Oqsoq qizning qismati
Нозима туғилганда
дуркунгина, соғлом қизалоқ
эди. У ёруғ оламга шавқ ва
ҳайрат билан боқар, шодон
қийқириб куларди.
Кўзлари мовий, сочлари олтин
рангда товланувчи ёқимтой
қизалоқни ҳамма қўлга олгиси,
эркалатгиси, севиб ўйнатгиси
келарди. Нозиманинг отаси
олис шаҳарда ўқир, у эса онаси
ва бобоси билан дарё
бўйидаги қишлоқда яшарди.
Кунларнинг бирида
аммаларидан бири қизалоқни
ўйнатиш учун олиб кетди ва
бехосдан қўлидан каттакон
тош устига тушириб юборди.
Қизалоқ қаттиқ чинқириб
йиғлади, аммаси эса ўзининг
қандай аянчли хатога йўл
қўйганини англамай,
йиғлаётган гўдакни онасига
топшириб, жимгина уйига
кетди.
Қизалоқ чидаб бўлмас
оғриқдан тинимсиз йиғлар,
ҳамиша қувончли боқадиган
кўзлари онасига илтижо билан
боқар, қани эди, илоҳий
мўъжиза содир бўлиб, унга
забон битса-ю, жажжи оёқлари
оғриётганини онажонига айтиб
берса…
Аммо мўъжиза рўй бермади,
бўлган воқеадан бехабар она
эса боланинг зорланиб
йиғлашини шунчаки гўдакнинг
хархашаси деб ўйлади…
* * *
Кунлар эса ўтаверди. Қизалоқ
жон-танини ўртаб бораётган
оғриққа ниҳоят бардош берди.
Лекин энди унинг мафтункор
кўзлари атрофга аввалгидек
ҳайрат билан боқмас, кулмас,
унинг беозор кўзларига,
қорачиқларига маҳзунлик ғам
кўланкасини ташлаганди.
Нозима икки ёшга тўлганида
уйидагилар унинг оёқ босишга
қийналаётганини, оқсоқланиб
қадам ташлашини пайқаб
қолишди, бироқ қандай чора
кўришни билишмади. Бора-
бора унинг бу нуқсони ортиқча
ҳеч кимни безовта қилмади. У
эса қийналиб-зорланиб, атак-
чечак юришни ўрганди.
Йиллар эса сездирмасдан
ўтаверди, у етти ёшга етиб,
деворлари оппоқ рангга
бўялган мактабга борди, у ҳам
тенгдошларидек югургиси,
қувлашмачоқ ўйнагиси,
гулдан-гулга қўниб учаётган
қанотлари чиройли
капалакларни ушлагиси
келарди. Аммо истакларини
ногирон оёқлари йўққа
чиқарар, шу боисдан
тенгқурларининг ўйинлари ва
шўхликларини бир четда
туриб ҳавас ва ўкинч билан
кузатарди. Бироқ сахий табиат
Нозимага дўстлари ҳавас
қиладиган бир хислат –
зукколикни ато этганди. У
ҳайратомуз хотирага эга эди.
Тез орада мактабнинг энг
аълочи ўқувчилари қаторидан
жой олди.
Ниҳоят, уйидагилар ҳам
Нозимани еттинчи синфга
ўтганда шифокорга кўрсатиш
учун шаҳарга олиб боришди.
Бироқ энди кеч бўлганди.
Қизнинг сўнгги умиди ҳам
сароб бўлиб чиқди, лекин
табиатан қайсар ва иродали
қиз қисматга тан бермади.
Муаллимликка ўқиди,
таҳсилни имтиёзли диплом
билан тугатиб, қишлоғидаги
мактабга ишга кирди.
Кутилмаганда оила бошига
мусибат тушди. Олти
фарзандини зор йиғлатиб
онаси оламдан ўтди. Айниқса,
бу жудолик эндигина йигирма
баҳорни қаршилаган
Нозиманинг юрак бағрини
ўртаб юборди.
Ҳаёт эса давом этаверди. Вақт
ўтгани сари ғам совуркан,
унутиларкан. Аёлининг йили
ўтгач, ота уйга ўгай онани
бошлаб келди.
Ўгай она туғмас бўлиб, аввал
ҳам уч бора эрга тегиб чиққан,
ўзга уйда ҳукмронлик
қилишнинг ҳадисини
олганлардан эди.
Ҳафта ўтмай ўгай она
рўзғорини ажратиб олди.
Нозима беш укаси билан
алоҳида рўзғор тутишга
мажбур бўлди. Укалари эса
ҳали норасида бўлиб, барчаси
мактабда ўқирди.
* * *
Нозима тонгда уйғонар,
ҳовлини супуриб, мол-ҳолга
қарар, укаларини уйғотиб, чой
ичирар, мактабга бирга
кетарди. Мактабдан қайтиб
тунги бир-иккигача урчуқ
йигирар, укаларига атаб гилам
тўқирди.
Унинг бу ишлари ўгай онанинг
ғашини келтирар, турли
баҳона ва ёлғонлар билан
қизни ва болаларни отасига
чақиб берар, ҳеч нарсадан
бехабар ота эса бегуноҳ
болаларни урарди.
У эса бундай вазиятда
укаларини ҳимоя қилар,
уларнинг хўрланишига тоқат
қилолмасди.
Нозима учун мактаб ҳаётининг
бир бўлагига айланди. Ёш
муаллима бор кучи ва
билимини ўқувчиларига
беришга интилди. Дарсларни
жонли ва қизиқарли ўтишга
ҳаракат қилди.
Унинг меҳнати ҳамкасблари ва
ота-оналарнинг эътиборига
тушди. Нозима бир нечта
танловлар ғолибаси бўлди.
Эришаётган ютуқлари
қишлоқда шов-шув бўлар,
ўгай она эса бундан бетоқат
бўлиб, турли иғволарни ўйлаб
чиқарарди.
Аёл рўзғор қилишни, бичиш-
тикиш юмушларини
бажаришни хушламас, фақат
ясан-тусанни,
меҳмондорчиликка боришни
ёқтирарди.
* * *
Нозима укаси Шуҳратни
уйлантирди, синглиси Дилдора
коллежга ўқишга кирди.
Уйдаги можаролардан безиб
қолган болалар оталаридан
пул сўрашмасди. Бир йил ўтиб,
укаси Исмоил ҳам мактабни
тугатди. Исмоил санъатга
қизиқар, яхшигина овози бор
эди. Нозима қанчалик қийин
бўлмасин, укасининг шаштини
сўндиргиси келмади, у ҳам
санъат коллежи талабасига
айланди. Нозима укалари учун
тинмай ишлар, қўшимча
дарслар ўтар, қўни-
қўшниларнинг тикув
ишларини бажариб берарди.
Ўшанда баҳор эди. Мактабдан
қайтаётган Нозиманинг
йўлидан синфдоши Акбар
чиқиб қолди. Икки дўст
анчагина суҳбат қуришиб,
Нозималарнинг дарвозаси
ёнига етиб келишгач, Акбар
қизнинг қўлига бир парча
қоғозни тутқазиб, хайрлашди.
Нозима унинг бу ҳаракатига
ҳайрон бўлиб, хатни очиб
ўқиди:
«Нозима, сен бу хатни ўқиб
ҳайрон қоласан, балки турли
шубҳа, гумонларга ҳам
боришинг мумкин. Лекин
ишон, менинг биринчи бор қиз
болага хат ёзишим.
|