ШАЙТОН ЎРНИГА ПОРАХЎРНИ…
Бу воқеанинг бўлиб ўтган манзили ва оқибати ҳақида сўрамай қўя қолинг. Бундай воқеалар ҳар доим бўлмаса ҳам, баъзида рўй бериб турар экан.
Умр бўйи ҳалол меҳнат ортидан кун кечириб, бола-чақа, рўзғор ташвишларидан бир қадар қутулиб, муқаддас Ҳаж зиёратини орзу қилаётган, ёши етмишлардан ошган отахон кампирлари билан зарур ҳужжатларни бекаму-кўст қилиб, керакли идорага келдилар. Уларни илтифот билан қабул қилишди.
- Отам, - салмоқлаб гап бошлади мутасадди, - Ҳаж зиёратига кампирингиз билан ҳеч қийинчиликсиз жўнаб кетишни хоҳлайсиз, албатта.
- Ҳа-да, болам. Умр бўйи шу орзуимиз ушалишини интизор кутдик-ку, ахир.
- Аммо-лекин отахон, сиз ҳақиқий эркак одамсиз, шундайми?
- Етти зурриётим, белимда белбоғим бор, ўғлим. Сен чайналмай, муддаога ўтавер.
- Во, ўзимнинг хўроз отагинамдан! Чапанилигингиз шундоқ кўриниб турибди, чапани одамлар мард бўлади ўзи. Қисқаси… икки минг долларни белбоғингиздан чиқариб, тап этиб мана бу столга ташлайсиз-да, онахонимни етакла-аб, шайтонга тош отгани учиб кетаверасиз. Айтиб қўяй, ҳужжатларингизда камчиликлар кўп, шу-у… келишолсак, уларни ўзим тўғрилаб қўяман, бўлмаса… келаси йили яна ҳужжат топшириб кўрарсиз… Нима дедингиз, отам?
Бу гаплардан кейин отахоннинг кўз олди қоронғулашди, кўнгли озди: «Ие, Ҳаж сафарига пора бериб бораманми? Ҳукуматимиз бу зиёратга боришимиз учун барча имкониятларни яратиб, йўлларни очиб қўйган бўлса-ю, мен мана бу тиррақи бузоқнинг жиғилдонига икки минг доллар ташласамгина муродим ҳосил бўларкан. Пора бериб Ҳажга борсам, зиёратим қандай қабул бўлсин! Хў-ўш, мен ўзи тавбалар қилиш, шайтонга тош отиш учун Ҳажга отланганманми… Яхши…» Отахон рўпарасида ўзидан жавоб кутаётган ножинсга бирпас тикилиб турди-да, деди:
- Сен чинданам ҳақиқий эркакларни яхши фарқларкансан. Келишдик! Мен айтганингни ўн беш минутда обкеламан, сен ҳеч қаёққа кетиб қолмай тургин.
Отахон кампирини бошлаб кўчага чиқди. Кўксини тўлдириб нафас олди, чуқур хўрсинди. Чап қўли билан соқолини силаб, туриб қолди.
«Астағфируллоҳ! Яратган Эгам, мен ўзинг муқаддас қилган Макка-ю Мадинага бориб Ҳаж амалларини бажармоқчи, шу аснода шайтони лаинга ҳам тош отмоқчи эдим. Ҳозиргина ўша шайтоннинг болаларидан биттасини кўриб қолдим. Худойим, гуноҳкор бандангман, Ўзинг кечиргин, кел, шайтоннинг ўрнига анави идоранинг ичида ўтирган шайтонваччани тошбўрон қилиб, би-ир хумордан чиқай… Ҳажда кўринмас шайтонга тош отилар экан, бу ерда у мана рўпарамда, кўриниб турибди-ку! Шунинг адабини беришимга йўл бер, Худойим» - шу гапларни кўнглидан ўтказган чол ёнида ҳардамхаёл бўлиб, одоб билан оғзини пойлаб турган кампирига деди:
- Юрақол, кампир, менга анави ердан тош теришиб юборгин.
- Вой, тошни нима қиламиз?
- Ахир Ҳажга борганда шайтонга тош отармидинг?
- Ҳа, отардим, лекин…
- Биз ҳозир сен билан анави ҳароми порахўрга тош отамиз.
- Қўйинг-е, отаси, нима порахўр шайтонмидики…
- Ҳа, шайтон! – Ғазабга минди чол. – Ёки шайтоннинг малайи! Қара, ҳукуматимиз зиёратга борувчиларга ҳамма шароитларни муҳайё қилиб қўйган бўлса-ю, бунақалар уни-буни баҳона қилиб, пора талаб қилса, шу инсофданми? Пора бериб Ҳажга борсак раво бўлармиди!
- Майли-ю, отаси, лекин бунақалар номард бўлади-да. Тошбўрон қилсангиз, кейин сизни қамаб қўйишса-чи…
- Э-э, - қўл силтади чол, - қўрқма, бунақа номардларнинг кўпини кўрганмиз. Ёшим етмишдан ошди, у ёғидан келсанг, пешонага ёзилгани бўлади…
Хуллас, ҳурматли ўқувчим, сиз орзиқиб кутган иш бўлди. Чўнтагига тухумдай-тухумдай тошларни тўлдириб кирган чол бояги порахўрни роса тошбўрон қилиб, хуморидан чиқди.
«Кейин милиция келган ва чолни безориликда айблаб олиб кетишган» деб ўйлаяпсизми? Ҳа, олиб кетишди, лекин чолни эмас, шайтонзодани. Тўғри, уни аввал касалхонага олиб боришларига тўғри келган… Унинг айни масаладаги порахўрлиги ҳақидаги хабарлар сал олдинроқ тегишли идораларга етиб борган экан.
«Чолни нима қилишди» деяпсизми? Бу чапани, мард отахонимизга «Тошни зўр отаркансиз» деб, ҳақиқий шайтонни тошбўрон қилишга юборишибди.
Абдужаббор Исомиддин
|