//carhpalak.ucoz.org/111_Yulduz.mp3

 
Меню сайта

Категории раздела
Турфа тақдирлар [483]
Барчанинг бахти ўзгача,лекин барчанинг бахтсизлиги бир хил

Статистика

Онлайн всего: 3
Гостей: 3
Пользователей: 0

Главная » Статьи » Турфа тақдирлар

Сиртмоқ

Сиртмоқ 

Куёв томондан ташлаб кетилган бир қулоч рўйхатга кўз югуртирган эр-хотин эс-ҳушидан айрилишига бир баҳя қолди. Келин-куёвга аталган данғиллама уйга пардадан тортиб, кўрпа-тўшак, сервант-первант, гарнитур-парнитургача, куёв боладан тортиб опа-сингил, амма-хола, тоға-амакивачча, бува-момо, ҳеш-ақраболаргача сарупо-суруқ чет элники бўлиши, уларни куёв тараф танлаши, келин тараф харид қилиши керак эмиш. Қизимизни узатганда асқотади, деб, емай-ичмай неча йиллардан буён йиғилган сепу жиҳозлар, мебеллар энди нима бўлади? Эр-хотин гангиб қолишди.
 «Синалмаган отнинг сиртидан ўтма» дейишади. Мана, оқибати. Аввал бошдан Ражабга қудаларнинг димоғдорлиги ёқмовди. Аммо «осилсанг баланд дорга осил» қабилида иш тутиб, икки ёш бир-бирини яхши кўришар экан, бахтли бўлишса бўлди-да, деб розилик бериб юборганди. Мана, энди ғишт қолипдан кўчиб, бўйнига сиртмоқ ташланиб турибди. Тўйни тўхтатиб, қудалардан воз кечай деса, ўртада кўзининг оқу қораси –  қизининг номуси турибди. Элнинг оғзига элак тутиб бўлармиди, худо билади, эшитганлар нималарни бичиб тўқишади.
– Сенга айтмаганмидим, шошилма, пулга куйиб қолмайлик, бугун чиққан буюм эртага модадан қолаяпти, деб. Ўз билганингдан қолмадинг, мана оқибати! – хотинига зарда қилди Ражаб.
– Ахир чет элникидан қаери кам, мебелнинг айби ўзимизда ишлаб чиқарилганими? Э, модасига ўт тушсин, – хуноб бўларди Сарвигул йиғламоқдан бери бўлиб.
Бундай пайтда ўртага тушганни йўнилмаган касов дейишади. Чорпояда кўрпача қавиётган қайнона тутаб турган оловга мой пуркади:
– Ўзингизга яраша обрўингиз бор, – деди Ражабнинг ярасига туз сепиб. – Худога шукр, пиёда эмас, отдасиз. Пешонангиз ярлақаган экан, ялаб-юлқаб катта қилган як-  ка-ю ёлғиз қизингизга кимсан, менман деган бадавлат хонадон оғиз солибди. Хурсанд бўлмайсизми, улар келин қиламиз дейишса, қиз камми?
– Қўйинг, эна, бу одам бунақа нарсаларни тушунармиди, – Сарвигул ҳиқиллаб рўмоли учи билан кўз ёшларини артди.
– Нима қил дейсанлар? – Ражаб тутақиб қўлида ғижимлаб турган сочиқни чорпояга улоқтирди. Ҳисоблаб чиқдим, камида олтмиш миллион сўм керак экан. Тушунаяпсанларми, олтмиш миллион-а! «Шовла кетса кетсин, обрў кетмасин, қарз олинг», дейсанлар. Шунча пулни қарзга бераман, деб кимнинг кўзи учиб турибди. Бергани билан ҳам уни қайтаришга умрим етармикан?
– Етади, бир амаллаб тўлармиз. Ана, Шоди судхўрдан қарз олинг! Етти минг-саккиз минг доллар бериб турса бўлади. Камига ўзимизнинг топган-тутганимизни қўшамиз… – Сарвигул маслаҳат берди.
Хотинининг гапини эшитиб Ражабнинг тепа сочи тикка бўлиб кетди. «Шунақаям товуқмия хотин бўладими». Унинг кўзига қон қуйилиб, қўллари мушт бўлиб тугулди. ўазаб билан ўгирилиб, хотинининг чакагини ўчирмоқ учун мушт кўтарганди, қайнонасининг кўзойнак остида еб қўйгидек ўқрайиб турганини кўриб, шаштидан қайтди.
– Етти-саккиз минг доллар эмиш-а, худди етти-саккиз сўмдай оғзингнинг бир чеккасидан чиқиб кетади! – Ражаб ғудранганча қўл силтаб кўчага чиқиб кетди.
***
Кўчага чиққач у бироз тараддудланиб турди-да, Шоди судхўрникига йўл олди.
– Майли, ака, катта бошингизни кичик қилиб келибсиз, қарз бераман, – деди Шоди ялтоқланиб. – Аслида қўл учида кун кўрадиган одамман. Ҳозир унча пулни топиш осонмас. Лекин ҳурматингиз бор, машинамни янгилайман, деб бироз жамғариб қўйгандим, кейинроқ янгиланар машина. Савоб ҳам олиш керак-да. Саккиз минг бера олмайману, олти минглар бериб тураман. Агар узоғи билан икки ойда қайтармасангиз, ҳар бир кечиккан ойга уч юз доллардан фоиз тўлайсиз.
Ражаб ҳозир қарз оқибатларини ўйлаб ўтирадиган аҳволда эмасди. Худди нажот фариштасига йўлиққандай енгил тортди.
– Розиман, ука, барака топ. Насиб бўлса, айтган вақтингда қарзингни оласан.
– Келишдик, аммо кичкинагина шарти бор, – деди Шоди ўлжани маҳкамроқ тутиш учун. – Сизни биламан, ҳалол одамсиз, шунинг учун тилхат-пилхат деб ўтирсам уят бўлади. Шунчаки, номига бирор нарсани гаровга қўйсангиз кифоя, расмиятчилик-да!
– Ука, гаровга қўядиган нарса нима қилсин менда – деди мушкулимни худо осон қилди, деб ичида хурсанд бўлиб турган Ражаб бўшашиб. – Уй-жойни қўёлмайман, ота мерос. Бошқа арзийдиган ҳеч вақо йўқ…
– Ана, машинангизни қолдириб кетинг! – Шоди Ражабнинг машинасига ишора қилди.
Ражаб тараддудланиб қолди. Йўқ деса, пул зарур, тўй яқин. Хўп деса, машинани ҳали ўз номига расмийлаштиришга улгурмаганди. «Нима бўлса бўлар, – ўйлади у. – Барибир бировнинг номидаги машинани кўчага миниб чиқолмайман. Уйда турди нима-ю, Шодиникида турди нима? Тўйдан кейин қарзни тўлаб олиб кетаман». У шу қарорга келгач, шартга рози бўлди.
– Лекин калит менда туради!
– Майли, – Шоди розиман дегандай қўлни ташлади. – Дарвозахонага ҳайдаб қўя қолинг. Мен ҳозир чиқаман.
Ражаб машинани ичкарига киритиб, эшикларини қулфлади. Судхўр уйдан қўлида бир даста доллар билан чиқди.
– Мана, ака, роппа-роса олти минг, санаб олинг.
– Йўғ-е, сенга ишонаман. – Ражаб пулни салмоқлаб кўрди-да чўнтагига солди.
***
«Отилмаган қасқон ҳам бошга тегади, ҳам кетга» деган нақл бекорга айтилмаган экан. Қиз узатишнинг кутилмаган даҳмазаларидан гангиб қолган Ражаб ўзини ўнглаб ололмасдан белгиланган муддат бир зумда ўтиб кетди. Ҳар ойда тўланаётган фоиз қарзнинг яримидан ошиб қолган бўлса ҳам судхўр қистаб келишни канда қилмасди. Ражаб, кўзлари киртайиб, чўпдек озиб кетди. Асабий бўлиб қолган, кечалари уйқуси қочиб, юраги ўқтин-ўқтин санчиб чиқарди. Шифокорга учрашганди, ётиб даволанишни буюрди. Унга пул қани дейсиз. Ўйлаб-ўйлаб машинани эгасига қайтариб бериб, пулини олишга қарор қилди. Тўғри йўл ҳам шу эди: ҳам қарздан қутилади, ҳам даволаниш учун ишлатади. Аммо бу қарорнинг амалга ошишига бир муаммо кўндаланг бўлиб турарди. «Шоди қарзни тўлиқ олмагунча машинани берармикан?».
Ражаб кечаси шу хаёллар гирдобида уйқуси қочиб, тўлғониб чиқди. Эрталаб «ётиғи билан тушунтирсам, тушунар» деган илинжда судхўрникига йўл олди. У Шодиникига борар экан, оёқлари ўзига бўйсунмай чалишиб кетар, ўтган-қайтганнинг саломи ҳам қулоғига кирмасди. Бир пайтлар у суқланиб боққан олам – дов-дарахтлар, шарқираб оққан ариқлар, чароғон нур сочган қуёш – бари-бари назарида жилосини йўқотганди. У судхўрникига етиб борганида дарвоза ёнида ҳозиргина чиннидай топ-тоза қилиб ювилган ўзининг «Лассети» машинасига кўзи тушди. Кўнгли қандайдир нохушликни сезгандай бир зум серрайиб қолди.
– Э, Ражаб ака, хизрни йўқласак бўларкан, хуш келибсиз. – Шоди ясама хушомад билан саломлашиш учун қўлини узатди. – Ҳозиргина ўзим сиз томонга ўтмоқчи бўлиб турувдим. Буни қаранг-а, ўзингиз келиб қолдингиз, пул жуда зарур бўлиб қолувди… Хўш, олиб келдингизми?
Ражаб қандай гап бошлашни билмай, бироз каловланиб қолди. Боши ғувиллаб, фикрини бир жойга жамлай олмасди. Сўнгра сал ўзини тутиб олгач, ялингансимон, судхўрга юзланди.
– Ука, жуда эзилиб кетдим. Бир яхшилик қилгин, ҳам қарзингни тўлайман, ҳам дунё тургунча тургин деб дуо қиламан. Машинамни олиб кетгани келдим. Эгасига қайтариб бериб, пулимни олмоқчиман. Худо хайрингни берсин, ука, йўқ дема… У ўзини батамом йўқотиб қўйганидан ҳозир судхўрнинг оёғини ўпишга ҳам рози эди.
– Тушунмадим, – Шоди ўзини гўлликка солди. – Қанақа машина? Алаҳсирамаяпсизми, мабодо?
– Алаҳсираётганим йўқ, жиддий сўраяпман ука, мана шу – мени машинам-да, – деди судхўрнинг совунига кир ювиб кўрмаган Ражаб соддалик билан. – Яхшилигинг бир умр эсдан чиқмайди.
Шоди судхўрнинг авзойи    ўзгарди.
– Ака, одамнинг кулгусини қистатманг. Худди иситмалаётган одамга ўхшайсиз. Мен сизни ҳалол-покиза киши деб юрсам, ҳали қип-қизил тўҳматчиман денг. Бировнинг машинасини «меники» дейишга қандай тилингиз борди? Мана, кўринг! – Шоди судхўр чўнтагидан машинанинг техпаспортини чиқариб узатди.
Ражаб ҳужжатга кўз югуртириб, дами чиққан пуфакдай бўшашиб кетди. Техпаспортда машина Шоди судхўрники эканлиги ёзилган эди. «Вой, кўппагей! Қачон улгура қолди экан-а». Машина эгаси Алламурод ака бир неча марта қўнғироқ қилганди. Ражаб «расмийлаштиришга топган вақтини қара», деб ўчириб қўйганди. Шоди машинани номига расмийлаштириб олиши тушига кирибди, дейсизми? У турган жойида ҳайкалдай қотиб қолди. Бироздан сўнг кўксини чангаллаганича «гурс» этиб судхўрнинг оёғи остига қулаб тушди.
***
Шоди ҳаводан ҳолва ясаш ҳадисини олган, бу борада шайтонга ҳам дарс берар, йўқ жойдан бор қилишни сув қилиб ичиб юборганди. Ражаб машинасини гаровга қолдириб, қарз олиб кетгач, уч ойгача Шоди судхўр арқонни узун ташлаб қўйди. Белгиланган муддат ўтиб, қарз тўланавермагач, кечиккан ҳар ой учун уч юз доллардан фоизни қуртдай санаб ола бошлади. Бунга ҳам қаноат қилмай гаровга турган «Ласетти»ни қандай қилиб ўзимники қилиб олсам экан, деб бош қотира бошлади. Худо ол қулим, деса мушкул осон бўлиши ҳеч гап эмас экан...
У машинани суқланиб томоша қилар экан, қулфга тикилган калитлардан бирига эшик «ғийқ» этиб очилди. Шоди судхўр ҳайдовчининг юмшоққина ўриндиғига ўтириб, машина ичини, ғаладонини титкилаб кўрди. Машина техпаспорти, Ражабнинг ҳайдовчилик гувоҳномаси ўша жойда эди. Шоди қизиқсиниб техпаспортга қараса, машина қўшни вилоятдаги Алламурод Сафаров деган кишига тегишли экан. «Ҳа! Ҳа!» Судхўр кўнглидан кечган ёвуз ниятдан қувониб кетди. Вақтни бой бермай, ўша заҳотиёқ йўлга чиқди. Манзил аниқ бўлгани учун икки соатга қолмай етиб борди. Машинадан тушиб, темир дарвозани тақиллатди. Ичкаридан эркак кишининг «ким» деган овози эшитилди. Сўнгра бир қўлида ток қайчи, бир қўлида новда тутган ўрта ёшлардаги киши пешвоз чиқди.
– Ассалому алайкум! Мен Самарқандданман. Сафаров Алламурод ака керак эди, – ўзини таништирди Шоди.
– Ўша одам менман! Қани, ичкарига марҳамат! Алламурод ака машинасини сотиб олган киши эмас, бошқа одам ҳайдаб келганидан хавотирланиб, уни уйга таклиф қилди. 
– Насиб бўлса уйга бошқа сафар кирармиз. Шошиб турувдим, – Шоди муддаога ўта қолди. – Сиз Ражаб акага машинангизни сотган экансиз. У киши тўй харажатлари масаласида бироз пулга муҳтож бўлиб, қарз кўтарган экан, иложсизликдан энди машинани сотишга қарор қилди. Қадрдон ака-укамиз, кел, Шодивой, шу машинани сен ол, яхши машина бегона бўлмасин, менга ҳам насиб қилгани бўлиб қолар, дедилар. Инсоннинг юзи иссиқ. Раъйини қайтара олмадим. Лекин расмиятчилигида сал ишкал чиқиб қолди, машина ҳали сизнинг номингизда экан…
– Ҳа, ўша куни кеч бўлиб қолди, расмийлаштиришга улгурмадик, – деди Алламурод ака. – Ражаб бегона эмас, миниб кетай бир-икки кунда келиб номимга ўтказиб кетаман деганди, йўқ дея олмадим. Аммо жуда хавотир олдим. Дом-дараксиз кетди-да!  Машина билан бирор кор-ҳол бўлдими деб хавотирланиб, икки-уч марта қўнғироқ қилсам, жавоб бермади. Ишқилиб тинчлик бўлсин-да, деб бугун-эрта ўзим ўтмоқчи бўлиб турувдим. Ҳайрият-ей тинчлик экан. Келганингиз зап иш бўлди-да. Шошиб турган бўлсангиз нима ҳам дердим: ҳозир, мен кийиниб чиқай.
Тўйда пулга муҳтожлик нималигини яхши билган Алламурод ака Шодининг гапига лаққа туша қолди. Шоди судхўр машинани ўз номига расмийлаштириб олди. 
– Елкамдан тоғ ағдарилгандай бўлди, – деди машина жавобгарлигини бўйнидан соқит қилган Алламурод ака енгил тортиб. – Йўлингиз бехатар бўлсин, яхши кунларга мининг. Ражаббойга мендан салом айтинг, қўнғироқ қилсин...
– Кўнглингиз хотиржам бўлсин, Алламурод ака, албатта айтаман. Самарқандга йўлингиз тушса киринг, битта зиёфат биздан, – судхўр иши осон битганидан қувончини ичига сиғдиролмасди.
***
...Юрагини чангаллаб оёғи остига қулаб тушган Ражабни кўриб, Шодининг капалаги учиб кетди. Дарҳол уни туман марказий шифохонаси «шошилинч тез ёрдам» бўлимига етказиб жойлаштиргач, ташқари чиқиб унинг уйига қўнғироқ қилиш учун «сотка»сидан рақамни қидира бошлади.
Тоғаймурод ШОМУРОДОВ.

 

Категория: Турфа тақдирлар | Добавил: albine (20.10.2015)
Просмотров: 804 | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Имя *:
Email *:
Код *:
Форма входа

Поиск

Друзья сайта
  • Официальный блог
  • Сообщество uCoz
  • FAQ по системе
  • Инструкции для uCoz

  • Copyright MyCorp © 2025Конструктор сайтовuCoz