НЕМИС ҲАМ ТУПУРАДИМИ?
(буям бир ҳажвия)
Ким билади, дейсиз. Балки у ҳам тупурар. Ахир одам-ку. Аммо яқинда Олмонияга бориб келган ошналаримнинг айтишларича, негадир бизда тез-тез учраб турадиган оддий бу ҳолат немисларда йўқмиш – улар бир-бирининг юзига тупураётган немис тугул ҳатто жамоат жойларида, кўча-кўйда беихтиёр ёки шунчаки бекорчиликдан тупуриб турган битта ҳам немисни учратишмабди. Кўчалардан номига бўлса ҳам бирорта ахлатни, баклашка ёки писта пўчоғини, ҳеч бўлмаганда бирор тупурим тупукни топа олмай, аламларидан шартта турган жойларига тупуришган экан, осмондан тушган девдай рўпараларида полициячи пайдо бўлибди ва уларни тузуккина жаримага тортибди. Ошналаримиз ўзбекликларига бориб, ялинишга тушишибди:
-Э жон ака, битта тупуришга шу-унча марка жаримами?! Ҳа, бунча пулга биз ресторанда тўрт марта қорин тўйдирамиз-у! Келинг ака, келишиб қўяқолайлик. Ахир ҳаммамиздаям бола-чақа бор...
Аммо немис немислигига бориб, барибир қонуний жаримани ундириб олибди. Бу ҳам етмагандек, салобатли-салобатли ошналаримиз асфальтдаги тупукларини рўмолчалари билан артиб қўйишга ҳам мажбур бўлишибди.
-Э бу Олмониясига боргулик қилмасин экан! – дейди ошналаримдан бири жиғибийрон бўлиб. - Қани эркинлик? Буларда одамлар тартиб-интизом юки остида эзилиб яшар экан. Кўчада бемалол сўкинолмасанг, хоҳлаган жойингга тупуролмасанг, писта чақиб кетолмасанг, сигарет қутиси бўшаганда хоҳлаган ерга улоқтиролмасанг... Энг ёмони носнинг хумори бўлди! Булар носни нималигиниям билмас экан. Нос нималигини билмаган одам, уни мазза қилиб тупуриш лаззати нималигини билармиди!.. Жуда ғалати одамлар экан бу немислар. Чиройли ахлат қутилари ясаб, ҳар ўн қадамга қўйиб кетишганини кўрсанг... Уларга кетадиган маблағни ҳисоблаб кўриб, бу халқ тежамкорликни умуман билмас экан, деб қўйдим. Бунинг устига, йўлларида эртадан кечгача пиёда юрсанг ҳам туфлинг чанг бўлмайди. Немисларни хотинлари бир ойда бир мартаям кир ювмаса керак. Ҳаммаёқ тоза бўлсаям ўта зерикарли бўларкан. Машиналар юрадиган йўлларнинг ойнадай текислиги рости гап мени ғашимга тегди. Машина кўп, аммо сигнал бериб, бир-бирини сўкиб, бир-бирини асабини бузиб юрадиган ҳайдовчилар бўлмасаям ғалати бўларкан-да! Ўзимизда мазза! Бизнинг йўлларда немисларнинг энг зўр ҳайдовчиси ҳам ўн километр юрар-юрмас қон босими кўтарилиб, “капут” бўлади...
-Агар аҳвол шунақа бўлса, ростданам борадиган жоймас экан, - дейман ошнамга. – Ўзи бу немислар мақтанмасаям бўларкан. Ҳеч тупурадиган жойи бўлмагандан кейин, нима қилади мақтаниб! Мана биз мақтансак арзийди! Кўча-кўйларни қўя турайлик, аксариятимизнинг феъл-атворимизда тупурилса арзийдиган томонларимиз қанча! Аммо биз бу жиҳатларимизни кўз-кўз қилаётганимиз йўқ. Фахрланишнинг, мақтанишнинг ўрнига анча-мунча тупуклар ҳақида лом-мим ҳам демаяпмиз...
Абдужаббор УМАРОВ.
|