Кетинг, Сизга эҳтиёжим йўқ.
Севиб бўлдим Сизсиз ўлимни.Яна минг йил яшасангиз ҳам,
Тушунмайсиз менинг кўнглимни.
Кутманг, Сизга бермайман ортиқ,
Умримнинг бир лаҳзасини ҳам,
Юрагимни юлиб ташлайман,
Азобларга топаман чидам.
Ҳечқиси йўқ, яшаб кетаман.
Сиздан ёруғ, Сиздан баландроқ,
Насиб экан, сўнгсиз ўлимни,
Тирик вужуд билан кўтармоқ.
Қолдирмоққа уринманг, илло,
Боқманг илҳақ, интиқ, ғамангиз,
Менга беҳад ёлғон туюлар,
Ишққа ўхшаб кетган таъмангиз.
Нима қилай, шундай ошиқман.
Табиатан ва ёки дилдан,
Севсам жуда қаттиқ севаман,
Руҳим, жисмим, ҳаётим билан.
Номингизга қўшилиб ўсдим,
Ҳар кун, ҳар тун, марҳум ва бадар.
Мен, Сизники бўлиб яшадим,
Билсангиз то шу кунга қадар.
Аммо, билдим. Сиз буткул бошқа.
Булоқдирсиз – сокин ва беғам,
Англамайсиз, бир куни айтмай,
Пойингизда сувсаб, ўлсам ҳам,
Йўқ, бу ишқни кўтаролмайсиз.
Сизни эзар таҳқир ва таъқиқ.
Бу дунёда энг гўзал севги,
Ҳамиша ҳор, маҳкум, мустаҳид.
Кетинг, Сизга эҳтиёжим йўқ.
Севсам энди севгум ўлимни.
Яна минг йил яшасангиз ҳам,
Тушунмайсиз, афсус, кўнглимни...