Категории раздела |
Турфа тақдирлар
[483]
Барчанинг бахти ўзгача,лекин барчанинг бахтсизлиги бир хил
|
|
Статистика |
Онлайн всего: 1 Гостей: 1 Пользователей: 0 |
|
Оғизга яқинлик қилиш
Оғизга яқинлик қилиш
Савол: эр аёлининг оғзига яқинлик қилса ва бўшанса бўладими? (Бу савол бир аёл тарафидан берилган ва унинг жавобини жуда истиҳола билан келтирмоқдамиз! – таҳририят). Жавоб:бисмиллаҳ, валҳамду лиллааҳ! Бу саволни беришнинг ўзи жуда уятли. Банда ҳайвон эмаски, нима қилиб бўлса ҳам нафсини қондиришни ўйласа! Ҳазрати инсон боласи поклик нима, ҳалол ва ҳаром нималигини ажратиб олиши, бавл, мазий, вадий ва маний каби нарсалар нопок экани, булар оғиз у ёқда турсин, ҳатто қўл ва либосни ҳам кир қилишини тушуниб етиши керак. Сўнгги вақтларда мана шу каби саволлар жуда кўпайиб қолди. Назаримизда, бунинг асосий иккита сабаби бор. Булар: 1. Турли фаҳш ишлар тасвирланган киноларни кўриш ва улардан “илҳомланиш”. Бу иш мусулмон банда учун ҳаромдир. Аллоҳ ва охират кунига имон келтирган банда бундай нарсалардан узоқ юриши керак. Жинсий муомалада ғайридин Европа халқларига кўр-кўрона тақлид қилаётганлар охиратдаги оқибатлари ҳам уларникига ўхшаб қолишидан қўрқсинлар!!! 2. Баъзи “муфтий” ва “олим”ларнинг бу иш жоизлигига фатво бераётгани. “Мухлис.уз” сайтига бир савол келди. Унда: “Фалон сайтда бу иш жоизлиги айтилибди. Сиз шунга нима дейсиз?” дейилган. Нима ҳам дердик, бу каби ишлар диннинг фақат зоҳирига эътибор бериш ё шариат моҳиятини тўлиқ тушуниб етмаслик оқибатида келиб чиқади. Биз ана шундай кишилар фатвосини ўрганиб чиқдик. Улар эр-хотин бир-бири билан қандай усулда бўлмасин жимоъ қилиши мумкин экани, фақат орқа тарафдан жинсий алоқа қилишдан ва ҳайз вақтида қўшилишдан тийилсалар кифоя қилишини, шариатда оғизга яқинлик қилишдан қайтарилмаганини айтадилар. Ўша “фатво” эгаларига кўра, зикр қилинаётган иш эр ва хотиннинг шаҳвати қўзғалишига, ораларидаги муҳаббат янада зиёда бўлишига сабаб бўлса, бу ишнинг кароҳати йўқ экан. Яна улар оғизга жинсий алоқа қилишга рухсат бериб туриб, ортидан “лекин манийни оғизга чиқариш ҳаромдир”, деб огоҳлантириб ҳам қўядилар! Бу баъзи ақли ноқис, илм моҳиятидан маҳрум кимсалар гапидир. Аммо Исломнинг туб моҳиятини тўлиқ англаб етган кишилар эр аёлининг оғзига жинсий яқинлик қилиши мумкин эмаслиги, сабаби оғиз билан таом ейилиши, ичимлик ичилиши, Қуръон ўқилишини таъкидлашган. Аслида бу каби савол-жавоблар мусулмон бандалар учун жуда уятли ва ачинарлидир... Биз сайтга шу мавзуда келган саволларга қисқа жавоб бериш билан кифояланаётгандик. Аммо масала чуқурлашиб бораётгани, кўпчилик Ғарб жинсий “одоблари”га эргашиб кетаётганини ҳисобга олиб, бу борада бироз тўхталиб ўтишни, “шариатда эркак аёлининг оғзига жинсий яқинлик қилишдан қайтарилмаган”, деб айтаётганларга баъзи далилларни ҳавола қилишни лозим топдик: 1. Закарнинг ташқи тарафи покиза бўлса, унга қўлнинг бехосдан тегиб кетиши таҳоратни кетказмаслиги маълум. Бу ҳақида бир қанча ривоятлар келган. عَنْ قَيْسِ بْنِ طَلْقٍ عَنْ أَبِيهِ طَلْقِ بْنِ عَلِيٍّ قَالَ: قَدِمْنَا عَلَى نَبِيِّ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَجَاءَ رَجُلٌ كَأَنَّهُ بَدَوِيٌّ فَقَالَ: يَا نَبِيَّ اللهِ مَا تَرَى فِي مَسِّ الرَّجُلِ ذَكَرَهُ بَعْدَ مَا يَتَوَضَّأُ فَقَالَ: هَلْ هُوَ إِلاَّ مُضْغَةٌ مِنْهُ أَوْ قَالَ: بَضْعَةٌ مِنْهُ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالتِّرْمِذِيُّ وَالنَّسَائِيُّ وَأَحْمَدُ وَابْنُ حِبَّانَ وَالدَّارَقُطْنِيُّ وَسَنَدُهُ صَحِيحٌ. Қайс ибн Толқ отаси Толқ ибн Алидан ривоят қилади: “Биз Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига бордик. Шунда бадавийга ўхшаш бир киши келиб, “эй Аллоҳнинг Пайғамбари, киши таҳорат қилганидан кейин закарини ушлаши ҳақида нима дейсиз”, деб сўраганида, у зот: “У (закар инсоннинг) бир парчаси ёки бир бўлаги, холос”, дедилар” (Абу Довуд, Термизий, Насоий, Аҳмад, Ибн Ҳиббон ва Дорақутний ривояти. Ривоят санади саҳиҳ). Ривоятда айтилаётган бадавий сифат киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан закарни ушлаш билан таҳорат синадими, деган маънода сўраганида, у зот закар одамнинг бир парча гўшти, уни бехосдан ушлаш ёки тегиб кетиш билан таҳорат синмаслигини баён қилдилар. Ҳанафий наздида, фарж (жинсий аъзо)ни ушлаш билан таҳорат бузилмайди. Аммор ибн Ёсир, Ҳузайфа ибн Ямон, Имрон ибн Ҳусойн, Абу Дардо, Саъд ибн Абу Ваққос, Иброҳим Нахаъийлар ҳам бу билан таҳорат синмаслигини айтишган. Бу бобда бошқа ривоятлар ҳам нақл қилинган. وَعَنْ بُسْرَةَ بِنْتِ صَفْوَانَ رَضِيَ اَللهُ عَنْهَا أَنَّ رَسُولَ اَللهِ قَالَ: مَنْ مَسَّ ذَكَرَهُ فَلْيَتَوَضَّأْ. رَوَاهُ أَصْحَابُ السُّنَنِ وَمَالِكٌ وَأَحْمَدُ وَابْنُ حِبَّانَ وَالْحَاكِمُ وَالدَّارَقُطْنِيُّ وَالطَّبَرَانِيُّ وَسَنَدُهُ صَحِيحٌ. Бусра бинти Сафвон розийаллоҳу анҳодан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:“Ким закарини ушласа, бас, таҳорат қилсин!”деганлар (Сунан соҳиблари, Молик, Аҳмад, Ибн Ҳиббон, Ҳоким, Дорақутний ва Табароний ривояти. Ривоят санади саҳиҳ). Ушбу ривоятда закарни ушлаш билан таҳорат кетиши айтилмоқда. Баъзилар бу ерда “таҳорат” (арабча “вузуъ”)дан мурод “қўлни ювиш”дир, деб айтишган. Бироқ, бошқа ривоятларда, “ким фаржини ушласа худди намозга қиладиган таҳоратини қилсин!” деб айтилган. Бу шаръий таҳоратни англатади, қўл ювишни эмас. Бизнинг ҳанафий мазҳабида жинсий олатни шаҳватсиз ушлаш билан таҳорат синмайди, қачон уни шаҳват билан ушланса, таҳора кетади, дейилади. Ҳанбалий мазҳабининг баъзи уламолари жимоъдан олдин фаржни ўпишга рухсат бериб, жинсий алоқадан кейин уни ўпиш макруҳ, дейишган экан. Аммо уларнинг қавли кўпчилик уламолар фикрига тескаридир. 2. Бошқа тарафдан олиб қараганда, шариатда жинсий олатни ўнг қўл билан ушлашдан қайтарилган. عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ أَبِي قَتَادَةَ عَنْ أَبِيهِ أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ نَهَى أَنْ يَمَسَّ الرَّجُلُ ذَكَرَهُ بِيَمِينِهِ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَابْنُ حِبَّانَ وَسَنَدُهُ صَحِيحٌ. Абдуллоҳ ибн Абу Қатода отасидан ривоят қилишича,Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам киши ўнг қўли билан закарини ушлашдан қайтарганлар(Термизий ва Ибн Ҳиббон ривояти. Ривоят санади саҳиҳ). Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам киши бавл қилаётганда ва бошқа ҳолатларда закарини ўнг қўл билан ушлашдан қайтарганлар. Ўнг қўлда ҳалол ва покиза ишлар қилинади, бу қўл билан тоза нарсалар ушланади. Айниқса, таом истеъмол қилишни алоҳида таъкидлаш лозим. Агар ўнг қўлни ҳожатхонада ишлатилса, нажосат таркибидаги зарарли нарсалар қўл орқали инсон танасига кириб, уни касал қилади. وَعَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ أَبِي قَتَادَةَ عَنْ أَبِيهِ عَنْ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: إِذَا بَالَ أَحَدُكُمْ فَلاَ يَأْخُذَنَّ ذَكَرَهُ بِيَمِينِهِ وَلاَ يَسْتَنْجِي بِيَمِينِهِ وَلاَ يَتَنَفَّسْ فِي الإِنَاءِ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ وَمُسْلِمٌ وَأَصْحَابُ السُّنَنِ وَالدَّارِمِيُّ وَأَحْمَدُ وَابْنُ خُزَيْمَةَ وَابْنُ حِبَّانَ. Абдуллоҳ ибн Абу Қатода отасидан, отаси Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади:“Агар биронтангиз бавл қилса, зинҳор закарини ўнг қўли билан ушламасин, ўнг қўли билан истинжо қилмасин ва идиш ичига нафас чиқармасин!”(Бухорий, Муслим, Сунан соҳиблари, Доримий, Аҳмад, Ибн Хузайма ва Ибн Ҳиббон ривояти). Бу ривоятда бавл қилаётганда закарни ўнг қўл билан ушламаслик, ўнг қўл билан истинжо қилмаслик ва сув ичганда идиш ичига нафас чиқармалик лозимлиги алоҳида таъкидланмоқда. Уламолар закарни ўнг қўл билан ушлаш ҳаром эмас, балки танзиҳий макруҳ эканини айтишган. Ўнг қўлда таом ейилади, инсонлар билан кўришилади, тасбеҳ ўгирилади ва бошқа ишлар бажарилади. Нажосат ўринларини ўнг қўлда ушлашдан қайтарилган экан нопок жойларни оғиз билан ўпишдан эҳтиёт бўлиш бундан ҳам таъкидлироқ экани шубҳасиз. Жинсий аъзони оғизга олишда ундаги бавл, мазий ва маний каби нопок суюқликлар аёл оғзи орқали унинг ичига кетиб қолиши эҳтимоли бор. Бу эса хотиннинг ҳам, унинг фарзандларининг ҳам соғлиғига зиён келтиради. 3. Шариатда оғизни пок ҳолда сақлаш буюрилган. Сабаби оғиз билан Қуръон ўқилади, Аллоҳ зикр қилинади, қолаверса, таом ейилади ва ичимлик ичилади. عَنْ عَلِيِّ بْنِ أَبِي طَالِبٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: إِنَّ أَفْوَاهَكُمْ طُرُقٌ لِلْقُرْآنِ فَطَيِّبُوهَا بِالسِّوَاكِ. رَوَاهُ ابْنُ مَاجَهْ وَفِي الزَّوَائِدِ إِسْنَادُهُ ضَعِيفٌ. Али ибн Абу Толиб розийаллоҳу анҳу айтади:“Оғизларингиз Қуръон йўлларидир. Бас, уни мисвок билан тозаланглар!”(Ибн Можа ривояти. “Завоид” китобида ушбу ривоят санади заиф, дейилган). Ушбу ривоятдан, Қуръон ҳарфлари ва лафзлари оғиз орқали талаффуз қилинади. Ибодатни улуғ санаб, намоз ёки Қуръон тиловатидан олдин оғиз поклигига эътибор беринглар, деган мано чиқади. Оғиз, ундаги тил ва тишлар Аллоҳни зикр қилиш ва Қуръон ўқиш учун ишлатилади. Бу муборак аъзоларни бавл, мазий ва маний чиқадиган жинсий олат билан булғаш қайси мантиққа тўғри келади. Бу инсон фитратига, асл табиатига тўғри келмайдиган иш-ку, ахир?! عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ بُسْرٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ أَنَّ رَجُلاً قَالَ: يَا رَسُولَ اللهِ إِنَّ شَرَائِعَ الإِسْلاَمِ قَدْ كَثُرَتْ عَلَيَّ فَأَخْبِرْنِي بِشَيْءٍ أَتَشَبَّثُ بِهِ قَالَ: لاَ يَزَالُ لِسَانُكَ رَطْبًا مِنْ ذِكْرِ اللهِ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَابْنُ مَاجَهْ وَأَحْمَدُ وَالْحَاكِمُ وَالْبَيْهَقِيُّ وَسَنَدُهُ صَحِيحٌ. Абдуллоҳ ибн Буср розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, бир киши: “Эй Расулуллоҳ, Ислом аҳкомлари мен учун кўпайиб кетди. Бас, менга бир нарсанинг хабарини берингки, уни маҳкам ушлай”, деди. Шунда у зот: “Тилинг Аллоҳнинг зикр билан доим ҳўл бўлсин”, дедилар(Термизий, Ибн Можа, Аҳмад, Ҳоким ва Байҳақий ривояти. Ривоят санади саҳиҳ). Мана бу ривоятда банданинг тили Аллоҳнинг зикри билан доим ҳўл бўлиши яхши экани айтилмоқда. Демак, тил билан Аллоҳ зикр қилинади. Аллоҳ зикр қилинган тил покиза бўлади. Аллоҳ зикри билан зийнатланиши керак бўлган оғиз асло нопок нарсалар-ла ифлос қилинмайди! Эслатиб ўтамиз: бу гаплар, насиҳат ва тавсиялар мусулмон бандаларга қарата айтилмоқда. Исломга алоқаси йўқ кишилар қайси соҳада бўлмасин, қандай йўл тутсалар, ихтиёрлари ўзларида... 4. Ҳазрати инсон юзи муборак саналади. Шу сабаб бўлса керак, шариатда юзга уришдан қайтарилган. عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ عَنْ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: إِذَا قَاتَلَ أَحَدُكُمْ فَلْيَجْتَنِبْ الْوَجْهَ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ وَمُسْلِمٌ وَأَحْمَدُ وَابْنُ حِبَّانَ. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади:“Агар биронтангиз жанжаллашса, бас, юз(га уриш)дан четлансин!”(Бухорий, Муслим ва Аҳмад ривояти). Уламолар юз латиф аъзо экани, унда кўп яхшиликлар мужассам бўлиши, идрок этиш аъзоларининг кўпи (кўз, қулоқ, оғиз, бурун) унда экани, юзга уриш юз нурини сўндириши сабабидан ҳадисда бу ишдан қайтарилганини айтишган. Бунда мутлоқ юз назарда тутилган. Яъни, бегона кишилар, хотини, болалари ёки хизматкорларининг юзига уришдан қайтарилган. Ибн Ҳажар “Фатҳул-борий”да: “Юзга уриш ҳаромдир”, деган. عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: إِذَا ضَرَبَ أَحَدُكُمْ فَلْيَتَجَنَّبْ الْوَجْهَ وَلاَ تَقُلْ: قَبَّحَ اللهُ وَجْهَكَ وَوَجْهَ مَنْ أَشْبَهَ وَجْهَكَ فَإِنَّ اللهَ تَعَالَى خَلَقَ آدَمَ عَلَى صُورَتِهِ. رَوَاهُ أَحْمَدُ وَسَنَدُهُ قَوِيٌّ. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади:“Агар биронтангиз урса, бас, юздан четлансин. Сен: “Аллоҳ сенинг юзингни ва юзингга ўхшаганнинг юзини қуритсин!” дема! Зеро, Аллоҳ таоло Одамни ўз суратида яратган” (Имом Аҳмад ривояти. Ривоят санади кучли). Юз инсоннинг кўркидир. Инсондаги энг азиз аъзо ҳам айнан юз ҳисобланади. Бежизга “юз” сўзи билан инсоннинг бутун танаси назарда тутилмайди. Замонамиз уламолари юзга уриш инсон саломатлигига зарар экани, жумладан бунинг оқибатида асаб касалликлари келиб чиқишини таъкидлаганлар. Эътибор берган бўлсангиз, ривоятларда юзга покиза қўл билан уришдан қайтарилмоқда. Энди бир ўйлаб кўрайлик, ундан бавл ва маний чиқадиган жинсий аъзони юзга текказиш, инсоннинг асосий аъзоларидан бири бўлган оғиз ичига киргазишни қайси соғлом инсон табиати қабул қила олади!? Қайси мард эркак хотинининг юзи ва оғзига ўз закарини олиб бориб, кейин ўша жойларни яна ўпади. Бу нопоклик ва ифлосликдир!!! Маълумки, таҳоратни бошлашдан олдин икки кафтни яхшилаб ювиш суннат саналади. Таҳоратда икки қўл ювилганидан кейин оғиз чайилишини ҳисобга олсак, бу иш қай даражада лозим эканини англаб етамиз. Сабаби қўл рисоладагидек покланмаса, ундаги зарарли нарсалар оғизга, оғиз орқали бутун танага тарқалади ва кишини касалликка чалинтиради. Мана шу жиҳатдан ҳам жинсий олатни оғизга солиш қанчалик нотўғрилиги маълум бўлади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам, у зотнинг саҳобалари, улардан кейин зотлар пок ҳолда ҳаёт кечиришган, жинсий алоқанинг зарарли турлари ўша вақтда бўлмаган. Балки оддий муомала билан кифояланишган. Манави ривоят билан танишсак, бунга амин бўламиз. عَنْ عَائِشَةَ قَالَتْ: مَا نَظَرْتُ أَوْ مَا رَأَيْتُ فَرْجَ رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَطُّ. رَوَاهُ ابْنُ مَاجَهْ وَأَحْمَدُ وَالْبَيْهَقِيُّ وَسَنَدُهُ ضَعِيفٌ. Оиша розияллоҳу анҳо ривоят қилади: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам фаржларини зинҳор кўрмаганман ёки қарамаганман”(Ибн Можа, Аҳмад ва Байҳақий ривояти. Ривоят санади заиф). Маълумки, Оиша онамиз Расули Акрамнинг турмуш ўртоқлари бўлганлар. Ривоятдан маълум бўлади, мусулмонларнинг аввалги авлоди ҳар жиҳатдан покиза ва тақволи бўлган. Жинсий олатни юз-кўзига суртиш каби бузуқликлар кейинги даврларда, эркаклар ҳамияти ва ғурури йўқолиб, аёллар ҳаёси ва иффати камайган даврларда пайдо бўла бошлади. Қадимда жинсий муомала бобида алоҳида ёзилган китобларда ҳам оғизга жинсий алоқа қилиш ҳақида бирон нарса дейилмаган. Бундан келиб чиқади, бу иллат тарихи узоққа бормайди. Сўнгги 100-150 йилда инсоният тарихида жуда катта ўзгаришлар юз берди. Илм-фан ва техника соҳасида жуда катта кашфиётлар қилинди. Шунинг таъсирида ҳаётга кўплаб қулайликлар кириб келди. Афсуски, шу билан бир қаторда кундалик ҳаётимиз Ғарб маданиятининг чиркин иллатлари билан ифлосланди, ёшларимиз одоб-ахлоқида ҳам кескин бурилишлар, оммавий маданият деб аталмиш оғунинг чиркин аломатлари кўзга ташланмоқда. Энг ёмон жиҳати шундаки, жинсий муомаладаги бундай ҳаддидан ошиш оқибатида жинсий ожизлик, турли касалликлар ва маънавий бузуқликлар, ҳаромдан тап тортмаслик, бировнинг авратига суқланиб қараш, ўз аёли ёки эридан қониқмаслик каби нохушликлар бўй кўрсатмоқда. Нафс шундай нарсаки, унинг хоҳишлари бажарилгани сари нафснинг талаблари ҳам ортиб бораверади. Лут қавми эркаклари ўз-ўзидан бир жинслилар ўртасидаги жинсий алоқага майл билдиришган, деб ўйлайсизми? Йўқ, улар жинсий муомала бобида ҳадларидан ошиб, бориб-бориб аёллар билан кифояланмасдан, эркакларга кўз олайтириш даражасига етганлар ва оқибатда тошбўрон қилинишга муносиб бир қавм ҳолига келишган. Жинсий муомала бобида Лут қавми дучор бўлган бало барчага ўрнак бўлиши керак! Мана шу далиллардан кейин ҳам қайси бир одам “бу ҳақида шариатда бирон нарса дейилмаган. Демак, бу иш мубоҳ” дея олади!? Баъзи уламолар жинсий алоқа вақтида жинсий аъзоларга тегиш ва уни оғиз билан ўпиш ҳайвонларга (хусусан, ит ва хўкизларга) хос сифат экани, инсон ўз номи билан инсонлиги, бундай нопок ишлардан сақланиши кераклигини алоҳида таъкидлашган. Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг Бақара сурасида эркакларга қарата: аёлларингизга Аллоҳ буюрган тарафдан келинг, деган. Уламолар бу оят тафсирида қайси тарафдан бўлса ҳам – олдиданми ёки орқаданми, аёлнинг бола бўладиган жойига яқинлик қилса бўлди, дейишган. Шундан ҳам оғизга яқинлик қилиш шариатга хилоф экани маълум бўлади. Оғизга жинсий алоқа қилишнинг мумкин эмаслигига қуйидаги иллатлар (сабаб, нуқсон-камчилик) омил бўлади: 1. Жинсий аъзодан нопок нарсалар чиқиши ва оғизга кириши. 2. Юз ва оғизнинг пок ва мўътабар аъзо экани. 3. Жинсий аъзо ва тананинг бошқа нопок жойларини ўпиш мумкин эмаслиги. 4. Жинсий муомала бобида ҳаддидан ошган банда бошига Аллоҳнинг лаънати ёғилиши. 5. Ҳадисларда аёлнинг жинсий аъзосига яқин бўлган орқа авратига алоқа қилган одам лаънатланиши айтилган. Энди аёлининг покиза оғзига яқинлик қилган “эркак”ка қандай жазо берилиши, у ҳақида нима дейилиши мумкин? Хулоса қиладиган бўлсак, эр ва хотин бир-бирининг жинсий аъзосига қараши ва уни ушлаши жоиз (имкон қадар бу ишдан тийилиш афзал). Яна улар бир-бири баданининг фақат пок жойларинигина ўпишлари жоиз. Нопок бўлиши эҳтимоли бўлган жойларни ўпиш мумкин эмас. Жумладан, эр-хотин бир-бирининг жинсий аъзосини оғзига олишига шариат рухсат бермайди. Зеро, бир-биридан лаззат олиши мумкин бўлган эр ва хотин ўртасидаги жинсий алоқа ҳам поклик асосида амалга оширилиши талаб этилади. Тавфиқ Аллоҳдандир!
|
Категория: Турфа тақдирлар | Добавил: albine (17.05.2016)
|
Просмотров: 7556
| Рейтинг: 2.2/17 |
|
|
|