. Ҳар тонг гуллар юзини ювган шабнамлар, ажабки, бу кун унинг юзларига ҳам ярашиб турарди. Бири-биридан гўзал орзулар эса шабнам томчиларига қўшилиб, бир зум жилоландию сўнг қуёш нурларига сингиб кетди...
Кўзгуга боқаркан, у илк бор аччиқ кулимсиради:
— Нима бўлибди шунга? Орзуларидан кечган бир менми? Ана, ҳамма бахтиёр яшаб юрибди-ку...
Ўша ондан унинг юрагини ҳайрату ҳаваслар тарк этди, турмушига кўнди, кўникди. Бошқалар қатори... яшай бошлади.
Тўйдан уч кун ўтиб ҳовлига чиққан синглиси ҳайратдан қотиб қолди. Ҳовлидаги барча гуллар сўлиб, эгилиб қолган, баъзилари, ҳатто, қовжирай бошлаганди...
Зилола АВАЗОВАСўлган гуллар
|