Болалар худди ўғирлик қилаётгандек ҳар замонда атрофга олазарак қараб қўйишар, сўнг яна телефонга маҳлиё бўлишарди. Ниҳоят, ўша “матоҳ”дан чиққан ғалати овоз уларни фош этди. Бир зумда транспортдаги барча аёллар нигоҳлари ерга қадалди. Эркаклар мулзам тортишди. Воқеа “қаҳрамонлари” эса бироз саросималаниб, телефонни йиғиштириб қўйишди.

—Уялмайсизми, ҳаё борми ўзи сенларда,—танбеҳ бера кетди ёши катта ҳамроҳларимиздан бири.—Ота-онанг, ўқитувчиларинг шу одатларингни биладими?!

—Намунча, уят-уят, дейсиз,—эътироз билдирди улардан бири сурбетларча.—Биз туғилганимизда уят тугаб бўлган экан. Қачон музей борсак, уятни кўрамиз, холос.

Бу болаларга гап уқтиролмаслигига кўзи етгач, ҳамроҳимиз “садқаи одам кет” деганча индамай қўя қолди.

Минг афсуски, қўл телефонлари ва унинг ёшлар тарбиясига таъсири мавзуи янгилик эмас. Оддийгина алоқа воситаси сифатида муомалага кирган қўл телефонлари бугун жуда кўп функцияларни ўз ичига жо этган. Эндиликда ҳам телевизор, ҳам компьютер, ҳам интернет хизматларини ўзида жамлаган мобиль телефонлар орқали жуда кўплаб ахборотга эга бўлишимиз мумкин. Аммо ҳар яхшининг бир ёмони бор, деганларидек, мазкур восита орқали ёшлар тарбиясига акс таъсир этиш, улар руҳий мувозанатини издан чиқариш мақсадида ҳар хил порнографик тасвирлар, даҳшатли манзаралар “юклаш” ҳолатлари ҳам учраб турибди.

Хўш, порнографик лавҳалар, беҳаё тасвирлар ҳаётимизга қандай кириб келди, бундай ҳаётни жамиятга зўр бериб сингдиришга уринган ёт кучларнинг асосий муддаоси нима?!

Маълумки, Шарқда ҳаё, одоб-ахлоқ тушунчалари азалдан қадрланиб келинган. Миллий маънавиятимизнинг асосий кўзгуси ҳисобланмиш адабиёт¬ни олиб кўрайлик. Жаҳонни ҳайратга солган машҳур “Лайли ва Мажнун”, “Фарҳод ва Ширин”, “Вомиқ ва Узро” ёхуд “Тоҳир ва Зуҳра” каби севги достонлари адабий матнида бирорта ҳам қучоқлашиш, ўпишиш ёки бошқа хил яланғоч тасвирларни учратмайсиз. Ҳаттоки, XX аср бошларида битилган, XIX аср ҳаётидан ҳикоя қилувчи “Ўтган кунлар” романида Отабек ва Кумуш, Уста Олим ва Саодат ўртасидаги ўзбекона ҳаё ва одоб сингдирилган севишганлар муносабатини олиб кўрайлик. Кумушнинг Тошкентга келган илк кунини эсланг. Хонасида кийим алмаштираётган Кумуш ҳатто ўз маҳрами Отабекдан тескари ўгирилиб туришни сўрайди.

Ғарбда-чи? Асрлар мобайнида Ғарб маданиятидаги маънавий яланғочлик тасвир яланғочлиги билан уйғунлашиб келди. Ҳиссиётлар ошкора, интим муносабатлар очиқ-ойдин намойиш этила бошланди.

Аслида ярим-яланғоч кийиниш инсониятнинг ибтидоий даври белгиларидан бири. Шарқдан дид, кийиниш маданияти борасида ортда қолган Ғарб кейинчилик бу қолоқлигини маданият сифатида рўкач қила бошлади. Тана яланғоч ҳолда ишланган ҳайкаллар ва полотнолар санъатнинг олий намунаси сифатида кўрсатилди. Баъзи бир адиблар асарларида ҳам жамият ҳаётининг акси ўлароқ яланғоч, беҳаё тасвирлар акс эттирилди. Кейин-чи? Ярим парда ортидаги интим муносабатлар уларнинг меъдасига тегди. Энди бундайин тасвирлар маънавий касал Ғарбга лаззат бағишламай қўйди.

Тақиқланган, бошқача туюлган нарсалар касал нигоҳларни ўзига қаратди. “Хобгоҳ”лар пардаси бутунлай сурилиб, оламга намойиш этилди. Янгича “жанр”¬даги порнографик фильмлар ишланди, ҳар бир клип, кинога тўшак лавҳалари киритилди, аёллар суратлари улкан баннер, афишаларга осилди, шу мавзудаги махсус журналлар чоп этилди…

Сўзимиз аввалида болалар қўл телефонларида оммавий ахборот босқини асосий қуроли порнографик тасвирларнинг мавжудлиги хусусида тўхталгандик. Хўш, бу каби тасвирлар болалар қўл телефонларига қандай тушиб қолди? Бу борада асосий айбдор ким? Албатта кўпчилик айбни блутусли, МР3, МР4 дастурларини юклай оладиган замонавий қўл телефонларидан ахтаради. Бу бир жиҳатдан тўғри. Аммо оилавий муҳитда ҳам гап кўп. Бола ҳар куни оила даврасида тужжорий каналлар, кабелли телевидение орқали Ғарбнинг давомли бўсаларга бой лавҳалар, ярим яланғоч аёллар акс эттирилган сериалу клиплар, кинофильмларни томоша қилади.

Шу ўринда юқоридаги беҳаё тасвирларни маънавий наркоманияга қиёслаш жоиз. Аста-секин наркотикнинг бошланғич нисбати таъсир этмай, доза ошириб борилгани каби, аввалига ярим-яланғоч тасвиру бир-икки ўпишиш саҳнасини кўриб эти жимирлаган ўсмирнинг кейинчалик кўзи “қотади”, янада очиқроқ лавҳаларни томоша қилишга ўзида хоҳиш сезади.

—Ўқитувчиси ўғлимнинг телефонида беҳаё кинотасвир борлигини айтганида роса жаҳлим чиқди,—дейди бир танишимиз.—Сўнгги кунларда унинг ўзини бошқача тутаётганидан ҳайрон эдим. Негадир камгап, уйда онаси, сингилларидан ўзини олиб қочадиган, арзимаган нарсага уларни жеркиб берадиган, тушида босинқирайдиган одат чиқарганди. Уйга бора солиб ўғлимнинг телефонини олдиму ўша тасвирни очдим. Аммо ўғлимни тергай олмадим. Қандай тергай? Ўша тасвирни ўзимнинг телефонимдан кўчириб олган бўлса?

Ҳа, одатда фарзандимизда бирор қусур ёки камчилик сезиб қолсак, дарҳол унинг сабабини кўчадан, атрофдагилардан излай бошлаймиз. Унинг бу хатти-ҳаракатларига ўзимиз ҳам сабабчи эканлигимизни ўйлаб кўрмаймиз.

Гап болалар қўл телефонларидаги беҳаё суратлар ҳақида борар экан, аввало бу борада бор масъулиятни ўзимизга юклашимиз лозим. Фарзандимизнинг дўстлари ким, оила даврасида экранда нималар томоша қилаяпти, бу борада унга ўзимиз қандай ўрнак кўрсатаяпмиз? Бу каби саволлар ҳар бир тарбиячини доимо безовта қилмоғи зарур. Агар биз бугун бу масалага бефарқ қарасак, эртага бундан-да оқибати хатарли ва олдини олиш ниҳоятда қийин кечадиган офатлар кириб келмаслигига ҳеч ким кафолат беролмайди. Бугунга нисбатан бефарқлигимиз, зарур чораларни кўрмаслигимиз ниҳоятда қимматга тушиши мумкин.

Акбар РУСТАМОВ,