//carhpalak.ucoz.org/111_Yulduz.mp3

 
Меню сайта

Категории раздела
Турфа тақдирлар [483]
Барчанинг бахти ўзгача,лекин барчанинг бахтсизлиги бир хил

Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0

Главная » Статьи » Турфа тақдирлар

Шайхонтоҳур: кеча ва бугун

Шайхонтоҳур: кеча ва бугун

Сешанба, 23.06.2009, 03:38pm (GMT+5) 
Ҳар бир шаҳар тараққиётида унинг муайян ҳудудлари муҳим ижтимоий-сиёсий ўрин тутади. Қадимий ва бой тарихга эга Тошкент шаҳрида ҳам шаҳарсозлик маданиятининг, савдо-сотиқ, ҳунармандлик, хизмат кўрсатиш каби соҳаларнинг тараққий этишида шаҳарнинг машҳур тўрт даҳаси катта ўрин тутган. Улардан бири Шайхонтоҳурдир.

Шайхонтоҳур Тошкент салоҳиятини ёрқин намоён этадиган кўплаб тарихий обидалар, бино ва иншоотлар, ижтимоий-иқтисодий, маданий объектларга бой даҳа. Қадимдан ривож топган ҳунармандчилик ва савдо-сотиқ шайхонтоҳурликларга авлоддан-авлодга ўтиб, тобора сайқал топиб келмоқда. Бу ерда жойлашган илм-маърифат масканлари, мадрасалар, бозорлар, ҳунармандчилик марказлари шаҳарнинг тараққий этишида катта аҳамиятга эга бўлган.

Боғистон шайхлари сулоласининг йирик вакили, Шайх Умар Боғистонийнинг фарзанди – Шайх Хованди Тоҳур номи билан аталадиган мазкур ҳудуд собиқ шўро даврида турлича номланиб келинган. Мустақилликнинг дастлабки йилларида туман ўзининг қадимий – Шайхонтоҳур номига эга бўлди.

– Шайх Хованди Тоҳур Мовароуннаҳр, хусусан, Шош воҳасининг буюк мутасаввуф олимларидан бири бўлган, – дейди филология фанлари доктори, профессор Зоҳиджон Исломов. – Ҳазрат ҳақида Али Сафий ўзининг "Рашоҳат айни-л-ҳаёт” асарида батафсил маълумот келтирган.

Шайхонтоҳур ёдгорлиги бундан олти юз йил олдин қурилиб, йиллар давомида йирик мажмуа сифатида шаклланган. Бу жой маданий-маърифий марказ сифатида аҳоли ҳаётида муҳим ўрин тутган. Жумладан, бу ерда турли байрамлар, йиғинлар ўтказилган, бозорларда қизғин савдо-сотиқ бўлган. Аммо мажмуа ёдгорликларидан Юнусхон, Шайх Хованди Тоҳур ва Қалдирғочбий мақбаралари сақланиб қолган.

Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида Тошкент шаҳрида амалга оширилган улкан бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари натижасида Шайхонтоҳур тумани ҳам бутунлай янгича қиёфа касб этди. Шайхонтоҳурда амалга оширилган ишлар самаралари кенг ва равон кўчаларда, янги кўркам турар-жойлар, мактаб ва поликлиникалар, маҳаллалар гузарларида ўз аксини топмоқда.

Шайхонтоҳур – кўплаб тарихий қадамжолар жойлашган ва буюк мутафаккирлар, азиз-авлиёлар, улуғ зотлар таълим-тарбия олган масканлардандир. Кўкалдош мадрасаси, Юнусхон, Шайх Зайниддинбобо ва Шайх Хованди Тоҳур, Сузукота каби қадимий обидалар айни шу ҳудудда жойлашгани ҳам бунинг тасдиғидир.

Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан ушбу тарихий масканларни қайта тиклаш борасида амалга оширилаётган ишлар самарасида улар янада сайқал топиб, шаҳарнинг бетакрор гўшаларига айланмоқда.

Мовароуннаҳрнинг йирик олиму фузалолари, ислом динининг йирик намояндалари таълим-тарбия олган Кўкалдош мадрасаси ҳам ушбу ҳудудда жойлашган. Пойтахтимизнинг 2200 йиллиги арафасида мадрасада кенг кўламли бунёдкорлик ишлари амалга оширилди.

Мажмуанинг ташқи девор ва айвонларига қайтадан безак берилди, кириш қисми бутунлай таъмирдан чиқарилди.

Шайхонтоҳурдаги 48 маҳалланинг кўпи шаҳардаги энг қадимий масканлардан ҳисобланади. Дегрезлик, эгарчилик, тўқувчилик каби ҳунарлар билан шуғулланувчилар яшаган масканлар шу ном билан аталган бўлса, айрим маҳаллалар шу ерда яшаган алломалар номи билан боғлиқ. Тумандаги қатор маҳаллаларда ҳунармандлик анъаналари бугун ҳам давом этиб келмоқда.

Сузукота маҳалласи – Шайхонтоҳур туманининг энг қадимий масканларидан. Ушбу маҳалла фаолларидан бири Асқар Обидовнинг айтишича, ҳунармандлар устози – Сузукота Хожа Аҳмад Яссавийнинг кенжа набираси бўлган ва шу ерда яшаган. Соҳибқирон Амир Темур бу улуғ зотга атаб мақбара ва масжид қурдирган.

Давлатимиз раҳбарининг 2008 йил 2 апрелда қабул қилинган «Тошкент шаҳрининг 2200 йиллигини нишонлашга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида»ги қарорига асосан Сузукота мақбараси ҳамда масжидида ҳам улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Вайрона ҳолига келиб қолган мақбара қайтадан тикланиб, жомеъ масжид таъмирланди.

"Шайхонтоҳур” маҳалласида кейинги йилларда катта ободонлаштириш ишлари амалга оширилди. Президентимизнинг ташаббуси билан Шайх Хованди Тоҳур мақбараси бутунлай қайта тикланди ва унга туташ ҳудудлар бу обидага ҳамоҳанг тарзда реконструксия қилинди.

– Бугун маҳалламизга келган киши амалга оширилган ўзгаришларни кўриб, ҳайратга тушиши тайин, – дейди "Шайхонтоҳур” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Алишер Собиржонов. – Бу бунёдкорлик ишларида барча бирдек фаол иштирок этмоқда. Мақбара ва зиёратгоҳлар атрофига турли дарахт ва гул кўчатларини ўтқаздик, маҳалладаги ариқ ва кўчаларни тартибга келтирдик.

Туман ҳудудида Ўзбекистон Давлат консерваторияси, Ислом университети, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети қошидаги академик лицей, Болалар ижод саройи қурилди, Ўзбек миллий академик драма театри, "Чорсу” савдо маркази, Эски жўва бозори тубдан реконструкция қилинди. Тошкентнинг Шайхонтоҳур тумани ҳудудидан ўтган Абдулла Қодирий, Навоий, Ўзбекистон, Беруний шоҳкўчалари кенг ва равонлиги билан дунёнинг энг машҳур шаҳарлари кўчаларидан қолишмайди.

3300 дан ортиқ корхона ва ташкилот, бир қатор ишлаб чиқариш бирлашмалари, кичик ва ўрта бизнес субектлари туманнинг ижтимоий-иқтисодий салоҳиятидан далолат беради. Шунингдек, туманда бир қатор илмий-тадқиқот институтлари ва олий ўқув юртлари жойлашган. Тошкент давлат цирки, "Пахтакор” стадиони, "Жар” спорт мужмуи ҳам Шайхонтоҳур тумани ҳудудида жойлашган.

Пойтахтимизнинг катта тўйига тайёргарлик ишлари туманда қизғин давом этаётир. Аҳоли турмуш шароитини янада яхшилаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Туман ҳокимлиги маълумотларига кўра, жорий йил бошидан буён 20 кўп қаватли уй капитал таъмирдан чиқарилиб, 125 уйнинг ташқи кўриниши тартибга келтирилди. Ариқларни тозалаш ва сув билан таъминлаш, кўчалар ҳамда мавзеларни ёритиш борасида ҳам катта ҳажмдаги ишлар бажарилди. Баҳорда 15 минг тупга яқин каштан, япон сафораси, игна баргли ва бошқа манзарали ҳамда мевали дарахт кўчатлари ўтқазилди.

Юбилей муносабати билан туман ҳудудида жойлашган алоқа, гидрометеорология, саноат коллежларини кенг кўламдаги реконструкция қилиш ва таъмирлаш ишлари давом этмоқда. Кўп қаватли уйлар атрофини ободонлаштириш ҳамда болалар спортини ривожлантириш мақсадида, спорт майдончалари ташкил қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жорий йилнинг ўзида 80 дан кўпроқ ана шундай майдонча қурилди ва жиҳозланди.

Ёш оилаларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг яшаш шароитини яхшилаш борасида Президентимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган ишлар бугун ўзининг амалий натижаларини бермоқда. Шайхонтоҳур туманининг Белтепа мавзесида ёш оилаларга мўлжаллаб қурилаётган иккита 32 хонадонли уй фойдаланишга топширилиш арафасида.

Аҳоли ўртасида соғлом турмуш-тарзини кенг тарғиб этиш, ёшлар ўртасида спортни оммалаштириш ва уларни миллий анъана ва қадриятлар руҳида тарбиялашга қаратилган маданий-маърифий, оммавий тадбирлар туманда мунтазам ўтказиб келинади.

Шаҳарнинг 2200 йиллиги муносабати билан бундай ишлар кўлами янада кенгайди, деб хабар беради ЎзА. "Шошни биласизми?” мавзуида ёшлар ўртасида ўтказилган интеллектуал ўйинлар, "Тошкент: кеча ва бугун” мавзуидаги давра суҳбати, "Белтепа” спорт мажмуасидаги футбол турнири, хотин-қизлар ўртасидаги баскетбол мусобақаси шулар жумласидандир.

Ҳа, Шайхонтоҳур пойтахтимизнинг барча туманлари сингари тобора юксалмоқда, чирой очмоқда. Бу мустақилликнинг неъматлари, изчил ислоҳотларнинг юксак самараларидир. 
Категория: Турфа тақдирлар | Добавил: albine (09.08.2013)
Просмотров: 992 | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Имя *:
Email *:
Код *:
Форма входа

Поиск

Друзья сайта
  • Официальный блог
  • Сообщество uCoz
  • FAQ по системе
  • Инструкции для uCoz

  • Copyright MyCorp © 2025Конструктор сайтовuCoz