Шайтон ғулғуласи
Йигирма беш ёшли Маҳмудни "Марказ"маҳалласидаги жамики одамлар бирдай яхши кўриб, бирдай мақташарди. "Кўз тегмасин шу йигит хўп қобил, кўпсалқар йигит бўпти", -дейишарди. Йўқ, йўқ шундай қобил ва салқор йигитга кўз тегди. Бугун эса ҳамма-ҳамма "Анови Маҳмуд фирибгарми, қўй ука. Зинҳор- базинҳор унга яқинлаша кўрма. "Капангди-куйдиради", дейишади.
Тавба дейсиз. Одамни айниши, яхши одамдан ёмон одамга айлануви шунчалар тез, шунчалар осон бўлармикан? Мазкур суд очеркимиз худди шу ҳақда...
Ўш йигит кўкай кесар шайтоннинг қутқусига учди. Унинг иссиқ-иссиқ жилвалари, жон олув алдовларига учди. Ўзиям Маҳмудга нозланаётган шайтони қурғур кўп эпчил, кўп талантли экан. Қалбига бир амаллаб макон қуриб олгач, минг куйларга солди. Минг йўлларга етаклади.
Шайтоннинг манову ғулғулалари ёш йигитнинг жон томирларига жондай жойлашди.
-Ҳей, овсар йигит, қачонгача мўмин-қобил, яхши йигит бўлиб юрасан? Ўзинг айт, шундай бўлиб нимага эришдинг? Яхшилик сенга нима берди. Мана, ёшинг ҳам йигирма бешга чиқаяпти. Сенинг ёшингдаги кўп йигитлар аллақачон қилар ишини қилиб қўйди. Уйлари қасрмонанд тагларида "Нексия". Кунлари фароғатда ўтаяпти. Ресторанларни сайлаб овқатланишади. Сен қачонгача итнинг орқа оёғи бўлиб яшайсан. Ота-онанг бир амаллаб уйлантириб қўйишди. Энди сен ҳам катта фарзанд сафатида ота-онангга қарашишинг, укаларингга бош бўлишинг керак. Йўқ, йўқ, қандай бўлса ҳам пул топ. Ҳозир пулнинг замони, пулдорнинг даври...
"Бўлди, бугундан бошлайман. Ҳозир пулдорнинг, фирибгарнинг замони. Пулдор бўлса пулни фирибгарлик билан топаяпти. Шўйтиб бойиб кетаяпти". Шундай ўйлар билан 2011 йилнинг 21 декабрь куни кўчага чиққан Маҳмуднинг кўзи маҳалладоши Мамараим Каримовнинг пайнетига тушди. Юракланиб шу томон юрди. Салом-аликдан сўнг мақсадга ўтди.
-Мабодо пластик-силастик деган нарсалардан қийналмаяпсизми?
-Нимайди?
-Мабодо уни пуллаш бўлса дарров есть қиб ташлайман-да.
Пайнетчининг диққати янада ортди.
-Қандай қиб? Сенда бундай ҳунар йўқ эди-ку.
Маҳмуд саволга савол билан жавоб берди.
-Ҳали хабарингиз йўқми? Одамларнинг пластикдаги миллионлаб-миллионлаб пулларини арзон фоизга нақдлаштириб юбордим-ку. Кўпларда инсоф-иймон йўқ 20 фоизга ҳам чиқариб юборишаяпти. Бизга 4,5 фоиз бўлса ҳам бўливеради. Ични оғритмайди.
Бундай иссиқ гапни кутмаган, яна десангиз, Маҳмуднинг мўмин-қобиллигини яхши билган Мамарайим ичида 1 миллион сўм пули бор пластик карточкани унга тутди.
-Узоғи билан бир ҳафтада- хушнудланди Маҳмуд Ҳамроев.
Ҳалигина чўнтагидан шамол ўтиб ётган йигит бир гап билан 1 миллион сўмли бўлди. Бу пул бировники бўлган билан ҳозир уники эди-да! Нима қилса ихтиёри. Бир ҳафтагача худо пошшо.
Маҳмуднинг иши тез юришиб кетди. Шу куни тушдан сўнг уйга қайтаётиб таниши Муборак Маматқобиловани йўлда кўриб қолди. Унга ҳам пайнетчига қилган "ўйинини" қилди.
-Мабодо пластик карточкадан қийналмаяпсизми?
Муборак ҳам шу саволга зор экан, бирдан дард халтасини очиб юборди.
-Жуда-жуда қийнаяпти. У куни Деновдан 18 фоизга майдалатиб келдим. Бунга йўлини, борар-келарини қўшсам, индамай 25 фоизга боради.
-Қизиқ экансиз, -деди Маҳмуд ҳаяжонланиб. -Мен шу ерда туриб...
-Сизни эшитмабман-да. Сиз қанчага пуллайсиз?
-Бизники арзон. 18 фоизнинг ўнини обташласангиз ҳам бўливеради.
-Мунча яхши-шунда Муборак сумкасидан ичида 52 минг сўм пули бор пластик карточкасини олди.
Олтинсой томонларда пластик карточка чиндан кўкай кесар муаммо. Одамлар шу мақсадда Денов билан Шўрчига қатнагани-қатнаган. Ана шундай пайтда кутилмаганда Маҳмуднинг пайдо бўлиши... Қизиғи шундаки, энди одамларнинг ўзи уни излаб-ахтарарди. Ҳатто, ялиниб туриб оларди. У қисқа вақт ичида худо берса, мўл берсин, дея йигирма кишидан салкам 20 миллион сўмлик пластик карточкани йиғиб олди.
Ҳамма гап шундаки, ёш йигит пластик карточкалардаги сўмларни қаерларгадир бериб нақдлаштирар, аммо эгаларига қайтаришни сира-сира хаёлига келтирмасди. "Ўлмасам, олади-да бир куни" дея ўзини овутарди. У пулларга аввалига маҳалладоши Мамарайим Каримовга ўхшаб пайнет очмоқчи бўлди. Сўнгра эса компьютер устахонасини ниятлади. Қўлда пул бўлгандан кейин бундай ишлар кимга чикора. Тезда ниятларига етди.
Йигит мамнун хўрсинди. "Энди бойисам бўлади. Бунинг иккови ҳам пул манбаи".
Пулларини сўраб келаётганларни эса минг хил тил билан алдаб жўнатарди.
Яна бир
фирибгарлик
Туман бандликка кўмаклашиш ва ижтимоий муҳофаза қилиш маркази идораси ҳам "Марказ" маҳалласида. Маҳмуднинг тепасига чиройли қилиб ёзилган "Бузилган компьютерларни созлаймиз" дея ёзув осилган янги устахонаси ҳам шу ерда. Янги, қизиқ-қизиқ гаплар аввал сартарошхона билан устахонага етиб келади деганларидай бандликка кўмаклашиш идораси раисининг ўринбосари Иброҳим Дониёровнинг хизмат компьютери бузилганини Маҳмуд ҳаммадан тезроқ эшитди. Эшитгач эса пайтавасига замбур киргандай бўлди. "Балки уни обкеб қолар" деган мақсадда зўрға икки кун ўтди. Аммо Иброҳим Дониёровнинг қораси кўринмади. Охири идорага ўзи кириб борди.
-Компьютерингиз бузилипти деб эшитдим.
-Ҳа, бузуқ. Нимайди?
-Созлаймиз-да.
-Қўлингиздан келадими ўзи?-деди раис ўринбосари хавотирланиб.
-Қўлидан келмаган одам устахона очадими?
Шундай қилиб, шу йилнинг январь ойи ўрталарида ўртача нархи 700 минг сўм турадиган компьютерни Иброҳим Дониёров Маҳмудга кўтартириб юборди. Шу орада идора ходимларидан Илҳом Ғўччиев деган йигит келиб қолди.
-Иброҳимбой, одамига тушганга ўхшайсиз.
-Нега ундай дейсиз?- дея Иброҳим унга ажабланиб қаради.
-Менинг пластик карточкамдаги 850 минг сўмни пул қилиб бераман деб бир йилдан бери алдаб юрипти.
-Йўғ-ей...
Қочув
Ичи қора, қаллоб одамга қамоқсиз, зиндонсиз ҳам манаву кенг дунё тор, ёруғ дунё зимистон. Маҳмуднинг бошига ана шундай зулмли кунлар тушди. Аввал устахонадан ҳайдалди. Йўқ, бу ердан уни ҳайдаганмас. Ўзи туролмади. Кетма-кет пулини-пластик карточкасини сўраб келаётганларга охири жавоб тополмай қолди. Алдайолмай қолди. Алдовлари ўтмай қолди. Ахир уларнинг қайси бирини алдаб бўлади.
У ўз уйига сиғмади. Устахонасини қулфлаб уйда ётиб олган Маҳмудни сўраб келаверишди. Маслаҳатлашгандек эрталаб улар ҳовли эшигида қатор туришарди. Аввал уйдагиларга "Уйда йўқ, қаёққадир чиқиб кетган десаларинг ўласанларми?" бақириб берди. Уйдагилар шундай ҳам қилиб кўрди. Аммо анчадан бери жабрланаётганларнинг баъзилари бу гапларга ишонмай, уйга ҳам бостириб кирадиган бўлишди. Одамлардан қочиб ҳамсояларникига ўтса, улар худди онглиб тургандай... У ерда ҳам ўтиролмайди. Уй эгаси ҳали ўтирар-ўтирмас "Қўшни сизни кўчада бир-иккови сўраяпти" дейди. Буларнинг жазиридан на бир пас оёқ узатиб ётиб бўлади, на бир пиёла чойингди эмин-эркин ичасан.
Охири бўлмади. Бир кечаси ярим тунда эски-туски ки-йимларини сумкага солаётувди.
Энаси туриб кетди.
-Йўл бўлсин?
-Кетаман. Бошим оққан томонга кетаман. Ўлсам, шу ёқларда ўлиб кетай. Мени ҳам Қозоғистонми, Россиями кўтарарда.
Она йиғловга тушди. Йиғлаб гапирарга тушди. Гаплари аччи-аччи эди.
-Болам ҳаммасига ўзинг айбдорсан-бировмас. Шайтонди гапига кириб пластик тўпладинг. Одамларнинг пулини тўламай туриб пайнет очдинг, устахонага бало бормиди. Шуларди йўлида пулларнинг нима бўлганини билмай гаранг бўлиб қолдим.
-Бўлди қинг эна, мен аҳмоқман, аҳмоқман-да.
-Сен тугул мен кўчага чиқолмай қолдим. Пластикчиларинг тўхтатиб олишади. Ҳалиям отанг билан икковимиз келишиб пенсиямиздан бир-икковининг пулини уздик. Барибир. Кўп пластик тўплаган экансан-да. Мана, энди отанг анчадан бери қозоқда- мардикорчиликда. Юбораётган пулини эшикдан келганларга беряпман. Бор, қаёққа борсанг яхши бор. Бошқа иложимиз йўқ.Қайтайин. Аммо зинҳор-базинҳор эҳтиёт бўл. Ҳалол ишла, тағин у ёқда ҳам худо уриб...
Она ўғлини кўчага кузатганида борлиқ зимистон эди. Онанинг кўнгли ҳам шундай эди.
xxx
Яқинда жиноий ишлар бўйича Олтинсой туман судида товламачи ва қаллоб Ҳамроев Маҳмуд Жўраевичнинг иши кўрилди. У Ўзбекистон Республикаси ЖК 168-моддаси 2- қисмининг "б" банди билан жазоланди. Қора курсида ўтирган 1985 йили туғилган ёш йигитдан гап сўралганда у кўп гапирмади. "Мени кечирингизлар. Қилмишларимдан кўп пушаймонман. Аввалги кунларим бой, бек кунларим экан. Яна шундай бўлишга ваъда бераман. Ўрдам беришларингизни сўрайман".
Суд залидагилар унинг бу гапларига ишонгиси келди.
Абдумалик Алламуродов,
Олтинсой тумани
прокурори.
Жўра Қодиров,
журналист
|