Санъатсиз ҳаёт – ваҳшийликдир.
1999 йилнинг июнь ойида вилоят ўзбек маданият маркази раислигига сайланганимдан сўнг, кенгаш аъзолари билан иш режаларини тузиб олдик. Асосий мақсадларимиздан бири – Ўзбекистон Республикасидаги олий ўқув юртлари ва ихтисослашган ўрта таълим масканларида қозоғистонлик ўзбек ёшларини ўқитиш, Ўзбекистон телеканали кўрсатувларини қайта тиклашдан иборат эди.
Бу борада тарихчи-ёзувчи, музей директори Мираҳмад Мирхолдоров раҳбарлигидаги ишчи гуруҳ билан Ўзбекистонга бир неча марта бориб келишга тўғри келди. Лекин саъй-ҳаракатларимиз натижасиз якунланди. Чегара муаммоси кундан-кунга чуқурлашиб, ўтиш жараёни мураккаблашиб кетди. Вилоят газеталари ҳамда “Юртимиз жамоли” ва “Отрар” телеканали билан ҳамкорликда фаолият юрита бошладик.
“Жанубий Қозоғистон” вилоят ижтимоий-сиёсий газетасининг 2000 йил 15-сонида журналист Зокиржон Мўминжоновнинг “Бизга театр керакми?” мақоласи чоп этилди. Мазкур мақолани синчиклаб ўқиб чиқдим. Эртаси таҳририятга бориб, Зокиржон билан бамайилхотир сўзлашиб, ишни нимадан бошлашга келишиб олдик. Вилоят ҳокими Бердибек Сапарбоев номига театр очиб бериш ҳақида хат ёздик. Уни ҳокимлик девонига олиб борсам, котиба қиз. “Марказнинг манзилли варақаси эскириб, сарғайиб кетган, уят бўлади, иложи бўлса, ўзгартириб, ёзиб келинг”, деб хатимизни қайтариб берди. Орадан бир неча кун ўтгандан сўнг марказ варақасини профессор, академик, Махмуджон Ирисметов (Оллоҳ раҳматига олган бўлсин) ҳомийлигида янгидан манзилли варақа ишлатиб, хат ёзиб бердик.
Б.Сапарбоев хат билан танишиб чиққандан сўнг имзо қўйиб, ўринбосари Дархан Минбайга йўллади. Д.Минбай мени ҳузурига чақиртириб:
--Агар театр очилса, ишлайдиган актёрлар борми?—деб сўради.
Вилоятимизда етук санъаткор ва актёрлар борлигини, улар ўрта таълим масканларида мусиқа ўқитувчилари бўлиб ишлашаётганлигини батафсил айтиб бердим.
--Ундай бўлса актёрларнинг дипломлари нусхасини ва сарфланадиган бир йиллик харажатлар лойиҳасини тузиб келинг, -- деди.
Тез орада Зокиржон билан бамаслаҳат таниш санъаткорларнинг дипломлари нусхаси ва бир йилга 3 млн. Тенгелик харажат лойиҳасини Д.Минбайга олиб кириб бердик. Бу воқеа 2001 йил май ойларида содир бўлаётган эди. Д.Минбай бизга: “Бир спектаклни саҳналаштириб қўйиб кўринглар, биз, вилоят маданият бошқармаси ходимлари ва театршунослар бориб кўрамиз. Агар саҳна асари ҳақиқатдан ҳам томошабинлар кўнглидан чиқса, биз ёрдам беришга тайёрмиз”, деди.
Зокиржон марказ идорасига қўнғироқ қилиб, зудлик билан таҳририятга етиб келишимни илтимос қилди. Зокиржоннинг хонасида ҳамшаҳрим Ҳамидулла Қулабдуллаев ўтирган экан.
Қуюқ салом-аликдан сўнг Зокиржон:
-- Бу йигитни режиссёрликка олсак, саҳна асарини қўйишга бош бўлади. Шаҳардаги актёрларнинг барчасини танийди, -- деди менга юзланиб. Мен Ҳамидулла Қулабдуллаевни жуда ҳам яхши танишимни айтдим. Ўз соҳасида иш бўлмай, бошқа юмушларда ишлаб юрган Хамидулланинг вилоят ўзбек драма театри очилишини нечоғлик ҳис-ҳаяжон билан тасаввур қилаётганлигини ҳали биз тушунмас эдик. Чунки у Ўзбекистонда, Тошкент шаҳридаги Ҳамза номли театрда ишлаган, катта саҳна кўрган иқтидорли, етук актёрлар эди. Зокиржон менинг розилигимни олиб, Ҳамидуллани шу кундан бошлаб режиссёрликка тайинлади ва очилажак театрга актёрлар қабул қилиниши ҳақида “Жанубий Қозоғистон” газетасига эълон берди. Биринчилардан бўлиб Баҳодир Раҳматов, Дилдора Бобошева, Беҳзод Ғоипов, Мақсад Нуралиев, Дилфуза Турсунбоева, Ортиғой Имонбоева, Турсуной Исмоилова, Маҳмуд Рўзиматов, Сайдикарим Маҳмудов, Шоҳиста Усманова, Собира Шоюсуповалар вилоят ўзбек маданият маркази идорасига келишди. Вилоят ҳокими номига ёзган хатимиз вилоят маданият бошқармасига келиб тушганлиги ҳақида котиба қиз Раҳнамо Раҳимова бизни огоҳ этиб, раҳбарият билан учрашиш кераклигини айтди...
Биз очилажак янги театр режалари борасида суҳбатлашиш учун вилоят маданият бошқармаси бошлиғи Айдинғали Сидиқовга учрашиб, дўстона муносабатда олдимиздаги баъзи бир муаммоларни ечиш борасида бафуржа гаплашиб олдик. У бизни бўлим бошлиғи Сейдахмат Байдаулетовга йўллади. Сейдахмат оғамиз билан театрга сарфланадиган бир йиллик моддий харажатлар борасида режа тузилди ва барча актёрларнинг дипломлари нусхасини у кишига топширдик. Вилоят маданият бошқармаси ходимлари ва ўзга мутассадилар хатимизга қай даражада ёндашаётгани, маблағ ажратишда кимлар тўсқинлик қилаётгани ҳақида котиба Раҳнамохон бизни огоҳ этган ҳолда ўз ёрдамини аямади. Ўша 2001 йилда вилоят ўзбек маданият маркази кенгаши аъзолари ва фаолларининг кенгайтирилган ҳар бир йиғилишда келгуси йили марказимизнинг 10 йиллик тўйи арафасида саҳнага олиб чиққан бўлдик.
Вилоят ўзбек маданият маркази кенгаши аъзоларининг 2002 йил 12 апрель кунги навбатдаги йиғилишида марказнинг 10 йиллик тўйини ўтказишга келишиб олдик, спектакль эса тўйдан бир-икки кун аввал қўйилиши керак эди, уни 10 апрель кунига белгиладик. Бу – тактика.
Мен Зокиржондан хавотирланиб сўрадим:
-- Улгура оласизларми?
-- Албатта, улгурамиз, Ҳамидулла ака актёрлар билан ишларни жадал суръатда бошлаб юборди, -- деди қатъий.
Байрам тараддуди
Катта улфатимиз Ҳакимбековнинг уйида навбатдаги зиёфатда ўтирган эдик. “Қизилжар” ИЧШ раиси, оқкўнгил қозоқ дўстимиз Ахан Бисембиев: “Икром, 10 йиллик тўйларинг қачон бўлади, бизлардан қандай ёрдам керак?”, деб сўраб қолди тасодифан. Мен: “Меҳмонларга ёзиладиган дастурхонимизнинг харажатини кўтарсанглар бўлди”, дедим тортинибгина. Ахан Бисембиев биринчилардан бўлиб, беш минг тенге берди ва бошқалар ҳам ўз улушларини қўшдилар. Байрамона тадбир “Жастар” тўйхонасида ўтказилиши режалаштирилди. Шу кундан бошлаб тўйга тайёргарлик ишлари жадаллик билан бошланиб кетди. С.Сейфуллин номли “Халқлар дўстлиги” уйида ҳар куни тайёргарлик, репетиция, гоҳида режиссёр Ҳамидулланинг “бақир-чақир”ига чидай олмай, залдан хафа бўлиб чиқиб кетаётган ҳаваскор актёрларни кўриб ўксинаман... Юпатиб, яна қайтадан залга олиб кирамиз...
Лекин уни ҳам тўғри тушуниш керак, спектакль қисқа вақт ичида саҳнага чиқиши лозим. Ўзбекистонлик драматург Шароф Бошбековнинг “Темир хотин” асари танлангани зиммаларига улкан масъулият юклаганди. Ахир зукко томошабин уни катта саҳналарда аллақачон кўриб, “аъло” баҳосини бериб қўйганди-да!
Кунлар шунчалик тез ўтиб кетяптики, улгура оламизми ёки йўқми, деган хаёллар фикримиздан кетмай қолди.
2002 йил январь ойида марказнинг кенгайтирилган йиғилишида ўтган бир йил давомида бажарилган ишлар юзасидан ҳисобот бериб, янги иш режаларини тасдиқлаб олдик. Ва 10 апрель куни С.Сейфуллин номидаги “Халқлар дўстлиги” уйида “Темир хотин” премьерасини ўтказиб, 12 апрель куни Абдуқаҳҳор Файзаҳматовнинг “Жастар” тўйхонасида вилоят ўзбек маданият марказининг 10 йиллик тўйини нишонлашга келишиб олдик.
“Халқлар дўстлиги” уйи директори Артиқбай Ўспанов (Оллоҳ раҳматига олган бўлсин) театр актёрларига барча имкониятларни яратиб берди. Чунки актёрларнинг бир неча ойдан бери тер тўкиб, бепул ишлашаётганига гувоҳ эди.
2002 йил 10 апрель. Бугун ғоят ҳаяжонли, тарихий – премьера куни. “Халқлар дўстлиги” уйи томошабинларга тўла, вилоят ҳокими ўринбосарлари Дархан Минбай, Рўзақул Холмуродов, вилоят маданият бошқармаси раҳбари Айдинғали Сидиқов, марказ фаоллари ва бошқа меҳмонлар ташриф буюришган. «Темир хотин» спектаклини актёрларимиз қойилмақом қилиб намоиш этдилар. Барча томошабинлар уларнинг маҳоратларини ўринларидан туриб, давомли ва гулдурос қарсаклар билан олқишладилар.
11 апрель куни вилоят ҳокими ўринбосарлари Д.Минбай ва Р.Холмуродов Б.Сапарбоев ҳузурида спектакль борасидаги ижобий фикрларини баён этдилар. 12 апрель куни “Жастар” тўйхонасида ўтган марказнинг 10 йиллик тўйига вилоятимизнинг барча туман ва шаҳарларидан меҳмонлар келишди. Вилоят ҳокими Б.Сапарбоев табрик сўзида: “Янги очиладиган вилоят ўзбек драма театрининг бир йиллик харажати 3 млн. тенге экан, биз уни топиб берамиз”, деди.
Б.Сапарбоевнинг: «Театр очилади!» деган сўзидан сўнг кўзларимизда қувонч ёшлари милтиллади. Барча меҳмонлар унинг сўзларини гулдурос қарсаклар билан қувватлашди. Шу пайтдаги Чимкент шаҳар ҳокими Б.Жилқишиев ўзининг табрик сўзида шаҳардаги ўнта ўзбек мактабларини таъмирлаш учун ҳам маблағ ажратиб беришини айтиб ўтди. Тўйимиз дастурхонига машҳур табиб Ўсарқул ҳожи Ирисқулов, “Жамият ва маърифат” газетаси мухаррири Абдумалик Сармонов, тадбиркорлар Фаҳриддин Йўлдошев, Йўлдошбек Холиқбоев, Улуғбек Хожиметовлар улуш қўшиб ва бошқа меҳмонлар ҳам ўз тўёналари билан ҳомийлик қилдилар, шунингдек, А.Файзаҳмедов раҳбарлик қилаётган “Жастар” тўйхонаси ходимлари ўзларининг беминнат хизматларини аямадилар (тўёна тизими сақланмоқда). Байрам арафасида тадбиркорлардан эски Иқонлик Дониш Маннотов ва чимкентлик Давлатбек Қўчқоровлар “ГАЗ-53” автомашиниларини тўёна қилдилар. Сайрам автотаъмирлаш заводи директори Шавкат Султонов мазкур автомобиллар асосида “Казахстан - 1” автобусини тайёрлаб берди. Тушган маблағдан театр актёрларига иш ҳақи тўладик.
Биринчи туртки
Орадан вақт ўтиб, негадир, театрнинг ҳужжатлари тайёр бўлмай пайсалга солина бошлади. Бунинг устига Б.Сапарбоев Астанага ишга алмашди. 2002 йил 6 ноябрдаги “Ўзбек халқининг тили, маданияти ва анъаналари байрами”га Ўзбекистоннинг Қозоғистондаги фавқулодда ҳамда мухтор элчиси Турдиқул Бўтаёров , ҚР “Дўстлик” ҳамжамияти президенти, машҳур нейрожарроҳ Озод Тоштўлатов (Оллоҳ раҳматига олган бўлсин) ва Махкам ака Тўленовлар ташриф буюрди. Мен Турдиқул акага бутун вазиятни ва театр муаммосини тушунтириб бердим. Анъанага биноан вилоят ҳокими элчи жанобларини эрталаб соат 10.00 да қабул қилди. Вилоят ҳокими Б.Жилқишиев билан қизғин салом-аликдан сўнг “Ўтган йилги хизмат сафарим, яъни байрам арафаси чоғида сиз Чимкент шаҳри ҳокими эдингиз, қабулингизда бўлганмиз. Мана, энди вилоят ҳокимисиз, табриклаймиз”, дея сўз бошлади Т.Бўтаёров. Қабул маросими чоғида Т. Бўтаёров вилоят ўзбек драма театри очилиши ишлари бироз пайсалга солинаётганидан сўз очди.
Б.Жилқишиев менга қараб: “Қандай муаммо бор?” деди. “Театр ҳужжатлари тайёр бўлиб қолди, лекин бино ва маблағ йўқ, дейишяпти”, дедим мен. Б.Жилқишиев: “Турдиқул ака, театр албатта, очилади, бу масалани ечимини топамиз” дея қатъий ваъда берди. Учрашувдан сўнг Чимкент шаҳрининг Абай истироҳат боғида нишонланаётган байрамга йўл олдик. Байрам кўтаринки руҳда ўтди. Тантанадан сўнг меҳмонларга бир пиёла чой бериб, элчи жанобларини Тошкентга кузатиб қўйдик. Т.Бўтаёровнинг театр масаласидаги сўзлари ишнинг битишига биринчи туртки бўлди.
Тошкент учрашуви
Қозоғистон халқи Ассамблеясининг VIII сессиясидан сўнг вилоят ҳокими Б.Жилқишиев раҳбарлигида 17 кишидан иборат расмий делегация Қозоғистон ва Ўзбекистон Республикалари орасида дипломатик алоқалар ўрнатилганлигининг 10 йиллигига бағишланган тадбирда иштирок этиш учун Тошкент шаҳрига бордик. Делегация сафида миллатимиз вакилларидан “Жанубий Қозоғистон” вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси муҳарири Собиржон Юсуфалиев (Оллоҳ раҳматига олган бўлсин) ва камина бор эди.
Делегациямизни Тошкент вилояти ҳокими Умматқул Маматқулов раҳбарлигида бир гуруҳ мезбонлар карнай-сурнай наволари остида “Ғишткўприк” божхона бекатида кутиб олдилар.
Дўстона вазиятда ўтган учрашувлар чоғида бир қанча расмий шартномалар имзоланди. Сафаримиз ниҳоясига етиб, кечки таом пайтида Б.Жилқишиев каминага сўз беришларини айтиб ўтди. Собиржон ака тушлик чоғида сўзлагани учун у шундай қарор қабул қилганди. Мен ҳам устамонлик билан фурсатдан фойдаланиб, сўз давомида: “Умматқул ака, мана, укангиз Бўлат вилоятимиздаги ярим миллиондан зиёд ўзбек халқи вакиллари учун театр очиб бериш арафасида турибди, насиб этса, ўзларингиз зангори тасмасини биргаликда қирқасизлар”, дея сўзимни якунладим. Сўзларимдан сергак тортган Бўлат дўстим: “Худо насиб этса, албатта биргаликда театрни очамиз”, дея фикримни тасдиқлаб қўйди.
Умматқул ака ҳам Бўлат Жилқишиевни бағрига босиб, ўз миннаддорчилигини билдирган холда “Бу тарихий воқеа-ку”, деди. Бу иккинчи туртки эди. Бир куни уяли телефонимга Раҳнамо сим қоқиб, зудлик билан вилоят маданият бошқармасига келишимни илтимос қилди. Раҳнамо менга бизлар ёзган хатимизнинг тепасига алоҳида қоғозчада қистириб қўйилан вилоят ҳокими ўринбосари С.Бурлаченконинг дастхатини кўрсатди. Унда: “Ўзбек театрини очиш учун маблағ ва жойлаштириш учун махсус бино йўқлиги сабабли очилишига эҳтиёж йўқ”, дейилганди. (Мана оригинали).
Бу ҳужжат билан танишгандан сўнг яна ҳаракатларимиз жонланиб, йўл-йўриқлар излай бошладик. Мен зудлик билан авваллари бирга ишлашган танишим Светлана хоним билан учрашдим. “Агар ёрдам бермасангиз, халқимиз олдида уятга қолишимиз аниқ ” дея қайсарлик қилдим. Вазиятни юмшатиб, “помогу” дейишга олиб келдим. Мен бу билан Светлана Бурлаченкони айбламоқчи эмасман. Балки ўша пайтда ҳақиқатдан ҳам вилоят бюджетида маблағ оздир. Лекин очи очилажак театрни жойлаштиришга шаҳарда бино йўқлиги аниқ эди.
Элчи билан бўлган суҳбат ва Тошкент воқеасидан сўнг вилоят ҳокими Б.Жилқишиев Светлана хонимнинг хатчасига жавоб тариқасида: “Изыскать все возможности. Это было обещано на высоких рангах”, дея жавоб йўллабди. Ҳа, бу “далил” ечимда Бўлат дўстимнинг исмига монанд қатъийлик ва жонбозлик уфуриб турарди.
2002 йил декабрь ойининг сўнги ўн кунлигида вилоят халқи кичик ассамблеясининг сессияси ўтди. Мазкур сессияга Парламент Мажлиси депутатлари ва Мақсут Нариқбоев қатнашди.
Мен маърузам давомида ўзбек мактабларида ўқув қуролларининг етишмаётганлиги, Ўзбекистон телекўрсатувлари бизнинг ҳудудда умуман, кўрсатилмаётганлиги ва театримиз пайсалга солинаётганлигини айтиб, сўзимнинг сўнгида Тошкент воқеасини эслатган ҳолда, “Худо хоҳласа, вилоятимиз ҳокими Б.Жилқишиев ва Тошкент вилояти ҳокими Умматқул Маматқулов билан биргаликда театрнинг очилиш маросимида зангори тасмаларни қирқишади”, дея айтиб ўтдим.
Сессия сўнггида Б.Жилқишиев барча саволларга жавоб бергандан сўнг “Ўзбек театрини Сайрам туманидан очиб берсак, чунки шаҳарда театрбоп бино йўқ. Ж.Шанин театри биносида қозоқ ва рус театри жамоалари жойлашган. Уларни ҳам алоҳида бўлишимиз керак”, дея менга юзланди.
Мен ўрнимдан туриб, дарҳол: “Ҳа, бўлади”, деб айтмоқчи бўлдиму, лекин Бегмат Турдиқулов ва Зокиржон Мўминжоновлар фикрини билиш учун уларга қарадим. Улар бошларини эгишган ҳолда маъқуллашгач, мен: “Биз розимиз, бўлади”, деб жавоб бердим.
Агар: “Йўқ, бизга шаҳардан жой беринглар, ахир бу вилоят театри-ку, марказда бўлиши керак”, десам, балки бугунги кунга қадар театримиз очилмаслиги мумкин эди. Чунки қозоқ ва рус театрлари жамоалари ҳанузгача бир бинода фаолият юритишяпти, вилоят филармонияси ҳамда ёшлар саройи банд, театрбоп бино топилгунча қўя туринглар, дейишса нима ҳам қила олар эдик. Ўша куни Б.Жилқишиев Сайрам тумани ҳокими Қуаниш Айтахановга ўзбек театрини тумандаги Маданият уйларидан бирига зудлик билан жойлаштиришни тайинлади. Сессия сўнггида туман ҳокими Қ.Айтаханов, ўринбосарлари Абдусамад Ниёзқулов (Оллоҳ раҳматига олган бўлсин), Файзаҳмад Нурматов, камина ва Зокиржон Мўминжоновлар гапни бир жойга қўйиб, эртаси куни соат 10.00 да туман ҳокимлигида учрашишга келишдик. Сессиядан сўнг Ҳайитмат Муҳиддинов билан Қорамурт қишлоғига иш сафари билан йўл олдик. Йўлда қўл телефонимга Қуаниш Айтаханов қўнғироқ қилиб, театр биросига Оқсувкентдаги “Машинастроитель”, Маданият уйи, Қормурт ва Сайрамдаги Маданият уйларидан бирини танлашимизни айтди. Биз Ҳайитмат ака билан бамаслаҳат шаҳарга Сайрам қишлоғи яқинроқ эканлигини инобатга олган ҳолда шу ерни танладик.
Учрашув чоғида туман ҳокими бизга юқорида қайд қилинган Маданият уйларини таклиф қилди. Биз Сайрам қишлоғининг шаҳарга яқинлигини назарда тутган ҳолда очилажак театр жамоаси шу ерга жойлашишига розилик бердик.
Менинг сессиядаги маърузамдан сўнг журналист Абай Болажон ва бошқаларни менга нисбатан танқидий мақолалари чиқди. Бу танқидларни фақат тўғри қабул қила олиш керак...
Ўша куни барчамиз Сайрам қишлоғи ҳокими Абдужамил Абдураҳмонов хонасида йиғилиб, А.Яссавий номли ИЧШ га қарашли Маданият саройи берилса, давлат тассарруфига ўтказиб, унга вилоят ўзбек драма театрини жойлаштиришимизни айтиб ўтдик. Лекин эртаси куни ширкат раиси Сайдазим Эралиев рад жавобини берди. Жамоасининг фикри билан келишиб, шундай деган бўлса керак.
Сўнг бизга Сайрам қишлоқ Маданият уйини тавсия этишди. Вақт зиқ, чунки 26 декабрга вилоят маслаҳатининги навбатдаги сессияси чақирилган эди. Унда келгуси йил бюджети қаралиб, театр биноси таъмирига харажатлар белгиланиши керак эди. “Нима қиламиз энди, мана шу бостирмани таъмирлаб, театр биносига мослаштирамиз”, дея мен билан Зокиржонга юзланди Абдусамад Ниёзқулов қишлоқ Маданият уйини кўрсатар экан.
Қишлоқ ҳокими ва бошқа мутасаддилар ҳам биз каби бошқа иложимиз йўқ, дегандек елкаларини қисишарди. А.Ниёзқулов туман ҳокими Қ.Айтаханов билан уяли телефон орқали дарҳол боғланиб, бўлган воқеани баён қилди.
У таъмирлаш учун қанча маблағ сарфланишини зудлик билан ҳисоблаб чиқишни топширди. Чунки икки кундан кейин вилоят маслаҳати сессиясида бюджет тасдиқланаётган чоғида Б.Жилқишиев лойиҳа ва далиллар асосида бинони таъмирлаш учун маблағ ажратилишини мажлиснинг кун тартибига қўйиш керак эди.
Вилоят маслаҳатининг навбатдаги мажлисида 2003 йилда театр биносини таъмирлаш учун бюджетдан 31 млн. тенге ажратилди.
Бинони таъмирлаш ишларини Б.Жилқишиев тавсиясига биноан вилоятимизда қурилиш ва таъмирлаш соҳасида донг таратган қурувчи Низомхон Сулаймонов ўз зиммасига олди ва жадал суръатлар билан ишни бошлаб юборди. Б.Жилқишиев, Қ.Айтаханов, А.Сидиқов, А.Ниёзқулов, Ф.Нурметов, З.Мўминжонов ва камина бир ойда икки маротаба, яъни январь – март ойларида таъмирлаш ишларининг боришини назорат қилиб турардик. Б.Жилқишиев: “Низомхон ака, ҳамма ишларни май ойи охирларига битиришингиз керак, чунки Элбошимиз келиши назарда тутилмоқда”, дея қатъий топшириқ берди. Низомхон Сулаймонов раҳбарлик қилаётган қурувчилар, қурилиш ва таъмирлаш ишларини ўз вақтида уддалашди. 2003 йил 20 октябрь Н.А.Назарбоевнинг вилоятимизга ташрифи чоғида театримизни очиб берганлиги ҳамон ёдимизда.
Юртбошимиз халқ билан юзма-юз учрашган чоғида, “Кўп миллатлилик – бизнинг бойлигимиз ва қувончимиз, миллатлараро тотувликни ягона мақсад қилган ҳолда аҳил ва иноқ яшаб, давлатимиз равнақига ўз улушимизни қўшайлик”, деди.
Эшитишимизга қараганда, Ўзбекистон Респубрикасидаги мутасаддиларга ўзбек театрининг очилиш маросимига таклифнома юборишган экан, лекин афсуски...
Марказнинг кенгаш аъзолари Б.Турдиқулов тавсиясига биноан Зокиржон Мўминжоновни театрга раҳбарлик қилишини қўллаб – қувватладилар.
Театрнинг бугунги кундаги ютуқлари ҳақида қанча гапирсак-да, оз. Ишнинг кўзини билган Зокиржон укамиз жамоасига раҳбарлик қилмоқда.
Ўшанда Сайрам тумани маркази Оқсувкентга навбатдаги сафаримиз чоғида Зокиржондан: “Театрга ким раҳбар бўлади?” деб сўрадим. “Мен” деди ишонч билан Зокиржон:
-- Агарда биз, театр аҳли ва санъаткорлар вилоят ўзбек миллий маданият марказининг театримизни очилишидаги эзгу хизматларини унутсак, “кўрнамак” бўламиз, - деганди бизнинг саъй-ҳаракатларимизга яхши баҳо бериб Зокиржон.
Шу ўринда вилоятимиздаги учта муассаса миллатимиз нуфузи, кўзгуси ва маънавият минбари эканлигини таъкидлаб ўтмоқчиман. Булар – Жанубий Қозоғистон вилоят ўзбек маданият маркази, “Жанубий Қозоғистон” вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти ва вилоят ўзбек драма театри.
Астана шаҳрининг “Тинчлик ва тотувлик” саройида ўтган ҚХАнинг XV сессияси иши давомида мен сенатор Б.Жилқишиев билан бир неча дақиқалик суҳбатда бўлиб театримиз ишлари ҳақида гаплашдик...
--Агар ўша йили вилоят ўзбек драма театри очилмаганда, кейин оча олмас эдинглар — чунки, иқтисодий таназзул ўз таъсирини албатта кўрсатарди, -- деди Б.Жилқишиев. Ҳа, Б.Жилқишиев юз фоиз ҳақ эди.
Театримизнинг очилишида ўзларининг самарали ва беминнат ҳизматларини аямаган марказ фаоллари М.Исоқов, Б.Турдиқулов, Н.Дўсматова, Т.Исмоилова, Ҳ.Муҳиддинов, Р.Муҳаммаджонова, Г.Норова, вилоят маданият бошқармаси раҳбари А.Сидиқов, бўлим бошлиғи С.Байдаулетов, бош ҳисобчи Т.Шокирова, котиба Р.Раҳимова ва бошқаларга улкан миннатдорчилик билдирамиз.
Вилоятимизда ўзбек миллий драма театрининг қайта тикланиши бу миллатимизнинг улкан, сиёсий ва маданий ютуғидир.
И.ҲОШИМЖОНОВ.