Қозоғистон банклари Россия миллий тўлов тизимига ўтиши мумкин

“ФИНАМ” инвестиция холдинги таҳлилчиси Антон Сороконинг фикрича Қозоғистон банклари Россия миллий тўлов тизимига ўтиши мумкин, деб хабар беради Tengrinews.kz.
Таҳлилчининг таъкидлашича банкларнинг россия тўлов тизимига ўтиши муаммо бўлмайди ва фойдаланувчилар сонининг ортиши эса Россиянинг ўзига ҳам фойдалидир.
Россия тўлов тизимининг ярим йилдан сўнг пайдо бўлиши ҳақида хабар берилганди. Унинг яратилиши учун Россиянинг йирик банклари икки ой давомида ўз ҳисоб тизимларини бирлаштиришни режалаштиришади. Сороконинг сўзларига кўра, агар Божхона Иттифоқининг бошқа аъзолари – Белорусия ва Қозоғистон ҳам мазкур лойиҳада қатнашиш истаги тўғрисида “реал” таклифлар билдирадиган бўлишса, россия томони бунга ижобий қарайди.
“Ҳозирда миллий тўлов тизимининг асосий вазифаси – Россия ҳудудида узилишларсиз пул айланмаларини таъминлашдан иборат. Лекин, 5-10 йиллик истиқболдаги вазифа эса халқаро даражага чиқишдир (камида маҳаллий даражадан минтақавий даражага чиқишдир). Бошқа давлатлар билан, хусусан Божхона Иттифоқи доирасидаги ҳамкасбларимиз билан ҳеч бўлмаганда рамкали (умумий ҳусусиятга эга) шартномалар тузиладиган бўлса бу жараён нисбатан осонроқ кечади албатта”, – дея таъкидлайди Сороко.
MFX Broker компанияси таҳлилчиси Сергей Некрасовнинг фикрига кўра қозоғистон банклари россия тўлов тизими билан ҳудди Visa ва Master card каби халқаро тўлов тизимларидек ишлай олишади. Бироқ, Некрасов фойдаланувчилар бирданига оммавий равишда янги тўлов тизимига ўтиб кетади деб ҳисобламайди. Авваламбор, истеъмолчилар унинг универсал электрон карта (УЭК) асосида ишлаши билан боғлиқ афзаллик томонларини ўрганишади.
“УЭК нафақат тўлов воситаси вазифасини бажаради, балки шахснинг кимлигини аниқловчи идентификация воситаси сифатида ҳам фойдаланилади. Шу тарзда универсал электрон карта фойдаланувчилари Россиядаги давлат, муниципал ва тижорат хизматларидан фойдалана оладилар”, – дея таъкидлайди Некрасов.
Ўз навбатида “Альпари” компанияси таҳлилчиси Анна Кокореванинг сўзларига кўра қозоғистон банклари россия тўлов тизими билан штатли режимда ҳамкорлик қилишади. Унинг фикрича кескин ўзгаришлар бўлмайди. “Миллий тўлов тизими ҳозирда мавжуд барча халқаро тўлов тизимлари билан уйғундир. Шу сабабли ҳам қозоғистон банклари мижозларининг тўлалигича янги тизимга кўчирилишлари шарт эмас. Россия ушбу тўлов тизимини Божхона Иттифоқи давлатлари билан биргаликда амалга ошираётгани йўқ. Чунки бу тизим Божхона Иттифоқи аъзоларини ҳам қамраб олган ҳолда барча давлатлар учун маъқул келадиган тўлов тизими бўлади”, – дея таъкидлайди Кокорева.
UZBEK.FM