ОҒУ КЕЛТИРГАН ҚАЙҒУ
Атиги бир неча йил аввал бу оилага ҳамманинг ҳаваси келарди. Рашид обрўлигина ташкилотда ишлар, аёли Шоира ўқитувчи, бир ўғил ва бир қиз хонадоннинг чироқлари эди гўё. Эр-хотиннинг дастурхон устидаги ширин-ширин суҳбатлари, болаларнинг ёқимли эркаликлари ҳаёт мазмуни эди.
Аммо нима бўлди-ю, Рашид тўсатдан ўзгариб қолди. Маошини яширадиган, кечалари тез-тез уйга келмай қўядиган бўлди. Сабабини сўраган хотинини алдади. Аста-секин рўзғордан барака уча бошлади. Рашид кундан-кунга асабий бўлиб борар, болаларини ўйлагиси ҳам келмасди...
Йил ўтиб, оила жарлик ёқасига келиб қолди. Бу вақтга келиб Рашиднинг гиёҳванд бўлиб қолгани аён бўлган, Шоира эса бошини қайси деворга уришни билмасди. У кўп бора эрини даволанишга, бу йўлдан қайтишга кўндирмоқчи бўлди. Аммо Рашиднинг кўзига "дори"дан бошқа нарса кўринмасди. Уйдаги қўлга илингулик буюмларни сотиб бўлгач, аёлидан пул топиб беришни сўрайдиган, агар кўнмаса, уни аёвсиз калтаклайдиган одат чиқарди.
Ўша мудҳиш кунда ҳам жанжал шу сабаб билан бошланди. Рашид Шоирадан яхшиликча пул топиб беришни сўради. Сўраган пули озмунчамас. Битта ўқитувчининг ярим ойлик маоши. Шу боис Шоиранинг фиғони фалакка чиқди.
— Жонимга тегди, шунақа қилиқларингиз! Кетаман бу уйдан...
Шоиранинг гапи чала қолди. У уйдан кетса, ким қўшнилардан қарзга пул топиб беради? Шуни ўйлаб, хотинининг кетиб қолишидан чўчиган Рашид уни қўрқитиб қўймоқчи бўлди. Жаҳл билан стол устида турган чойнакни олиб, хотинига отди. Мўлжални бехато олган экан, чинни чойнак аёлнинг бошига зарб билан урилди. Аёл ҳушидан кетиб, полга йиқилди.
Рашид хотинини айёрлик қиляпти деб ўйлаб, бир-икки туртганди, қимирламади. У шоша-пиша хотинининг сўнгги тақинчоғи — бармоғидаги никоҳ узугини ечиб олди ва ўзининг "нажоткори" бўлган оғуфурушнинг ёнига югурди...
Орадан икки соатлар чамаси вақт ўтиб, Рашид уйига қайтди. Кайфининг зўрлигидан хотини ўрнидан қимирламаганига аҳамият ҳам бермади. Ўзини ўринга ташлади-да, ухлаб қолди...
Эртаси куни қизи болаларини олиб кетиш учун бормаганидан хавотирланган она куёвнинг уйига келди ва икки жасаднинг устидан чиқди! Куёви гиёҳванд моддани "доза"дан ортиқ қабул қилгани учун, қизи эса оғир жароҳат олиб, вақтида тиббий ёрдам кўрсатилмагани учун вафот этганди. Она фарёд урди. У тинмай гиёҳванд моддани ўйлаб топган ва сотган кимсаларни қарғарди...
Бу ҳаётий воқеа. Бугун суднинг қора курсисида ўтирганлар — янгиқўрғонлик Баҳодир Жўрабоев, Мухторжон Турғунов, Адҳам Иномов ана шундай фарзанд доғида куйган оналарнинг қарғишига лойиқ кимсалар. Чунки улар ўзлари ҳам гиёҳванд модда истеъмол қилгани ҳолда, Қирғизистон Республикасидан мамлакатимизга кўп миқдордаги гиёҳвандлик моддаларини контрабанда йўли билан олиб кириш ва сотиш билан шуғулланиб келишган.
Уларга Янгиқўрғон туманининг Оқтом қишлоғидаги чегара ҳудуди даромад келтирадиган туйнук бўлиб хизмат қилган. Шу ерда таниш топиб, "гашиш" гиёҳвандлик моддасини сотиб олишган.
Ўтган йил август ойида Баҳодир ва Мухторга "мол"нинг олиб ўтилганлиги тўғрисида "сигнал" келди. Бу хабар Адҳам Иномовдан бўлиб, у бир неча кун аввал уларга гиёҳванд модда топиб беришни ваъда қилганди. Келишувга биноан икковлон шу куни соат 19:30ларда Оқтомга боришди. Учовлон биргалашиб, "мол"ни харид қилишди. Баҳодир билан Мухтор энди уни эсон-омон манзилга етказиб олишса, сарфланган маблағ нақд уч баробарга кўпайиб, чўнтакларига тушиши ҳақидаги ўй билан мамнун ҳолда ортга қайтишди-ю, йўлда уларни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари тўхтатишди...
Машинадан топилган гиёҳвандлик моддаси ашёвий далил сифатида ҳужжатлаштирилди. Оғуфурушлар эса жиноятчи сифатида қўлга олинди.
Суд Баҳодир Жўрабоевни 13 йил муддатга, Мухторжон Турғунов ҳамда Адҳам Инамовни 12 йил муддатга озодликдан маҳрум этди.
Бекзод НАРМАТОВ, Наманган вилоят прокуратураси бўлим бошлиғи
|