//carhpalak.ucoz.org/111_Yulduz.mp3

 
Меню сайта

Категории раздела
Турфа тақдирлар [483]
Барчанинг бахти ўзгача,лекин барчанинг бахтсизлиги бир хил

Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0

Главная » Статьи » Турфа тақдирлар

Санъат
 

Санъат

Ихтиёр ЖУМАНОВ:ЁМОН ҚЎШИҚ БАКТЕРИЯГА ЎХШАЙДИ...

Қарши маданият коллежида анъанавий хонандалик йўналиши бўйича шогирдларига сабоқ бериб келаётган ҳамда санъатимизнинг умидли ёшларидан саналган Ихтиёр Жуманов - бугунги суҳбатдошимиз.

- Бугунги кунда санъат оламига қадам қўйиб келаётган ёшларнинг, хусусан, тенгдошларингизнинг ҳам аксарияти эстрада йўналишида куйлашни афзал билаётган чоғда анъанавий ижрочиликда ижод қилишни маъқул кўрганингиз қизиқ?

- Энг аввало, бунга оилавий муҳит сабаб бўлган деб ўйлайман. Отам анъанавий хонандалик бўйича маълум тажрибага эга бўлган. Бундан ташқари, Ўзбекистон халқ ҳофизи Ўктам Аҳмедов қўшиқларини телевизор, радиода кўриб, эшитиб, анъанавий ижрочиликка бўлган қизиқишим янада кучайган. Тўғри, тенгдошларим орасида эстрада йўналишида ижод қилиб, тезроқ танилишга интиладиганлари ҳам талайгина. Менда ҳам бундай қизиқиш бор, ҳатто бу йўналишдаги "Эски кўча" қўшиғим айни пайтда тайёр. Аммо гап қўшиқнинг қайси йўналишда эканида эмас, унинг қандай ижро этилганида. Ботир Зокиров қўшиқларини эсланг...

- Икки йўналишни ҳам бирга олиб бориш оғирлик қилмасмикан?

- Менимча, кўпроқ эстрада йўналишида ижод қилсам керак. Ҳар қандай киши ҳам серқирраликка интилса, нимагадир эришади. Вақти келиб, ўзининг қайси йўналишга мойиллигини ҳам тушунади. Албатта, бунда ўзини дуч келган тарафга уриш эмас, мақсадни аниқ қўйиб, меҳнат қилиш керак, бу бир кун ўз самарасини беради.

- Санъатга дастлаб кириб келаётганингизда ҳам икки йўналишда бирдай куйлаш ниятида бўлганмисиз?

- Эстрадага кейинроқ қўл урдим. Узоқ йиллар давомида анъанавий ижрочилик мени ўзига мафтун қилган. Санъат ва маданият институтидаги таҳсил давомида санъатнинг бепоён уммонидан хабардор бўлдим, турли йўналишларга, санъатнинг бошқа турларига меҳрим уйғонди.

- Хонандага энг аввало нима муҳим: сўзми ё оҳанг?

- Сўз, унинг маъноси муҳим. Чунки ўйноқи, енгил мусиқани бир кун эшитасиз, икки кун эшитасиз, меъдангизга тегиб қолади. Агар сўзининг тайини бўлмаса, бундан ёмони йўқ.

Яқинда йўлда кетаётганимда ёш ҳайдовчи "замонавий" қўшиқлардан бирини "гум-баданг" қилиб эшиттириб келаяпти. На сўзида, на куйида маъно-мазмун бор. Сал пасайтириб қўйинг, деганимда ҳайдовчи менга норози оҳангда тикилди. Шунда айб кимда бўлади: ўзи хоҳлаган мусиқани эшитаётган ҳайдовчидами ё тумтарақай қўшиқ ёқмаётган мендами? Менимча, ҳамма айб икки ўртада норозиликни келтириб чиқарган савиясиз қўшиқчида! Айнан уни деб кунига қанча асаблар бузилади, кўнгилхираликлар бўлади.

- "Оммавий маданият" унсурлари сифатида айрим мамлакатларда урф бўлган енгил-елпи оҳангларга муносабатингиз қандай?

- Мен буни ўткинчи деб биламан. Уларни бактерияга ўхшатаман. Кам яшовчи бактерияга. Уларнинг зўр бериб тарғиб қилиниб, бир шов-шув бўлган мусиқасининг умри 2-3 ойдан нарига ўтмайди.

Бизга асрлар давомида мерос бўлиб келаётган мумтоз мусиқалар ёрдамида касалларга даво топилган, севиб тингланган. Реп, жаз йўналишидаги хиргойилар одамни даволашидан кўра, касал қилиши аниқ. Уларни эшитмаслик керак - энг тўғри йўл шу, менимча.

- Санъаткорнинг ном қолдириш учун ижод қилиши қанчалик тўғри?

- "Суюнчи" бадиий фильмида Ҳусан Шарипов ўйнаган қаҳрамон айтади-ку, "Манави тоғларнинг орасида номим чиқмай қолиб кетавераманми?" деб. Ҳар қандай одамдан ҳам, у санъаткор ёки дурадгор, ўз "из"и қолмаса, умри бекорга ўтган бўлади. Ном қолдираман деб эмас, яхши қўшиқ яратиш учун ижод қилган санъаткор доим ютади, чунки уни кўкка кўтарадиган ҳам, ерга урадиган ҳам - қилган ижоди самараси.

- Ҳеч санъат йўлини танлаб бекор қилган эканман, дея афсусланган пайтларингиз бўлганми?

- Ҳали бўлмаган. Қийналганман, лекин бекорга хонандаликни танлаган эканман, деган фикр бўлмаган. Агар озгина қийинчиликка бардош беролмай, санъат йўлини ташлаб кетадиган бўлсам, ўзимга душманлик қилган бўламан. Худо овоз бердими, ундан фойдаланиш керак.

- Ҳозир танилишни, машҳур бўлишни истаган санъаткор пойтахтда ижод қилишни маъқул кўраётгани ва ўзи истаган натижага маълум маънода эришаётгани бор гап. Айни пайтда вилоятда ижод қилаётганингиз ҳолда бугун юртимизда миллионлаб кишиларни жамлаган санъат оламида ўз ўрнимни топа оламан, деб ўйлайсизми?

- Ўз ўрнимни топа оламан. Ҳозир реп, жаз ёки рок услублари ёшлар орасига кўпроқ кириб бораётгани ҳақида таъкидланаётган бўлса-да, одамлар ҳар қандай "маҳсулот"нинг яхши-ёмонини ажрата олаяпти, фарқлай олаяпти. Бу, албатта кишиларда эстетик диднинг, савиянинг кўтаринкилигидан ҳам дарак. Ўз навбатида, савияли қўшиқ савияли инсонни тарбиялайди.

Устозлар қўшиқларини ижро этганимда ҳам алоҳида услубга эга эканлигимни айтишаяпти. Айнан шу эътироф менга куч, ишонч беради. Чунки ўз услубига эга санъаткор ўз ўрнини ҳам топа олади.

- Кишиларда, айниқса ёшларда ҳақиқий санъат билан сохтасини ажрата олиш, мумтоз мусиқаларимизга меҳр уйғотиш учун нима қилиш керак?

- Ҳар қандай қўшиқнинг ҳам ўз эшитувчиси бўлади. Агар ота-она реп, рок тингласа, фарзанднинг "Муножот"у "Тановар"ни эшитмаслигига ажабланмаслик керак. Мусиқага меҳр аввало оиладан бошланади. Бундан ташқари, юртимизнинг чекка ҳудудларида ҳам қад ростлаётган мусиқа ва санъат мактаблари ёшларимизни ҳақиқий санъатга ошно этаяпти. Бундай даргоҳда таълим олган ёш кейинчалик санъат йўлидан бормаганда ҳам санъатни тушунади, қадрлай олади.

- Жаҳон мусиқаси намояндаларидан кимларни тинглайсиз?

- Менга кўпроқ Иброҳим Тотлисес, Абрам Талмасов қўшиқлари, Озарбайжон мақомлари ёқади. Шуларни севиб тинглайман, ижодий янгилик оламан.

- Умуман, мусиқа эҳтиёжга кўра тингланадими?

- Билмадим, аммо кўпинча хориж мусиқасини ўз ижодим учун нимадир "ўғирлаш учун" эшитадиган пайтларим ҳам бўлади. Эшитаётган мусиқангиз ҳам нима учундир хизмат қилиши лозим. Хориж тажрибасини ўрганиш керак, аммо унинг соясига айланиб қолиш ёмон. Кўпроқ овозим устида ишлайман, эрта тонггача танбур машқ қилган пайтларим ҳам кўп бўлади.

- Асл санъаткорнинг ютуғи нимада?

- Омадида. Истеъдоди, овози ва халқ тан олиши - булар санъаткорнинг омади, ҳам бахти. Ҳамма гап бирор мавқега эришишда эмас, уни сақлаб қолишда, деб ўйлайман. Шу маънода омадни ҳам.

- Фожиаси-чи?

- Агар хонанданинг ашуласини биров эшитмай қўйса, унинг учун бундан ортиқ фожиа бўлмаса керак. Агар санъаткор бир жойда депсиниб қоладиган бўлса - бундан ташвишга тушиши керак. Чунки ижод жараёни хонанданинг ўзигагина боғлиқ жараён эмас. Агар эътибор берсангиз, намойиш этиладиган аксарият клипларда бир хиллик уфуриб туради. Бир хил декорация, бир хил раққосалар, бир хил оҳанг... Асосан тўйларни ўйлаб, мўлжаллаб "ёзилаётган" қўшиқлар... Бу йўл билан санъатни юксалтириб бўлмайди. Чунки қўшиқ бу дард. Дарди йўқ одам шеър ёзмайди, қўшиқ айтмайди. Шундан келиб чиқиб қўшиқда озгина бўлса-да, дард, кайфият бўлиши керак...

Бекзод ЎКТАМ суҳбатлашди. Муродилла КОМИЛОВ олган сурат.

Категория: Турфа тақдирлар | Добавил: albine (02.06.2014)
Просмотров: 850 | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Имя *:
Email *:
Код *:
Форма входа

Поиск

Друзья сайта
  • Официальный блог
  • Сообщество uCoz
  • FAQ по системе
  • Инструкции для uCoz

  • Copyright MyCorp © 2025Конструктор сайтовuCoz