Севсанг деворда нима айб?
Бугунги кунда шаҳримизда қурилиш ишлари қизғин давом этмоқда. Бир-биридан чиройли иморатлар шаҳар кўркига кўрк қўшмоқда. Бундай ўзгаришларни кўриб, беихтиёр кўзинг қувнайди. Бироқ, кўча-куйда кўнгилни хира қиладиган манзараларга ҳам гувоҳ бўларкансан.
Масалан яқиндагина қурилган бино деворига кимдир қизил ранг билан ёзиб кетибди: «Shaxri men seni seviorum». Эҳ соҳта «Мажнуней» демоқчи эдим, кейин ўйланиб қолдим. Шахри қиз болани исмимикан, ёки ўғил болани? Қизиқ томони «иқтидорли ёзувчи» ўзбек ёки қорақалпоқ тилида эмас, ўзича турк тилида ижод қилмоқчи бўлган.
Севгингни исботлаш учун деворни шарманда қилишинг шартмиди? Ўзи шундоғам деворнинг ахволи хавас қиларли даражада эмас эди.
Хўп, Шахрини севаркансан, бунда деворнинг нима айби бор? Шунчалик яхши кўрсанг, ўзига айтиб қўя қолмайсанми. Ёки шунақа ёзувчилик қобилиятинг тинчлик бермаётган бўлса, қоғозга ёзиб берсанг бўлмасмиди?
Агар ҳамма йигитлар ўз севгиларини шу таҳлитда билдиришни давом этишса, шаҳримиздаги иморатларнинг деворлари қизларнинг исмларидан тузилган коллекцияга айланиб қолмайдими?
Пашшадан фил ясаш фикридан йироқмиз. Бироқ мана шундай кичик муаммолар эртага каттаймаслигига ким кафолат беради? Бундай «қаҳрамонлар»дан ўрнак олишни хоҳловчилар сони кўпаймаслигига ким ишонади?
Ўзи кейинги пайтларда севгисини ғаройиб усуллар билан исботловчилар кўпайиб кетди. Кимдир янги кўприкка қулф осиб севгисини рамзи қилиб олса, бошқаси деворга катта қилиб ёзиб севги изҳор қилади.
Бундай ишни қилишдан олдин бунинг кимга фойдаси бору, кимга зарар эканлиги ҳақида бир ўйлаб кўрсак ёмон бўлмас эди. Сиз ёзиб кетган ўша девор кимларнингдир меҳнати эвазига бунёд бўлган ахир.
Фикримиз якунида шуни айтиб ўтишни истар эдикки, шаҳримизнинг гуллаб яшнашига ҳар биримиз ўз ҳиссамизни қўшмоғимиз лозим. Умид қиламизки ушбу мақола деворларга ёзишга иштиёқи баланд бўлган айрим ёшларга озгина бўлса ҳам таъсир кўрсатади. Саломат бўлинг...
|