//carhpalak.ucoz.org/111_Yulduz.mp3

 
Меню сайта

Категории раздела
Турфа тақдирлар [483]
Барчанинг бахти ўзгача,лекин барчанинг бахтсизлиги бир хил

Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0

Главная » Статьи » Турфа тақдирлар

ҲОВУЗ САТҲИДАГИ ЧИЗГИЛАР

ҲОВУЗ САТҲИДАГИ ЧИЗГИЛАР

Тонг маҳали туш кўрибман. Ҳовуз томонга юриб зинасидан пастга тушдим. Энгашиб ҳовучларимга сув олмоқчи бўлдим. Оёғим остидаги тупроқ - зина ялтирар, сув томчиларидан мендан аввал кимдир келиб кетгани билиниб турарди. Ҳовуз лабидаги улкан дарахт илдизлари бир нимага ўхшаб кўринарди.

Ҳовуздаги ўрдаклардан бири қанотини қоққандек бўлди. Оқиш рангдагиси эса тумшуғини сувга ботириб-ботириб олди. Шу тобда тепадан чинор барги узилиб сув бетига тушди. Тонг отаётган пайт, ҳовуз сатҳида тўлқин - бир чиройли манзара пайдо бўлди. Бу чизгиларни анча йиллар бурун Нодир Девонбеги мадрасаси дарвозаси пештоқида кўргандим. Хаёлимни жамлаб ўша гумбазсимон равоқни чиза бошладим. Ёғоч ўймакор нақшлар сув юзида тўлқинлар тимсолида пайдо бўлганди.
Юз-қўлимни чайиб ичкарига кирдим. Қиблага юзланган эдим, қулоҚимга беда-нанинг сайрагани эшитилди. Пешайвонда болорга осиғлик тўрхалтадаги бедана...
Уйғониб кетдим. Нигоҳим дераза томонга тушди. Тонг ёришмоқда, ҳозиргина кўрганим тушимни ўнгга-ростга ўгиришга ҳаракат қилдим. “Бу ниманинг шарофати-а, - ўйлай бошладим.- Аён бўлди, улуҚ ишни бошламоқ саодати”. Миямга келган фикр осмондаги яшин мисоли чақнади. Нонуштага ҳам унамай, кичкина болға ва бошқа усталик анжомларини олиб узун айвонга бордим.
Тўрт ҳафта бўлди, наққошлик санъати мужассам улкан дарвоза ясаш ўйида юрибман. “Сиз катта устасиз, Имом Бухорий масжид-мажмуасига катта дарвозани ясаб берасиз” дейишган. Унча-мунча ёғоч ўймакорлик ишларга осонгина киришиб кетаверардим, негадир улуғ муҳаддис бобомиз номига аталган буюмни ҳеч бошлолмадим. Дарвозани қаеридан, нимасидан бошламоқ керак, бошим қотганди.
Қўлимдаги анжомлар тақ-туқини эшитиб уйғонибди, ўғлим Самад ёнимга келди.
- Ота, ғайратингиз бошқача? – у истиқболимда чўккалади. - Мен нима иш қилайин?
Омон бўлсин, етти ёшидан бери менга қанот, катта уста бўлиб қолди. Қўлим ишда, фикр хаёлим катта санъат асари яратишда эса-да, унга тушда кўрганларимни гапириб бердим.
- Дарвозани тепа қисми - гумбазсимон равоқ нақшларидан бошлаймиз, - дедим.- Мен қалам билан чизиб беравераман. Райҳоний услубдаги баргларни ёғочга ўйиб, нақш ясайверасиз. 
Самад икки йил қуритилиб, пишиқ ғиштлар устига тахлаб қўйилган чинор дарахти тахта¬ла¬ри¬ни келтириб қўя бошлади. Кўзойнак тақиб эски бахмал кўрпачани стулчага қўйдим ва меҳнату бунёдкорликни бошладим. Аччиқ чой, тушлик таом ва ҳори¬гандаги пинак ҳам катта айвонда - бус-бутун яратувчилиги билан ёғоч ўйма-корлик санъати намоён ҳошиядор дарвоза бунёдкорлиги атрофида кечди. Савр ойида бошланган иш мезонда ҳам давом этди. Баландлиги 5,5 метр, эни 4,5 метрли катта дарвоза етти ойда тайёр бўлди. Уни катта усталар мажмуа¬нинг тушлик томонига ўрнатишди, ёҚоч ранглари ақраб қуёшида бир мўъжиза бўлиб мажмуа бўстонига кўрк баҚишлади. 
Бу - Ўзбекистон халқ устаси Насрулло Соҳибназаровнинг кўнглида кечган сўзлари. Умрини тарихий обидаларни таъмирлашдек эзгу ишларга бағишлаган уста Регистондаги Мирзо Улуғбек, Хожа Аҳрор даҳасидаги Муҳаммад Нодир Девонбеги мадрасалари, Амир Темур обидаси дарвозаларини ясаб, улуғ савобга мушарраф бўлган.
1998 йилда Имом Бухорий масжид мажмуаси давлатимиз раҳбарининг меъморий лойиҳаси ва раҳбарлигида қайтадан бунёд этилди. Миқёси кенг қурилиш ишларига Самарқанд, Бухоро, Хива, Тошкент, Қўқон каби қадимий шаҳарлардан меъморлар, наққош ва кошинкор, ёғоч ва тош ўймакор усталар жалб этилди. Улуғ муҳаддис ҳоки қўним топган қабр устида баландлиги 14,5 метрли гумбазли мақбара бунёд этилди. Қимматбаҳо тошлардан ясалган гумбаз остига тилло суви билан жило берилди. Бу бунёдкорликни уста меъмор Мирумар Асадов фарзандлари ва шогирдлари билан биргаликда яратди.
Масжид-мажмуага кираверишдаги дарвоза ва унинг ёнидаги иккита эшикни андижонлик уста Йўлбарсали Ўтаганов етти ўҚли билан ясаб, ўрнатишди.
Ўзбекистон мустақилликка эришган йиллари улуғ боболаримиз мероси ўрганилиб, қадамжолари обод қилина бошлади. Президентимиз эътибори туфайли меъморий обидалар асл ҳолига келтирилиб, тубдан таъмирланди. Нодир Девонбеги мадрасасининг нураган, зах тортган ғиштин деворлари уста-меъморлар томонидан таъмирланди. Насрулло акага дарвоза ясаш топширилди. Ўзбекистон халқлари тарихи ва маданияти музейидан Муҳаммад Нодир Девонбеги ҳаёти, Бухоро хони Субҳонқулихоннинг тоғаси бўлган бу зотнинг билим ва иқтидори, нима учун айнан Регистондаги Шердор мадрасасига ўхшаш мадраса қуриш ғояси, бошқа тарихий манбаларни чуқур ўрганди. Сарғайиб кетган суратлардан дарвоза нақшлари, равоқлардаги ислимий ёзув-услубларни синчиклаб кўздан кечирди. Ниҳоят, дарвоза ясаш ишлари ижодкорлик билан бошланиб, олти ойда тайёр бўлди. 
***
Уста «Уйқумда ҳам ёғочга нақшлар чизиб чиқаман», дейди. Айтишича, олтмиш йилдан бери шу ҳунар билан нафас олади. Етти бобоси наққош ўтган. Ўн икки ёшида отасининг усталик асбобларини олиб, қўшниларининг сандалини таъмирлаб берган. Рандаланган тахталардан сандал ясаган. 
-Бир куни отам сандиққа қулфлаб қўядиган асбобларини олиб ишлатганим учун мени қаттиқ койиди,- дея болалик йилларини хотирлайди Насрулло ака.- У киши ўша даврларда Ражаб амин маҳалласидаги биттаю битта уста бўлиб, чинор, ёнғоқ дарахтидан эшик, дарвоза, чорпоя ясар, қўли-қўлига тегмай ишларди. Менинг иштиёқимни кўриб, «Ҳунаримнинг эгаси бор экан», деб асбобларидан фойдаланишимга рухсат берганди.
Ражаб амин чорпоя ясайдиган усталар маҳалласи деб аталади,- дейди устанинг катта ўғли Самадилло Насруллаев.- Каравотнинг мустаҳками, нақшлиси шу ерда. Маҳалламизда отамнинг 50 дан зиёд шогирди бор. Устахонамизга келиб у кишидан маслаҳат, йўл-йўриқ олишади. Буюмлари тайёр бўлса, отамни «Каравотимни бир кўриб беринг», деб олиб кетишади. Вилоятимизнинг турли бурчакларидан, водий қишлоқларидан шогирдлари келиб, бир ҳафталаб иш ўрганадилар. Жамшид, Акбархон сингари шогирдлари бугун мустақил фаолият юритмоқда. 
Самаднинг ҳовлисида Насрулло Соҳибназаров билан дилдан суҳбатлашдик. Баланд ва узун айвонда ўнтача нақшли эшик тайёрланмоқда. Устанинг олти набираси, ёш шогирдлари ёғочга нақш ўймоқда. 
Етти ёшимдан бошлаб бобомнинг ёнида юраман,- дейди 19 ёшли набираси Юсуф Иброҳимов.- Ёғочга қалам билан нақш чизиш санъати мени сеҳрлаб олган. Лицейни тугатдим, келгусида олий маълумотли меъмор бўлмоқчиман. Ҳозир Самад тоғам ҳовлисидаги устахонада Шоҳизинда мажмуаси, Добусия қалъаси ҳамда Жомбойдаги Шайх Худододи Вали зиёратгоҳига эшиклар тайрлаб, нақшлар билан безаяпмиз. Самад ва Санъат тоғам, бобом ёғочга қалам билан нақш чизиб беришади ва ишимизни назорат қилиб боришади.
Ёш устазодалар Амиржон, Отабек ҳамда саккиз ёшли Сардорни-да қўлида усталик асбоблари, ёғочга нақш ўймоқдалар. Билишимизча, тайёрланаётган эшиклар қўйилган столлар ҳам нақшли, буюмларни болаларнинг ўзлари ясаганлар. 
Ёғоч ўймакорлигининг самарқандча услуби Бухоро-ю Хива, Қўқон-у Тошкент усталарининг эътибори, ҳавасини тортиб келади,- дея суҳбатни давом эттиради Насрулло ака.- Чизгиларда ислимий, райҳоний қиёс мужассам, ёғочга қалам билан чизилган нақшлар лак бўёқ ва ёғочнинг табиий ранги билан уйғунлашиб янада жилоланади. Бу шундай мўъжизаки, бугунги чизганларингиз эртага янгича кўринишда қоғозга тушади. Масалан, муқарнас санъати яъни гумбаз ости шундайича дарвоза тепасига- равоққа нақш бўлиб солинади. Бир қараганда, чизгилар араб ёзувларига ўхшайди. 
Бухорода Хожа Боҳаваддин Нақшбанд зиёратгоҳи олд айвонида тўртта устун бор. Биз ўртадаги икки устунни янгитдан бунёд этдик. Баланд устунлардаги нақшларни бухоролик усталар юқори баҳолашди. Ёки Абдуллахон мадрасаси эшиги ноёб санъат. Кейинги бир ярим асрда асл кўриниши йўқлаёзганди. Нақшларни тиклаб, катта эшикни ясадик. Шу ишга ўн йил вақт кетди. Бу санъат шуниси билан ноёбки, ХУ1 асрдаги эшик юзлаб майда ёғоч элементлардан териб, тайёрланган.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозим, Самарқандда Насрулло Соҳибназаров қўли тегмаган обида йўқ, ҳисоби. Ўнлаб тарихий, меъморий обидаларга эшик, дарвоза, устунлар ясаб ўрнатган. Тошкентдаги Шахидлар хиёбонига, Хотира майдонига ўнлаб устунлар ясаб берган ва ўзи ўрнатган.
-Амиржон неварам 21 ёшда, у икки ёшидан қўлига асбоб олиб мих қоққан,-дея кўнгилдан гапиради бувиси Гулсара ая.- Рандаланган тахталарни қўлидан қўймай ҳатто уй ичига ҳам кўтариб кирарди. Отабек, Амиржон, Юсуф учаласи катта уста бўлиб қолди. Саккиз ёшли Сардор эса мактабдан келибоқ қўлига қачовни олиб, ака-оталари даврасига ошиқади. Ҳатто қиз невараларимда ҳам шу ҳунарга қизиқиш бор.
Катта устанинг кўзлари хиралашиб қолди. Аммо бир кун ҳам ишсиз туролмайди. Устахонада, ўғиллари ва набиралари ишини кузатиб, ўргатаяпти. Ният қилган эди, бу йил Ҳаж ибодатини адо этиб келди. 
Эллик йилдан бери ҳамнафас, иссиқ-совуқ кунларда елкадош умр йўлдошининг бу гапларини эшитиб, уста мийиғида кулиб қўяди. Зеро, унинг эл аро обрў-эътибор топишида, фарзандлари тарбияси ва ҳунарли бўлишида Гулсара аянинг ҳам ўрни, ҳиссаси бор.
- Халқимиз уста, деб эъзозлашади, - дея фахр этади Насрулло Соҳибназаров. - Инсон учун халқнинг ҳурматидан ортиқ саодат борми? Шундай шарафга эришмоқ осонмас. Баъзида ўйлаб қоламан: иссиқ-совуқда, табиий номутаносиб шароитларда ишлаш зарилми? Ўа, зарил дейман ўзимга. Сен қилаётган иш... Бунинг учун сабр-қаноат керак. Сенинг бунёдкорлик ишинг тарихга муҳрланади, одамлар наздида меҳнатинг, иқтидоринг яшайверади.
Улуғлар қадами теккан тупроқ муқаддас. Ўар доим уйдан чиқарканман, ҳовли жойимиз жойлашган манзил - Ражаб амин маҳалласи, унинг ҳудудидаги ҳовуз ва қайрағочларга разм соламан. Нигоҳим тушган нарсалар менга куч баҚишлайди. Руҳиятим тиниқлашади. 
Ўазрати Хизр масжиди баланд айвонида еттита устун бор. Бурчакдаги устун захм тортиб, ҳам олд, ҳам ён томондан ёмғирлар таъсирида эскирибди. Хизр алайҳиссалом зиёратгоҳига, Шоҳи Зинда мажмуасига бораман десам, қадамларим тетиклашиб юрагим кучга тўлаверади.
Вужудимда беморлик бор эди, Самад ўғлим билан устуннинг пастки - 2 метрча қисмини худди янги устундек алмаштириб янгиладик. Мўъжиза рўй берди, тепамда илоҳий куч билан Хизр бобом тургандек бўлди. Мутахассис олим ва меъморлар, XVIII асрда Самарқанд ҳокими Амир Ўайдар замонида таъмирланганидан-да мустаҳкам устун пайдо бўлибди, дейишганида дилим ёришиб кетди.
 
* * *


Хожа Абду Дарун қадамжоси Самарқанднинг кўҳна обидаларидан, бу тупроқда Муҳаммад пайғамбар чевара-эвараларининг хоки қўйилган. Бу ердаги ҳовуз ва унинг атрофидаги улкан чинорлар 5-6 асрлик тарихдан сўзлаб турибди. Мирзо УлуҚбек даврида ёғочдан ҳотамкори услубида масжид ва ҳужралар қурилган, чинорлар экилган. Бухоро хони Жонибек Султон замонида масжид таъмирланиб, атрофи обод қилинган.
- Бугун Хожа Абду Дарун масжид-мажмуаси чинакам обод ва кўркам зиёрат-гоҳга айланди, - дейди масжид имоми Зафар Маҳмудов.- 2010-2011 йилларда вилоят ҳокимлиги саъй-ҳаракати билан мажмуа тубдан таъмирланиб устун ва болорлари янгиланди. Ўовуз атрофидаги хоналар, юқори қисмидаги мақ¬бара ғиштин девор терилиб, ободлик касб этди. Кунботар томондаги дарвоза ташқарисида маънавият маркази қурилди. Юртимиз шаҳар ва қишлоқларидан, хориждан келаётган сайёҳ-меҳмонлар масжиднинг баланд ва ҳошиядор устун¬ла¬ри, болор ва васса чўпларига ҳайрат билан боқишади. Бундай нодир санъатни - ёғоч ўймакорлик анъаналарини Ўзбекистон халқ устаси Насрулло Соҳиб¬на¬за¬ров ва унинг фарзандлари, шогирдлари яратувчилик меҳнати эканлигини эътироф этамиз.
- Устунларда ёғоч ўймакорлик санъатининг ўзига хос услуби мужассам, - дейди уста наққош Санъат Насруллаев. - 25 та янги устун ўрнатилди. Эскиларига 150-160 йил бўлганди. Отам ўзи ҳам ёрдам берса-да ишимизни кузатиб, ўргатиб турди. Шарқона анъаналар - райҳон баргларига қиёс этилган ва пастки қисми ингичка нақшлардан иборат 5,5 метрли устунлар бинога қайта ҳаёт бахш этди. Тўрт томони бинолардан иборат мажмуа ичкарисига ҳаво кириб туриши зарур. Ҳовуз суви ва баланд чинорлар сояси бино девор ва устунларига табиий намлик юқтиради. Шу боис кириш ва чиқиш дарвозалари юқори қисмида ҳаво ўтадиган жойлар қолдирилди. Устунларда ёҚоч ўймакорлигининг ўзига хос хусусиятлари мужассамлаштирилди. Масжид - хонақоҳ ҳужралари билан баландлиги 24 метр. Буни ганж-ўймакор Амриддин ака таъмирлади. 
-Бу санъат мудом изланиш, ижодкорликни талаб қилади, -дейди Самад Насруллаев. Ҳар бир буюм яратилишида ўзига хос янги анъана ва услублар пайдо бўлаверади. Ҳаёлингда пайдо бўлган янги намуналар кишини илҳом билан ишлашга ундайди. Ёғоч ўймакорлик намуналари ифодаланган эшик ва дарвозалар ясаяпмиз. Отам ишимизни кўздан кечириб, маслаҳатларини бераётир. 
«Самарқанд таъмир» илмий ишлаб чиқариш бирлашмасининг ҳунармандлари уста Насрулло ака ва унинг фарзандлари меҳнат фаолиятидан бир шингил таъ¬риф этдикки, бу эзгу ишлар боқийлиги тарихий обидаларга ҳаёт бахш этаверади.
Убай ҚОДИР
Категория: Турфа тақдирлар | Добавил: albine (26.05.2015)
Просмотров: 1192 | Рейтинг: 3.0/1
Всего комментариев: 0
Имя *:
Email *:
Код *:
Форма входа

Поиск

Друзья сайта
  • Официальный блог
  • Сообщество uCoz
  • FAQ по системе
  • Инструкции для uCoz

  • Copyright MyCorp © 2025Конструктор сайтовuCoz