Пойтахтимизнинг Шайхонтоҳур туманида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари ҳусусида
Маълумки, собиқ шўро замонида қишлоқ ва маҳалла, айниқса, туманларга бизга етти ёт бегона номлар берилган эди. Ҳозирги Шайхонтоҳур ҳудудидаги туман «Октябрь» деб аталарди. 1992 йилдан эътиборан, туман Шайх Умар Боғистонийнинг ўғли, илоҳиёт ва тариқат илмининг йирик намояндаларидан бири,улуғ валиуллоҳ Шайх Хованди Тоҳур (XIV аср) номи билан атала бошланди.
XV асрнинг иккинчи ярмига келиб, Хўжа Аҳрор Валий Шайх Хованди Тоҳур қабри устига икки бўлимдан иборат мақбара қурдиради. Бугун Тошкент Ислом университетига қарашли ҳудудда қад ростлаган бу мақбара нафақат мамлакатимиз, колаверса, Марказий Осиё халқлари учун ҳам муқаддас зиёратгоҳ сифатида маълум ва машҳурдир. Ушбу зиёратгоҳ истиқлол йилларида, тўғрироғи 1992 йилда Юртбошимиз ташаббуси билан тўлиқ таъмирдан чиқарилди, ён-атрофи ободонлаштирилди.
АҲОЛИСИ ВА ҲУДУДИ
Туманда 285 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Ҳудуди 29,7 квадрат километрга тенг. Ташкент шаҳрининг марказий туманларидан бири ҳисобланади. Собир Раҳимов, Юнусобод, Учтепа, Чилонзор туманлари билан чегарадош.
Маъмурий-ҳудудий жиҳатдан «Ибн Сино», «Қоратош», «Белтепа», «Оқтепа», «Бешёғоч» мавзелари, 49 та маҳалла ҳамда 230 та ҳусусий уй-жой мулкдорлари ширкатларига бўлинади.
ТАЪЛИМ ДАРГОҲЛАРИ
Туманда 5 та олий ўқув юрти жойлашган: Ўзбекистон давлат Консерваторияси, Тошкент Ислом университети, Тошкент кимё-технология, Тошкент давлат архитектура-қурилиш, Давлат Божхона институтлари.
10 та касб-ҳунар коллежи, 5 та академик лицей бор. 37 та умумтаълим мактабида 35 мингдан зиёд ўқувчи таҳсил олмоқда. 46 та мактабгача таълим муассасасида 9 мингдан зиёд болажон тарбияланаётир.
МАШҲУР КИШИЛАРИ
Туманда Ўзбекистан Қаҳрамони, халқ шоири Эркин Воҳидов, Ўзбекистон Қаҳрамони Тоир Дадахонов, шоҳмот бўйича жаҳон чемпиони Рустам Қосимжонов, таниқли футбол мураббийси Миржалол Қосимов, Ўзбекистон халқ артистлари Коммуна Исмоилова, Эргаш Каримов каби таниқли кишилар истиқомат қилмоқда.
Шайх Хованди Тоҳур мақбарасининг шимолий-ғарбий тарафида Юнусхон — Тошкент ҳокими (1416-1487) мақбараси жойлашган. Бу иншоот қурилиши жиҳатидан нафақат пойтахтимиз, балки мамлакатимиз ҳудудидаги Темурийлар даврига оид энг қадимий обидадир. Ушбу мақбара мустақиллик йилларида тўлиқ таъмирдан чиқарилди.
Қалдирғочбий мақбараси — Шайхонтоҳур қабристонининг шимол томонида жойлашган бўлиб, бу мақбара қачон, ким томонидан қурилган-у, бу ерга ким дафн этилгани тўғрисидаги маълумотлар сақланмаган. Ҳофиз Таниш Бухорийнинг «Абдулланома» асарида келтирилган маълумотларга қараганда, Қалдирғочбий Хўжа Аҳрор Валий авлодларидан бўлган. Бироқ олиб борилган археологик изланишларга Қараганда, мазкур ёдгорлик XIV асрда қурилган деб тахмин қилинади.
Туман ҳудудида жойлашган азиз авлиёлар номи билан аталувчи — «Сузук ота» мақбараси, Шайх Зайниддин чиллахонаси, Кўкалдош мадрасаси юргимиз ва мусулмон оламида табаррук масканлардан ҳисобланади. Айни дамларда бу қутлуғ зиёратгоҳларни таъмирлаш, қурилиш-монтаж ишлари олиб борилмоқда.
Шуни ҳам таъкидлаш керакки, Тошкент тарихининг кўп жиҳатлари Шайхонтоҳур тумани ҳудуди билан боғлиқ. Бу маскандаги ўнлаб маҳаллалар ўтмиши Тошкент тарихи илдизларига бориб тақалади.
Қадим-қадимдан Тошкентнинг марказида жойлашган «Чорсу» («Эски Жува») бозори атрофидаги маҳаллалар номига эътибор берайлик. Ром-эшик ясовчилар яшовчи ҳудуд — «Сузук ота» маҳалласи, камонсозлар маҳалласи — «Камолон» («Камонгарон»), қозон ва пўлат-чўян буюмлари қуювчи маҳалла — «Дегрез», кўмир билан олди-сотди қилинадиган жой — «Кўмирчи» маҳалласи, ўқ-ёй, замбарак, милтиқ ўқларини ясовчилар маскани — «Ўқчи» маҳалласи, эгар-жабдуқ ясовчилар гўшаси — «Эгарчи» маҳалласи...
Бу тарихий жойлар мустақиллик туфайли гуллаб-яшнаб, обод гўшаларга айланиб бораяпти.
Бугун туманда саноат, қурилиш ва маиший хизмат тармоқлари тобора ривожланмоқда. Ҳудудда айни вақтда турли мулкчилик шаклидаги катта-кичик 3500 дан зиёд корхона фаолият кўрсатмоқда. Бундан ташқари, хорижий шериклар ва сармоядорлар билан ҳамкорликда кўплаб қўшма корхоналар бунёд этилмоқда. «Ўз Тексако», «Spentex Tashkent Тоутера», «Шарқ модел», «Текстайл импекс», «Тошкент қувурлар заводи», сингари қўшма қувватлар ишга туширилаяпти. Бугун туманда рўйхатдан ўтган ана шундай қўшма корхоналар сони тобора ортиб бораётир.
Туманнинг бундан 18 йил олдинги қиёфаси билан ҳозиргиси таққосланса, ер билан осмонча фарқ борлигига иқрор бўласиз. Яқин ўтмишда туман маҳаллалари асосан пастқам-пастқам уйлар, кўримсиз бинолардан иборат эди. Эндиликда туманнинг қайси гўшасига борманг, замонавий турар жой бинолари, сайлгоҳлар, мактаблар, бир-биридан кўркам маъмурий иншоотлар, меҳмонхоналар, кенг ва равон кўчаларни кўрасиз. Бундай ўзгаришлар мисолида мустақиллик нақадар улуғ неъмат эканлигини яна бир бор англайсан киши.
Ўтган йиллар мобайнида туманнинг «Ҳувайдо» маҳалласи ҳудудида 30 минг аҳолига тиббий хизмат кўрсатувчи 39-оилавий шифохона ҳомийлар томонидан мукаммал таъмирланиб, фойдаланишга топширилди. Самарқанд дарвоза кўчасида 270 беморга тиббий хизмат кўрсатувчи 14-оилавий шифо маскани барпо этилди. Шунингдек, тикув цехи ва маҳалла гузари ҳам фойдаланишга топширилди. «Қоратош» мавзесидаги Чақар маҳалласида 55-оилавий поликлиника ва бошқа бир қатор поликлиника қад ростлади.
Истиқлол йилларида туманда барча қулайликларга эга замонавий янги бозорлар ишга туширилди, мавжудлари қайтадан мукаммал таъмирланди. Мамлакатимиздаги энг қадимий бозорлардан бири — «Эски Жува» миллий анъаналаримизга хос услубда қайта кўрилди, янги савдо расталари пайдо бўлди. Бозор ён-атрофида турли дўконлар, автомашина турар жойлари, шинам ишхона-ю, сабзавот ва гўшт маҳсулотлари билан савдо қилувчи масканлар барпо этилди. Янги буюм бозори иш бошлади.
Ўзбекистон Қишлоқ ва сув хўжалиги, Соғлиқни сақлаш, Маданият ва спорт ишлари вазирликлари, Республика хотин-қизлар қўмитаси, Республика Олий суди, «Ўзкимё-саноат» давлат акциядорлик компанияси, «Ўзвиносаноат-холдинг» компанияси, Ўзтелерадиокомпания, Ўзбек миллий академик драма театри, Миллий матбуот маркази, Алишер Навоий номидаги киносарой, Республика рассомчилик коллежи, «Полимерлар кимёси», Микробиология илмий-текшириш институтлари сингари қатор давлат идоралари ва жамоат ташкилотларининг айнан шу ҳудудда жойлашгани ҳам туманнинг мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётида нақадар муҳим ўрин тутишини яққол кўрсатиб турибди.
Азим Тошкент юбилейи арафасида фойдаланишга топширилаётган янгидан-янги корхоналар, тиббиёт муассасалари, мактаблар, лицей ва коллежлар, спорт мажмуалари, санъат ва маданият кошоналари, равон йўллар, кўприклар, хиёбонлар, фавворалар пойтахтимиз кўркига-кўрк, чиройига-чирой қўшмоқда.
— Аввало, шуни таъкидлаш лозимки, пойтахтимизнинг эски шаҳар ҳудудидаги, жумладан, туманимиздаги барча бунёдкорлик ишлари мамлакатимиз раҳбарининг таклиф ва кўрсатмалари асосида олиб борилмоқда, — дейди туман ҳокими Адҳам Жумабоев. Асрлар давомида эътиборсиз қолган маҳаллалар, кўча лар қисқа муддатда бутунлай бошқача қиёфага эга бўлди, аҳоли турмуш шароитида катта ўзгаришлар бўлди.
Туманимиз ҳудудида шаҳримиз юбилейи кунига қадар 122 та катта-кичик объектларда қурилиш ва турли бунёдкорлик ишларини бажариш кўзда тутилган.
Президентимизнинг «Тошкент шаҳрининг 2200 йиллигини нишонлашга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш туғрисида»ги қарори ижросини таъминлаш юзасидан туманимизда айни дамларда бир қатор амалий ишлар қилинаётир. Бугунгача ҳудудимиздаги «Пахтакор» марказий ўйингоҳи тўлалигича қайта таъмирланди. Шунингдек, «Ёшлик» спорт мажмуасида ҳам мукаммал таъмирлаш ишлари ўтказилди. Тошкент Ислом университетининг янги ўқув биносида қурилиш ишлари тугалланиб, атрофи кўкаламзорлаштирилди. Туманнинг Абдулла Қодирий кўчасидаги сайлгоҳда Тошкент шаҳар ободонлаштириш бошқармаси билан ҳамкорликда қатор ишлар олиб борилмоқда. «Сузук ота» маҳалласидаги «Сузук ота» мақбарасида таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари поёнига етказилаётир. Бундан ташқари, Кўкалдош мадрасасининг кириш пештоқи ва олд қисмини таъмирлаш ишлари Маданият ва спорт ишлари вазирлигининг Ёдгорликларни сақлаш илмий ишлаб чиқариш бошқармаси ва «Мерос чашмаси» унитар корхонаси томонидан бажарилмоқда. Ҳудудимизда жойлашган 600 та нотурар жойлар фасадларини таъмирлаш ишлари ҳам қизғин олиб борилаётир. Абдулла Қодирий кўчасида жойлашган «Ёш томошабинлар» театри биноси, Алишер Навоий музейи биноси, Абай кўчасидаги 48-оилавий поликлинка биноларининг ташқи қисмларида таъмирлаш, бўяш ишлари бажарилди. Кичик Ҳалқа йўли, Самарқанд дарвоза, Фаробий, Шайхонтоҳур, Мирзо Улуғбек, Фурқат, Ғофур Ғулом каби бир қатор кўчаларда уй-жойлар атрофи тартибга келтирилди. Кўркам қурилишлар билан бирга, турар-жойлар ва кўчалар ноқонуний қурилмалардан тозаланмоқда.
—Тошкент шаҳрининг 2200 йиллигига тайёргарлик доирасида турли маданий-маърифий тадбирлар, илмий конференциялар ўтказилмоқда. Ўзбекистон ХДП Шайхонтоҳур туман кенгаши ҳам маҳаллаларда, тиббиёт муассасаларида, бошланғич партия ташкилотларида пойтахтимиз тарихи, унинг қутлуғ тўйини нишонлашнинг аҳамияти тўғрисида тарғибот-ташвиқот ишлари олиб бормоқда, — дейди ЎзХДП туман кенгаши район Рустам Раҳимов. — Туман «Маънавият тарғибот маркази» билан ҳамкорликда ўтказилаётган бу тадбирларда партиямиз фаоллари кенг жалб этилмоқда. Партиямиз туман кенгашининг «Истиқбол» ёшлар қаноти томонидан ушбу тарихий санага бағишлаб бир қанча семинарлар уюштирилди. Ҳусусан, «ЎзХДПда ёш сиёсатчи — 2009» кўрик-танловининг туман босқичи ушбу санага оид турли саволлар асосида ўтказилди. Бундай тадбирлар ёшларимизни ватанпарварлик руҳида тарбиялашга, уларнинг пойтахтимиз тарихи ва унинг бой маданияти ҳақидаги билимларини оширишга хизмат қилади.
—Мен-45 йилдан буён спорт соҳасида меҳнат қиламан, — дейди тумандаги 15-сонли Болалар, ўсмирлар Олимпия заҳиралари спорт мактаби директори, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси Иброҳим Имомжонов. — Бугун пойтахтимизда, ҳусусан, туманимизда бўлаётган ўзгаришларни, бунёдкорликларни кўриб, қалбинг беихтиёр қувончга тўлади. Бир пайтлар бундай бунёдкорликлар ҳақида фақат орзу қилиш мумкин эди. Мамлакатимиз истиқлолга эришган дастлабки йилларданоқ барча соҳалар қатори спортни ривожлантиришга ҳам катта эътибор қаратилди. Буни бир-биридан кўркам спорт иншоотлари, стадионлар, спорт мактаблари, теннис кортлари мисолида яққол кўриш мумкин.
Бугун жаҳон спорт ареналарида Ўзбекистон номи баралла янграмоқда, Ватанимиз байроғи кўтарилмоқда. Ўзбек йигит-қизлари орасидан спортнинг барча турлари бўйича жаҳон ва Осиё чемпионлари етишиб чиқмоқда.
Биргина мисол. Шоҳмот буйича жаҳон чемпиони Рустам Қосимжонов, Осиё чемпиони Антон Филлиповлар бизнинг спорт мактабимиз вакилларидир.
Туманда ким билан учрашманг, пойтахтимиз тўйига тайёргарлик, бўлаётган ўзгариш ва янгиликлар ҳақида тўлиб-тошиб, фахр-ифтихор билан гапиради. Дарҳақиқат, Тошкентнинг 2200 йиллигига тайёргарлик доирасида улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда. Буларнинг ҳамма-ҳаммаси мустақиллик шарофатидан эканини одамлар чуқур англаб турибди.