СИФАТЛИ «ИШЛАБ ЧИҚАРИШ»
(ҳазилнусха ҳажвия)
Сизга битта савол. Қўлингиздан келса жавоб беринг. Агар иложи бўлмаса, беш килоли сержун бошингизни умуман овора қилманг. Хўш, айтинг-чи, дунёда энг кўп янгилик ихтиро қиладиган миллат қайси? Тўппа-тўғри, японлар. Ҳа, японлар ихтирочи халқ. Устаси фаранг. Лекин уларнинг ҳамма ихтиролари ҳам оммалашиб кетаётгани йўқ. Мана масалан, яқинда уларнинг бир ихтироларига ҳомийлик қилган компания банкротга учради. Улар аллақанча маблағ ва вақт сарфлаб, илмни увол қилиб, сочлари тўкилиб, аҳмоқ бўлиб, хотинларнинг эрига қилган хиёнатини точний аниқлаб берадиган аппарат ихтиро қилишувди. Бирор эркак ўзининг законний, ярим законний ёки умуман незаконний хотинининг садоқатини текшириб кўришни истаса, марҳамат, уни ўша аппаратнинг рўпарасига ўтқазиб қўяди. Экранда эса ўша хотиннинг хиёнати ҳақидаги маълумотлар: ким билан, қачон, қаерда... ҳаммаси йил, ой, кун, ҳатто точний соатигача кўринади. Бу аппаратни ихтиро қилган япон олимлари дунёнинг энг бой одамларига айланиб кетишларига бир юз тўқсон саккиз фоиз ишонишган эди. Бу аппаратни улгуржи сотиб оладиган кишиларнинг мултитриллионер бўп кетишларига ҳам роса ишонишувди. Аммо, минг афсуслар, икки минг надоматлар бўлсинки, ҳамма ишлар чаппасига айланиб кетди. Тўғри, хотинини бу аппаратга туширишни истовчилар жуда кўп эди. Лекин ана шу падарингга қум лаънат ростгўй аппарат рўпарасига ўтиришга рози бўладиган биттаям хотин топилмаса денг. Ҳамма ҳайрон. Қолмишига, бу аппарат ихтирочилари, уларни сотиб олганлар ва реклама қилганлар “аёллар шаънини ерга урди” деган айблов билан судга ҳам берилди. Бир-икки жойда аёллар тўполон кўтариб, ўша аппаратларни синдириб, майдалаб ҳам ташлашди. Шунақа қилиб, японбойлар ҳам онасини учқўрғондан кўришди. Сиз-у биз “японларга мазза, улар бир нималарни ихтиро қилиб қўйиб, беш минутда бойиб кетаверишади”, деб ўйлаб хато қиламиз. Масаланинг манавинақа томонлариям бор.
Шунақа пачоғи чиққан японлардан беш-ўнтаси “балки бирон бир ихтиро қилинмаган нарса бўлса, топармиз” деган умид билан биз томонларга келиб қолишибди. Айланишибди, тўн кийишибди, дўппи кийишибди, японча табассумлар қилиб суратларга тушишибди. Уларнинг ювошлигидан илҳомланиб кетган мухбирлардан биттаси чақалоқнинг калласидай келадиган микрофонини японларнинг жағига тирабди:
-Бизда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларга ўз муносабатингизни билдирсангиз.
-О,о,о, жуда зўр! Сизларнинг болаларингиз энг чиройли болалар!
-Раҳмат. Лекин биз ишлаб чиқараётган маҳсулотларимизга баҳо беришингизни истардик.
-Ишлаб чиқаришингиз жуда чиройли! Биз бундай болаларга ҳавас қиламиз.
-Иммм, кечирасиз. Ишлаб чиқариш...
-Сиз кечирасиз бизни, лекин ишлаб чиқараётган маҳсулотларингиз ичида болалардан бошқаси... сал сифатсизроқ... ҳозирча сифатсизроқ...
Эси йўқ японлар! Ўзлари ишлаб чиқараётган маҳсулотлар ичида болалар сифатсиз эканини мана, ниҳоят тан олишди! Бундай ишлаб чиқариш борасида биздан а-анча орқада эканликларига иқрор бўлишди. Биз юқори даражада чидамли, сифатли, яшовчан, чиройли болалар ишлаб чиқаряпмиз. Темирдан, алюминдан ва яна алламбало нарсалардан эмас, жонли, кўп гапирадиган, овқат ейдиган ва ҳатто салгина фикрлайдиган болалар яратишга уста эканлигимизга, кимсан японларингиз ҳам қўлларини кўтариб, тан бериб кетишди.
Абдужаббор УМАРОВ.