
Бу дунёда ёлғиз яшашдан ҳам ортиқ азоб йўқ экан. Айрилиқ жон элини йиқади, бошга қайғу солади дейишади. Айниқса, оиланинг суянчи бўлган умр йўлдошинг сени бемаҳал ташлаб кетса, жудолик ўртаб юбораркан. Оқилахон роса ўттиз ёшга тўлганида бахтсиз ҳодиса туфайли турмуш ўртоғидан ажралди. Уч нафар фарзандини бағрига босганича қолаверди. Рўзғор тебратиш қанчалик оғир экани бошига тушганда билинди. Мактабдан оладиган маоши етмас, фарзандлар ейман, кияман деб турганда йўқчилик уни мушкул аҳволга солиб қўйди. Қайноғалари ҳам ўз оиласидан орттириб бир нима беришолмасди. «Қўлдан берсанг, қуш тўймас», деганларидек, рўзғорни ўзи тебратиши зарур эди. Қачонгача бировнинг бергани билан яшайди. Шу боис дугоналари билан маслаҳатлашиб, одамларнинг хизматини қилишга ёлланди. Уйни тозалашми, кўрпа қавишми, томорқада ишлашми, ҳаммасини бажараверарди.
Шундай кунларнинг бирида маҳалла оқсоқоли Карим ака унинг эшигини қоқди.
— Оқилахон, биламан, ёлғизлик сизни қийнаб қўйган. Биз эркак бўлиб рўзғорни тортолмаяпмизу сиз энди аёл бошингиз билан бу азобга дош беролмасангиз керак, — чайналди оқсоқол.
— Уйга иш олиб тикувчилик қиляпман, — деди Оқила меҳрибонлиги учун унга миннатдорлик билдирганча. — Насиб бўлса, ўғилларим одам бўлиб қолар. Ахир шулар учун яшаяпман-да.
— Улар катта бўлганича ҳали кўп гап бор. Қолаверса, ота тарбиясини олсагина бола ҳақиқий эркак бўлиб улғаяди. Агар йўқ демасангиз, Козим қассоб сизга одам қўймоқчи. Рўзғорига ўзим бош бўламан, ҳамма нарсани муҳайё қиламан, деяпти.
— Козим аканинг оиласи бор-ку?
— Эркак одам топармон бўлса, иккита хотинни ҳам эплайверади. Қассоб битта молни сўйиб сотса, мўмайгина даромад қилади. Пичоғи мой устида. Рози бўлсангиз, жаннатда яшайсиз, синглим.
— Сиз таклиф қилаётган жаннатдан мен учун дўзах яхши, Олим амаки. Бу гапни бир айтдингиз, иккинчи такрорламанг. Турмушга чиқиш ниятим йўқ. Болаларимни бировнинг оёғи остига ташламайман. Бевалик бошимда бор экан, чидайман. Худойим умр берса, ўғилларимни ўзим боқиб оламан.
Қассоб оқсоқолга каттароқ нарсани ваъда қилганми, тез-тез келадиган бўлди. Охири, Оқила уни уйидан ҳайдаб солгач, қорасини кўрсатмай кетди. Унга кўпчилик оғиз солди. «Бошингдан зар сочаман», деган бойваччалар ҳам рад жавобини олишди. Чиройли жувоннинг ошиғи кўп бўлар экан. Васлига етолмаганлар энди уни «енгилтак экан», деган гап тарқатишди. Эридан ажралгани етмагандай, бу туҳмат унга қаттиқ таъсир қилди. Тунлари болаларини ухлатиб, йиғлаб чиқадиган бўлди. Дугоналари, ота-онаси ҳам унга оила қуришни маслаҳат беришди. Бу гаплардан тўйиб кетган Оқила эрининг суратини катта қилиб ишлатиб, уйининг тўрига осиб қўйди.
Орадан йиллар ўтди. Азми қатъий эканини билган совчилар энди келмай қўйди. Аёл ҳар лаҳза эрининг суратига боққанда ўксинар, Оллоҳдан фарзандларига умр сўрарди. Мактабдан қайтгач, болаларининг ўқиши билан астойдил шуғулланарди. Ўғиллар сигир соғишни, нон ёпишни, кир ювишни ўрганишди. Бир вақтлар турмуш ўртоғи ҳам унга ёрдам бўлсин деб, бундай ишларга кўмаклашарди, раҳматли. Қарангки, болалар ҳам отасига тортиб бу ишни сидқидилдан бажара бошлади. Бор кучини болаларини билимли қилишга сарфлади. Бирор кун йўқки, болалар билан бирга дарс тайёрламаган бўлсин. Сабрнинг таги олтин экан. Унинг сочларига оқ тушиб, юзларини ажин босганида, уч ўғлони институтни битириб, катта-катта идораларда, масъул вазифаларда ишлай бошлади. Уч келин, набиралар унинг атрофида парвона. Бундан ортиқ бахт борми?
Қишлоқда шундай удум бор: ўғилларини суннат қиладиган келинчакларнинг сочи тўй куни тантанали равишда иккита қилиб ўрилади. Бундай шарафли вазифа серфарзанд, кўп йиллар турмуш ўртоғи билан аҳил-иноқ яшаб келаётган ибратли оила бекаларига топширилади. Илоҳим, ўғил-қизим кўп бўлсин, бахтли кексаликка етиб юрай, дея орзу қилишади келинчаклар. Оқила ҳам шундай шарафни орзу қилар, бироқ ҳозиргача у бу ишни бажаришга лозим кўрилмаганди...
Холчучук келин ўғилларининг суннат тўйида Оқила холани уйига келиб, тўйга айтиб кетди. Наҳорги ошдан сўнг қариндошлар ва кайвонилар бир жойга тўпланишиб, маросимни бошлаб юборишди. Суннат бўладиган болаларга сарполар кийдирилди, совғалар улашилди. Супада дугоналари билан суҳбатлашиб, маросимни завқ билан томоша қилиб ўтирган Оқила беихтиёр ўзининг соч ўрар маросимини эслади. Ўшанда у ўксиниб, кўзда ёш билан ўтирган эди. Тўй куни завжининг елкасига тўн ташланиб, муборак бўлсин, дейишларини кўролмаганди.
Х аёлга берилган аёл кайвонининг овозидан чўчиб тушди.
— Ҳозир Холчучукойнинг сочини иккита қилиб ўрамиз, қариндошлар сарполарни тайёрлаб туринглар. Бу вазифани Холчучукойнинг талабига биноан Оқила опага топширамиз. Қани, опа, келинг, кутиб қолдик...
Холчучукнинг онаси Мастон хола қизининг бу қароридан ҳайратга тушиб, бироз норози бўлди.
— Мен бу кишининг покиза ҳаётига ҳавас қилганман. Илоҳим, фарзандларим шу аёлнинг болаларидай ўқимишли, обрўли, бахтли-тахтли бўлиб юришсин, — деди тўй эгаси бўш келмай.
Хотин-халаж дув этиб Оқилага қаради. Хижолатдан юзларига қизиллик югурган аёл секин ўрнидан туриб хонадон бекасига яқинлашди, уни юзларидан ўпиб, бағрига босди. Бирдан мусиқа янгради, хонанда «Тўйлар муборак»ни овози борича куйлаб юборди. Қариндошлар ўйинга тушиб кетишди. Кун анча иссиқ бўлгани учун тўйхонадагилар Оқиланинг кўзларидан оқаётган ёшларга унчалик эътибор беришмади.
Обиддин МАҲМУДОВ
|