//carhpalak.ucoz.org/111_Yulduz.mp3

 
Меню сайта

Категории раздела
Турфа тақдирлар [483]
Барчанинг бахти ўзгача,лекин барчанинг бахтсизлиги бир хил

Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0

Главная » Статьи » Турфа тақдирлар

Ривоят
 

Ривоят қилишларича, жуда қадим замонларда, Боботоғ томонларда Сайхон ёки Сайқон деган юрт бўлиб, яйловлари Жайхун соҳилларигача чўзилган экан. Бу юртдаги уруғ-қабилалар чорвачилик билан шуғулланишган ва одамлари бой-бадавлат яшар экан. Фалакнинг гардиши билан Матанбий деган калтафахм, золим бир киши бу юртга бек бўлибди. Ўз атрофига ўзига ўхшаш калтафаҳм одамларни тўплаб, уларнинг маслаҳати билан иш қиладиган бўлиб қолибди. Бекнинг лаганбардор, бефаросат мулозимлари: "Бегим, одамларимиз бойиб кетибди, сизнинг маслаҳатингизга қулоқ солмайди ва сизга бўйин-синмайдиган бўлиб қолибди", дейишибди.

Бек уларга "Хўш, ундай бўлса, нима қилиш керак?" -деб маслаҳат солибди: Шунда улар: "Одамларимизнинг бойиб кетишига кексалар сабабчи, чунки улар болаларига бойишнинг йўлларини айтиб туради. Уларни йўқотиш керак!" -дейишибди.

Шунда золим бек: "Кимнинг қари отаси бўлса, ўғиллари уни Говиргон ғорига олиб бориб ташласин!" -деб фармон берибди:

Говирган Боботоғдаги аждарҳолар макони бўлиб, олиб борган қарияларни дом-дараксиз ютиб юборар экан. Кунларнинг бирида отаси анча кексариб қолган йигитга навбат келибди. У отасини елкасига опичлаб кўтариб, Боботоғдаги Говиргонга йўл олибди. Йигит анча юриб чарчабди ва дам олиш учун бир катта тошнинг устига отасини туширибди ва ўзи ҳам дам олиш учун ерга чўккалабди. Бир оз ўтиб, отаси хохолаб кулиб юборибди. Бундан ҳайрон бўлган ўғил отасига қараб:"Ота, нега куласиз? Мен-ку, сизни аждарҳолар домига ташлаб келиш учун олиб бораяпман, йиғлаш ўрнига хохолаб кулганингиз нимаси?" деб сўрабди.

Шунда отаси ўғлига қараб: "Эй, фарзанд, бу дунёда ҳамма ҳам бир кун қарийди, дунё яралибдики, яшариш ва кексариш ёнма-ён юради. Кексалик ҳамманинг бошида бор. Бир вақтлар мен ҳам отамни Говиргонга олиб бораётганимда шу товатошнинг устида дам олган эдим. Бугун эса навбат ўзимга келди. Мен шунга кулган эдим. Тақдирдан қочиб қутилиб бўлмас экан",- дебди.

Шундан сўнг йигит таъсирланиб, отасини қош қорайганда уйига қайтариб олиб келибди ва яшириб қўйибди.

Матанбийнинг зулмидан безор бўлаётган одамлар турли жойларга кўчиб кета бошлабди ва бу юрт аста-секин хароб бўла бошлабди.

Кунларнинг бирида Матанбийнинг хуснда тенги йўқ қизи дугоналари билан дарё бўйига боришибди. Бу қизнинг исми Ойхумор экан. Улар дарё бўйида сувга тикилиб ўтирса, сув тагида турли рангда товланаётган жавоҳирларга кўзи тушибди. Буни кўрган Ойхумор уйга келгач, отасига сув тагидаги жавоҳирни олиб беришни сўрабди. Матанбий: "Кимки сув тагидан нур сочиб турган жавоҳирларни олиб чиқса, қизимни ўша йигитга бераман" -деб, юртга овоза қилибди. Бу хабардан воқиф бўлган не-не йигитлар дарёга шўнғибди, лекин ҳеч нарса олиб чиқолмай, нобуд бўлибди.

Жаҳонгир яшириб қўйган отасидан фақат кечаси маслаҳатлар сўрар экан. Бу хабарни эшитиб, кечқурун: "Эй, падари бузрукворим, бир маслаҳатингиз керак" –дебди ва отасига бўлаётган воқеаларни айтиб берибди.

Отаси ўғлига қараб: "Эй, ўғлим, бу қийин масала эмас, дарёнинг бўйида бир туп катта чинор бор, шу чинорга семурғ деган қуш уя қўйган, у жавоҳирларни шу уяда сақлайди, унинг акси сувга уриб, гўё дарё тагида ўхшаб турибди. Сен дарёга тушмасдан, тўғри чинорга чиқ ва ўша жавоҳирларни пастга олиб туш", деб тайинлабди.

Йигит худди отаси айтганидай қилибди. Шунда одамлар йигитнинг жасурлигига, ақл-фаросатига қойил қолибди ва ундан сўрашибди: "Сен қандай қилиб буни уддаладинг.?"

Йигит отаси воқеасини айтиб берибди. Шунинг учун бежиз айтилмайди: "Қариси бор уйнинг-париси бор ёки қари билганни-пари билмайди", деб.

Одамлар шу заҳотиёқ Матанбийни дарёга улоқтиришибди. Жаҳонгир Ойхуморга уйланибди. Шу кундан бошлаб Жаҳонгир Сайхоннинг беги бўлибди ва кимнинг уйига кекса ота-онаси бўлса, уни иззат-ҳурмат қилиш, доимо уларнинг хизматида бўлиш ҳақида кўрсатма берибди. Юрт обод, одамлар бой-бадавлат бўлиб кўп йиллар яшабди.

Саидмусо РАҲИМОВ,

профессор

Категория: Турфа тақдирлар | Добавил: albine (21.07.2014)
Просмотров: 1065 | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Имя *:
Email *:
Код *:
Форма входа

Поиск

Друзья сайта
  • Официальный блог
  • Сообщество uCoz
  • FAQ по системе
  • Инструкции для uCoz

  • Copyright MyCorp © 2025Конструктор сайтовuCoz