"Оммавий маданият” тушунчасининг мазмун — моҳияти, мақсади нима ўзи? Хуш, бунинг жамият, инсон ҳамда ёшларга маънавиятига қандай таъсирлари бор? "Оммавий маданият” Ғарб дунёсида ўтган асрнинг иккинчи ярмида шаклланди. Уни Ғарбда "популяр” ёки қисқартирилган ҳолда, "поп-культура” (яъни "оммавий маданият”) деб аташади. Гарчи "маданият” деб аталса-да, аслида, туб мазмун-маъносига, мақсад-ниятига кўра "оммавий маданият” чинакам маданиятнинг кушандасидир. Шуни алоҳида таъкидлаш ўринлики, "оммавий маданият”нинг "асл қиёфаси” аслида ёшларни беҳаёлик ва бузуқлик, ахлоқсизлик ва маданиятсизлик асосида тўғри йўлдан адаштириш, онгини заҳарлашдир.
Беҳаёча кийиниш, ташқи кўринишлари, кийимлари, бадбашара соқол қўйишлари, қулоқ ва бурунлари пирсинглар (халқа) тақиб олишлари билан ўзларининг қиёфаларини қўрсатишади. Оммавий маданият мафкурачилари зўр бериб тарқатаётган ғоя ва тавсияларининг энг хавфли, ташвишли жиҳатлари кўп. Яъни у ёки бу масалаларда бундай маънавий таҳдидларнинг дунё бўйлаб таъсир доираси кенглиги ва кучайиб кетиши кузатилади. Айрим ривожланган давлатлар парламентлари, ҳатто баъзи халқаро ташкилотларнинг қўллаб-қувватлаши натижасида бир жинсли никоҳларни тан олиш тўғрисидаги қонунлар қабул қилинаётганлигини мисол қилиб келтиришимиз мумкин.
Юқорида таъкидланганидек, "оммавий маданият” мафкурачилари, анъанавий маданиятни ўзгартириш ва бошқариш орқали ўзларининг бузғунчилик ахлоқларини сингдириб, мамлакатларни маънавий таназзулга учратиш мақсадларини уларнинг ворислари давом эттириб амалга оширмоқдалар. Алоҳида эътибор беринг: "четдан”, "биз учун мутлақо ёт”, "маънавий ва ахлоқий тубанлик иллатларини ўз ичига олган” "оммавий маданият” ёпирилиб кириб келиши мумкин. Бу фикрда "оммавий маданият”нинг энг мукаммал таърифи бор. Яъни "оммавий маданият” бу – бизга четдан кириб келаётган, ўзбекона қадриятларимизга мутлақо ёт маънавий ва ахлоқий тубан иллатларни ўз ичига олган хуружлар йиғиндиси”.
"Оммавий маданият” ота-боболаримиз "қора” деган нарсаларни "оқ”, "оқ” деган нарсаларини "қора” деб уқтирмоқда. У қора юзига оқ ниқоб тақиб олиб, қора ниятларини амалга оширмоқда. Телевидение, киноматография, газета, журналлар, реклама одамларда ана шундай реакция, фикр ва муносабатларни тарбиялашга қаратилади. Масалан, реклама ақлга эмас, туйғуларга, онг остига қаратилади. "Агар сиз шу товарни сотиб олсангиз, ҳаётингиз бутунлай ўзгариб кетади”, дейишади. "Оммавий маданият” товарлари аввало оддий ва "кўча одами”га мўлжалланган. Албатта, бундай маҳсулотлар интеллектуал жиҳатдан етарлича ривожланмаган одамлар учун хос эди, холос. Шунинг учун ҳам "оммавий маданият”нинг "энг қизиқарли” ва ҳаммага тушунарли мавзулари – асосан муҳаббат, оила, карьера, жиноятчилик ва хўрлаш, саргузашт, қўрқинч.
Мавзулар эксплуатациясидан унинг эгалари катта даромадлар олмоқдалар. "Оммавий маданият”нинг мақсади, аввало иқтисодий бойлик орттириш, одамларни бир-бирига қарама-қарши қўйиш. "Оммавий маданият” шахснинг дидини ўлдириб, миллионлаб одамларни мустақил фикрдан, шахсий муносабатдан, демак, ўзлигидан, "мен”идан жудо қилади. Бундан ташқари, "оммавий маданият” ахлоқсизликни тарғиб қилади ва уни одамларга маданият деб ўргатади. Бу замонавий маънавий таҳдид нафақат ахлоқий бузуқликни, балки зўравонлик, индивидуализм ва эгоцентризмни ҳам кенг оммалашишига хизмат қилмоқда. Чунки "оммавий маданият” маънавий тубан одам кимгадир сўзсиз бўйсунишига ишонади-да.
Мамлакатимиз аҳолисининг 60 фоизидан ортиқини ёшлар ташкил этишини ва "оммавий маданият” муаллифлари айнан ана шу аудиторияни назарда тутаётганини эътиборга олсак, вазифаларимиз масъулияти аниқ аён бўлади. Ёшларнинг бадиий эҳтиёжларини қондириш, улар ўртасида "оммавий маданият” маҳсулотларининг тарқалмаслиги учун муайян ишлар амалга оширилаётир, албатта уларнинг санъатга, адабиётга ва бошқа маънавий маҳсулотларга бўлган эҳтиёжларини ўрганиб бориш ҳозир изчил олиб борилмоқда. Президентимиз таъбири билан айтсак, "Эндиликда олдимизда турган энг муҳим вазифа ...миллий ғоямизнинг узвий таркибий қисмларини ташкил қиладиган комил инсон, ижтимоий ҳамкорлик, миллатлараро тотувлик, динлараро бағрикенглик каби тамойилларнинг маъно-моҳиятини бугунги кунда мамлакатимизда олиб борилаётган маънавий-маърифий, таълим-тарбия ишларининг марказига қўйиш, уларни янги босқичга кўтариш, ёш авлодимизни ҳар томонлама мустақил фикрлайдиган етук дунёқараш эгалари қилиб тарбиялашдан иборат. Ўзбекистонда туғилиб, ўниб-ўсиб келаётган ҳар бир ёш авлод онгига ана шу мақсадимизни сингдириб борсак, уларга янги замонавий билимлар бериб, миллий ғоямиз руҳида тарбиялаб, юксак маънавият уруғини қалб қўрига тикиб қўйсак, эртага уни турли маънавий таҳдидлардан асрашимиз керак деган муаммодан қутулган бўламиз. Чунки ёш авлоднинг ўзи нима яхшию нима ёмонлигини, кимга эргашиб, кимдан қочиш кераклигини англаб етади.
Мустақил фикр ва қатъий эътиқодга эга бўлади. Қисқаси, оқ ва қорани бир-биридан ўзи ажратиб олади. Ёшлар "оммавий маданият”нинг қулига айланиб қолмаслик учун:
- миллий мафкуранинг ҳар бир ғоясини амалга ошириш;
-мукаммал таълим-тарбияга интилиш
-миллий урф-одат ва анъаналарга содиқ бўлиш;
-миллий ва умуминсоний қадриятларни эъзозлаш;
-миллий ахлоқ қоидаларига доимий амал қилиш;
-мунтазам спорт билан шуғулланиш;
-миллий ҳунармандчиликни ўрганиш, ҳунар эгаллаш;
-эзгуликка чорловчи китобларни ўқиш;
-миллий ўйинлар ўйнаш;
- интеллектуал ўйинлар ўйнаш;
- маданий-маърифий тўгаракларга қатнашиш;
- турли кўрик-танлов ва фестивалларда қатнашиш;
- маънавий-маърифий тадбирларда фаол иштирок этиш;
- аждодларнинг тарихий, адабий-бадиий меросини ўрганиш;
- билимларга асосланиб, мустақил фикрли ва қатъий эътиқодли бўлиш;
- мафкуравий иммунитетни кучайтиришга қаратилган кўрсатув, эшиттириш ва тадбирлардан хабардор бўлиб туриш лозим.
Хулоса қилиб шуни айтиш керакки, мамлакатимизни тараққий топтириш, юксалтиришда ёшларнинг тарбиясига ва салоҳиятига ўта муҳим объектив қонуният сифатида эътибор қилиш бугунги куннинг долзарб масаласидир. Бугунги бизнинг ёшларимиз оқ билан қорани танувчи, турли ёвуз ниятли ва бўзғунчи ғояларни ўзларининг ҳатти — ҳаракатларида намоён этувчи "оммавий маданиятчиларнинг” найрангларига қатъий ирода билан ва кенг тафаккурли ёшлар сифатида муносиб жавоб қайтара оладиган баркамол ёшлар сифатида тарбия топаяпти. Бундан кейин ҳам ёш авлодни фақат ва фақат шу юртни, шу элни севувчи, мамлакат ривожига хизмат қилувчи, миллий ва маънавий қадриятларимизга чуқур ҳурмат, урф одатларимизга садоқат кўзи билан қаровчи фидойи инсонлар бўлиб етишишларида тўғри йўл кўрсатиш ҳар биримизнинг бурчимизга айланмоғи шарт. Шундагина бузғунчилик ва беҳаёликни тарғиб этишга қаратилган "оммавий маданият”га барҳам бериш мумкин бўлади.
Раҳмонов Жасур,
"Камолот” ЁИҲ Самарқанд вилоят Кенгаши раиси ўринбосари