ИККИ ҚИРҒОҚ УЧУН ТИКЛАНГАН КЎПРИК
ИЖОД БЎСТОНИДА АЖИБ ГУЛ РУХСОР
2007 йилда Қашқадарё вилоятида ўтказилган иншолар кўрик танловининг «Тасвирий санъат» шўъбасида ΙΙΙ ўринни, ўша йили Қарши шаҳрида танловда Ι ўринни эгаллаган иқтидорли қиз 2011 йилда Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети Журналистика факултетига грант асосида қабул қилинди.
Ёшлигидан қалам тебратишга қизиққан қизнинг илк мақолалари «Медиа плюс», «Посбон» газеталарида ёритилган. Шундан сўнг кураш спортига, ижтимоий, маданий, маърифий мавзуларга оид 50 дан зиёд мақолалари интернет ҳамда босма нашрларда чоп этилди. “Сатрларда Ватан таровати” тўпламида “Ватан чизгилари”; “Талабалар наврўзи” тўпламида “Қозон тўлди” маросими”, “Ёшлар нигоҳида глобаллашув ва “оммавий маданият” тўпламида “Қармоқдаги хўрак”, “Журналистика: тадқиқот ва амалиёт” тўпламида “Кулги ва ҳажв тиғи” сарлавҳали мақолалари билан у ижод бўстонига дадил қадам ташлади, десак муболаға бўлмайди.
Изланувчан талаба ахборот технологиялари соҳасига оид ICTNEWS журнали, www.аyol.uz сайти билан ҳамкорлик қилиб келади.
2013 йил 16-21 май кунлари Кураш Халқаро ассоциацияси томонидан Термиз шаҳрида ўтказилган Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун Ал-Ҳаким ат-Термизий хотирасига бағишланган 11-анъанавий халқаро турнирни Матбуот хизмати таркибида ёритиб, фаол журналистик иштироки учун диплом билан тақдирланди.
Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Ўзбекистондаги бўлими томонидан 2013-йил декабрда ўтказилган “Журналистларни қайта тайёрлаш” илмий-амалий семинар тренингида, шунингдек, “Узнет уммони” конференциясида фаол иштирок этган ёш истеъдод соҳибаси 2014 йилда “Ўзблоггерлар чемпионати”да эътибор қозонган. У Ёш интернет журналистларининг V анъанавий медиа конференциясида фаол иштирок этганлиги учун Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Марказий Кенгаши Ижроия Қўмитаси томонидан диплом билан тақдирланди ва шу медиа конференциясида “ЭНГ ЯХШИ ТАҚДИМОТ” номинациясида ғолиб деб топилди. 2014 йил 12 май куни Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳрида “Глобаллашув процесси ва оммавий ахборот воситалари фаолияти” деб номланган илмий конференцияда “Интернет – ахборот глобаллашувининг воситаси сифатида” йўналиши бўйича илмий мақоласи билан иштирок этди ва “Энг яхши тақдимот” учун “Ҳурмет жарлығы” (қорақалпоқ тилида) билан тақдирланди.
Интернет журналистика йўналишида тинмай изланаётган ёш истеъдод соҳибаси жорий йилнинг февраль ойида республикамиз журналистлари ўртасида ўтказилган “Эътироф” республика танловининг “Энг яхши йил блогери” номинацияси ғолиби деб топилиб, “Диплом” ҳамда энг замонавий “Наутбук” компьютери билан тақдирланди.
Журналистика факультетининг фахрига айланган бу истеъдодли талаба қизга келгусида ижоднинг нурли чўққиларини забт этишига тилакдошмиз.
Дилбар ҲАЙДАР қизи.
.