
Муаллиф: Шоҳиста БОЗОРОВА. 14 июль 2015 йил
Чоп этилган сони: № 085 (14998)
Ўқилган: 83
Саховат - кўнгил зийнати
“ОТА-ОНАМ КЕЛАДИМИ...”
Қарши Мурувват ногирон болалар интернат уйи тарбияланувчилари сизни шундай ўй билан қарши олишади
– Ота-онам розилиги билан 2007 йилда турмушга чиқдим. Аввалига турмушим яхши кечди. Ҳомиладор бўлганимда жуда бахтиёр эдим. Лекин турмуш ўртоғим ичиб келадиган одат чиқарди. У деярли ҳар куни маст ҳолда мени турли хил ҳақоратли сўзлар билан камситиб, хуморидан чиққунча дўппослар эди. Шу қийинчиликларга чидай олмай, 8 ойлик ҳомилам билан ота уйига қайтиб келдим. Қизим Райҳона дунёга келганида қувончим чексиз эди. Лекин у жуда нимжон ва касалманд бўлиб туғилди. Уни даволатиш учун олиб бормаган жойимиз қолмади. Қаерга бормайлик, қайси шифокорга учрашмайлик, унга битта ташхис қўйилди. Туғма ногирон...
Уйдагилар йўқ дейишимга қарамай қайта турмушга беришди. Лекин турмуш ўртоғим ногирон боламни сиғдирмади. Болам учун у ҳар куни мен билан жанжал қиларди. Охири боламни кекса онамга қолдирдим. Лекин онам 7 ёшли қизимга қарашга жуда қийналди. Шу сабабли уни интернатга олиб келишга мажбур бўлдик.
Бу - Қарши Мурувват ногирон болалар интернат уйига ўз норасида фарзандини топшириш учун келган қўшни вилоятлик Сурайёнинг сўзлари.
Бу масканда мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан 4 ёшдан 18 ёшгача бўлган жисмоний имконияти чекланган болалар тарбияланади. Уларнинг қийинчиликсиз ўсиб-улғайиши учун барча имкониятлар яратиб берилган. Кенг ва шинам ётоқхоналар, замонавий жиҳозлар билан таъминланган машғулот хоналари, спорт зали болалар ихтиёрида. Тарбияланувчиларга ўз вақтида тиббий хизмат кўрсатиш, саломатлигини тиклаш учун физиотерапия хоналари ишлаб турибди.
- Интернат уйи 216 ўринга мўлжалланган бўлиб, ҳозирги кунда 214 нафар ногирон бола тарбияланмоқда, - дейди интернат уйи директори Ваҳоб Орзиқулов. - Уларда ўз-ўзига хизмат қилиш ва ҳаётий кўникмаларни шакллантириш мақсадида 28 нафар тарбиячи ҳамда 110 нафар энага ишлайди.
Интернат уйида босқичма-босқич даволаш ишлари олиб борилади. Педагоглар томонидан болаларга ўқиш, ёзиш ўргатилмоқда.
- Болаларнинг соғлиғини мустаҳкамлаш, сифатли тиббий хизмат кўрсатиш мақсадида ҳозирги кунда муассасамизда 4 нафар малакали врач ва 12 нафар ҳамшира фаолият олиб бормоқда, - дейди директорнинг тиббий ишлар бўйича ўринбосари Нилуфар Хайруллаева. – Интернат уйининг тиббий бўлими барча зарур тиббий жиҳозлар, воситалар билан таъминланган.
Болалар бир йилда икки марта тўлиқ текширувдан ўтади. Тарбияланувчилар соғлиғини тиклашда нафақат дори-дармонлар, балки спорт ҳамда турли замонавий техник воситалардан ҳам кенг фойдаланилмоқда.
Имконияти чекланган болалар билан уларнинг қобилиятини рўёбга чиқариш учун индивидуал тартибда ишлаш яхши самара беради. Бу амалиётда синалган усул.
- Болаларимизнинг бири спортга лаёқатли бўлса, яна бири расм чизишга, мусиқа асбобларини чалишга қизиқади, - дейди Н.Хайруллаева. - Улар ҳар йили турли мусобақаларда иштирок этиб, юқори натижаларни қўлга киритишмоқда.
Болажонларнинг соғлиғида нуқсон бўлиши мумкин, аммо уларнинг мурғаккина қалбида сира ноқислик бўлмайди. Демак, уларга бериладиган меҳр ҳам кам бўлмаслиги керак.
- Умримнинг асосий қисми шу болажонлар билан ўтаяпти, - дейди энага, “Шуҳрат” медали соҳибаси Ҳайитгул Халилова. – Шу сабабли ўйнаб-кулмоққа, соғлом тенгдошлари қатори ҳаёт кечирмоққа интилаётган бу азиз жонларнинг ҳар бири мен учун ўз фарзандимдек бўлиб қолган. Биз уларга бор меҳримизни берамиз, аммо бу норасидалар ота-она бериши лозим бўлган меҳрга ташна... Жисму жонининг бир парчаси бўлган дилбандининг ногирон, носоғлом бўлишини ҳеч ким истамайди. Лекин боласини бу ерга ташлаб кетганча, қайтиб унинг ҳолидан бирор марта ҳам хабар олмаган ота-оналар бор. Болажонларнинг кўзидан доимо битта саволни ўқийсиз. Улар сизни “Ота-онам келадими, мендан хабар оладими?” деган ўй билан қарши олишади.
Шу топда менга мунгли кўзлари билан тикилиб турган болажонларга қараб ўйга толаман: “Бу қисмат сен учун тақдир синовими ёки кимнингдир гуноҳи, нодонлиги касрими?”
- Мурувват уйига олиб келинган болаларнинг биринчи навбатда ота-оналари билан суҳбат қуриб, фарзандининг ногиронлиги сабабини суриштирганимизда 70-80 фоизи яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳ эканлиги маълум бўлади, - дейди Нилуфар Хайруллаева. – Шунингдек, ичкилик, гиёҳвандликка берилган ота-оналардан ҳам ногирон болалар дунёга келади.
- Болажон, инсонпарвар, бағрикенг кишилар орасида улғайганимдан бахтиёрман, - дейди интернат уйи энагаси, “Жасорат” медали соҳиби Игорь Ко. - Шу ерда тарбияланиб, иш фаолиятимни ҳам шу ердан бошлаганман. Бу ердаги шарт-шароит, болаларга кўрсатилаётган ғамхўрлик, айниқса, ўзбек халқининг меҳридарёлиги мени ҳайратга солади.
Муассасада сўнгги йилларда қурилиш, таъмирлаш, ободонлаштириш борасида ҳам катта ишлар қилинди.
- Вилоят ҳокимининг ташаббуси билан 1,5 миллиард сўм маблағ эвазига биноларнинг иситиш тизими таъмирланиб, қозонхоналарга янги насослар ўрнатилди, - дейди Ваҳоб Орзиқулов. - 50 ўринли ошхона, ҳаммом, кир ювиш хонаси, кичик спорт зали ва ёзги ўйингоҳ қурилиб, фойдаланишга топширилди. Шунингдек, бинонинг бир қисми қайтадан таъмирланди.
Мурувват уйидан қайтар эканман, Ҳайитгул опанинг “Болажонлар ота-онам келадими, мендан хабар оладими, деган ўй билан сизни қарши олишади”, деган сўзлари анча вақт қулоқларим остида жаранглаб турди...
Шоҳиста БОЗОРОВА.
|