//carhpalak.ucoz.org/111_Yulduz.mp3

 
Меню сайта

Категории раздела
Турфа тақдирлар [483]
Барчанинг бахти ўзгача,лекин барчанинг бахтсизлиги бир хил

Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0

Главная » Статьи » Турфа тақдирлар

Оталар сўзи

Оталар сўзи

ОДАМ - ОДАМНИНГ БОЗОРИ

Оилада олти ўғил, икки қиз вояга етганмиз. Баъзан соғинчми, ниманингдир турткиси билан биз учун энг азиз кишилар бўлган - ота-онамиз ҳақидаги хотиралар қатини кавлаб кўраман. Негадир ҳар гал отамизнинг қайсидир биримизга қўл кўтаргани ёки аччиқ-қуруқ гаплар айтганини эслашга қанча уринмайин, бу мураккаб ишнинг уддасидан чиқолмайман. Ўйлаб кўрсам, у киши қандайдир ҳаракатимиздан кўнгли тўлмаган, юраги оғринган бўлса-да, овозини кўтармаган, халқ мақолларидан айтиб, хатомизни беозоргина тўғрилаб қўяр эканлар. Аммо отамнинг кўп такрорлайдиган бир ҳикматли сўзлари ҳеч қачон ёдимдан чиқмайди.

Олтмиш тўртинчи йилнинг қиши қаттиқ келди. Нафақат совуқнинг, балки элга хуруж қилган касаллик (грипп)нинг зўридан ҳатто мактаблардаги дарслар тўхтатиб қўйилди. Уйимизда етти яшар мен ва отамдан бошқа ҳамма кўрпа-тўшак қилиб ётиб қолган, бошқа хонадонларда ҳам шу аҳвол ҳукм сурарди. Қишлоқнинг ягона тиббиёт ходими Турдиев исмли миқтигина, ҳовлиқмароқ фельдшернинг ҳали у ҳовлига, ҳали бу ҳовлига қатнайвериб эсхонаси чиққанди.

Ўқув машғулотлари вақтинча тўхтатилган бўлса-да, қишлоқ мактабида директор бўлиб ишлаётган отам кунига бир марта иш хонасидан хабар олар, кейин бирма-бир қўшниларникига, яқин дўстлариникига кириб ҳол-аҳвол сўрашиб чиқарди, аксарият ҳолларда мени ҳам етаклаб олардилар. Бир куни у киши:

-Маҳаллада икковимиздан бошқа тик юрган одам қолмабди, сен ўчоққа олов қала, биргалашиб қатиқ ош қилайлик, - деб қолдилар.

Бир амаллаб қуруқ шох-шабба йиғиб ўчоққа ўт қаладим.

-Катта қозоннинг остига ўт ёқиш керак эди, - деди отам.

Ҳафсалам бўлмаса-да, ўзимнинг касалликка ён бермаётганимдан, қўлидан иш келадиган одам бўлганимдан ғурурланиб ўчоқ остидаги оловни иккинчисига кўчираман, дилимда эса ягона савол ўрмалайди:

-Нега катта қозонда? Кичик қозондагиси ҳам оиламиздагиларга етиб, ортиб қолади-ку?

Умрида овқат қилишга уннаб кўрмаган отам хаста онамга ёрдамлашиб, хамир қордириб, кесган ош тайёрладилар. Кейин суюлтирилган чакки қўшиб, уйимиздаги мавжуд бўлган идишларга қуйиб:

-Қани кетдик, қўшнилардан ҳол сўраб келамиз, - дедилар.

Иккаламизнинг қўлимизда иккитадан идиш, бирма-бир хонадонларни айланамиз.

Отамнинг ташрифидан хурсанд кўшнилар ётган ўринларидан қўзғалмоқчи бўлишади:

-Бемалол ётаверинг, мана бу ошдан иссиқ-иссиқ ичиб, кўрпага ўрансангиз, касалингиз очилади, - дейди отам уларга.

Қўшнилардан ҳол сўраб бўлганимиздан кейин енгил тортаман, "энди бемалол эртак китобимни ўқиб ётавераман", дейман ўзимга ўзим, қаёқда дейсиз.

-Энди малимингникига борамиз.

Отамнинг сўзидан энсам қотса-да, эринчоқлик билан у кишига эргашаман. Совуқдан қунишиб отамнинг илдам қадамларига етишиш учун пилдирарканман, ўзимча тўнғиллаб қўйдим:

-Шу нимага керак эди?!

-Нима дединг, ўғлим? -айтганларимни эшитган бўлса-да, норози оҳангда ўсмоқчилаб сўради отам. - Бу фикринг ноўрин, машойихлар "Одам - одамнинг безори эмас, бозори" дейишади.

Ўшанда бу иборанинг маъносини чақишга кўп ҳам уриниб ўтирмагандим. Йиллар ўтиб улғайдим, ўзим ҳам дастлаб ота, кейин бобо бўлдим. Ҳаёт сўқмоқларида яхшини ҳам, ёмонни ҳам кўрдим. Кўпинча арзимаган баҳона сабаб бир-бирининг кўнглини оғритаётган одамларни, дил бузар ҳодисаларни кўрганимда беихтиёр олис болалик йилларим отам айтган сўзларни эслайман:

-Одам - одамнинг безори эмас, бозори.

А.АБДИЕВ.

Категория: Турфа тақдирлар | Добавил: albine (25.01.2015)
Просмотров: 970 | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Имя *:
Email *:
Код *:
Форма входа

Поиск

Друзья сайта
  • Официальный блог
  • Сообщество uCoz
  • FAQ по системе
  • Инструкции для uCoz

  • Copyright MyCorp © 2025Конструктор сайтовuCoz