//carhpalak.ucoz.org/111_Yulduz.mp3

 
Меню сайта

Категории раздела
Турфа тақдирлар [483]
Барчанинг бахти ўзгача,лекин барчанинг бахтсизлиги бир хил

Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0

Главная » Статьи » Турфа тақдирлар

шаҳарлик келинимнинг найранглари

ТАВБА ҚИЛДИМ
ёхуд шаҳарлик келинимнинг найранглари...

Туғруқхона остонасидан жаранглаган биргина “Суюнчи!” - деган хитоб отага ё қувонч бағишлайди ё... 
Гўё туғиш осон бир ишдек. Аслида Оллоҳ берган неъматга шукрона келтириш, қаноат қилиш лозим. Қолаверса, қиз фарзанд берган Парвардигор ўғил ҳам беради. Фақат астойдил ният қилмоқ керак, холос. Ўзим ҳам ёшлигимдан ўғил фарзандни хоҳлардим. Яратгандан ҳамиша ўғил туғишни тилаганман. Билмадим, нима учун қизни хушламаган эканман?! Билсам, ҳар иккаласи ҳам керак экан. Ўғил бўлсин - қиз бўлсин, чиройли хулқ ва тарбия бериш билангина ўз номингга раҳматлар, ташаккурлар келтира оларкансан.
17 ёшимда оила қурдим. Турмуш ўртоғим қишлоқ ишлари билан банд, оддий ишчи оиласидан чиққан ҳунарманд эди. Қайнонам хизматида, атиги 3 йилгина бўлдим. Кейин бўлак жойландик. Бу орада катта ўғлимни туғиб олгандим. Сўнгра, қаторасига 3 нафар ўғил фарзанд кўрганимдан қувончим қўйнимга сиғмасди. Дадаси ҳам шундай хурсанд эди-ки, такрор ва такрор менга миннатдорчилик билдирарди. 
Бу оға - ини ботирларни тарбиялаш-у қоринларини тўйғазишни айтмайсизми? Ойига бир қоп ун етмасди. Дадаси у ёқдан, мен бу ёқдан жуфтлашиб ишлаб, фарзандларимизни катта қилдик, ўқитдик, яхши ишларга жойладик. Орада данғиллама ўғил тўйлар ҳам қилдик. 
Дастурхонимиз ҳамиша тўкин бўлди, эгниларига асл кийимларни илиндик, замон билан ҳамнафас яшашлари учун компьютер, қўл телефони, ҳамма - ҳаммасини олиб бердик. 
Оғзимда саноқли тишларим қолган, дадаси ҳам анча толиққан. Ўз соғлигимизни тикламай, ўғилларимиз учун янги бинолар қурдик, келинлар боши қўшилиб, бир - бирларига ёмон отлиқ бўлишмасин, деб улар келишмасдан, шароитлар яратдик. Ишладик, меҳнат қилдик, чарчадик. Лекин бирон марта дам олишга бормадик. Фарзандларимиз учун боримиздан кечиб, ўзимизни унутдик. Қариган чоғимизда улар бизни бошларида кўтариб юришса керак, белимиз, қўлимиз ишга яроқли чоғида ишлаб қолайлик, дея тинмадик.
24 йил давомида мана шундай ниятлар билан яшадик. Ниҳоят, катта ўғлимизни уйлантиришга чоғландик. Ўзининг танлагани, кўз остига олгани бор экан, қаршилик қилмадик. У айтган манзилга қулчиликка бордик, қудалар розилигини олиб, тўйни ҳам бошлаб юбордик. Кўпдан кутилган бахтли кунлар келиб, келинлик бўлдик. 
Дадаси иккаламиз ўзимизда йўқ бахтиёрмиз. Эрталаб ҳовлимизга сув сепилган, бошига ёпинган рўмолчада ийманибгина салом бераётган келинимизни ҳаддан зиёд эркаладик, яхши кўрдик. “Ҳой, қизим, сиз чой дамлай қолинг, сигирни ўзим соғаман”, “Сиз дастурхон тузанг, ҳовлини ўзим супураман”, “Чангларни артинг, гулларга сув қуйинг, овқатни ўзим қила қоламан” - дея оғирликларни ўзимга олаверибман-у унга, фақат енгил юмушларни буюрибман. Янги уйга кўникиб олгунича яқиндан ёрдам берай, дея ўйлабман. 
Оқибатда эса, келинпошша талтайиб, на кир ювадиган, на овқат қиладиган, на сигир соғадиган, на қўлимдан бирон юмушни оладиган бўлди. Аксинча, уялмай - нетмай: “Ойи, сиз овқат тайёрлайверинг, мен чангларни артиб чиқаман, гулларга сув қуйиб, уйларни супураман” - дейди осонгина. Ич - этим нақ тирналиб кетай, дейди-я шундай пайтларда. Унинг фикрича, мен биргина овқат қилдим-у у жуда кўп ишларни бажариб қўйди. Ўйлаб қарасангиз, ҳамма ишни ўзигина уддалаши керак-ку!
“Ўзимдан чиққан балога, қайга борайин даъвога” - деганларидек дардимни кимга айтишни билмай, ўғлимнинг оиласи бузилмаслиги учун тишимни тишимга қўйиб чидадим. Газ олдида қўлимга капгир олиб, овқат тайёрлаётганимни кўрган ўғлим хотинини койий демайди: “Ҳа, онажоним-эй, ўша қозон - ўчоғингизни ҳеч кимга ишонмайсиз-да” - дейди. 
Бир суҳбатимизда: “Ўғлим, хотинингга ётиғи билан тушунтир, энди барча ишларни ўзи уддаласин, мен иш қилиш ёшидан ўтдим. Менинг вазифам невараларни боқиш, уларни тарбиялаш” - дедим астойдил. Қовоғи осилган ўғлим: “Ахир, ёш-ку, қай бирини уддалайди, ойижон” - деди аччиғланиб.
Мана шундай икир - чикирлар кўпаявергач, уларни ўз маконларига жойлашга бел боғладик. Дадаси билан маслаҳатона иккинчи келинни туширдиг-у каттасини бўлак уйга чиқардик. Иккинчи келинимга биринчи келинимдек иззат кўрсатмадим. Ҳар бир ишидан камчилик топиб, фақат ва фақат ишлатдим. Янги келинлик бўлишига қарамай, дала ишларига чиқардим, кечқурун чарчаб келган келинимга овқат тайёрлатиб, нон ёптирдим. Яна топиб келган пулини санаб олдим. 
Эрталаб ҳовлига суп сепиб, дастурхон тузаб, чой дамлаб, сигир соғиб, кирларни ювиб, нон хамирини тайёрлаб ишга кетади. Шундайлигича қиш тушгунча ишлади. Бирон марта гап қайтариб, миннат қилган жойи йўқ. Ўз дарди ичида, мен буюрган ишларни бажараверди. Улгурмаган ишлари учун дакки ҳам эшитди. Лекин ўғлимга шикоят қилганини кўрмадим. Боиси, ҳар қандай ўғил хотинининг ёнини олиб, менга қарши чиқиши мумкин эди-да. Келиним бундай қилмади. Шундай бўлса-да, келиннинг туриши менга ёқмасди.
Балки, биринчи келинимда обдон эзилганим учунми, буни ишлатаверардим - ишлатаверардим. Ҳомиладорлик чоғида ҳам дам олишни билмади, бечора келиним. Туғруқхонага боргунича таҳорат сувимни тайёрлаб, овқат ва чойимни вақтида беришни канда қилмади, эринмади ҳам. Лекин, барибир, унга исимадим. Иккинчи келиним 2 нафар фарзандли бўлганида учинчи ўғлимни шаҳарлик олифтага уйлантирдик ва акасини бўлак жойладик. Энди навбат менга келганди...
Учинчи келиним шифокорлик касбида фаолият юритарди. Ўзи келишган, сарполари ҳам жуда асл буюмлардан иборат. Ҳар қандай байрамларда ҳеч кимдан бўлмаса-да, шу келинимдан совға олардим, яна оилавий айланишлар, сайр қилишлар тез - тез бўлиб турарди. 
Овқатларни шаҳарликлардек, дўкондан харид қилардик. Хамир қилишлар ва нон ёпишлар бизга бегона бўлди. Кечқурунлар писта билан “Кола” ёки “Пепси” ичиб ўтирардик. Албатта бундай ўтиришлар айрим пайтлари бўлиб тургани яхши. Аммо мен сизларга ҳикоя қилаётган манзара, деярли ҳар куни такрорланарди. 
“Газда бирон тишга ботарли овқат қилинг, келин. Биз қариган одамлармиз, бундай қуруқ нарсалар бизга овқат бўлармиди?” - десам: “Ишдан чарчаб келдим, ётиб дам олай. Ҳалироқ тургач, тайёрлаб бераман” - дейди-да, ётоқхонаси эшигини тарақ этиб ёпақолади. 
Бекалик ишлари яна ўзимга қолди. Тайёрлаган овқатимни менсинмайгина тановул қилади, идиш - товоқларни тарақ - туруқ этиб ювади. Айтиши-ча, ишни қизлик уйида ҳам шундай қилармиш. Ишини-ку майли уддаламади, кийинишини айтмайсизми? Ўзи нақ юз кило чиқади, чамамда, яна тор колготка билан кофта кийиб олади, ёз кунлари калта халат билан шўртикда юради. Сочини тарайдими - тарамайдими, ишқилиб, резинкага ярим сочи қисилиб, ярми чиқиб туради. Шундай юрса, ўзини яхши ҳис қилармиш. Ўғлимда эса, тил йўқ.
Биринчи келинимни талтайтириб, ёмон қайнона номига эга бўлдим. Иккинчи келинимга озор бериб, виждон азобида қолдим. Учинчи келинимдан бир келинлик хизмат кўрмадим, ҳам овқатга зор бўлиб яшаяпман. Энди тўртинчи келин олишга юрагим ожиз. Чунки у ўла - ўлгунимча мен билан бирга яшайди. Унинг тарбиясида ҳам бошқаларникидек хатоликка йўл қўйсам, тамом, охирги дамимгача қийналиб яшайман. 
Ўғил туғдим, дея керилганимда, қувончим ичимга сиғмай, хурсанд бўлганимда, биронтаси: “Ойижон, дадажон, шунча йиллар биз - фарзандлар учун жонларингизни аямадингизлар. Мана, сизларга ўзимизнинг номимиздан дам олиш учун йўлланма. Биргаликда яхши санаторияларга бориб, дам олиб, яхшилаб айланиб келингизлар” ёки “Тўрт ўғлингиздан ҳаж сафари учун йўлланма” - дейишмайди-я! 
Топганларини хотинлари-ю болаларига илинишади. Яна бизнинг нафақамизга кўз тикишади. “Юринг, тишларингиз тўкилибди, бир текисда тиш солдириб берайлик, саломатлигингизни тиклайлик” - дея қўлимиздан тутишмайди. Айтинг-чи, унда, нега ўғил фарзанд кўрганда шунчалик қувонамиз-да, қиз фарзанд туғилса, кўнглимиз ёришмай қолади? Ахир, уларни ҳам қиз узатгандек хотинларига топшириб қўяяпмиз-ку?! Мени кечирасизлар-у, ушбу гапларни ўз ҳаёт тажрибам асосида айтяпман.
Сизларга мактуб йўллашимдан мақсад, келин тарбиялашда қандай йўл тутсам бўлади? Жамиятимизда шундай оналар бор-ки, атиги биттагина ўғли ва келинидан ҳавасларга арзигулик эҳтиром кўриб яшаяпти. Яна шундай оналар бор-ки, ўғил фарзанд кўрмасданоқ, куёвлар ҳурматига сазоворлар. 
Мен қаерда хато қилдим? Бу камчиликни тузатишнинг имкони бормикин? Маслаҳатларингизни газетага йўлланажак мактубларингиз орқали кутиб қоламан. 
Ҳар бир оилага тинчлик - тотувлик, аҳиллик - иноқлик, осуда ҳаёт тилаб:
МАНЗУРА.
Оққа кўчирган Султоной НИШОНБОЙ қизи.

Категория: Турфа тақдирлар | Добавил: albine (20.10.2015)
Просмотров: 1029 | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Имя *:
Email *:
Код *:
Форма входа

Поиск

Друзья сайта
  • Официальный блог
  • Сообщество uCoz
  • FAQ по системе
  • Инструкции для uCoz

  • Copyright MyCorp © 2025Конструктор сайтовuCoz